Одамлар бир юмуш билан банд бўлса бўлди. Сизифлар ҳаётида нималар ўзгарди?


Сақлаш
17:58 / 17.09.2024 158 0

Азиз биродар, эҳтимол, сиз ҳам камина кўрган манзаранинг гувоҳи бўлгандирсиз, кўнглингизда мендаги каби чалкаш мулоҳазалар туғилгандир. Гап шундаки, бир куни кечки маҳал автобусга чиқдим. Ташқарида олақоронғи, автобус салонида чироқ ёқилган. Йўловчиларга қарадим: бирови мудраган, бошқаси ташқарига ҳиссиз термилган. Ҳар кимнинг икки елкасига қўрғошин тоғ кавшарлангандек... Улар ишдан қайтаётир. “Булар кун бўйи қандай юмуш билан машғул бўлганки, бу қадар ҳорғин?” деб ўйладим. Ҳаммаси шу қадар жиддийки... “Биз инобатли ишхоналарда ишлаймиз, оламшумул кор-амал билан бандмиз”, деган овоз эшитилгандек бўлди. Билолмай қолдим: чиндан ҳам кимдир жавоб бердими ёинки бу ичимдаги овоз эдими?..

 

Ҳа, улар кун бўйи турли ишхоналарда тинимсиз қоғоз тўлдирган, тепадаги бадқовоқ идораларга ҳисобот берган, сохта табассум ила аллакимларни қабул қилган, мажлисларда қўр тўкиб ўтирган, телефонда гаплашган, музокара олиб борган, қарорлар қабул қилган... Кимга ва нима учун керак бу ишлар? Тирикчилик учун олинадиган моянадан ташқари, умумжамият равнақи, одамнинг одамдай яшаши, инсоннинг Яратган белгилаб берган абадий роҳатга эришуви учун фойдаси борми ўша юмушларнинг? Табақаланиш, камбағаллик, жаҳолат, бир-бирини маҳв этиш, ёлғон, талон-торож, инсофсизлик, хиёнат, очкўзлик, ўз-ўзини алдаш эса... давом этаверади. Дунё-дунё қоғозлар, олиймақом мажлис-машварат, донишмандона маърузаю киборларча ваъдалар билан ҳеч нима ўзгармайдигандек. Ҳаёт бир зайлда эски тегирмондек айланаверади...

 

Ҳаёт воқелиги хаёлингизда Альбер Камюнинг “Сизиф”и ва Франц Кафка асарлари билан қоришиб кетгандек бўлади. Оқсоқолнинг омборию уйида сақланадиган хирмон-хирмон эски ҳужжатлар, қўл кўтариб тасдиқлашдан бошқасига ярамайдиган ноиблар, айби нелигини билмайдиган судланувчилар, олийжаноб ғоялару инсон комиллигидан жарангдор маъруза ўқийдиган мафкурачилар, бутун умрини қўрғонга кириш йўлида сарфлайдиган танобчилар, ўзини оқламаган ислоҳотлар, “юлдуз”ларнинг тўшагигача тафтиш қиладиган журналистлар, ярим тунгача мажлис ўтказадиган раҳбарлар... – буларнинг бари абсурдчи адибларнинг асаридамиди ёки... Сизнинг ҳам бошингизда, эҳтимол, қуюндек айланадиган саволлар туғилгандир: одамзод самарасиз, охири йўқ ишлардан чарчамадими? Одамлар бир юмуш билан банд бўлса бўлди – шуми замонавий низомларнинг моҳияти? Бу хилдаги тузилма қаердан пайдо бўлган? Унинг боши қаерда, охири борми? Уни парчалаб, янги тузилма барпо қиладиган куч-чи? Мош билан гуручни аралаштириб, ўгай қизига уни ажратишни топшириб кетган ўгай она синдроми бир кун келиб барҳам топармикан?..

 

Шу сира чалкаш саволлар сабаб хаёлимни яна Сизиф эгаллади. Бу қаҳрамон ҳақидаги битикларни тасаввуран бир занжирга тизгим, уларни одамзоднинг ўтмиш ва бугунига муқояса этгим келди. Гап ҳозир абсурд адабиёти ҳақида эмас, инсон ҳаётидаги абсурд хусусида эканини таъкидлашга тўғри келади. Ҳа, бу галги мулоҳазалар Сизиф баҳонасида жамият ва инсон муносабатлари ҳақида. Бинобарин, тарихнинг турли босқичларида турли муаллифлар бу тимсол орқали давр одамини тамсил этган.

