Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони бало дашти ичра танҳо парвоз қилган Қақнуснинг видолашув ноласи. “Лисон ут-тайр” – бутун башар истиғфорини айтиб ўтган умрнинг хулосаси. Китоб устига мук тушганда, чиндан ҳам “Инсон – коинотнинг гултожи” деб тасанно ўқийсиз. Лекин ҳаёт кафтида туриб “сайраш”га тўғри келганда Дарвин назарияси ҳам ҳайф деган шаккокона ўйларга борасиз. Нега деганда, китоб ўқиганда санъонларга ҳамдард бўламиз-у, аммо ҳаётда Шайхни масхаралаган бутпараст кофирга айланиб қоламиз.
Тасаввуфшунослигу навоийшунослик илмидан анча йироқман. Оддий ўқувчи сифатида кўнглимда уйғонган ўйларни баён этаётирманки, хато қилсам маъзур тутгайсиз.
Шайх Санъон қисмати Навоийга қадар ҳам, ундан кейин ҳам кўпларни ўйлатган. Ўйлатишга ўйлатган-у, лекин унинг ҳақиқатига кимлар ета олган – ёлғиз Ўзига аён.
Шайх Санъон – шайхлар пешвоси! Ҳар бири Боязид Бистомий даражасидаги тўрт юз муридга эга шайхул машойих. Тақвода у зот билан тенглаша оладиган мардум топилмас. Издиҳом унинг бир оғиз сўзига илҳақ. Не тонгки, унинг бошига савдо тушмиш. Расвойи жаҳон этишга қодир ишқ савдоси. Бу дард уни не кўйларга солмади. Бир умрлик илму амалини ҳабада этиб, дину иймонига ўт қўйди. Зуннор боғлади, чўчқа боқди, оташгоҳ ўтининг парвонаси бўлди, Каломуллоҳни ўтга ташлади… Мўмин учун неки нораво бўлса барини қилди. Хўш, Навоий унинг ҳолидан баён этмоқдан нени кўзлаган эди?
Ботиний билимга етишмоқнинг энг ишончли йўли – Ишқ йўлидир. Фақат ишқ такаббур МЕНни синдириб, хокитуроб айлайди. Ичдаги деворларни, тўсиқларни қулатади. Ва фақат ишқ бани одамни малоикалар сажда қиладиган мақомга кўтаради.
Шайх чўчқабоқарлик қилди. Зеро, ҳар бир инсон ичида чўчқа – тубан ҳайвон бор. У ўзидаги “тубан”ни таниб-билиб олди. Инсон гуноҳни таний бошлаган ондан эса ундан халос бўлишга чоғланади.
Умри ибодат ичра ўтган шайх Қуръони каримни ўтга ташлади. “Анал ҳақ” деган Мансур Ҳаллож ёки севгилиси Лайлига ёзган мактубларни йиртиб ташлаган Мажнун аҳволини ёдга солади. Каломуллоҳ – Оллоҳнинг сўзи акс этган китоб. Ошиқ учун эса унинг акси эмас, ЎЗИ муҳим. Аслида, илоҳий каломнинг маскани китоб саҳифалари эмас, балки мўминнинг қалбидир.
Белига зуннор боғлади. Энди унинг учун одамлар мўмину кофирга, гуноҳкору бегуноҳга тоифаланмайди. Мусулмон каби кофир ҳам унинг жондоши. У учун на Машриқ қолди, на Мағриб. Олам маҳшаргоҳга айланди.
Оташгоҳда ўт ёқди. Бу иши билан ўша кезгача эришган мартабаю мақомига ўт қўйди. Демак, обрў-иззат ғавғосидан халос бўлди.
Бири дебким:
“Чун машойихқа бу иш
– Етса, бизга етгай асру сарзаниш.
Шайх дебким:
“Йўқ, алар бирла ишим
Ким харобот ичрадур истар кишим”.
Бу синов Худонинг унга юборган кулфати эмас, қилган амалларига ажру мукофотидир. ҲАҚ уни шу йўл билан йўлдан озган азозилнинг қаро қисматидан қутқарди. Шайх моддият билан ўлчанадиган барча даъволардан озод бўлиб ОЛИЙ ҲЕЧЛИКка мушарраф бўлди. Таъбир жоиз бўлса, шайхул машойихлик мақомининг ўзи ҳам бир занжир эди. “Ўз нуқсонини исбот қила олган кишигина ҳақиқий комилдир. Зеро, қуёш ҳам туш пайтида ўзини баркамол кўриб, энг юксак нуқтага кўтарилдим деб ўйлайди, аммо шу ондаёқ унга завол юзланади. Яъни у пастга қараб бота бошлайди. Негаки, унинг чиндан ҳам камолоти бор эди, аммо уни кўрган заҳотиёқ заволга юз тутди”.
Балки гапларим кимгадир эриш туюлар, хоҳ ҳаётда бўлсин, хоҳ телевизорда айрим уламоларимизнинг (улар кам эмас!) нигоҳидан ҳамдардлик излайман, нур қидираман, аммо топа олмайман! Ингмар Бергман фильмларидаги руҳонийларни кўргандек бўламан. Ўша ҳукмфармо авзо, ўша ўгай нигоҳ. “Илоҳ бу йўлда фақат ўзини ўйлаб, манманликка берилишдан ҳам ортиқроқ гуноҳ йўқ деб ҳисоблайди”. Бергманнинг протестант руҳонийлари, Толстойнинг проваслав руҳонийлари ҳақидаги дардли ўйлари менинг уламоларимга ҳам тааллуқли, деган саркаш хаёлга бораман. Дину мазҳаб ўзга, бироқ моҳияту маҳрумият битта!
Юксакдаги муршид Шайх Санъоннинг собит эътиқоди билан жунун саҳросини кезиб ҲЕЧ КИМлигини англаган савдойи Санъоннинг ҳақиқатига қиёс топилармикан?! “Қиёматда намозни, рўзани, садақани… Ҳамма-ҳаммасини тарозига қўярлар, фақат муҳаббат тарозига сиғмайди”, дейди Мавлоно Румий. Ишқ изтироблари кечирилмас гуноҳ – кибрни илдизи билан қўпориб ташлади. У шуниси билан ҳам улуғ туйғу. Озурда қалбга эса Расулуллоҳнинг (с.а.в) ўзлари мададкор бўлади: “К-эй муршиди соҳиб вусул, Муждаки, бўлди мададкоринг расул!”
Туйғу қанча қудратли бўлса, маҳбуба кўнглини ҳам шунча тез маҳв этади, уни ҳам оташ домига тортади. Муҳаббат биргаликда ҳайрат туйиб, биргаликда фарёд уришдир. Балои ишқнинг чақмоғи куфр санамининг бошига ҳам чақди. Тарсо қизи Шайх кезган биёбонда саросар тентиради. Унинг ғурури чил-чил синди. Аввалги таманнодан асар ҳам қолмади. Маҳбубининг ҳақиқатига етмоқ учун ўтинчу надомат ила пойи пиёда йўлга тушди…
Иқбол ҚЎШШАЕВА
Тарих
Жараён
Тарих
Жараён
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