Миллатга таҳдид: Туркийдан ажнабийга айлан(тирил)ётган топонимлар ва уларнинг асл маънолари ҳақида мутахассис таҳлили


Сақлаш
12:34 / 09.09.2024 109 0

Миллатнинг, миллий давлатчиликнинг шаклланиши ва таркиб топишида жой номлари муҳим ўрин тутади. Чунки Ватан тушунчаси айнан жой номи билан муштарак тушунчадир. Қолаверса, Ватан халқ, элат ёки бирор индивид яшайдиган макон ўлароқ қадрли. Тарихга назар солсак, жуда кўплаб империялар мустамлака ерларни ўзлаштириш жараёнида аввал жой номларини алмаштириб чиққанини кўрамиз. Фарғонанинг Скобелев, Олмаотанинг Верний, Бишкекнинг Фрунзе, Ўзбойнинг Красноводск, Сўлжанинг Грозний, Қизилжарнинг Красноярск аталгани бежиз эмас.

 

Кўпчилик ёшлар Ўзбекистон-Қозоғистон чегара постининг нега ҳамон “Черняевка” дейилишини билмаса керак. Асли Ғишткўприк деб аталадиган бу чегара постининг шундоқ биқинида Черняевка қишлоғи бўларди. Қишлоқнинг оти Тошкентни қон қақшатиб босиб олган босқинчи генерал Михаил Черняевнинг номига қўйилган. Чунки айни жой Тошкентни босиб олган рус қўшинларининг ҳарбий қўналғаси сифатида шаклланган ва Тошкент босиб олингач, унга Черняев номи берилган[1]. 1991 йилдан кейин мустақил Қозоғистон Республикаси бу номни ўчириб, қишлоқни Жибек жоли(Ипак йўли) деб номлади[2]. Аммо, афсуски, 160 йил давомида маҳаллий аҳолининг онгига синган қораюзли Черняевнинг номини унутиш қийин кечяпти.

 

 

XIX асрда Чор Россияси даврида кўҳна Туркистон ҳудудларига руслар бостириб кирган бўлса, Совет даврида бегона номлар бостириб кира бошлади. Вилоятлар, туманлар, қишлоқлар, таълим муассасалари, кўчалар, майдонлар, хиёбонларнинг русча номланиши одат тусига айланди. Ленинобод области, Сталинобод шаҳри, Оржонокидзеобод райони, Ленин майдони, Маркс хиёбони, Энгельс кўчаси, Максим Горкий номдаги институт, Александр Матросов номидаги мактаб, Полтарацкий қишлоғи, Жданов колхози, Москва совхози – булар совет даврининг хос жой номлари эди. Энг ёмони эса, эл бунга кўниккан, Ватан тутган ерининг шундай номланишига розидек эди. Чунки, бу давр миллатнинг зиёлилари қирилган, ҳақиқий тарих унутилган,  миллат онгига ўзга ғоялар, мафкуралар сингдирилган  бир давр эдики, одамлар “катта оға”га қарши сўз айтадиган қурбга эга эмасди. Туркий топонимларни ўрганган атоқли қозоқ олими Ғали Қонқашбаев “туркийлар ўз жойларини бошқа тилда номлайдиган ёки ўзлари ном берган ҳудудларни унутиб қўядиган оми халқ эмас” деган эди[3]. Бу албатта тарихда ўтган аждодларга нисбатан айтилган. Мен Ғали Қонқашбаевнинг бу сўзни нега айтгани билан қизиқдим. Балки, унинг туғилган ери Ақбеттов Павлодар деб  аталгани учун ғаши келгандир. Балки шунинг учун у топонимлар бўйича мутахассис бўлиб етишган ва Ватанидаги ҳар бир номнинг ўз тилида бўлиши учун курашгандир...

 

Марказий Осиё халқлари мустақилликка етишгач, русча номларнинг жуда кўпи ўзгартирилган. Аммо уларнинг доғи ҳамон турибди. Боиси туб аҳолининг кўпчилиги русча номларни ҳамон муомалада қўллаб келади. Аксарият ҳолатларда ўзбекча жой номларини ҳам рус қолипида қўллаш кўзга ташланади: Фархадский, Алайский, Тракторний ва ҳк. Вазият шундай экан, “жой номлари масаласи” долзарблигича қолаверади ва жиддий муаммоларни келтириб чиқараверади. Чунки одамлар эски номни қўллашда давом этяптими, демак, у хотирадан ўчмаган ёки янги ном ўз ўрнига тушмаган. Ёхуд бу ном шу жойнинг тўлиқ ёки қисқача тавсифини ўзида акс эттирмайди. Шу ўринда бир мисол: Қашқадарёда Деҳқонобод тумани бор. Аммо бу ерда деҳқончилик ёхуд дала маданияти билан боғлиқ ҳеч нарса топмайсиз. Чунки сув ресурси кам. Аҳолининг турмуш тарзи асосан чорвачилик билан боғлиқ. 1926 йили туман ташкил этилганда бу ерни “Қўнғирот” ёки “Алпомиш” тумани деб аташ таклифи берилган экан. Аммо, асли деҳқон бўлган Йўлдош Охунбобоевнинг таклифи билан Деҳқонобод номи маъқулланади. Ваҳоланки, айтилганидек, бу ҳудудда аҳоли лалми экинларнигина етиштиради, холос.

