Бугун тунда барча азоблайдиган, мени хўрлайдиган жамиятга қарши барча туйғуларимни унутмоқчи эдим. Бугун ижтимоий, сиёсий, адабий, борингки, барча қоидалардан воз кечиб ёзишни ўзимга раво кўрдим. Балки ёзувчига раво кўргандирман. Ҳар ҳолда шундай “услубсиз” ва “тийиқсиз” ёзгим келди. Доимгидай қўлимга китобни олдим. Хаёлларим мутлақ бошқа жойга чалғиши керак. Китобнинг илк ҳикоясиёқ буни уддалабгина қолмай, бошқа мавзу тугул, бошқа мамлакатга олиб кетди: “Мени кечир, Кумико!” Ҳикояда Рахшона Аҳмедова талаба қиз ва унинг дугонаси Кумико билан содир бўладиган оддий воқеа тасвирини келтиради. Аммо унинг ортида нечта мавзу ётади – Оилада фарзанднинг ўрни, ота-онанинг меҳрсизлиги ва унинг фарзанд руҳиятида қолдирган жароҳатлари, айбдорлик ҳисси, дўстлик ва бошқалар. Бир ҳикояга шунча мавзу жамланганининг ўзи диққатли идрокнинг нишонаси.
Навбатдаги “Орзу ва денгиз” ҳикояси умумбашарий муаммоларимиздан бири – Орол фожиасига бағишланади. Бош қаҳрамон Амангелди ота тақдирини Оролсиз тасаввур қилолмайдиган табиат меҳрибони. У денгизга ёшлик хотиралари билан боғланган ва меҳрдан бўлак нарса беролмайди. Ҳикоя персонажлари моҳирлик билан яратилган. Ёзувчи ота-онасини ташлаб кетган ўғилни ҳам ўқувчига салбий образда кўрсатмайди. Яхши ҳаёт учун ошиқувчи енгил бириси каби ҳам эмас у. Бу эса образлардаги ишонарлиликни оширади ва ўқувчининг дидини ўстиради. Ҳикояда асосий куч Орол муаммосига қаратилган бўлишига қарамай, инсон кўнгли ва у туғилган тупроқ мавзуси улоқни илиб кетган.
“Мен бобом ва она бўри” ҳикоясида юракни ўртовчи мавзу қаламга олинган. Она иккинчи турмуш қургач, бобо-бувисининг қўлида қолган болакай қиш кунларининг бирида бўрига дуч келади. Жони қил устида турган болакай она бўри ўлдирилса болаларига нима бўлиши ҳақида ўйлай бошлайди. Бу икки ҳол параллел тасвирланаркан, ёзувчи онанинг бола ҳаётидаги ўрнига урғу беради. Ҳикояни тарбиявий насиҳатлардан йироқ услубда ота-оналарга берилган ўгитга айланган дейиш мумкин. Муаллиф ҳикояларини ўқиркансиз, уларда ғоя ва мавзу мазмунидан кўра янгиликлар борлигини сезасиз. Аммо ёзувчида матнни ўзига хос тарзда бериш, услуб камлик қилаётгандай туюлади. Образлар характерига қанчалик юк берилмасин, ҳар қандай ёзувчида ўзига хос нимадир бўлиши керак. Бир-икки ташбеҳ ва оддий баён услуби устига ифода қилинган туйғулар ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермайди. Қачонки, асарнинг бирламчи мақсади бошқа бўлганда бу жараён ўзини оқлаши мумкин. Масалан, тарихий асарларда тарихий ҳақиқат услуб соддалигини пардага ўраб кета олади. Шундай бўлса-да, Ойбекнинг “Навоий” романидаги шоирона услуби қанчалар нафис! Ёки Примқул Қодиров тарихий романларида фалсафий фикрларни илгари сурганида иккиламчи қаҳрамонлари ҳам характер даражасига кўтарилиб кетади.
