Ватанпарварлик туйғуларини тарбиялайдиган асар – “Отамдан қолган далалар” ҳақидаги энг яхши ревюлар


Сақлаш
17:11 / 12.09.2024 108 0

Хабарингиз бор, яқинда порталимиз орқали Китоблар аро 80 кун марафонининг финал босқичи ўтказилиб, марафон якунланди. Якуний шартда иштирокчилар Тоғай Муроднинг Отамдан қолган далалар романига ревю (ёзма тақриз) ёзган эди. Ҳакамлар қарори билан энг яхши баҳоланган ревюлардан айримларини эълон қиламиз.

 

Аёллар ёнган замон – “Отамдан қолган далалар”даги оғриқлар

 

“Отамдан қолган далалар” романининг номиёқ аждод ва авлод ўртасидаги ватан номли умумий, эскирмас, навқирон маконни ёдга солади. Асар насрда битилган, ўз юртида рўшнолик кўрмай, қалби изтиробда, елкаси офтобда куйган деҳқонқуллур ҳақида лирик қўшиқ. Тоғай Мурод таъбири билан айтганда, ўзбек халқига қўйилган ҳайкал. Бир сулола тимсолида кўрсатиб берилган халқ бошида неча замонлар қора булут бўлган ёғийнинг миллат бошига солган қора кунлари ҳақидаги марсия.

 

Ундаги Жамолиддиндан бошланиб Деҳқонқулгача, ҳирмон бошидаги тарозибондан бешикдаги болагача – ҳар бир персонажнинг бир-бирини такрорламайдиган фожеаси бор.

 

Мутолаа давомида менга аёл ҳаётининг фожиалари деҳқонқулларникидан кўра бўртиброқ кўринди. Гулжамол, Болхин, Қумри, Ойсулувларнинг рангсиз, қора меҳнатга қоришиб қолган ҳаёти даврнинг нақадар камбағаллигини, инсонларнинг инсонлар томонидан уюштирилган фожиа қаршисидаги ожизлигини кўрсатиб берган. Мухбирнинг исмингиз ким деган саволига “пахта”, касбингиз нима деган саволига “пахтакор” деб ҳасрат ва нафрат оҳангида жавоб берган Болхин момонинг 80 йил умри чаноқларга илиниб тугаётгани замон ўзига мослаб олган Деҳқонқулни –

ўғилни безовта қилмайди. Ўзига ўт қўяётган аёлларнинг ҳам уйида биттадан деҳқонқуллар бор. Чор Россияси томонидан ғурури, ори, ўзлиги, ватан туйғуси-да фалажлантирилган деҳқонқуллар. Улар ота-боболари ўтмишда ким бўлганини ўйлаб кўрмаганларидек, нозик хилқатнинг елкасига тушаётган юклар ҳақида ўйлаб кўрмаганлар, шунинг сабабиндан пахтазорга айлантирилган ватаннинг ҳар бурчида ҳар куни аёллар ўзларига ўт қўяди. Ва бу фожеани ёпиш мақсадида нечтасига “ақлий ноқислиги” учун ўзини куйдиргани ҳақида ҳужжат тўлдирилади. Баъзиси деҳқонқуллар бунга қаршилик қилади, баъзилари қаршилик ҳам қилмагандир. Халқ бошидаги шўролар ҳукумати уларни манқурт кимсага айлантирган.

 

Асар ўз ерида куну тун қулдек меҳнат қилаётган, лекин фарзанди хурмо ва памидорнинг фарқига бормаган, қозони, дастурхони “юқоридагилар”нинг қўли туфайли файзсиз, булғанган, душмани хирмонини кўтараётган, журъатсизлиги, ўзлигини, ғурурини унутган деҳқонқуллар тақдири ҳақида. Мустабид тузумга қулоқ тутган, тиз чўккан ва оқибатини аёли, боласи билан бирга тортган содда ўзбек бошига солинган ғул ва бебахтлик ҳақида. Вафодор қуллигига “мукофот” – 8 йилга “кетаётган” Деҳқонқулнинг “Мен қайтиб келаман” хитоби ўқувчига келажакка умид – таскин беради.

 

Сурайё ХЎЖАЕВА

 

 

 

Илм ўзига эътиборсиз инсон ва жамиятларни асло кечирмайди!

 

Ўзбек насрида ясалган ва яратилган асарлар бор. Жамиятдаги чиркин иллат ва сиёсат найранглари оддий халқ тилидан “Отамдан қолган далалар”да очиб берилган. Асарда давр фожеаси, қуллик исканжасини ифодалаш учун учлик рамзи доимий ишлатилган. Бошқарув рангларда аксланади: оқ (пахта, биллур сув, оқтупроқ ер), қизил (ҳукумат, байроқ, қуёш), қора (тер, ер, меҳнат). Асарда бош учлик эса Жамолиддин, Ақраб ва Деҳқонқул.

