Миллатни уйғотиш – уйғонганларнинг вазифаси


Сақлаш
15:28 / 30.08.2024 88 0

Ҳозир тараққиёт асрида даврнинг суръати тез, замоннинг зайли ўзгарувчан. Кеча кўрганимиз бугун урфдан қолмоқда, кеча айтганларимиз бугун учун эртакга айланмоқда. Бу жараён ҳаётимизни янгилаш билан бирга, ҳар дақиқада ҳатарлар хавфини ҳам оширмоқда. Бундай таҳликалар ичида эса фақат миллий давлатчиликнинг мустаҳкам асосларига таянган миллий тараққиётгина барча довонлардан ошиб ўтиши мумкин.

 

Бугун миллий тараққиётнинг янги босқичини эгаллаётган мамлакатимиз ўз ички ва ташқи сиёсатини бирлашиш истиқболлари, муштарак манфаатлар, очиқлик, прагматизм, конструктивлик асосига қурмоқда. Шунингдек, қўшни давлатлар билан олиб борилган проактив мулоқот тамойиллари минтақавий сиёсатнинг янги даври, мустаҳкам асосини ташкил қилмоқда.

 

Натижада бугун Янги Ўзбекистон дунёда танилиши ва тан олиниши борасида етакчи давлатлар қаторидан ўрин олмоқда. Буни шунчаки рақамлар ёки фактларда эмас, кўз ўнгимизда, реал ҳаётимизда кунда кунаро кўриб турибмиз. Биргина сўнгги кунларда бўлиб ўтган, барчамизни ғурурлантирган воқеалар бунга далил бўла олади.

 

Аввало, Президентимизнинг узоқни кўриб, янги яхлит ташқи сиёсат доктринасини шакллантиргани сабабли яқин қўшнилар билан узоқлашиб кетган меҳр-оқибат, қардошлик ришталари яна тикланди. Бу эса нафақат, мамлакатимизнинг балки, Марказий Осиёнинг янги тараққиёт йўлига ҳам сабаб бўлди.

 

Биргина охирги 7 йилда минтақа иқтисодиёти 6,3 фоизга ўсиб, унинг ҳажми 450 миллиард долларга яқинлашган бўлса, сув, сув-энергетика ва экология борасида ҳам катта ютуқларга эришилди.

 

Янги Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан бошланган,  Остона шаҳрида якунланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашуви барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиёт ҳудудини бир бўлиб барпо этишга қаратилган муҳим ташаббуслар билан жаҳон жамоатчилиги эътиборида турди.

 

Хусусан,   БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиёда превентатив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе,  Хадсон институти (АҚШ) эксперти Ричард Вайтс, Шанхайдаги Фудань университети профессори Чжао Хуашэн каби сиёсий экспертлар томонидан Марказий Осиё кўп йўналишларда минтақавий ҳамкорликнинг ноёб моделини яратаётгани ва бунда айнан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббус ва сиёсий иродасига алоҳида эътибор қаратиб, эътироф этган.

 

Минтақа тарихига ҳам ўз номини ёзиб улгурган Янги Ўзбекистон раҳбарига Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони топширилгани барча эътирофларнинг қанчалик ҳақиқатлигини кўрсатди.

 

Айни шу воқеалар билан бирга,  Олимпиада ўйинларидаги спортчиларимизнинг олтинли ғалабалари янги тарихни ёзиб, Янги Ўзбекистон ўз олдига қандай катта марраларни қўйгани ва дадил кетаётганини кўрсатиб турди. Ўзбекистон Париждаги ўйинларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган 200 дан ортиқ давлат ичида умумий медаллар ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Бунгача энг яхши натижа Рио-де-Жанейрода бўлганди – 21-ўрин. Спортчиларимиз шу олимпиадани ўзида 8 та олтин медални қўлга киритди, бироқ 32 йил ичида саккизта ёзги Олимпия ўйинларида 10 та олтин медални қўлга киритган эдик. 

 

Қувонарлиси, баҳсларда қизларимиз қатъият, кучли ирода билан ғолибликни қўлга киритди.  Тарихда биринчи марта бизда  аёл спортчи Олимпия чемпиони бўлди. Диёра Келдиёрова нафақат, бу билан балки,  Ўзбекистон учун дзюдо бўйича илк Олимпия олтинини қўлга киритган қиз сифатида ҳам спорт тарихида қоладиган бўлди.