Корейс ёки хитойлик қаҳрамонларини ўзбеклар билан контраст қўйган ҳолда воқеликни ривожлантиришини муаллифнинг ўзига хослиги десак бўлади. Лекин нега юқоридаги “Мен бобом ва она бўри” ҳикоясида ўқувчи лоақал битта ибора, битта чиройли ташбеҳ билан сийланган қаҳрамонни ҳам, пейзажни ҳам кўрмайди?! “Белини ўпадиган сочлар”, “қорга беланган қир”, “қочаётган тепалик”, “қуёш мўралаши”, “ҳомиладор аёл каби осмон”... Бу каби ифодалар бошқа ижодкорлар томонидан аллақачон қўлланилган, шу боис янгича тасвирлар устида ўйлаб кўрилиши керакдир балки. Чунки ёзувчининг ғояни етказиш билан бирга бадиий-эстетик дидни қондириш мажбурияти ҳам бор.
Рахшона Аҳмедованинг яна бир ўзгачалиги аёл образ яратишда кўринади. Китобдаги энг мукаммал ҳикоялардан бири “Соябон остида” бўлиб, унда аёлнинг бир кунлик ҳаёт тарзи орқали бир умрлик ҳис-туйғуларини ва қалбини кўрамиз. Айни шундай ажойиб ҳикоялардан яна бири “Номаълум аёл”. Ҳикояда бош қаҳрамоннинг онаси, Кореядаги метро яқинида майда-чуйда сотувчи хотин ва телекўрсатувда чиққан аёл қисматларини чоғиштириш орқали манзара ҳосил қилинади. Учаласи ҳам бутун ҳаётини болаларига қурбон қилган, ҳар учови-да турли сабабларга кўра эзилган аёллар. Аммо болалари учун фидо бўлган умридан қайси она норизо бўлади? Ҳикояда ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтиёр қилишга уринадиган аёллар ҳаётида яшаймиз. Ҳа, буни ёзувчи бизга айтиб ўтирмайди. Аммо айни мана шу мажбурият ортидан пайдо бўлиб-бўлмайдиган, бир кўриниб кўринмайдиган ёки аёллар кўришни чин дилдан истайдиган бахт ҳақида адибамиз озгина бир нима шипшитганларида туйғуларни ўзимизча эмас, ёзувчи қадар тасаввур эта олардик. Ҳа, майли!
Рахшона бу аёлларнинг ҳеч бири тимсолида ҳаётидан норизолигини англатмайди. Аммо қачонгача? Шунинг фурсати “Юкионинг танлови” ҳикоясида бонг уради. Юкио гарчанд “Болалар оналарга ташвиш келтириб, ўзи учун яшашини чеклайди”, деган фикрда бўлса-да, бу унинг айби эмасди. Чунки у отаси каби ёмон турмуш ўртоқ билан яшаган онасига чин дилдан ачинарди, болалигида психологик травмаларни орттирганди. Бундай аёлларнинг бахтга эришиш ҳақидаги фикрлари ва исёнини қуйидаги парчада Юкионинг хаёлларида ўқишимиз мумкин: “Ахир қандай қилиб бутун умр рўшнолик кўрмай ўтиб кетсанг-у, нариги дунёда ҳеч йўқ(!) бахтга эриша олмасанг... Худо ҳеч йўқ нариги дунёда бахтли яшашингга шароит яратиб берар?”
Ишончлар ва умидлар сўнган вақтда илинжлар пайдо бўлади ва бунга Худодан бошқа йўл қолмайди. Фарзандлари улғайгач, ота-онани буткул унутишгача борган қаҳрамонлар аллақачон улардан айрилиб бўлган, аммо бу уларни унчалик ҳайратга ҳам, ҳасратга ҳам солмайди: “Отаси ҳозир нима қиляпти экан? Энди насиб қилса, таътилда боради. Балки вафот этгандир, акаси ёки опаси келиб дафн қилган бўлса, ажаб эмас. Эҳтимол, қўни-қўшнилар ҳиммат кўрсатгандир?” Қаҳрамоннинг ичида антиобраз яратиш маҳорати ана шундай кўринади. Унинг кўнглида нима борлигини очиб бериш учун на диалогдан, на бошқа ёрдамчи образдан фойдаланилган. Айни шу психологик контраст асарнинг ютуғи бўлган.