 

Аёл образлари ҳақида сўзласак, “Кетмон”нинг аёли умуман тилга олинмайди, шарқ тарихнавислигига хос матн остига олинган, аммо тўнғичи Ақраб эркпарварлигида онасининг роли бордек. Ақраб аёлининг гўллиги бот-бот келади, эрининг босмачилигини бошда ҳатто билмайди, фарқига ҳам бормайди. Буларнинг ичида энг кўп азоб чеккани Деҳқонқулнинг аёли. Аёл аввал оқ ва чеккабел бўлиб, кейин оғир меҳнатдан товони, юзи, қўли ёрилади, нафисликдан асар ҳам қолмайди. Пахта даласи ҳосилга кирган сари аёл ва рўзғорнинг ранги синиқиб бораверади, охири 752 аёлдек у ҳам ўзига ўт қўяди.

 

Авлодлар ичида учинчиси энг хавфлиси. Бу авлод қулликни озодлик, оёғидаги кишанни “Дилнавозим” дейди. У ҳамма нарсадан рози, хотини ёқиб юборилганда ҳам буни ўзидан кўради, сабабини кенгроқ ўйламайди. Директор айтгандек: “Пахтазор – дафтаринг бўлади, ғўзалар ҳуснихатинг бўлади! Ариқдан сув ичма – пахтага дори сепилади!” Қизил байроқни олиб ҳур бўламан дея қул бўлганини билмаган авлод тасвири бу. Пахтанинг қулига айланган авлод асар охирида яна далага қайтаман дейди. Бунда муаллиф озод авлод қандай бўлади, саволини очиқ қолдирган. Шляпа олиб АҚШ президенти билан ўзини қиёслаган Деҳқонқул мисолида аслида совет иттифоқи солиштирилади.

 

Гўзалари сувга зорлигини билади-ю, оиласи унга зорлигини билмайдиган зўраки ўзбак бу!

 

Бу асар ясалмаган, бу асар яратилган, чунки унинг қаҳрамонлари реал қаҳрамонлар эди, социализм мисоли сохта эмас, гоҳида қаҳрамон табиати жуда эриш туюлса ҳам, у эриш қаҳрамон эмас.

 

Хулоса ўрнида айтсак, “Отамдан қолган далалар” романи бизга отамиздан қолган далалар ҳақида эмас, аждодларимиздан, боболаримиздан қолган оғриқлар ҳақида куйловчи мунгли қўшиқдек. Зотан, асар тили ҳам оҳанграболи, воқеалари бугунги кун кишисига муболағадек кўринса ҳам!

 

Ҳилола НАЗИРОВА

 

 

 

“Отамдан қолган далалар” – миллатнинг қора кунлари ҳақидаги ҳужжат

 

Инсон бир тананинг ичида неча минг фасл об-ҳавосини, табиат ҳодисаларини туяди. Бир миллат ҳам ибтидосидан бошлаб замонлар оша неча ҳодисотларни кечиб келади. Ҳар неки бошидан ўтган кундан ибрат, дарс, хулоса ола билган халқ забардаст халққа, фарзандлари комил, енгилмас, абадий шахсга айланади.

 

Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар”и ана шундай миллат бошидаги энг оғир, фожеий, оммавий қирғин кунларига ҳужжатдек яратилган асар. Унда бир юраги бутун авлоднинг Шўро тузуми томонидан журъатсиз, субутсиз, оқ ва қоранинг фарқига бормайдиган манқуртга айлантирилиш жараёни кўрсатиб берилган. Бобокалонлари Жамолиддин кетмон, Ақраб қўрбошидек ёвқур ўтган Деҳқонқулнинг совет ҳукумати таъсирида ўзликни унутган бебахт кимсага айланиб бориши – ҳақиқий инсон, миллат фожеаси эди.

 

Шуни ҳам таъкидлаш мумкинки, ёзувчи асарда исмларни ҳам асарнинг ғоясига қараб, образнинг таъсирчанлиги учун танлагандек. Ким, айниқса Ақраб қўрбошидек киши ўғлига Деҳқонқул деб исм қўяди – бу реал воқеликка зиддек.

 

Жамолиддин Оқпошшо одамлари ерини, сувини “булғагани” учун ота юртини ташлаб кўч кўтаришга мажбур бўлди (оломонга қўшилиб зулмга қўлидан келганча қаршилик қилади, албатта), Ақраб қўрбоши бутун умр босқинчиларга қарши курашиб, умрини ҳам аямади. Шу орият, иймон-эътиқод соҳибларининг авлоди Деҳқонқул ота-бобоси душман санаган, шу йўлда жон тиккан шўро ҳукуматига қул бўлди.

