Отамдан қолган адабиёт – “100 сўз” эсселар танлови ғолибларининг ижодий ишлари


Сақлаш
17:24 / 06.09.2024 200 0

Инсон руҳининг ғалабаси

 

Стивен Кингнинг “Рита Ҳейворд ёхуд Шоушенкдан қочиш” асари сабр ва умид ҳақида ҳикоя қилади. Бу роман ноҳақ қамалган Энди Дюфрейннинг саёҳатини тасвирлайди, у бошига тушган қийинчиликларга сабр қилиб, умид ва ҳалолликни сақлаб қолади. Шоушенкнинг бўғувчи зулмига қарамай, Эндининг озодликка бўлган собит ишончи уни нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам қочишга ундайди. Асар бизга энг қоронғу жойларда ҳам умид кучли бўлиши мумкинлигини, у ҳатто энг қалин деворлар орқали ўта олишини ва ҳар қандай занжирларни уза олишини эслатади. Эндининг қочиши нафақат қамоқдан чиқиш, балки умидсизликни енгиш – инсон руҳининг ғалабасидир.

 

Синдоржон АШУРОВ

 

 

Отамдан қолган адабиёт

 

Адабиёт ҳеч кимнинг отасидан қолмаган. Аммо шундай адабиёт ҳам борки, бизга отамиздай яқин, қадрдон ва суюкли. Улуғ Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидан сўнг қарийб етмиш йил ўтгач, миллат озодлигига бағишланган яна бир асар: Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи дунёга келди. Адиб ушбу романи билан “ўзбек халқига ҳайкал қўйди”! Жамолиддиндек мусулмон, Ақрабдек ёвқур миллатнинг босқинчи иван ивановичлар томонидан қандай қилиб Деҳқонқулга айлантирилганини бешафқат фош этди. Аммо асарини барибир умид билан якунлади. Тоғай Мурод саккиз йилга кесилган Деҳқонқул тилидан: “Мен қайтиб келаман!” дейиш орқали бу миллатни ҳеч қачон енгиб бўлмаслигини, Жамолиддину Ақрабларнинг барибир қайтиб келажагини башорат қилди! 

 

Мумтозбегим МАНСУРАЛИ қизи

 

 

Юрт иси келадиган асар

Ватан ҳақида ёзиш жуда масъулиятли юмуш. Айниқса, ортиқча қасидабозликдан холи ёзиш яна-да мушкул. Лекин Исажон Султон “Генетик” романида бунинг уддасидан чиққан. Асардаги қаҳрамонлар, манзиллар-у воқеалар кўзимизга иссиқ кўринади. Барчаси шу қадар табиийки, беихтиёр хулоса қиласиз: “Генетик” – биз ҳақимиздаги ёзилган! Китобхон ўлароқ, мен бунга шубҳа қилмайман. Эътиборлиси, асарда “ватан” сўзи қатнашмаган.

 

 

Қайта-қайта титсам-да бу сўзни топмадим. Бироқ ҳар саҳифадан меҳнаткаш элимизнинг пешонасидан оқадиган тер ҳиди уфуради, қадрдон япроқларнинг шитирлаши эшитилади, қулоғимиз остида қадим куйларимиз янграгандай бўлади. “Балки дунёнинг бошқа жойларига борсангиз, ёмғирлари бегона туюлар? Сабаби тафти-ю ҳиди, товушлари ўзга” деб ёзади муаллиф. Зотан, шу эмасми Ватан тимсоли?

 

Шоҳрух УСМОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11782
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//