Жадид маърифатпарварлари янги усул мактабларида тарих фани ўқитишни, миллат фарзандларини холис ўтмиш билан таништиришни ўзларининг муқаддас бурчи сифатида билган. Улар томонидан тайёрланган дарсликларда ўқувчиларга ватаннинг буюк ўғлонлари тарихи ўргатилган.
Совет мафкурачилари ўзбек халқи ўз тарихини билмаслиги учун миллат ойдинларига доимий равишда ҳам мафкуравий, ҳам жисмоний босим ўтказиб келган. Ҳатто 1980 йилларда ҳам, ўзбек халқи тарихини ўрганиш масаласига энг сўнги даражали масала сифатида қаралган.
Мисол учун, 1984 йилда академик Б. Рыбаков таҳрири остида нашр қилинган 441 саҳифалик СССР тарихи қўлланмасида Пётр I’нинг Россия империясида амалга оширган ислоҳотларига 19 саҳифа ажратилган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон тарихи эса 1 бетга жуда мужмал ва қисқа тарзда ёзилган.
Коммунистик партия ўзбек халқи тарихини беркитиш билан бирга миллат тарихида ўчмас из қолдирган қаҳрамонлар номини қоралаш кампаниясини ҳам олиб борган. Хусусан, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Шайбонийхон, Хўжа Аҳрор Валий, Дукчи Эшон сингари аждодларимизни тарихдан ўчириб ташлашга ҳаракатлар бўлган. Бироқ фидойи ўзбек тарихчилари мард ота-боболари номини оғир шароитларда ҳам ҳимоя қила олди. Шундай жонкуяр тарихчилардан бири профессор Булат Солиев эди.
Совет давлати ташкил топган 1920 йиллардаёқ Пўлат (Булат) Солиев Туркистон тарихига оид дарслик ёзиш ишига жиддий киришади. Бироқ большевиклар Пўлат Солиев ва бошқа маҳаллий олимлар томонидан тайёрланган тарих бўйича дарслик лойиҳаларини доимий равишда рад этиб келади. Шундай бўлсада, Солиев 1929 йилда «Ўзбекистон тарихи» китобини нашр эттиришга муваффақ бўлади. Олим мазкур асарни яратишда ўрта аср муаррихларининг меросларидан унумли фойдаланади. Муаллиф тарих соҳасидаги мафкуравий кўчкига қарши эканлигини таъкидлаган ҳолда, китобнинг кириш қисмига, ўша кунларда совет мафкурачилари томонидан аёвсиз таҳқирланган Амир Темур суратини илова қилади.
Пўлат Солиев томонидан 1929 йилда нашр қилинган Ўзбекистон тарихи китоби ва унинг кириш қисмидаги Амир Темур сурати
Унинг минтақа тарихига кенг ва чуқур ёндашиш ҳақидаги талаби тез орада коммунист тарғиботчиларнинг кескин танқидига сабаб бўлади ва улар Пўлат Солиевнинг тарихшунослигини «миллатчилик ва пантуркистик» руҳда дея таърифлайди.
«Ўзбекистон тарихи» асари ўқувчига Темур даврида Туркистоннинг жаҳон геосиёсатида қандай ўрин тутгани ва Туркистоннинг буюк ўтмиши ҳақида маълумот қимматли маълумотлар берарди. Бундан сал аввал, яъни 1927 йилда ҳам Пўлат Солиев «Маориф ва ўқитувчи» журналида «Ўзбеклар ҳам Темур болалари» деб номланган мақоласи билан катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Ушбу мақола чиқиши билан совет мафкурачилари ўша даврдаги даврий нашрларда бирин-кетин Пўлат Солиевнинг мақоласи ҳақида танқидий материаллар эълон қила бошлайди.
