Шаҳодат Муродова – Кореяда нуфузли ГКС гранти орқали сиёсатшунослик йўналишида таҳсил олган. Тўртта тилда бемалол гаплаша оладиган қаҳрамонимиз билан Корея маданияти, сиёсатда аёлларнинг ўрни, корейс боғча тизими ҳақида суҳбатлашдик.
– Суҳбатимизни Кореяга кетиш ҳикоянгиз, нуфузли университетда таълим олиш, оилавий ўқишни давом эттириш қийинчиликлари ва афзалликлари ҳақидаги иқрорларингиз билан бошласак.
– Кореяга кетиш фикри кутилмаганда пайдо бўлган. Шарқшунослик университети хитой тили филологияси факультетини тугатган йилим Хитойда ўқиш учун Конфуций грантини ютиб олгандим ва ўша пайтда ўқишга кетиш учун ҳужжат ишлари билан юргандим, визам ҳам тайёр бўлганди. Турмуш ўртоғимдан оила қуриш таклифи сабабли режаларим ўзгарди ва Хитойда ўқиш фикридан воз кечдим. Чунки турмуш ўртоғим ўқишни Кореяда давом эттиришим таклифини берганди. Қай бирини танлашга иккиланганман. Хитойда ўқиш орзум эди, грантим ҳам бор. Оилани танлаб, Кореяда ўқишимни давом эттиришга рози бўлдим.
Шундай қилиб, 2020 йили турмуш ўртоғим орқали оилавий виза билан Кореяга келдик. Тил билмаслигим сабабли бироз уйда қолиб кетдим. Янги муҳитга мослашиш ва тил билмаслик мени стресга туширди, турмуш ўртоғим уйда интенсиве тарзда корейс тилини ўргатишни бошлади. Бир йиллардан кейин ўқишга топширишга қарор қилдим ва Кореяда машҳур бўлган грант дастури – ГКС (Global Korea Scholarship)га ҳужжат топширдим ва интервьюларни корейс тилида топширганим ҳам қўл келиб, грант ютиб олдим.
ГКС гранти орқали Сукмён аёллар университетига ўқишга кирдим. Ўқиш натижалари чиққанда, ҳомиладорлигимни билардим, шу сабаб грантдан воз кечишни ҳам ўйлаб кўрганман. Грант берувчи ташкилот бола билан ҳам ўқишимни давом эттиришга рухсат бергандан кейин қароримдан қайтдим. Барибир оилали талабанинг ўқиши қийинчилиги кўпроқ. Энг катта ютуғим грант билан ўқиганим бўлди. Чунки оила ва бола билан контракт асосида ўқиш чет элдаги ёш оила учун ортиқча маблағ талаб қилади. Турмуш ўртоғимнинг доим қўллаб-қувватлагани ҳам менга анча ёрдам берди.
– Корея маданиятига мослашиш жараёнлари қандай кечди?
– Биринчи қийнаган масала – тил билмаслик. Дўконларга чиқиб бемалол юролмасдим. Шифокорга борганда ҳам тил билмаслигим анча қийнарди. Шу сабаб корейс тилини тезроқ ўрганишга киришганман.