«Қизил султон» ёхуд «Озарбойжон Сталини». Совет иттифоқида ўзининг мини култини яратган Миржафар Багиров


Сақлаш
15:36 / 09.09.2024 97 0

«Қизил империя» ёвузликда бир-биридан қолишмайдиган жуда кўплаб арбоблар етиштирган давлат эди. СССРда нафақат бутуниттифоқ доирасида, балки республикаларнинг ўзида ҳам миллий диктатуралар қарор топган, кичик шахсга сиғиниш култлари яратилганди. Шулардан бири Озарбойжон ССРни 20 йил бошқарган Миржафар Багиров култи эди.

 

1938 йил 17 январда Москвада СССР Олий Советининг 1-сессияси бошланади. Сессия кун тартибидаги асосий масала 1936 йилда қабул қилинган Конституция асосида янги ҳукумат (Халқ комиссарлари совети, қисқармаси ХКС) шакллантириш эди.

 

Озарбойжон ССР биринчи котиби Миржафар Багиров ҳам Олий Совет депутати сифатида ушбу йиғинда қатнашаётганди. У ўз навбатида минбарга кўтарилиб, аввал ислоҳотлар ҳақида гапиради ва кутилмаганда СССР Адлия Халқ комиссари (вазири) Николай Крыленкони танқид қилишни бошлайди:

 

«Агар илгари ўртоқ Крыленко асосий вақтини туризм ва альпинизмга бағишлаган бўлса, ҳозирда у шахмат ўйнашга ружу қўйган. Биз ўртоқ Крыленко тимсолида ким билан ишлаётганимизни аниқлашимиз керак – у альпинистми ёки Адлия халқ комиссари? Ўртоқ Криленко ўзини кўпроқ ким деб ҳисоблашини билмайман, лекин менимча, у яхши вазир эмас. Ишончим комилки, ўртоқ Молотов (ХКС раиси, бош вазир) Халқ Комиссарлари Советининг янги таркибини тузаётганда буни ҳисобга олади».

 

Миржафар Багиров

 

Багировнинг чиқиши ҳайрат билан кутиб олинади. Чунки иттифоқдош республика раҳбарининг марказ амалдорини танқид қилиши бунга қадар деярли умуман кузатилмаган ҳолат эди. Қолаверса, Николай Крыленко инқилоб жангчиси, унинг асосий фигураларидан бири, большевикларнинг ҳокимиятда қолишида муҳим роль ўйнаган шахс эди. Шундай инқилобчининг маҳаллий амалдор томондан танқид қилиниши кутилмаган воқеа бўлади.

 

Орадан кўп ўтмай, 31 январда Криленко қамоққа олинади ва июлда отиб ташланади. Шубҳасиз, Багиров шахсий ташаббус кўрсатиб, Адлия вазирига «ташланмаганди». Сталин ўзининг ҳокимиятига соя солиши мумкин бўлган инқилоб фахрийларини йўқотмоқчи эди ва Крыленко ҳам бу рўйхатдан жой олганди. «Доҳий» уни Багиров қўли билан йўлидан олиб ташлайди. Ушбу биргина ҳолат Озарбойжон раҳбарининг Сталинга қанчалик яқинлигини кўрсатади.

 

Диндор оила фарзандининг илғор атеистга айланиши

 

Озарбойжон тарихида муҳим из қолдирган, фаолияти турли инсонлар томонидан турлича талқин қилинувчи Багиров Миржафар Мир Аббос ўғли 1895 йилда Озарбойжон шимолида жойлашган Губа шаҳрида туғилган. Унинг таржимайи ҳоли ягона ва аниқ версияга эга эмас.

 

Совет давлатида бойлар синфий душман сифатида кўрилиб, қирғин қилингани, айниқса, диндор қатлам ёппасига «қулоқлаштирилгани» боис кўпчилик одамлар ўз келиб чиқишини атайин ўзгартирган. Багиров ҳам шундай йўл тутганлардан бири.

 

Багиров оиласи билан

 

Унинг исми ва шарифидаги «мир» қўшимчаси ислом динининг шиа оқими уламоларига хос атамадир. Миржафарнинг барча қариндошлари исмида ушбу қўшимча борлиги инобатга олинса, унинг оиласи олийнасаб шажара экани, аждодлари сайидлар, яъни пайғамбар авлодлари эканини тахмин қилиш мумкин. Чунончи, манбаларга кўра, Миржафарнинг отаси Губадаги обрўли уламолардан бўлган. Бироқ Багиров расмий таржимайи ҳолида доимо ўзининг камбағал деҳқон оиласида туғилганини қайд этган.

 

Багиров дастлаб анъанавий мактабда таҳсил олиб, бу ерда Қуръон ва форс тилини ўрганади. Шундан сўнг замонаси талабига кўра, рус-тузем мактабига ўқишга киради ва шу ерда инқилобий ғоялар билан танишади.