Айтиш керакки, бу тасвирлар фикрий қаричлари фақат бошқа мамлакатда яшайдиган инсонларники эмас, хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради. Ёзувчи оқибатсизликларни қаламга олганда образлар ҳаққонийлиги билиниб туради. Ҳикоядан ўз-ўзидан сунъийлик чекинади. “Лаҳзалик бахт”, “Сени яхши кўраман, Мино” каби ҳикояларда ҳам инсон ҳаётида муҳаббатнинг бетимсоллиги ойдинлашади. Аммо бу жиҳатдан “Сени яхши кўраман, Мино” ҳикояси “Мактубда нозиккина қизалоқнинг катта бир юракни кўтариб кетаётгани тасвирланганди”, “Балким, у кўзларида ҳали ҳам сўнмаган муҳаббатни Мино кўриб қолишидан чўчигандир” каби ифодалар билан қанчалар англанишни тушунтира олган бўлса, “Лаҳзалик бахт” ҳикояси шунчалик ютқизади. Аёлнинг касалхонада ўлимини кутиш ҳолати бир суҳбатдошнинг сизга шунчаки ҳикоя қилиб бериши каби таассурот қолдиради кишида. Адабиётнинг вазифаси англатиш. Бир дардни ўзингиздан бошқа танага кўчириб ўтказиш осон эмас. Тана бошқа, дард билмас, дейишади-ку! Ана шу дард билмас танага ёзувчи бадиийликни оддий англатишдан чекинган ҳолда ошириб, тасвирий ифодани бадиий воситалар ёрдамида ёрқинлаштириб етказиши лозим. Шундагина у “дард билмас тана” яъни ўқувчиси устидан ғалаба қозонади.
“Эртагача”да қатъиятсиз инсон тасвирини образ ўй-хаёллари билангина ифодалаш қай даражада ёзувчи отган ўқни нишонга теккизади? Шу маънода ҳикоя воқеалари ривожлантиришга муҳтож. “Қирғоқда қолган балиқ” ва бошқа ҳикояларида ёзувчи ортиқча маишийлашгандек. Доимий сюжетларни эслатувчи чет тили таъсири ҳақидаги бу ҳикоянинг фақат бир жойида Рахшонага хос “ялт” этган менгзашни кўрамиз. Бош қаҳрамон – кексайгани сари ўзини ортиқчадай ҳис қила бошлаган Эргашали домла ва ҳовлидаги йиллар ўтиб меваси бемазалашган ўрик дарахти тасвири. Асарга бундай тамсиллар жуда керак. Аммо шаҳарга кетиб, тили бегоналашиб, отаси ўтиб қолганда видолашмаган ўғил ва унга ўз зурриётидан худди шу муносабатларнинг қайтиши, хотинни изидан кетиб, ота-онани ташлаб кетиши каби бош қаҳрамон ҳаётида рўй бераётган воқеалар... Атайлаб “чизиб” қўйилганми? Ўқувчи ҳикоя давомини кутиб нима қилади?! Интригани ўқувчидан сир тутиш ёки кутилмаган тарафга бура олиш лозим. Устига-устак шу ҳикояда хронотоп бузилган. Бундай “жойида” ҳикоядан кўра ёзувчининг “Тушунарсиз севги изҳори” ҳикоясидаги қизга нисбатан айтилган “У жуда чиройли, майсалар орасидаги бир дона лолақизғалдоқни эслатарди” каби жумлалари кўпроқ юк босади.
Рахшона Аҳмедовада ҳикоялар мавзуси воқеалар ривожи билан бирга қуйилиб келади. Ижодкорга тажриба ва савия доим қўл келади. Асарлари композициясида ақл билан эмас, ҳиссиётларига кўра иш тутувчи образлар қулайроқ ҳаракат қилади. Чунки ёзувчининг ўзида ҳам шундай ҳассос юрак бор. Лекин барибир бадиий тилга эҳтиёж сезамиз. Бадиий тил ва бадиий ғоя ҳам худди шундай нарса. Бадиий тасвир воситаларидан насрда ўз ўрнида фойдаланилганда матн ўқувчига қанчалар завқ беради ахир. Биз ёзувчидан ёрқин адабий келажак кутамиз. Чунки ҳаётий тажрибалардан юзага келувчи умумбашарий ғояларнинг узоқдан келаётган бўйлари бизни ўзига чорламоқда.
Рухсора ИМОМОВА
БухДУ Ўзбек адабиёти йўналиши
таянч докторанти
Тарих
Жараён
Тарих
Жараён
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