Аёлларга нега “Шахсий хона” керак?


Сақлаш
11:42 / 13.09.2024 163 0

Яқинда олима Татяна Черниговская “Аёллар бир вақтнинг ўзида ҳамма нарсага эътиборли бўла олишса, эркаклар фақат бир нарсага диққат қаратишади,  шу сабаб соҳаларда улардан даҳолар кўп чиқади”, деди. Фикрига Моцартни мисол қиларкан, ушбу ҳол илмий фактлар билан асосланганини таъкидлаб ўтди.   

 

Энди тасаввур қилинг, сиз аёлсиз ва жинсингиздан ҳеч қачон Моцарт чиқмаслигига кўзингиз етади. Янаям чуқурроқ тасаввур қилинг: сиз пардоз, овқат, болангизнинг мактаби, рўзғор ва шу кабиларни параллел ўйлай оласиз – лекин чуқур ўйолмайсиз ҳеч қачон. Сиз ҳеч нарсага чуқур ва жиддий киролмайсиз. Ўз-ўзидан фикр чўққиларини забт этиш истагингиз йўқолади. Табиатнинг ўзи йўққа чиқариб ташлади бу хоҳишни. Энди ҳам қўли, ҳам оёғи йўқ одамни тасаввур қилинг – сиз ўша туғма ноқис ҳолатдасиз ва табиат, жамият, миянгиз нейронлари белгилаган ҳаёт бор –маиший, кундалик турмуш ҳаёти. Сиз ҳам ёш бола каби юксак тоғ тепасига чиқиб дунёга қарамоқчи, ўша гўзалликдан завқ, роҳат олмоқчи эдингиз ва бу учун ҳаётингизниям беришга розисиз. Аммо сизни кириш эшиги олдидан қайтаришди. Чунки сиз ноқиссиз. Қўлингиз, оёғингиз йўқ. Энди эса дунёнинг ярмини шундай ноқис ҳолда тасаввур қилинг – бирдан қисинган елкалар, абадий руҳи тушиб кетган кўзларни кўрасиз. Ҳа, абадий! Ҳатто кейин ҳам бирор орзу учқуни ёлқинланмайди. Худди ёш боланинг илк ва катта орзуси барбод бўлган каби абадий сўнмоқ…

 

Ҳа, дунёнинг ўша ярмиси – аёллар. Ўша бироз ноқис билинадиган; жиддийроқ, муҳимроқ ишларга келганда кўкрагидан итариладиган, ҳатто ўз табиати, мияси ҳам унга қарши чиқадиган яратиқ. Мана аёл бўлишнинг моҳияти: атроф, минг йиллик қоидалар, қадриятлар, жамият нари турсин, ҳатто ўз табиатинг, миянг сенга қарши чиқади (бу ҳам аёлнинг минг йиллар давомида ўчоқ эгаси бўлиб қолиб кетгани билан боғлиқ). Демак, сен ўзинг истаган юксакдаги Фикрдан лаззат олиш учун икки ҳисса кўпроқ курашишга мажбурсан. Курашиш деганда ҳозир кўпчилик нотўғри талқинни “мода” қилиб олган – эркак билан курашиш! Лекин асло бундай эмас. Бу эркак билан ё эркаклик дунёси билан курашиш эмас. Вулф “Эркаклар ёзаётганда ўзига жуда ишонади, чунки у энг камида ҳар қандай аёл ёзардан устунман, деб ўйлайди ва шунга суянади” дейди. Бу дегани – эркак табиат ҳам у томонда эканини билиб туради. Аёл эса ҳатто ижтимоий шароитлар натижасида табиат ато қилган “ноқислик”лари учун ҳам курашишга мажбур. Тушуняпсизми, энди аёл бўлиш нима деганини?! Ва бу ҳамма аёллар учун, ҳамма аёллар шундай.

 

Бироқ ҳар эркак Моцарт бўлмагани сингари ҳамма аёл ҳам фикрнинг юксакдаги тажассуми ёки олисдаги гўзалликнинг ял-ял ёнишидан баҳра олишга иштиёқманд эмас. Бу мутлақо табиий, бунинг учун кимдир айбланиши ёки фахрланиши шартмас. Лекин бошқа бир тарафи бор, инсон ҳаётининг моҳияти – ўша гўзалликни англаш, роҳатланиш ё яратиш деб изоҳ берамиз. Халқларнинг қанчалик тараққий этганини ўша олий гўзалликдан, Онгдан қанчалик баҳрамандлиги билан ўлчаймиз. Ҳаётнинг моҳияти – олий одам бўлишга интилиш, деб белгилаймиз. Ва бу мутлақо тафаккур ва онг иши! Энди айтинг-чи, ўша ҳаётнинг асл моҳиятини англамоққа Аёлнинг ҳам ҳаққи борми? Ҳаққи бўлса, нега у бир асрлар, минг йиллар давомида ҳаётнинг олий маъносини англашга уринишдан, Йўлдан маҳрум қилиб келинди, келинмоқда? Сиз буни Вулфнинг Шекспирнинг синглиси ҳақидаги фикрларини ўқиш давомида яхшироқ тушунасиз. Шарқда аҳвол ундан ҳам ёмонроқ бўлган: Навоийнинг адабий синглиси ҳақида тасаввур бўлиши мумкинми, албатта йўқ. бўлганда ҳам у хон саройида туғилган аёл бўлсагина ўз қизиқишларини намоён қила оларди, уям жуда чекланган тарзда.

 

Яқинда “Шахсий хона” асарини ўқиган баъзи ўқувчилар (афсуски, аёлларнинг ўзи), аёллар эркаклар билан курашга киришмоқчими, дея изоҳ қолдиришди. Йўқ, асло! Агар шундай тушунсак, бу асарнинг нотўғри талқини бўларди. Аёллар ҳам олий ҳақиқатлар учун яшамоқчи, улар ҳам ҳаётнинг Олий моҳиятидан ўз насибаси бўлишини истайди. Фикр йўлида азобланиш, куйиш, ёниш, охир-оқибат қуртнинг ғумбакни ёриб чиқиб, капалакка эврилиши, Фикрнинг юксак сатҳларида қанот қоқишни истайди. Ва буларнинг барчаси маиший ҳаётда параллел ҳамма нарсани ўйлаб, эплайдиган аёлнинг эмас, интеллектуал аёл истаклари. “Шахсий хона”да шу ҳақида ҳикоя қилиниб, интеллектуал аёлга маиший ҳаётда қўйилувчи тўсиқларга чуқур кириб борилади. Аёлнинг интеллектуалга эврилиши маиший ҳаётдаги озодлик эвазигалигини бирма-бир таҳлил қилади.

 

Тилланисо НУРЁҒДИ

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

15:09 / 18.09.2024 0 16
Афанди кимга хизмат қилган?





Кўп ўқилган

Барчаси

//