 

 

Бундай мисоллар жуда кўп. Боиси жойларга ном беришда аввало географик ҳудуд ва халқининг хусусиятларини инобатга олмаслик, юқоридан берилувчи таклифлар масъуллар томонидан кўр-кўрона татбиқ этилиши ва энг асосийси, жойларга ном беришнинг асосий тамойилларини билмаслик сабаб бўлади. Шу боис қуйида жойларга ном беришнинг илмий тамойиллари ҳақида сўз юритамиз.

 

***

Биламизки, сўз товуш ёки товушлардан, гап сўз ёки сўзлардан тузилади. Тушунча эса номлар билангина англашилади. Инчунин, агар ном бўлмаганда, тил бўлиши мумкин-у, аммо тафаккур бўлмас эди. Шу сабаб одам яралибдики, ҳайвондан фарқли ўлароқ ҳар кимни, ҳар нарсани, ҳар бир воқеликни  номлайди, ундан тушунча, фикр, мулоҳаза ва хулоса ясай олади. Одамзоднинг шундай ном бериш санъати кейинчалик ономастика[4] деб атала бошлаган. Ономастиканинг топоним(жой номлари), антропоним(инсон номлари), космоним(осмон жисмлари номлари), этноним(этносларнинг номлари) каби ўнлаб йўналишларни алоҳида ўрганувчи бўлимлари бор. Улар орасида биз ўрганаётган топонимлар инсоният тарихида ва бугунида муҳим ўрин тутади. 

 

Биринчи атропоним Одам бўлгани рост, биринчи топоним Ер бўлгани рост. Аммо, ер юзидаги жойларнинг кейинги номланиш жараёнлари қандай кечган? Хусусан, туркийлар ўз юртларини, шаҳару қишлоқларини, тоғлари, боғларини, дарёларини қандай номлаган? Улар ном беришда маълум бир тамойиллар, қоидалар ва тартибларга амал қилишганми?

 

Мозийда дунё халқлари ўз жойларини номлашда турли услублар ва топоформантлардан фойдаланишган. Мисол учун, ҳинд-европа халқлари шаҳарларни номлашда -пур(бург) топоформантидан фойдаланган: Хастинапур, Жайпур, Гамбург, Питербург ва  ҳк. Форсийлар қўллайдиган -афшон (Нурафшон, Зарафшон) топорформантли топонимлар арманларда –шен (Норашен, Давиташен, Советошен) шаклида келади. Аммо ҳинд-европа халқларининг ҳар бирида ўз қатлам топонимлари ҳам бор. Мисол учун, Арманлар кўпроқ –ван (Ереван) ёки –кан (Кировакан), славянлар –град(Белград, Петроград), –ск(Томск, Кисловодск) формантидан кўпроқ фойдаланишган. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳинд-европа халқларида умумий қўлланадиган топоформантлар кам, борлари ҳам формал жиҳатдан фарқланади.

 

Туркийларда эса тили аглютинатив тил бўлгани учун топоформантлар деярли ўзгармайди ва дунё халқлари орасида биронтаси жойларга ном  беришда туркийлар каби эътиборли бўлмаган. Чунки қадимги туркларнинг турмуш тарзи номадик тартибда шакллангани учун ўзлари кўчиб ўтаётган ҳар бир тоғ, қир, денгиз, кўл, дарё, шаҳар-у қишлоқнинг ва ёки бошқа жойларнинг номларини билиши ҳаётий зарурат саналган.

 

Туркийлар оронимлар яъни тоғликдаги жойларни номлашда тау/тоғ/дағ, қоя, қия, адир, қир, таш, жар, тўба/тепа каби топоформантлардан фойдаланган.     

 

Гидронимлар яъни сув ҳавзаларини номлашда эса денгиз, кўл, су(в), булақ, дарё, ўзан, чай каби топоформантлардан фойдаланган. Ер харитасидаги Оқ денгиз, Қора денгиз, Қизил денгиз, Бойкўл, Иссиқкўл каби гидронимларга туркий халқлар ном берган.   Бунинг исботи эса топоформантларда ўз аксини топган.

