24 август куни Telegram асосчиси Павел Дуров шахсий самолётида Озарбойжондан Парижга учиб келиб, Ле-Бурже аэропортида жиноий тергов доирасида қўлга олинди. Тергов ишлари мамлакатнинг Кибержиноятларга қарши кураш департаменти томонидан 8 июлдан буён олиб борилаётган бўлиб, Дуров билан бирга, унинг шахсий қўриқчиси ҳамда ассистенти ҳам қўлга олинган.
The Wall Street Journal нашри маълумотларига кўра, 2017 йил Франция ҳамда БААнинг махсус хизмати Дуровнинг телефонини бузиб кирган (взлом қилган). 2021 йилда эса Дуров шу икки мамлакат фуқаролигини олади. Бундан ташқари, Эмануель Макрон унга Telegram’нинг штаб-квартирасини Францияга кўчиришни таклиф қилган. Дуров эса сўнги вақтларда яшаб келаётган Дубайнинг худди шу мазмундаги таклифини қабул қилган.
Тасс хабарига кўра, ҳозирда Дуров 2017 йилдан буён яшаб келаётган БААдаги Telegram’нинг штаб-квартираси ҳам ёпилган.
Дуровга қандай айблов қўйилди?
Маълум бўлишича, Павел Дуров Францияда қидирувдаги шахслар рўйхатига киритилган. Аслида, Дуров Францияда қўлга олиниш хавфи борлигини билган ва шунинг учун ҳам Европа сафарларидан йироқ бўлишга ҳаракат қилган.
Дуров Telegram’даги кибер-жиноятлар устидан модерация қилмагани учун бир вақтнинг ўзида 12 та ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича тергов қилинди. Уларнинг орасида гиёҳвандлик савдосида иштирок, болалар порнографияси, фирибгарлик ва хакерлик дастурларини тарқатиш каби қисмлар мавжуд. Дуров Telegram’да кузатилган юқоридаги ҳолатларда ҳаракатсизлик айби билан 20 ёки ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиниши айтилган эди. Бироқ Франция жиноят кодексига кўра, агар фуқаро бир вақтнинг ўзида бир қанча моддалар бўйича айбдор деб топилса, ҳар бир жиноят учун жазо тайинланиши мумкин. Агар жазо бир хил характерга эга бўлса, улар бирлаштирилиб, ижрода фақат битта, қонунчиликда кўрсатилган максимум жазо қўлланилади. Шу тариқа, Дуровга тегишли моддалар бўйича максимал қамоқ жазоси 10 йил бўлиши мумкин эди.
Telegram асосчиси қуйидаги жиноятларни содир этганликда айбланди:
- Уюшган гуруҳ аъзоси сифатида ноқонуний ўтказмалар (операциялар)ни амалга ошириш бўйича онлайн-платформа бошқарувида тил бириктириш;
- Ваколатли органлар сўрови бўйича маълумотлар тақдим этишдан бош тортиш;
- Хакерлик дастурлари, вояга етмаган болаларнинг порнографик характерга эга суратлари, наркотик моддаларни тарқатишда иштирок, шунингдек, уюшган гуруҳ аъзоси сифатида фирибгарликда иштирок этиш;
- Уюшган жиноятчилик ортидан келган пулларни ювиш;
- Махфийликни таъминлашга қаратилган криптографик хизматларни мажбурий декларациясиз таклиф қилиш;
- Криптография воситаларини ноқонуний тарзда тақдим этиш ва импорт қилиш.
Таҳлилчилари орасида энг йирик коммуникация платформаси асосчисининг ҳибсга олинишига асл сабаб умуман бошқа, деган қарашлар бўлди. Энг кўп тарқалган версияга кўра, Дуровга Ғарбий разведка агентликлари билан ҳамкорлик қилиш, платформа фойдаланувчиларининг махфий маълумотларини ўзлаштириш ёки ишни охирига етказиб, Telegram’ни молиявий “кислород”дан тўсиш шарти қўйилган.
Дуров қандай шарт билан озод қилинди?
Франция прокуратурасининг 28 август куни эълон қилинган ахборотномасига кўра, Дуровга уюшган жиноятчиликда иштирок бўйича бир қатор айбловлар қўйилган эди. Кейинроқ у суд назорати остида 5 миллион евро гаров тўлаш мажбурияти билан озод қилиниб, Дуровга ҳафтада 2 марта полицияга бориб туриши шарти қўйилди. Бундан ташқари, энди Дуровнинг Франциядан чиқиши ҳам таъқиқланди.
Telegram билан боғлиқ ўзгаришлар
Павел Дуров қамалганидан кейин Telegram мессенджерининг оммавийлиги янада ошди. Масалан, ушбу воқеа юз берган Францияда Telegram юклаб олинган ижтимоий тармоқлар орасида биринчи ўринга, АҚШда эса иккинчи ўринга чиқди. Дунё миқёсида iOS қурилмасидан бир сутка давомида юклаб олишлар сони 4 фоизга ошди. Францияда энг кўп юклаб олинган дастурлар ичида Telegram 3-ўринни эгаллади.
Жанубий Корея полицияси эса Telegram’га қарши тергов доирасида Франция ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни режалаштирган. Лекин мамлакатда Telegram’дан фойдаланишни чеклаш кўзда тутилмаган.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