 

Нуфузли Finansial Times рўзномасида чоп этилган мақолада мамлакатларнинг Олимпиадада олган медаллари ва ўринлари, нафақат, спорт соҳаси, балки мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ривожланиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида жуда чуқур хулосалар қуришга асос бўлади, деб ёзди.

 

Ҳақиқатан ҳам, ҳаракат натижани, ўзгаришлар тарихни янгилаб боради. Бу галги олимпиада том маънода янги давр овозини бутун оламга ёйди.

 

Яна бир муҳим, халққа манфаатли, тадбиркорга мададли, ўзбек ва қорақалпоқнинг тақдири, эртасининг мустаҳкам бирлашгани йўлида муҳим учрашув – Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлди. Қорақалпоғистонда юртимизнинг барча ҳудудларидан 300 га яқин тадбиркор ва инвесторлар тўпланди. Шунингдек, мулоқотда хорижда бизнесини йўлга қўйган яна 40 дан зиёд ватандошларимиз иштирок этди. Ҳудудий студиялардан 3 мингга яқин бизнес вакиллари қатнашди.  Бугунги таҳликали ва мураккаб замонга қарамасдан, иқтисодиётимиз барқарор ўсиб бораётгани, дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар етакчилари буни эътироф этаётгани қайд этилди. Рақамлар ошган, манфаатли битимлар тузилган, янги корхонаю заводлар очилган, муҳими эса тадбиркорда фақат даромад эмас, “халққа манфаат” деган тушунча, инвесторларда ишонч деган энг муҳим, қимматли фикр пайдо бўлган, тадбиркор Президентни, давлатни ўзига мадодкор сифатида кўра бошлаган.

 

Давлатимиз раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича муҳим янги ташаббусларни илгари сурди. Тадбиркорнинг халққа мадади ватанпарлик экани кўп бора таъкидланди.

 

Президент Қорақалпоғистон фаоллари, зиёлилари билан ҳам учрашиб, ҳудудни янада ривожлантириш вазифаларини муҳокама қилди. Учрашувда жорий йилда туркий халқларнинг улуғ шоири Ажиниёзнинг 200 йиллик юбилейини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилингани эсланиб, Давлатимиз раҳбари шоирнинг халқ учун хизмат қилган фидойи зотларни “ҳазрати инсон” деб атаганини ёдга олди ва барчани шундай ишлашга даъват этди.

 

Шундай “ҳазрати инсон”, узоқ йиллар таълим, тарбия соҳаси ишлаган, ҳалигача маърифат улашишни умр мазмуни деб билган Бекдулло ота Президентимиз билан мулоқотда “Ватанпарварлик концепцияси” ишлаб чиқиш зарурлиги таклифини билдирди. Зиёлиларнинг майдонга чиқиши, миллат манфаати, уйғониш масъулияти йўлида билдираётган бундай таклифлари катта аҳамиятга эга, албатта.

 

Маънавият ва иқтисодиёт қўшқанот

 

Янги Ўзбекистонни ҳам ташқи ва ички сиёсатда эзгу фикр ва ташаббуслар, бирлашиш ғояси янги кучга айлантирмоқда. Чунки мамлакат маънавияти юксак халқимиз билан бирга қатъий ишонч, пухта режа, юксак илм  билан тарихнинг янги зарварақларини забт этиб келмоқда. Бундан ташқари, маънавий тараққиётга интилиш, янгиланиш йўлида Президентимиз томонидан кўплаб ташаббуслар, имкониятлар яратилмоқда. 2023 йилнинг 22 декабр санасида Давлат раҳбари томонидан ўтказилган Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши зиёлиларни уйғотган, миллат масъулиятини англатган учрашув бўлди. Унда яна бир бор дунёда “куч, босим дипломатияси” ривожланаётгани, ижтимоий-сиёсий қарашларда трансформация жараёни тезлашгани, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар ортаётгани айтилди. Бундай таҳликалар, таҳдидлар кучайган вазиятларда фақатгина миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар жасорат  билан майдонга чиққани эсга олинди.