 

Ойконимларни номлашда эса қалъа, қўрғон, юрт, кент(қант), овул, жер(ер), жар, дала[5] каби топоформантлардан фойдаланган. Жой номларини ясашда туркийлар кўпинча сифат ва сонлардан ҳам қўшимча сифатида фойдаланишган: Олатов, Оққоя, Қизилқия, Жалпоқтош, Мингжар, Қўрғонтепа, Қораденгиз, Шўркўл, Оқсу(в), Ширинбулоқ, Тўртўзан, Арпачай, Элликқалъа, Каттақўрғон, Хасавюрт, Тошкент, Орқаовул, Янгиер, Кўк дала ва ҳк.

 

 

Туркийларнинг менталитетида уруғлар алоҳида ўрин тутади. Ўғузхон давридан бошлаб бутун туркий эллар ва уруғлар ўз тамғаларига эга бўлган. Бу уруғлар ўз даврида “қадимий давлат”, халқ ёки элат сифатида шакланган ва ўз номлари билан топонимлар яратган. Ўғузларда Авшар, Баёт, Алқаэвли, Қора эвли, Баёндур, Оққуюнли, Бажна (Беченек), Салар, Иғдир, Ава, Турбатли, Керайли, Қирқларэли, Султонли, Ўқли топонимлари асли этноним бўлган. Шунингдек, Қангли, Қарлиқ, Қалач(Халаж), Карсаган номлари ҳам уруғ номларидир. Қипчоқларда ҳам қирқ, юз, минг, ўймовут, сарой, қўнғирот, барлос каби юзлаб этнонимлар топонимларга айланган. Энг қизиғи, бирор уруғ вакиллари бошқа жойга кўчиб ўтса ҳам жой номини ўзлари билан олиб кетишган. Шу хусусда бир мисол бор. Маълумки, Навоий вилояти, Нурота туманида Чуя қишлоғи бор. Бу ерда юз уруғлари яшайди[6]. Олтой Республикасининг Чуя трактидаги айрим қишлоқларда ҳам юз уруғлари яшайди. Бу ўхшашлик ўз-ўзидан номадик[7] ҳаёт кечирувчи туркий халқларда этнослар билан бирга топонимларнинг ҳам кўчиши ҳодисаси мавжудлигини билдиради. Евроосиёнинг туркийлар яшайдиган барча ҳудудларида Найман, Қангли, Сарой, Юз, Қарлуқ каби ном билан аталадиган жойларнинг сақланиб қолгани ҳам бунга мисол бўла олади.

 

 

Аммо, этнослар номи билан аталадиган жойлар масаласида айрим муаммолар ҳам учраб туради. Бу кўпинча одамларнинг замонавийликка интилиши ёхуд ўзлигида уялиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мисол: Тошкентнинг Учтепа туманида Катта Қани маҳалласи бор. Бу жой аслида Қангли уруғи яшайдиган маҳалла бўлган. Аммо, кейинчалик, Қангли номи Қанига айланиб қолган. Бу аввало тарихни, ўзликни унутиш билан боғлиқ бўлиб, Қани номини ўзлаштирганлар Қангли номининг туркийлар орасида қанчалик нуфузли эканини билмайдилар. Инчунин, қанглилар қадимда, аниқроғи эса милоддан аввалги III – милодий IV асрларда Мовароуннаҳрда қудратли давлат қура олган туркий эл эканини, Тошкент ўша давлатнинг маданий марказларида бири бўлганини билишганда бунга йўл қўйишармиди?

 

Туркийлар топонимларни ясашда кўпинча -ау(ав), -ли, лиқ, -чи каби аффикслардан ҳам фойдаланишган. Мисол учун: Бийнау(в), Жийнау(в), Дийнау(в), Қамишли, Чечакли, Қуйруқли, Чияли, Арпали, Жийдали, Олмали, Қўйлиқ, Қирлиқ, Сарлиқ, Чироқчи, Балиқчи, Ўқчи ва ҳк. Бийнау(в) – бий(бек)лар яшайдиган, Жийнау(в) – одамлар йиғиладиган, Дийнау(в) – дунё маъносини беради.