 

Деҳқонқул ҳамияти ўлдирилган, ўзлик туйғуси бегоналашган, пахта экиш, чопиш, териш, топширишдан бошқа нарсага ақли ёки қурби етмайдиган шўро даври яратган одамларнинг типик персонажи. Содда, меҳнаткаш, қўли кўксидаги оми одамнинг азиятини унинг яқинлари, авлоди чекади. Романда ҳам шўро даври яратган деҳқонқулларнинг ожизликлари ортидан келиб чиққан жамики кўргуликни ҳаёти якунланиш чегарасидаги нуронийдан тортиб бешикдаги гўдакгача бўлган оралиқдаги авлод вакиллари яшайди. Пахта даласида нечта Зиёднинг устидан заҳар сепилиб, нечта Қумри елкасидаги ўзига зиғирча нафи йўқ қора меҳнатга, ниҳояси кўринмаган кўзбўямачиликга дош беролмай ўзига ўт қўйиб ҳаёти якунланади.

 

Мансабдоридан деҳқонқулигача косаси оқармаган, кенгашларга ижарага олинган костюмда борадиган халқнинг душманини ҳам ўзларидан ясаган шўронинг миллатимиз тарихидаги “из”ини унутмаслик учун ҳам бу асарни ёш авлод уқиб мутолаа қилиши керак.

 

Малика ҚУРБОНОВА

 

 

 

Ватанпарварлик туйғуларини тарбиялайдиган асар

 

Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асари вақтлар ўтса-да ўзининг бадиий аҳамиятини йўқотмайдиган асарлар сирасига киради. Ёзувчи бу асарда ўзбек халқининг мустамлака даврларида чеккан жабру жафоларини бир оила мисолида, уч авлод тақдирида, ҳар бир ўқувчига тушунарли, содда сўзлар билан тасвирлаган. Асарда тасвирланган воқеалар худди кўз ўнгингда содир бўлгандай туюлади. Ҳар бир қаҳрамоннинг аянчли тақдирига ачинмай иложинг йўқ.

 

Асардаги қуйидаги жумлалар ўша воқеани кўз ўнгингда жонлантиради:

 

Иркит-иркит Ибодин соқов юзлари илжая-илжая сўлади,

Иркит-иркит Ибодин соқов кўзлари бақрая-бақрая сўлади.

 

Шу девонасифат, бечораҳолники аямаган шафқатсиз босқинчиларга қарши юрагингда нафрат пайдо бўлади. Беихтиёр ёзувчининг Ақраб қўрбоши тилидан айтилган сўзлари ёдга келади: “Босмачи деманглар, босмачи бўлиб қайси юртни босиб олибмиз, қайси элни талон-тарож этибмиз. Ўзлари юртимизга бостириб келди. Яна тағин, бизни босмачи деб атади. Ўзларининг ёрлиқларини пешонамизга ёпиштирди”.

 

Шундайин мард, жасур Ақраб жигитнинг мардона сўзлари ҳеч кимнинг олдида отдан тушмаган полковник Чанишевни отдан тушуб ҳурмат кўрсатишига сабаб бўлади.

 

Асарнинг асосий қаҳрамони Деҳқонқулнинг болалик давридаги мактаб ўқувчиларининг пахта теримида чеккан азоб-уқубатлари тасвирланган саҳналар янада ачинарли. Далада самолётга йўл кўрсатиб, байроқ кўтариб югураётган болакай тилидан ёзилган қуйидаги сўзларга ўртанмай иложинг йўқ: “Димоғим шундай бир заҳарда қолади, шундай заҳарда қолади! Мен кучаниб-кучаниб ўқчийман”.

 

Ёлғизгина қари онасининг ҳеч нарса қила олмаслигини билиб, дориланадиган далага самолётга йўл кўрсатишга юборилган Зиёднинг фожиали ўлими эса ҳар қандай юракни ларзага солади.

 

Ёзувчи ушбу асарда Жамолиддин кетмондек ҳақиқий мусулмон, Ақраб жигитдек жасур ўзбеклар авлоди босқинчилар томонидан қандай қилиб Деҳқонқулга айлантирилганини моҳирона очиб берган. Пахтадан мўл ҳосил олиш Деҳқонқулнинг ўз оиласи, фарзандларининг тақдиридан-да муҳим. Ҳатто ўз аёлининг жонига қасд қилиши сабабини англаб етолмайдиган даражада фидокор у. Шунча меҳнатлари тақдирланиш ўрнига “Пахта иши” деган, бутун ўзбеклар бошига келган машъум ном билан қамалади ва даҳшатли азобларга гирифтор бўлади.

 

Ҳар бир юртдошимга асарни ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардим. Чунки бу асар китобхоннинг ватанпарварлик туйғуларини тарбиялайди.

 

НИЛУФАРХОН

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11782
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//