 

* * *

Сизиф ҳақидаги   илк   асарлар антик давр муаллифларига тегишли. Эсхил, Софокл,  Еврипид   драмалари бугунгача   тўлиқ етиб   келмаган бўлса-да,   мутахассислар айрим парчаларга таяниб уларнинг умумий мазмунини тиклаган. Бизгача фақат Ҳомер асари сақланиб қолган. Антик дунё адиблари вақт нуқтаи назаридан юнон афсоналарига анча яқин бўлган, шунинг учун ҳам улар тошбардор Сизиф воқеасини мифологияга кўра баён қилган. Мухтасар изоҳ берсак – айёр, уддабурон ва маккор қаҳрамон маъбудлар иродасига қарши чиққани, ўлимга тан бермагани учун абадий жазога мустаҳиқ этилган.

 

Инсон қисматнинг маҳкумидир – антик давр ижодкорлари мифологик образ орқали шу илоҳий ҳақиқатни акс эттирганлар. Янги аср Сизифи эса ўзгача маъно ташийди.

 

Замонавий дунёда у машҳур қаҳрамонга айланди. Фаранг адиби Альбер Камю Сизиф сиймосида устидан тақдир ҳукмронлик қиладиган бандани эмас, ўз даврининг якранг ҳаётга, самарасиз меҳнат ва умидсизликка гирифтор этилган одамларини кўрди. Камю талқин қилган абсурд назариясини даставвал XIX асрда файласуфлар илгари сурган эди. Унга кўра, алалоқибат ўлимга маҳкумлиги сабабидан инсоннинг бу дунёдаги ҳаёти маънисизликдан бошқа нарса эмас; ҳаётнинг бир пулга арзимаслигини англаб етсанг, недир маъно-мазмун билан тўлдира олмасанг, уни ихтиёрий тарк этиш-этмаслик (суицид) масаласи кўндаланг келар эмиш. Камю шу хил ғалат фалсафани Сизиф образи воситасида тушунтирди.

 

Унинг талқинича, аксар одамлар турли идора ва корхоналарда на жамият, на инсонга нафи бўлган узлуксиз меҳнатга, зерикарли кун тартибига гирифтор этилган, улар қилаётган ишнинг тошбардор қаҳрамонга буюрилган маънисиз меҳнатдан фарқи йўқ. Муаллиф “Ҳаёт зерикарли доирадан иборат, у яшашга арзийдими?” деган саволни қўйишдан олдин ижтимоий тузилма инсон ҳаётини мароқсиз, якранг, абсурд воқеликка айлантириб қўйгани, яъни одамни ими-жимида бахтсизликка гирифтор этганини икки оғиз жумлада ифодалайди: “Уйқудан туриш, трамвай, тўрт соат завод ёки конторадаги иш, тушлик, трамвай, тўрт соат яна иш, кечки овқат; душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба, жума, ҳаммаси бир маромда давом этади – ҳар кун осонгина юриладиган йўл ана шу”.

 

Сизифни маъбудлар жазолаган бўлса, замонавий одамни бюрократик ижтимоий тузилма абсурдга маҳкум этган. Камю диққатимизни, инсон умрининг фалсафий мазмунидан ташқари, абсурдга олиб келадиган ижтимоий сабабларга ҳам қаратди. У “Сизиф ҳақидаги афсона”да марказга бахт масаласини қўйди: диққинафас ҳаётга маҳкум этилган одам қандай қилиб бахтиёр бўлмоғи мумкин?! Эсседа айтиладики, Сизиф тош тепадан юмалаб тушгунчалик сонияларда ўйлаш, фикрлаш имконига эга   –   шу унинг саодатидир.

 

Инсон тафаккур-ла бахтлидир – Камюнинг Сизифи ана шундай маъно ташийди.