 

Тан олиш керак, мамлакатимизда иқтисодий тараққиёт йўлида улкан ишлар қилинди. Натижада Ўзбекистон камбағаллик даражасини 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизга камайтирди, қишлоқ жойларида (8 фоиз) шаҳарларга (4 фоиз пункт) нисбатан каттароқ пасайиш кузатилди. 1,6 миллионга яқин одам камбағалликдан чиқди. 2023 йил якунига кўра, Ўзбекистонда жами иш билан банд бўлган аҳоли сони 312 минг кишига ёки ўтган йилга нисбатан 2,3 фоизга ошди. Бу эришилган марралар яна кун сайин умидбахш рақамлар билан ўзгариб бормоқда. Бироқ Президент айтганидек, иқтисодиёт ва маънавият қўшқанот бўлсагина, биз буюк мақсадларга тезроқ эришамиз.

 

Шу сабабдан таълим ва тарбия, маънавият биз учун устувор масала эканини қайта ва қайта таъкидланмоқда. Бизга бугун жадид боболаримиз каби ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек кераклиги ва уларни ўзимиз тарих сабоқлари, замон талаблари асосида тарбиялашимиз зарурлиги айтилмоқди.

 

Уйғонганлар бирлашса, жамият нурга тўлади!

 

Миллат маърифати, халқ маънавиятини юксалтириш масъулиятини ўзига олиш – саодатли иш, жасоратли қадам. Миллат етакчиси билан елкадош бўлиш, буюк мақсад йўлида бирлашиш уйғоқ қалбли зиёлиларнинг вазифасидир. Чўлпон куйиб-ёниб, “Миллатни уйғотиш – уйғонганларнинг вазифаси”, деди. Ибрат домла уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топишини таъкидлади, Фитрат, Авлоний, Беҳбудийлар ҳам зиёлилар масъулиятини эслатишдан асло чарчамади. Чунки, улар илм-маърифат нури, агар улар ёнмаса, миллат ёруғ йўлни тополмай қолишига кўп бора тарих гувоҳ, воқеалар далил бўла олади.  

 

Шу сабабли Республика Маънавият ва маърифат маркази аввало, барча ишларнинг бошини зиёлиларни бир жойга жам қилиш, уларга замонавий медиа-майдонда минбар яратиш, бирлашиб катта кучмиз, деган даъват билан иш бошлади.  

 

Бу йўлда тизимли равишда вилоятларда, тадқиқот институтларида олимлар, ижодкорлар, диний соҳа вакиллари билан тез-тез кўришиб, уларнинг муаммолари билан танишилди, бир мақсад йўлида бирлашиш борасида таклифлар берилди.

 

Фанлар академияси Тарих институтида тарихчи-олимлар, Ёзувчилар уюшмасида ижодкор-зиёлилар билан биргаликликда миллий ғурур маконини яратиш бўйича қатор лойиҳалар бошланди.  Зиёлиларга бир платформа, бир минбар яратиш мақсадида  Марказ ҳузурида Рақамли тарғибот лабораторияси ҳамда интерактив медиастудияси очилди.

 

Олимлар ва ижодкорлар билан биргаликда миллатни уйғотиш, халқимизнинг миллий ғурурини юксалтириш ва ватанпарварлик руҳиятини оширишга қаратилган замонавий рақамли тарғибот технологиялари, интерактив медиа маҳсулотлари, видеодарслар, методик қўлланмалар, подкастлар, муаллифлик кўрсатувлари, рилслар, аудио ва видеороликлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.

 

Шунингдек, Маънавий тарғибот ишлари кўлами ва мазмунини ошириш бўйича Бош прокуратура, Мудофаа вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Миллий гвардия, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Кинематография агентлиги ва бир қатор телеканаллар билан марказ ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланди.

 

Ҳожилар – маънавият тарғиботчиси, деган эзгу ғоя асосида муқаддас арконни бажариб келган 15 000 нафар юртдошимиз билан ҳамкорликда ишлаш бошланди.

 

Бугун улар “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолигига қабул қилинди. “Янги Ўзбекистон фидойиси” тарғибот гуруҳлари ташкил этилмоқда. Улар учун “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз!” номли илмий-услубий қўлланма ва йўриқнома тайёрланди.

 

Тарбия – аниқ методикага таянади

 

Алишер Навоийнинг бир ҳикматнома гапи бор: “Йўлни билмай юриб бўлмас”. Ҳар соҳада тараққиётга етиш учун унинг йўлини, усулини топиб олиш лозим. Бўлмаса, ҳар мақомга йўрғалаш, ҳар кўчага бош суқиш мумкин. Шу сабаб аввало, маънавият соҳасидаги ишларимиз учун методик асос яратиб олиш ишларини жадаллаштиришни бошладик.