Совет олимлари 1930 йилларда Амир Темур шахсини Карл Маркснинг «Темурнинг сиёсати минглаб аёлларни, болаларни, эркакларни, ёшларни қийноққа солиш, қирғин қилиш ва шу тариқа ҳамма жойда даҳшат уйғотиш эди» деган ғояси атрофида қуриш кераклигини таъкидлар эди. Булат Солиев эса ўз ишларида Амир Темур шахсини золим босқинчи сифатида эмас балки, моҳир саркарда, ажойиб давлат арбоби ва дипломат сифатида кўрсатганди. Шу боисдан, Пўлат Солиевнинг ушбу «Ўзбекистон тарихи» китоби коммунистик мафкура тарафдорлари юзига туширилган «шапалоқ» бўлган десак муболаға қилмаган бўламиз.
Пўлат Солиев ушбу асарни ёзишда Амир Темур ва темурийлар меросига жиддий равишда эътибор қаратади. Олим Мовароуннаҳрнинг мўғуллар хуружидан кейинги иқтисодий аҳволи ҳақида, ички феодал урушларининг мамлакат иқтисодиётини қай даражада тубанга туширганлиги ва шундай оғир иқтисодий тушкунликда бўлган Туркистон ўлкаси, Амир Темур қўл остида қандай қилиб дунёдаги энг қудратли давлатга айланганини батафсил ёритади. Тарихчи Амир Темур салтанати бу ҳудудда шаклланиши тасодиф бўлмагани, Темурийлар салтанатининг иқтисодий-маънавий асоси бўлиши лозим бўлган буюк шаҳарлар минтақада аввалдан бўлганини таъкидлайди.
Албатта, олимнинг миллат тарихига қилган бундай хизматлари совет махсус хизматлари томонидан жазосиз қолиши мумкин эмасди. 1936 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Ўрта Осиё тарихчилари ва олимларининг қурултойида Пўлат Солиевга нисбатан «миллатчи ва пантуркист» айбловлари қўйилади. Шу йилдан бошлаб олимнинг илмий мақолалари журналларда босилиши тўхтатилади. Солиевнинг китоб ва дарсликлари олий ўқув юртлари кутубхоналаридан йиғиштириб олина бошлайди.
1937 йил олимнинг ўзи ҳам ҳибсга олинади. Ўзбек халқининг ҳақиқий ва буюк тарихини ёритишга бутун ҳаётини бағишлаган олим 1937 йил 13 октябрда советлар томонидан отиб ташланади.
СССР’нинг Амир Темур меросига бўлган мутлақо тоқатсиз сиёсатига қарамай, Пўлат Солиев шогирдлари Соҳибқирон меросини халққа етказишда давом этади. Шундай шогирдлардан бири ўзбек тарихчилиги фидоийси академик Иброҳим Мўминов эди.
Иброҳим Мўминовнинг 1968 йилда нашр этилган «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» номли асарида Темурнинг қудратли давлат тузиш йўлидаги курашлари ва фаолияти тасвирланади. Аммо Мўминовнинг ушбу рисоласи нашр этилиши билан олимга сиёсий босимлар кучаяди. Москвадаги КПССънинг Мафкуравий масалар бўйича котибияти олимни бадном қилиш кампаниясини бошлаб юборади. Турли марказий нашрларда Мўминовнинг илмий фаолияти танқид қилинган мақолалар эълон қилинади. Унинг оила аъзоларига тазйиқлар уюштирилади. Буларнинг барчаси кейинчалик Иброҳим Мўминовнинг соғлиғига жиддий салбий таъсир ўтказади.
Академик Иброҳим Мўминов
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Амир Темур шахсиятини ўрганиш ва ёритиш ишлари, ниҳоят, эркин ва катта кўламда амалга оширила бошланди. Бугунги кунда Пўлат Солиев, Иброҳим Мўминов сингари жонкуяр тарихчиларимизнинг меросини кенг жамоатчиликка етказиш жуда муҳим ишларидан бири ҳисобланади.
Қувваталаев Убайдулла.
Термиз давлат университети тузилмасидаги
Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