 

Шунингдек, маълум бир тарихий воқелардан ҳам топонимлар ясалган: Қалмоққирилған, Қўй қирилған қалъа, Саломўлди, Жезқазған. Улутов атрофидаги Қалмаққирилған деган жойда 1727 йилда Абулхайрхон бошчилигидаги мусулмон туркийлари ва қалмоқлар орасида жанг бўлиб ўтган. Ўша жангда туркийлар қўли устун келиб қалмоқлар қирилган.  Саломўлди Боботоғдаги жой номи бўлиб, бу ерда Саломкал номи билан машҳур “босмачи” юртимизга босиб келган қизил аскарлар томонидан отиб ўлдирилган. Бундан кўринадики, бу каби жой номлари остида тарих яширинган.

 

 

Туркийларда бундан бошқа ҳам топоформантлар кўп. Дейлик, айрим манзилгоҳларда чинор(Мингчинор), терак(Кўктерак), тол(Қатортол), қайрағоч(Бешқайрағоч), тут(Қўштут) каби дарахт номлари ҳам топоформант вазифасини ўтаган. Ёки зоонимлар ёрдамида ҳам топонилар ясалган: Бўриқочар, Қўйлиқ, Кийикли, Айдаркўл, Сарлиқ[8], Туябўғиз ва ҳк.

 

Шунингдек, маълум бир касб билан шуғулланадиган одамлар жамоаси яшайдиган  маҳаллаларга  нисбатан –чи топоформанти орқали ҳам топонимлар ясалган: Темирчи, Эгарчи, Тақачи, Қазичи ва ҳк.

 

Энг асосийси юқорида келтирилган топоформантлар барча туркийлар учун тегишли бўлиб, улардан шимолда яшайдиган хакасу якутлар ҳам, жанубдаги қарлуғу қипчоқ, ғарбдаги булғору ўғузлар ҳам ҳам фойдаланган. Натижада топоформантлар  минг йиллар давомида шаклланиб, бугунги кунда ўзига хос тамойилга айланган.

 

Туркийларда жойларни муқаддаслаштириш энг муҳим этник хусусиятлардан бири саналади. Шунинг учун, Тангритоғ(Тяньшан), Олтой, Мангутов(Элбрус), Айридағ(Арарат), Ўтеген, Ўрол каби тоғлар, Энасой, Ўрхун, Хотун, Бий, Чуя, Аму, Сир, Араз, Терек каби дарёлар муқаддаслашган. Сакраллаштириш хонлар, давлат раҳбарлари, ботирлар, олимлар, шоиру бахшилар, авлиёлар дафн қилинган жойларга нисбатан ҳам кенг қўлланилган. Шу сабаб туркий дунёда Олмаота, Зангиота, Илонота, Мурчота, Термизота, Қўчқор ота, Ҳазрат бобо, Ҳизр бобо, Авлиёота каби сакрал манзиллар жуда кўп. Аксарият тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Марказий Осиёдаги жуда кўплаб аҳоли яшаш пунктлари айнан шундай сакрал манзилгоҳлар атрофида шаклланган бўлиб, кўчманчи аҳолининг ўтроқлашувчи асосан шу манзилларга тўғри келади.  

 

 

Олтойда тоғлар, дарёлар, булоқлар, дарахтлар, умуман олганда бутун табиатга ҳурмат кўрсатилади. Айниқса, булоқлар жуда муқаддас саналади ва уларнинг кўпига Аржан(муқаддас)булоқ сифатида қадрланади. Ҳар бир булоқнинг ўз номи бор: Ақбулақ, Ару булақ, Иристу(ирисқили) булақ, Кумужек(кумуш) булақ ва ҳ.к. ХХ асрда руслар бу булоқлар номини ўзгартиришга уринишган. Аммо, олтойлар туркий номларни ўзгартиришга йўл қўйишмаган. Чунки ҳар бир номнинг ўз тарихи бор ва ҳар бири қадрлидир. Шу сабаб бўлса керак олтойлар ўзлари яшайдиган ҳудудларда дарёлар, булоқлар ва яйловларни ифлослантиришга йўл қўйишмайди. Бирор жой ифлосланса, “Ўрис келиб кетибди” дейишар экан.

 

Қадриятлар инсон учун зарурат ўлароқ шаклланади. Моддий бўлсин, маънавий бўлсин зарурат бўлиши шарт. Унга тегиб ёки дахл қилиб  бўлмайди. Қадриятнинг энг улуғи Ватандир. Топонимларга ўзгартиришга бўлган уринишлар аслида Ватанга, миллатга таҳдид сифатида кўрилиши керак. Таҳдиднинг каттаси ёки кичиги бўлмайди. Шундай экан, ҳозир оммавий тарзда таҳдид ўлароқ ёйилаётган турли хорижий номлар – Межик Сити, Акай Сити, Фут Ситига ўхшаш “сити”ларнинг луғатимизга кириб келишига ҳамюртларимиз, айниқса, тил ва маънавият жонкуярлари бефарқ бўлмаслиги зарур.