 

Альбер Камю эссесини “Франц Кафка ижодида умид ва абсурд” деган илова билан якунлагани бежиз эмас. Олмон адиби Франц Кафка ғалати бир услубда замонавий бюрократик тузилмалар миллионлаб оддий одамлар қисматини фожиага, сизифча абсурдга айлантираётганини фош қилди. Ғалатилиги нимада, дерсиз. Масалан, “Қалъа” романида ўзимизнинг кундалик ҳаёт манзараларига дуч келгандек бўласиз. Лекин у одамларнинг қилаётган иши маънисиз, самарасиздек туюлади, йўғ-эй дейсиз: ҳам ўхшайди, ҳам ўхшамайди! Бош қаҳрамон – ўттиз ёшли жаноб К. узоқ йиллар олдин қишлоққа танобчи этиб тайинланган. Оқсоқол танобчига эҳтиёж йўқлигини “тепа”га маълум қилган, унинг арзи йиллар ўтиб қаноатлантирилган. Жаноб К. эса ҳеч нимадан бехабар ўз вазифасини бажаргани қишлоққа келади. Оқсоқолнинг хотини “тепа”нинг йиллар олдинги қарорини қидириб уйи ва омборхонада сақланаётган тоғ-тоғ қоғозларни ағдар-тўнтар қилади, аммо арзанда ҳужжат топилмайди. Алқисса, қаҳрамоннинг бутун умри ишга тайинланганини исботлаш ва қишлоқда яшаш учун рухсат олишга қурбон бўлади, лекин на униси, на буниси амалга ошади. Бу қандай жамиятки, исбот қилишга ўзи йўл қўймайдиган ҳақиқатни исбот қилишингизни талаб этади, умрингизни шу йўлда хазон қилади?.. Бу абсурд бўлмай нима?

 

Яна ўша таниш-нотаниш манзаралар: почтачи Варнава хатни Қалъадаги катталарга етказиш ўрнига кўчаларда улоқиб юраверади, бу қасабада гўёки одамларга берилган топшириқни бажармаслик топширилгандек. Масъул идорага қўнғироқ қилинса, масхаралагандек, гўшакдан мусиқа овози эшитилади. Танобчиликка тайинланган К. мактаб қоровулига айланади. Юқори мартабали арбоб бўлмиш Кламмнинг эса номи бор-у, ўзини ҳеч ким кўрмаган. Кламмнинг котиби Эрлангер К.ни тунда меҳмонхона бўлмасида қабул қилади. Турнақатор навбатда турган одамлар Эрлангер уйқусидан воз кечиб қабул уюштирганидан хурсанд. Давлат хизматидагиларнинг кўпчилиги арзгўйларни худди шундай – ҳали буфетда, ҳали қўноқхонада ёки овқат устида, ҳатто тўшакда қабул қилади. Халойиқ эса уларнинг олийжаноблигига, одамлар манфаати учун ўз ҳаловатидан воз кечганига ишонади, ана шундай абсурд ичида яшаб, умрлари адо бўлади.

 

* * *

Ижтимоий тузилма инсонни ҳалок қилиши, тепадагиларнинг ҳам, пастдагиларнинг ҳам ҳаётини абсурдга айлантириши улуғвор Толстойни ҳам чуқур изтиробга солган. У Кафка ва Камюдан олдинроқ одамзоднинг ўзи ўйлаб топган ижтимоий тузилма ўзига қанчалар қарши экани, ғайриинсоний экани, уни абсурд фожиаси қаърига ташлашини идрок этган эди. Лекин узоқ-узоқ ўйлаган, асарларида жавоб излаган Толстой ҳам шунча юксак тафаккури билан бу парадокс олдида ўзини ожиз сезади.

 