 

Россия империясида Фуқаролар уруши бошланиши билан Багиров ҳам фаол ҳаракатларга киришади. У ватани Озарбойжон мустақиллиги учун курашаётган «Мусават» партиясига эмас, аксинча, большевиклар партиясига қўшилади. Миржафар Қизил армия ва арман дашноқлари унинг халқи, яъни озарбойжон ва лезгин халқига нисбатан амалга оширган қирғинларда бевосита иштирок этади. У кейинги йилларда Кавказда Озарбойжон демократик республикасига (ОДР) қарши кураш олиб боради ва фақатгина ОДР қулагандан сўнг ватанига қайтиб келади.

 

Бокуда советлар ҳукмронлиги ўрнатилгач, Москвага содиқ хизмат қилган Багиров «ёвузлик империяси»нинг энг даҳшатли муассасаси — ВЧК(Всероссийская чрезвычайная комиссия по борбе с контрреволютсией и саботажем)нинг Озарбойжон бўлимига ишга киради. 1921 йилда Озарбойжон ВЧК раҳбарига айланган Багиров бу ерда кейинги ҳаётида муҳим роль ўйнаган шахс – Лаврентий Берия билан танишади. Сталин қотилларидан бири бўлган Берия бу пайтда Багировнинг ўринбосари сифатида ишларди.

 

Миржафар Багиров ва Лаврентий Берия (ўнгдан биринчи)

 

Айнан Берия билан яқинлашув Миржафарнинг 1929 йилда Озарбойжон ГПУ (Государственное политическое управление) раиси, шунингдек 1933 йилда Озарбойжон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби (мамлакат раҳбари) бўлишида асосий роль ўйнайди. Лаврентий ҳамюрти Сталинни Багиров содиқ коммунист эканига ишонтиради. Кейинчалик ҳам Берия кўп бора Багировга ҳомийлик қилган.

 

Озарбойжон хавфсизлик хизматларида ишлаган Багиров мамлакатда олиб борилган «қулоқлаштириш», коллективлаштириш кампанияларида фаол қатнашган. У атеистик сиёсатнинг энг зарбдор кучи бўлган ВЧК ва ГПУ сафида диндорларни аёвсиз қатағон қилган.

 

Миллий қотил ёки қаҳрамон?

 

Замонавий Озарбойжон тарихчилигида Миржафар Мир Аббос ўғли шахсиятига нисбатан икки хил қараш мавжуд. Баъзилар уни Сталиннинг содиқ хизматчиси, Озарбойжонда шафқатсиз қатағон олиб борган, ўз ватанпарвар миллатдошларини қирғин қилган одам сифатида кўрса, баъзилар уни Озарбойжон яхлитлигини сақлаб қолган, давлатнинг кўплаб ҳудудлари Арманистонга ўтиб кетишининг олдини олган, икки Озарбойжонни (шимолий ва жанубий) қисқа муддатга бўлсада бирлаштирган, маҳаллий кадрларни ҳимоя қилган етакчи ўлароқ тасвирлайди.

 

Багиров номи 1930-1940 йилларда Озарбойжонда ҳақиқий қўрқув солувчи исм эди. Ўз хонасидан бир неча кунлаб ташқарига чиқмай ишловчи, минглаб одамлар отувига киприк қоқмай буйруқ берувчи бу биринчи котиб Сталинга ҳам эътироз билдира оладиган даражада қудратга эришганди.

 

Миржафар Багиров яшаган уй

 

Озарбойжонда Багиров тириклигидаёқ унга юзлаб ҳайкаллари ўрнатилган, ҳар бир давлат ташкилотида унинг портрети Сталин портрети билан ёнма-ён осилган ва ҳатто Багиров инқилобий фаолияти музейи ҳам очилганди. Сталин раҳбарлигидаги СССРъда иттифоқдош республикада бундай кўламдаги шахсий култ ўрнатишни тасаввур қилиш ҳам қийин иш эди. Бироқ Багиров Озарбойжонда шахсга сиғинишнинг маҳаллий тизимини қура олди ва «Озарбойжон Сталини»га айланди.

 

Багиров 1937-1938 йиллардаги қатағонлар даврида, айниқса, Москва олдида ўзини кўрсатади. У марказ берган режадан ҳам кўпроқ одамни ҳибсга олади ва отувга ҳукм қилади. Ҳеч ким, ҳатто унинг шахсий котиби ҳам қирғинлардан четда қолмайди. Унинг буйруғи билан бир қатор Озарбойжон олимлари, жумладан Вали Хулуфлу, Руҳулло Охундов, турколог Бакир Чўпонзода, шарқшунос ва фольклоршунос Зайнелли Ҳанафи, ёзувчи ва таржимон Аҳмад Жавод, шоир ва драматург Ҳусайн Жавид кабилар отиб ташланади. Тоғли Қорабоғ автоном вилоятининг бутун раҳбарияти, шунингдек Озарбойжон прокуратураси тўлиқ репрессияга учрайди.