 

Оила-маҳалла – мактабгача таълим-мактаб даврида тарбия билан шуғулланамиз, натижасини кўришни истаймиз. Лекин натижа аниқ методик йўриқномалар, илмий таҳлилларга боғлиқ, шу орқали тизимли ишлаш мумкин.

 

1905 йили ёзилган Туркистон мустамлакаси тўғрисидаги ҳисоботда бир қатор хулосалар ичида “Туркистоннинг ёш авлодини ўзимиз тарбияламоғимиз керак!” деган қарор ҳам бўлган. Нега? Чунки, ёш авлод онгига, қалбига берилган тарбия эрта шу мамлакат келажагига даҳл қилади, тараққиётини, миллий манфаатини белгилайди. Шундан келиб чиқиб, Республика бўйича маънавий-маърифий ишлар билан шуғулланувчи 31 482 нафар маънавият соҳаси вакиллари таркиби шакллантирилди. Мактабгача таълим ташкилотлари услубчилари, мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, олий таълим муассасалари проректорлари, тьюторлар, вазирлик ва идораларнинг масъуллари, Марказ тизими ходимлари ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари “Маънавият армияси” асосини ташкил этади. Хўш, бу рақамлар ортида тарбиячиларимиз фарзандларимизни қандай тарбиялайди, қалбига, онгига нима беради, ҳаётий қарашларини шакллантиришда кўмак берадими? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида ҳар бир тарбия йўналишидаги тизим ходимлари учун методик асос яратилишга киришилди.

 

31 482 нафар соҳа вакиллари фаолиятини тизимли мониторинг қилиш мақсадида “MMM.KPI.UZ” рақамли платформа лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу платформа барча тизимлар билан интеграция қилиниб, соҳа вакиллари фаолиятини назорат қилиш, методик кўмак бериш, баҳолаш ва мониторинг қилиш имконини беради. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда 14 та ҳудуддаги мактабларда маънавий ва ватанпарварлик тарбияни кучайтириш мақсадида 14 200 нафар маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари учун семинар-тренинглар ўтказилди.

 

Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар учун муҳим саналар билан боғлиқ ойма-ой ўтказиладиган тадбирларнинг йиллик тақвим режаси ишлаб чиқилди.

 

Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, маънавий ва ватанпарварлик тарбиясини ошириш бўйича давлат ва нодавлат олий ва профессионал таълим, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбарлари учун 5 кунлик ўқув-семинари ўтказилди.

 

Марказ ҳамда Миллий гвардия ўртасида маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, 2000 нафар психологларни маънавий-ватанпарварлик тарғиботига ўқитиш, ёшларда ахлоқий фазилатларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми ҳамда қўшма қарор тасдиқланди.

 

Уйчи туманидаги 56 та маҳаллада тажриба-синов асосида маҳалла тарғиботчилари фаолияти ташкил этилди. Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш бўйича республика ўқув-семинари ўтказилди. Маҳалла тарғиботчилари учун “Маҳаллада маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш бўйича методик қўлланма” чоп этилди.

 

Маънавият сектори –  жамият маёғи

 

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатини ўйлаш, халқни бой, мулкдор қилиш, ҳуқуқини мустақкамлаш 4 та сектор мисолида тизимли равишда йўлга қўйилган бўлса, Президент ташаббуси билан ташкил қилинган 5-сектор  бу йўлдаги “маёқ”дир.

 

Сурхондарё – Имом ат-Термизийдек маърифат, маданиятдан дунёга сабоқ берган донишмандлар юрти, жасорат, ватанпарварлик, садоқатда ғанимни ҳам лол қолдирган алплар диёри. Бежизга “Маънавият сектори” мазкур ҳудудда тажриба тариқасида бошланмади. Бунда ҳам ўзига хос маъно бор, маънавият дебочаси мамлакатимизнинг жануб жавоҳири бўлган ҳудудидан бошланмоқда.