“Тирилиш” романи қаҳрамони Нехлюдов Катюша Масловага кўмак бермоқ учун давлат хизматидаги бир қанча танишларига мурожаат этади. Сургунга олиб кетилаётган маҳкумларга шафқатсиз муносабатнинг гувоҳи бўлади. Ва ғалати бир қонуниятни сезиб қолади: уйига борсангиз туппа-тузук, одамгарчилиги бор бўлган бу кишилар ишхонада бутунлай бошқа одамга айланар экан. Нега бундай? Қаҳрамон шундай чалкаш ўйлар ичида қолади: “...мана шу одамларнинг ҳаммаси – губернаторлар, назоратчилар, даҳа миршаблари “Шундай ҳоллар борки, бу вақтда инсон билан инсоний муомалада бўлиш шарт эмас” деган қоида бор деб ўйлайдилар... шу одамларнинг ҳаммаси: аксарият ювош, меҳрибон бўлган бу одамлар хизматда бўлгани учун ҳам шундай сержаҳл бўлиб кетган... Шу одамларнинг ҳаммаси фақат хизмат қилиб турганлари учунгина раҳм-шафқат деган оддий ҳисдан маҳрум. Улар хизматда бўлганлари учун ҳам, мана бу тош ётқизилган ер ёмғирни сингдирмагани каби инсонпарварлик ҳиссини сингдира олмайдилар... шу губернаторлар – назоратчилар, миршаблар, балки керакдир, лекин асосий инсоний хислатлардан, бир-бирига муҳаббат ва раҳм-шафқат ҳиссидан маҳрум бўлган одамларни кўриш даҳшатли... Ҳамма гап шундаки, бу одамларнинг ҳаммаси қонундан ташқари нарсаларни қонуний деб билади ва Худонинг ўзи инсонлар кўнглига солган абадий, ўзгармас, зарурий қонунларни эса қонун деб тан олмайди... Агарда “Замонамиз кишилари, христианлар, мурувватли, оддий кўнгилчан одамлар энг даҳшатли ёвузлик қилганда ўзларини гуноҳкор деб ҳис этмасликлари учун нима қилиш керак?” деган психологик масала берилса, унинг жавоби фақат битта бўлиши мумкин: ҳозир аҳвол қандай бўлса, шундайлигича қолиши керак, шу одамлар губернатор, назоратчи, офицер, полициячи бўлиши, яъни биринчидан, одамларга оға-инилик муносабатида бўлмай, уларни оддий буюм деб билишга монелик қилмайдиган, давлат хизмати деб аталадиган иш борлигига ишонишлари керак, иккинчидан эса, шу одамлар ана шу давлат хизматига шундай боғланиб қолган бўлишлари керакки, одамларга нисбатан қилган ишларининг оқибатига ҳеч ким жавобгар бўлмасин” (Л. Толстой. Тирилиш. Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова таржимаси. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980. 400 – 402-бетлар). Бу саҳифаларни ўқиб, яна ўша саволлар гирдобига тушасиз: бу хилдаги тузилма қаердан пайдо бўлган? Унинг боши қаерда, охири борми? Одам тафаккури бир кун келиб инсон ҳаётини абсурдга айлантирмайдиган ижтимоий тузилма ярата оладими?

 

* * *

Ниҳоят, қизиқ нуқтага – бизнинг замондошимиз бўлган янги Сизиф ҳақидаги ҳикояга етиб келдик. Тарихий вақт сатҳида у Камю Сизифидан кейинги Сизиф десак бўлади. Бу ҳақда сўзлашдан олдин фаранг адибидан яна бир иқтибос келтирсам: “Ҳаммаси ҳайратангиз зерикишдан бошланади. “Бошланади” – мана, энг муҳими нима бу ерда. Зерикиш – мошинаворий ҳаётнинг оқибатидир, айни вақтда унинг ўзи идрокни ҳаракатга келтиради. Зерикиш идрокни уйғотади ва кейинги босқични белгилайди: ё онгсиз равишда одатдаги маромга қайтиш, ёки охиригача уйғониш. Уйғонишдан кейин эса эртами-кечми натижа пайдо бўлади: ё худкушлик, ёинки ҳаёт маромини ўзгартириш”. Биз-чи, биз бу босқичларнинг қайси биридамиз? Назаримда, янги Сизиф ҳақидаги ҳикоя бу саволга жавоб учун битилгандек.

 

Хуллас, “Facebook” тармоғида швед адиби Теодор Каллифатидеснинг “Ватандошлар” майдонидаги Сизиф” деган ҳикоясини ўқиб қолдим. Швед тилидан Юсуф Расул таржима қилган бу ҳикоя ўзбекчада ҳам чоп этилган (“Майдондаги Сизиф”.  // “Шарқ юлдузи”, 2023 йил, сентябрь). Ҳикояни ўқидиму хаёлимни яна ўша мифологик қаҳрамон эгаллади. Теодор Каллифатидеснинг бу образга мурожаат қилгани сира тасодиф эмас. Адиб қадим асотиру афсоналар ўлкасида туғилган, миллати юнон. Кейинчалик тақдир тақозоси билан Швецияга кўчиб борган. 25 ёшида муҳожирлик туфайли швед тилини ўрганади ва шу тилда асарлар ёзиб шуҳрат қозонади.

 

Камю фикрича, “Мен нимага бундай яшашим керак?” деган савол абсурдни англаб етгандан кейин пайдо бўлади. Каллифатидеснинг Сизифи, яъни Илья Абрамўғли ҳам нурсиз ҳаётининг маълум лаҳзасида шу саволга рўпара келади.