 

Багиров олиб борган қатағон кўлами қанчалик катталигини қуйидаги рақамлардан билиш мумкин: 1937-1938 йиллардаги «Катта террор» даврида Озарбойжон ССРда 120 минг киши қатағонга учраган. Шундан 70 минг киши отиб ташланган ёки қийноқлар оқибатида ҳалок бўлган. Бу вақтда республиканинг умумий аҳолиси сони 3,2 миллион кишини ташкил қилган. Таққослаш учун 6,2 миллион аҳолига эга Ўзбекистон ССРда 1937-1938 йилларда 40-50 минг одам репрессия қилинган.

 

Багировнинг ижобий имижи борасида ҳам қарашлар мавжуд. Хусусан, у 1945 йилда Тоғли Қорабоғнинг Арманистон таркибига ўтиб кетишининг олдини олгани ва бир қатор Озарбойжон туманларини мамлакат таркибида сақлаб қолгани собиқ биринчи котибнинг тарафдорлари тарафидан кўп айтилади.

 

 

Бундан ташқари, Багиров 1944 йилда туркий қумиқ халқининг Марказий Осиёга депортация қилинишига ҳам қарши чиқади. У бу борада шахсан Сталинга қўнғироқ қилиб, қумиқ халқи содиқлигига шубҳа қилмаслигини, уларнинг кўчирилишини қўллаб-қувватламаслигини билдиради. Аммо, шунга қарамай қумиқлар бошқа Кавказ халқлари билан бирга барибир депортация қилинади.

 

Миржафар Багиров Озарбойжонни бирлаштирган етакчи сифатида ҳам тарихда қолишга эришган. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, СССР армияси Буюк Британия билан биргаликда Эронга бостириб киради ва мамлакат шимолини эгаллаб олади. Бу ерда (жанубий Озарбойжонда) советлар ҳомийлигида Озарбойжон демократик республикаси тузилади. Багиров «Озарбойжонни бирлаштирувчи» унвонини олади. Лекин орадан бир йил ўтиб, СССР қўшинлари Эронни тарк этиши билан Озарбойжон демократик республикаси Эрондаги шоҳ режими томонидан тугатилади. Багиров умрининг охиригача бу учун Москвадан аразлаб яшайди.

 

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Багировнинг ҳокимияти ўз чўққисига чиқади. Эндиликда у марказ амалдорларидан ҳам чўчимас эди. Вазият шу даражага бориб етадики, унга Москвадан Козлов исмли вазир ўринбосари келаётгани ҳақида хабар беришганда, у «Баранов дегани келмайдими?», дея марказ мансабдорининг устидан кулади.

 

Шафақ. Қамоқ ва сўроқ

 

Бироқ тарихда ҳеч ким абадий шон-шуҳрат топмаган. 1953 йил «халқлар қотили» Сталин вафот этади. Орадан кўп ўтмай Багировнинг «орқадоғи» Лаврентий Берия ҳам ҳибсга олинади. Тез орада партия ва ҳукуматни Сталин тарафдорларидан тозалаш акцияси бошланади.

 

Багиров ўз дўсти ва ҳомийси Берияни қоралаганига қарамай, барча лавозимларидан озод этилиб, 1954 йилда қамоққа олинади. Уни шахсан СССР бош прокурори Роман Руденко сўроқ қилади. Сўроқ давомида Миржафар ўзига қўйилган барча айбловларни рад қилади. Шундан сўнг собиқ биринчи котиб энг асосий жиноий иши – қатағонлар бўйича айбдор деб топилади.

 

 

1956 йил 26 апрелда СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси Багировни «хиёнат гуруҳида иштирок этиш ва совет фуқароларига қарши террорчилик қирғинини содир этишда» айбдор деб топади. Миржафар Мир Аббос ўғли олий жазога ҳукм қилинади ва 26 май куни отиб ташланади. Шуни таъкидлаш керакки, Багиров Сталин ўлимидан кейин 15 иттифоқдош республика раҳбарлари орасида отувга ҳукм этилган ягона биринчи котиб бўлади.

 

Кўпчилик буни Багиров Сталин ва Берия «одами» бўлганидан ташқари, Хрушчёвнинг унга шахсий адовати ҳам бўлгани билан боғлайди. Гап шундаки, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Багиров ҳарбий интизом билан боғлиқ ҳодиса сабаб Хрушчёвнинг иккинчи ўгай ўғли Евгений Хрушчёвни отиб ташлаганди. Украина биринчи котиби, шубҳасиз, бу воқеани унутмаган ва ўғли учун қачондир қасос олишни ният қилган.

 

Шундай қилиб, Озарбойжонни 20 йил бошқарган, ўз халқи қирғинига раҳбарлик қилган, давлатда оғир ва нефть саноатини ривожлантирган, бутун бир халқни қўрқувда ушлаб турган Багиров Миржафар Мир Аббос ўғли фаолияти фожиа билан якун топади.

 

Замонавий Озарбойжонда Багиров шахси борасида якдил фикр йўқ ва барча унинг ҳаракатларига ўзи қарашлари бўйича баҳо беради. Бироқ унинг минглаб одамлар ўлимига сабабчи бўлгани, рад этиб бўлмас факт.

Муҳаммадқодир Собиров

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//