Шимолий Ирландияда 4, Канадада 5-6 ёш, Ўзбекистонда эса 7 ёшдан бошлаб – турли мамлакатларда болалар неча ёшдан мактабга боради? “Oyina.uz” 1 сентябрь – ўқув йилининг бошланиши олдидан шу ҳақда маълумот беради.
Хитой
Хитойликлар фарзандини 6 ёшдан бошлаб мактабга юборади. Дастлабки мажбурий таълим 6 йиллик бошланғич ва 3 йиллик кичик-ўрта таълимни ичига олиб, 9 йил давом этади. Кейин эса болаларга танлов берилади – улар таълимни оддий ўрта мактабда ёки профессионал (касб-ҳунарга йўналтирилган) муассасада давом эттириши мумкин.
Финляндия
Финляндия таълими сифат жиҳатидан дунёдаги энг саралардан саналади. Мамлакатда мактаб таълими жуда эркин бўлиб, унда ўқувчилар баҳоланмайди, имтиҳонлар ўтказилмайди ва барча болалар тенг кўрилади.
Финляндияда мактабгача таълим муассасалари бор ва барча оилалар учун уларнинг даромадидан қатъий назар очиқ. Шунга қарамай, мамлакат бола 7 ёшга тўлмагунича, таълим муассасасига бориш мажбуриятини қўймаган. Мактабларга эса болалар 7 ёшдан қабул қилиниб, таълим 10 йил давом этади.
Австралия
Қонунга кўра, барча австралиялик болалар 6 ёшдан бошланғич мактабларга ёзилиши керак. Мамлакатда мажбурий мактаб таълими 13 йиллик (“нулевой”дан 12 синфгача) ҳисобланади. Шунинг учун болалар 5 ёшиданоқ таълим ола бошлайди.
Ҳиндистон
2020 йилдан буён Ҳиндистондаги мажбурий таълим 15 йилни ташкил этади. Болалар тахминан 3 ёшлик давридан (мактабга тайёрлов) ўқишни бошлайди ва 18 ёшида тамомлайди.
Португалия
Қонунчиликка кўра, Португалияда (4 ой ва ундан кўпроқ муддат) яшовчи болалар 6 ёшдан бошлаб мактабга бориши керак. Таълимни уйда олиб бориш фақат мактабларга бириктирилган ҳолда олиб борилиши мумкин. Лекин чорак имтиҳонлари қатъийан Португалия таълим дастури асосида топширилади.
АҚШ
Вашингтон штатида агар бола 31 августгача 5 ёшга тўлиб бўлган бўлса, хусусий бошланғич мактабларга бориши мумкин. Лекин бу мажбурий эмас, ота-оналарда фарзандини 8 ёшгача давлат мактабларига бериш танлови ҳам бор.
Германия
Германия ота-оналарига фарзандига уйда таълим бериш таъқиқланади. Мамлакатда умумий мажбурий мактаб таълим тизими мавжуд бўлиб, болалар одатда 6 ёшидан 1-синфга бориб, камида 10 йил мактабда таълим олади.
Франция
Француз болалари учун таълим 3 ёшдан бошланиб, болалар мактабгача таълим ола бошлайди. Мамлакат фуқаролари учун бутунлай бепул бўлган бошланғич мактабга эса тахминан 6 ёшдан бошлаб ўтиши мумкин.
Шимолий Ирландия
Дунё бўйича мажбурий таълимга энг кичик ёшдан қабул қилувчи мамлакатлардан бири Шимолий Ирландия. У ерда болалар 4 ёш-у 2 ойлик давридан бошлаб мактабга бориши мумкин.
Ўзбекистонда
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, болалар 7 ёшга тўлгач, 1-синфга бориши мумкин. Ушбу тартиб 2020 йилда қабул қилинган, унга қадар бола 6-7 ёшдан мактабга бориши белгиланган эди.
Аслида, бола неча ёшдан мактабга боргани мақул? – тадқиқотчилар фикри
Стенфорд университети олимларининг 2017 йилда ўтказган тадқиқотларига кўра, 6 ёш таълим олишни бошлаш учун энг яхши давр саналади. Тадқиқотлар 6 ёшдан мактабга борган болалар 7-11 ёшида 5 ёшдан ўқишни бошлаган тенгдошларидан кўра ўзини ўзи яхшироқ назорат қила олишини кўрсатади.
Бундан ташқари, ўқишни ўта вақтли бошлаш боланинг руҳий саломатлигига ҳам салбий кўрсатиши 5 ёшдан 9 ёшгача бўлган 2000 дан ортиқ бола иштирок этган тадқиқотда маълум бўлган. Бунга асосий сабаб сифатида кичикроқ ёшдаги болаларнинг ўзидан катта тенгдошларидан ортда қолмаслик учун доимий стрессда юриши кўрсатилган.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