Илья аввал Туркия, сўнг Россияда авиация муҳандислиги бўйича таҳсил кўрган. Бироқ ўқиган мамлакатларидан иш тополмай Швецияга йўл олади. Ишга жойлашади. Сал ўтиб бўлим бошлиғи лавозимига кўтарилади. Уйланади, фарзандли бўлади. Илья ниҳоятда бахтиёр эди, аммо иттифоқо фалокат содир бўлади: кенжа ўғлини машина уриб ҳалок қилади. Бари орқага кетади: ишсиз қолади, ҳовлисини сотиб кўпқаватли уйга кўчиб ўтади, хотини қаттиқ тушкунликка тушади. Ҳаётини қайта йўлга қўйиш учун амаллаб гул сотувчига ишга ёлланади. Кейин эса ўзи гул дўкони очади. “Унинг ҳаёти яна изга тушиб кетди” деб ёзади муаллиф. Ўша “из”, таассуфки, Ильянинг Сизиф тоши эди. Якранг, зерикарли ҳаёт бошланади.

 

Каллифатидес салафига (Камюга) очиқ ишора қилади: “Илья ўзи гул сотиб оладиган Ортшадаги дўконга вақтида бормоқ учун ҳар куни саҳарги тўртда уйғонарди. Кейин у чодирини очиши, ўтирғичлар ва пештахталарни тиклаши, гуллар ва ўсимликлар тўла саватчаларни кўринарли жойга териб чиқиши керак. Соат тўққиздан харидор кела бошлайди. Кеч соат олтигача Илья шу ерда бўлади. Кейин яна чодирини йиғиши, саватчалар, гуллар ва ўсимликларни “Фольксваген”ига қайта жойлаши лозим. Саккиз яримда кечки овқатини ейди. Тўққизда кечки янгиликларни кўради. Ўндан ўн беш дақиқа ўтганда эса уйқуга кетади. Ҳафтасига етти кун шундай. Йил бўйи. Танаффуссиз”. Бу Камю чизган бояги манзарани эсга солади: “Уйқудан туриш, трамвай, тўрт соат завод ёки конторадаги иш...”

 

Хўш, ҳаёт шундай давом этаверадими? Йўқ. Камю талқинига кўра, фикрлайдиган одам фурсат етиб фожиани фаҳмлаб қолади: “Бугуннинг ишчиси бутун ҳаёти давомида битта ишда, кеча қилганларини такрорлаш билан машғул бўлади ва аслида бу қисмат ҳам абсурдга бегона эмас. Бироқ у онгли равишда, қилаётган ишининг бемаъни ва фойдасиз эканини тушуниб қолган лаҳзадагина трагедия юзага чиқади”.

 

Каллифатидеснинг қаҳрамони Илья “Сизиф” деган лақаб орттириб олган эди. Аслида, у Сизифнинг кимлигини билмасди. Унга “эгизаги”нинг кимлиги тушунтирилади. Илья англаб етадики, “Бу адоқсиз машаққат унинг ҳаётига жуда ўхшаш эди. Ҳар куни шу аҳвол: у чодирини ёяди ва яна қайта йиғади”. Не тонгки, гул сотувчи ҳам мифологик қаҳрамоннинг поёнсиз азоб-уқубатига гирифтор бўлган.

 

Замонамиз Сизифи эллик уч ёшида қари чолга айланиб қолади. “Сочлари тўкилган, бели букик, қадам ташлаши оғир. Касал бўлмаса ҳам вужуди қақшаб оғрийди, юраги симиллайди”. Шифокор ҳар гал синчков текширади, лекин ундан бирор хасталик аломатини топа олмайди.

 

Камю айтган кун ҳам келади: Илья ҳаётидаги дўзахни сезиб қолади. Абсурд айланасини дуч келган нуқтасидан узиб чиқиб кетмоқчи бўлиб, исён кўтаради: бир куни кутилмаганда қўл силтаб ишини ташлаб кетади. Минг тур ўй-хаёллар билан теварак-атрофни айланиб юради, юраверади... Таниш-билишлар ҳайрон. “Бугун туғилган кунингми?” деб сўрашади ҳайрат билан. “Бугун Сизиф дам олади”, дейди Илья. Уни ҳатто эси оғганга ҳам чиқарадилар. Бироқ...