 

 Яқинда ижтимоий тармоқларда адабиётшунос Раҳимжон Раҳматнинг Фарғонадаги Қирқлар қишлоғининг номини ўзгартиришга уринишлар бўлаётгани ҳақидаги хавотирли хабарлари тарқалди. Ўқиб, бу ишни амалга ошираётган мутасаддиларга ачиндим. Ахир, қирқ – ўзбек уруғининг номи. Улар ўзлари қурган қишлоқда ўз уруғининг номини – қадриятини сақлаб қолишга ҳаққи йўқми?

 

 

Тўйтепа шаҳрининг Нурафшонга ўзгартирилиши ҳам омма орасида жуда катта норозиликларни келтириб чиқарди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, шу кунгача Республика бўйлаб юзлаб топонимлар ўзгартирилди, ўзгартирилмоқда. Энг ачинарлиси, кўпроқ ўзбекча номлар ўзгартирилиб, ўрнига бошқа номлар тиқиштирилмоқда ва бу жараёнда маҳаллий аҳолидан сўралаётгани ҳам йўқ. Шаҳарларда ижтимоий-иқтисодий, маданий муассасаларнинг номлари ҳам топонимга айланиши ҳодисаси мавжуд. Мисол учун, “Братская могила”, “Боткина”, “Чиғатой” каби номларга қабристон, Чорсу, Қўйлиқ каби номларга бозор аниқловчиси қўшилиши шарт эмас. Улар шу ном билан аталадиган аниқ манзилларга айланган. Бугун бу каби жой номлари миллатимизга мос бўлмаган номлар билан аталиши эртага қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Некст, Ривера, Оутлет, Парус, Интегро, Мериам шоппинг, Вега центер, Атриум каби савдо марказлари, ажнабийча номланган юзлаб катта-кичик дўконларнинг кўпайиши келажакда ёшлар, ўсмирлар ва болаларнинг онг остидан жой олади. Кейин улардан қаердансан? - деб сўрасангиз, - Парусда ёки Риверада тураман – деб жавоб қилса ажабланиш керак эмас.

 

 

Ўзбек тили камбағал тил эмас. Жойларга ном бериш учун тилимизнинг имкониятлари етарли даражада деб ўйлайман. Бошкентимизга миллий руҳ бериб турган Бешқозон, Оқсарой, Оқсув, Тўхтаниёз ота, Бешёғоч, Тарновбоши, Хончопон, Султон каби савдо ёрлиқлари ҳеч кимнинг ғашига тегаётгани йўқ. Демак, юқорида келтирилган ва келтирилмаган муаммоларни ҳали тузатса бўлади. Фақат, жойларга ном бераётган мутасаддиларда ўз миллати, тилини севса, эътибор бўлса бўлди.

 

Анвар БЎРОНОВ,

Филология фанлари бўйича

фалсафа доктори. 

Oyina.uz

 

[1] Коверский Э. А. Карта Азиатской России, составлена по сведениям, имеющимся в Министерствах: Императорского двора (земли Кабинета Его Величества и Главного Управления Уделов), Военном, Морском, Путей Сообщения, Государственных Имуществ и Юстиции. Картографическое заведение Военно-топографического отдела Главного штаба. www.etomesto.ru (1895).

[2] Жибек Жолы // Казахстан. Национальная энциклопедия. — Алматы: Қазақ энциклопедиясы, 2005. — Т. II.

[3] О. Т. Молчанова. топонимический словарь Горного Алтая.  Горно-Алтайское отделение Алтайского книжного издательства : 1979. С –131.

[4] Ономастика (Юнон ὀνομαστική — ном бериш санъати) — тилшуносликда отлар, уларнинг тарихи, тилда қўлланилишини ўрганадиган бўлим.

[5] Дала – олтой пластида. Мўғулча, бурят, манж.: тала.

[6] Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимоий географияси. – Бухоро: Ўқитувчи, 2008. – 116 с

[7] Номад (юнонча. номадос – кўчманчи) – йил давомида кўчиб юриб ҳаёт кечирадиган халқлар ва этник гуруҳларга берилган ном. Номадларнинг турмуш тарзи табиий шароитлар жараёнида шаклланган бўлиб, улар тарихий ўтроқ яшовчилар маданиятидан фарқ қилувчи ўзига хос анъанавий маданият яратишган.

[8] Қадимги туркий тилда як(қўтос) сарлиқ деб номланган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 24.09.2024 0 22
Ажиниёз образига бир назар





Кўп ўқилган

Барчаси

//