 

...бироқ замонавий Сизифнинг ғарибона исёни шу билан тугайди: “У ўз дўконини, ишчилари билан бўладиган майда жанжалларни, мижозларини соғина бошлаган эди”. Дўконига қайтиб келади, “ичкарига киргач, жуда ёқимли енгил нафас” олади: “Сени ҳам, Сизифингни ҳам жин урсин!.. Барча афсоналарингни жин урсин!”

 

Во дариғ! Замонавий Сизифга якранг ҳаёт ёқиб қолган экан!

 

Боя айтганимиздек, Камюнинг Сизифи учун тош тепадан думалаб тушадиган фурсат ичида фикрламоқ бахт эди. Каллифатидеснинг Сизифи учун эса тинимсиз тош думалатишнинг ўзи бахт. Швед адибининг формуласи бундай: одамзод абсурдни англади, уни тарк этмоқчи бўлди, лекин бирдан шу ҳаёт тарзи маъқул эканини сезиб қолди ва қайтди.

 

“Одам абсурдни англагандан сўнг трагедия юзага чиқади”, деган эди Камю. Фожиа кўламини англагандан кейин ҳам унга кўнмоқни нима деб баҳоласа бўлади?! “Майдондаги Сизиф”да бу мантиқсизликнинг мантиғи кўрсатилган: туппа-тузук диплом билан иш тополмаслик, иқтисодий муаммолар, шахсий ҳаётдаги фожиалар... Рози бўлмай кўринг-чи! Бу – уйининг танг-торлиги сабаб оиласи билан сиғмаётганидан шикоят қилган шўрликка ўша уйда эчки боқишни маслаҳат берган оқсоқол ҳақидаги шарқона ривоятни эсга солади. Одам боласи одамдай яшамасликка, бир парча қаттиқ-қурум нонга рози бўлиши учун аввал минг балою мусибатга дучор этилади... Бу ишларнинг “фалсафа”си шу.

 

Антик адабиётда ҳам, Камюда ҳам Сизиф улуғвор эди. Бири илоҳий тақдирга мусаллам, иккинчиси ўша маҳкумлик ичидан бахт ахтариб топган. Янги давр Сизифи эса ўз дўзахини севиб қолди. Тўғрироғи, уни шунга маҳкум этдилар. “Кимлар?” дейишингиз мумкин. Бу жойда Достоевсий таъбири билан жавоб берса бўлади: ҳамма нарса учун ҳамма жавобгар.

 

Камюнинг Сизифи ўлди.

 

Дарвоқе, Каллифатидес ўз қаҳрамонига Камю таҳлил қилган “Ака-ука Карамазовлар” романи қаҳрамонларидан бирининг номини танлагани ҳам тасодиф бўлмаса керак.

 

* * *

Биз, юксак тамаддун даъвосидаги ХХI аср одамлари, Каллифатидеснинг Сизифимиз. Камюнинг формуласига солсак, биз охиригача уйғонмай одатдаги маромга қайтдик. Ҳа-да, XIX аср иккинчи ярмида пролетариат иш соатини қисқартириш талабида намойишу қўзғолонлар қилган эди. Энди эса биз 24/7 режимида ишлашга иштиёқмандмиз: ярим тунда ҳам такси ҳозиру нозир, дўконлар очиқ, кимдир велосипедда маҳсулот етказаётир...

 

Ильянинг бошқалардек ўз ватанига боргиси келади, бироқ Кристина ва болалари қийналишини ўйлаб бу фикридан қайтади, деб ёзади Каллифатидес. ХХI аср одами ҳам эртаю кеч “гул дўконида ўтириш”га маҳкум. Замонавий Сизифнинг абсурди ўзига хос: “ҳаммасига, йўқ-йўқ, ҳаммасидан ортиғига улгуриш”. Шу васваса чулғаган ҳар биримизни. Наинки моддий, маънавий очкўзликка ҳам дучор бўлганмиз. Бир одам бошқасининг жисмоний-маънавий имкониятлари етмайдиган юкни елкасига олмоқчи (ёки унга юкланади) бўлаётган замонда яшаяпмиз. Ай биродар, ҳар бир одамга тақдир ва тарих юклаган вазифа бор – ўшани бажарсангиз етарли, дейдиган мардум йўқ.

 

Тарихнинг бу олатасир босқичида айримлар ваколатидан фойдаланиб халойиқни абсурд айланаси ичига солганча, кўнглига келган номаъқулчиликни қилади: истаса, раият мулкини ўғирлайди, ҳар тур йўл билан нафсини ҳузурлантиради... Бундайроқларнинг ҳаёти эса жон сақлаш балосига қурбон. Бугунги одамнинг ўз шахсий макон-майдонида ёлғиз қолишга, оиласи ва фарзандлари билан кўча-хиёбонларда пойи пиёда кезишга, мутолаага, тунги ёмғирнинг шивирини тинглашга вақти йўқ – ишига вақтида бормоқ учун ҳар куни саҳар тўртда уйғониши, соат олтигача гул дўконида бўлиши керак!

 

“Фикрларингиз баҳсталаб, биз бошқача яшаймиз, ўзгача қарашларни ҳақиқат деб биламиз”, дейишингиз мумкин. Чини билан бу гаплар китобга муккасидан кетган мендек бир адабиёт муҳибининг хаёлларидан оқиб чиққандир балки... Лекин Камю ҳам тошбардор қаҳрамонда ўзини кўрган эмасмиди? “Сизифни бахтли деб ҳисоблаш лозим” деган жумла “Сизиф – Камюнинг ўзидир” демоққа асос бермайдими? Чунки тафаккур, аввало, Камюнинг ўзи учун бахт мезони эди. Сизиф учун бахт ҳукмини чиқаришга эса – ҳатто шунчалик тафтишу таҳлиллар билан-да – Камю ҳам ҳақли эмас. Чунки бахт – ниҳоятда субъектив, маҳрам туйғу. Гоҳо ўзгалар назарида ўта нотавон бўлиб кўринган биров ўта бахтиёр; бировнинг эса кўнглини дунё билан-да тўлдириб бўлмас. “Кимдир чоҳ ичра ҳам давронин сургай, / Кимдир чўққида ҳам ўтга келгай дуч” (Абдулла Орипов) деганлари шу бўлса не ажаб...

 

* * *

Сизиф парадигмаси бу билан тугамайди. Атоқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳам шундай қаҳрамони бор: донишманд Сизиф. У тошни юмалата-юмалата парча-парча қилади. Пировардида эса ерга думалаб тушмоққа ҳукм қилинган тошни чўққига олиб чиқишга эришади. Бу орада нафсини ҳам жиловлашга муваффақ бўлади, тошнинг енгиллаша бориши Сизифнинг нафс юкидан халос бўлишига мувозий кечади: “...харсангтош юмалайвергани, думалайвергани оқибатида у емирила-емирила,   парчалана-парчалана вазни енгиллашгани сайин... Сизиф энди ўзининг инсон ва каттакон шаҳар аъёнларидан эканлигини кўпда пеш қилмас (аллазамонларда эгаллаган мартабаси унут ҳам бўлаёзган), харсангга дўқ-пўписа ёғдирмас, тилига, оёқ-қўлига эрк бермас, телбалиги тутиб, осмонни титратаман, тоғни синдираман, денгизни чайқатаман деб биёбонни бошига кўтармас… Сизиф... ўзида ҳовлиқмаслик, шошма-шошарлик қилмаслик кўникмаси шакллана бошлаганини сезган эди”.

 

Донишманд Сизиф абсурд тошини енгди!

 

Лекин... бу ҳозирча орзу, холос. Балки бир кун рўёбга чиқар, балки чиқмас. Ахир, инсоният пайдо бўлганидан бери қанча нек умид-истаклар амалга ошди-ю, қанча-қанчаси орзулигича қолиб кетмади дейсиз!

 

Ер юзида инсоният ҳаёти тугагунга қадар яна бошқа сизифлар майдонга чиқади. Табиийки, уларнинг ҳаётга, абсурдга ва тошга муносабати бошқача бўлади. Ўша бошқачаликлар албатта адабиётда инъикос топади. Аммо, ўйлайманки, ўзбек адибининг қаҳрамони барибир Сизиф парадигмасининг охирги нуқтаси бўлиб қолаверади. Чунки у бизнинг инсон сифатидаги энг юксак, қўл етмас орзумизни тамсил этади.

 

Яхшиямки, одамда орзу ҳуқуқи бор.

 

Яхшиямки, уни биздан ҳеч ким тортиб ололмайди.

 

Нодира АФОҚОВА

 

Tafakkurжурнали, 2024 йил 2-сон.

“Орзу ҳуқуқи” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//