 

Жорий йилнинг 16 апрель куни Термиз шаҳрида “Маънавият сектори” “Сурхондарё тажрибаси” мисолида намунали йўлга қўйиш” мавзусидаги республика семинари ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан мазкур йўналишга масъул бўлган барча раҳбар-ходимлар иштирок этди. Семинардан мақсад — ҳудуддаги тажрибани ўрганишнинг амалий жиҳатларига эътибор қаратилиб, барча масъуллар ўз ҳудудларида қандай қилиб сектор фаолиятини ташкил қилиш борасида кўникмаларга эга бўлди.

 

Сурхондарё вилоятидаги 454 та мактабгача таълим ташкилоти, 965 та мактаб, 7 та олий таълим, 54 та профессионал таълим муассасаси, 360 та ташкилот ва корхона ҳамда 724 та маҳаллада “Маънавият сектори”нинг қуйи бўғинлари ташкил этилди. Маҳалла ва таълим муассасаларида “Маънавият сектори” фаолиятини ташкил этиш бўйича услубий қўлланма тайёрланди.

 

Ҳокимлар маънавиятга масъул

 

Президентимиз маданий-маърифий соҳадаги ишларни янги босқичга кўтаришда ҳокимларнинг масъулиятини кескин ошириш зарурлигини айтди. Ҳудудлар раҳбарларининг фаолияти, айнан ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг сифати ва самарасига қараб баҳо берилиши таъкидлади.

 

Мазкур топшириқлар ижроси ҳудудларда, вазирлик-у, ташкилотларда қандай таъминланмоқда?  Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, ҳудудлар бўйлаб таҳлилий-танқидий ўрганишлар олиб борилмоқда.

 

Бунда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос бўлган қадриятлари ва маънавий мезонлари ҳисобга олинган. Шундан келиб чиқиб ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий муҳит харитасини ишлаб чиқиш мақсад қилинган. Унгача эса соҳада мавжуд муаммо ва камчиликлар тизимли ўрганилади. Аҳоли орасида бирдамлик ва дахлдорлик туйғуларини қарор топтиришга қаратилган амалий ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан алоҳида режа-жадвал асосида ўрганишлар ўтказилмоқда.

 

Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашларида танқидий-таҳлилий муҳокамалар ташкил этилмоқда. Марказ томонидан услубий-амалий ёрдам кўрсатилиб, келгусидаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.

 

Биз бир бўлсак – халқ, бирлашсак – Ватанмиз!

 

Тарих гувоҳки, халқлар бир бўлмаган, инсонийлик узоқлашган даврда тараққиётлар “кўмилган”, миллатлар пароканда бўлган. Демак, фақат ва фақат бирлик, ҳамжиҳатлик халқни халқ, миллатни миллат, Ватанни ватан қилади.

 

Бугун бирлашиш масъулиятимизни англаш, бир мақсад йўлида ҳаракатланишимиз зарур. Бу бизга янги тарих бераётган муҳим миссиядир.

 

Унинг мазмун-моҳиятини юртдошларимизга етказиш, улар билан ҳамнафас бўлиш, суҳбатлашиш, руҳини кўтариш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб “Маънавият фестивали” тадбирлари ташкил этилмоқда.  Тадбирлар доирасида эътиборимизни энг чекка туманларга қаратмоқдамиз.  Фестиваль тадбирлари 173 та туман (шаҳар)даги 555 та чекка маҳалла ва овулларда “Маърифат соати”, “Келажак лидерлари учрашуви”, “Уч авлод учрашуви”, “Инсон қадри”, “Меҳр-саховат ва мурувват”, “Китоб карвони”, “Зиёлилар форуми”, “Кинокарвон”, “Миллий қадриятлар”, “Оила – маънавият қўрғони”, “Маърифатли оила”, “Энг намунали маънавиятли маҳалла”, “Ватан мадҳи”, “Маърифат тур” каби лойиҳалар, маънавий-маърифий тадбирлар ва гала-концерт дастурлари ўтказилмоқда.

 

Жумладан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройида “Жадидлар орзуси” номли театрлаштирилган бадиий-маърифий кеча ўтказилиб, унда биринчи ўзбек драматурги Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш”, маърифатпарвар шоир Абдулла Авлонийнинг “Сиз ва биз”, миллий уйғониш ҳаракатининг намояндаси Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” пьесалари ва “Қуш эсдалиги” фильмидан парчалар намойиш қилинди.

 

Замон билан ҳамнафас  эмас, ундан олдинда юрадиган даврда яшаяпмиз

 

Президентимиз бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шартлигини таъкидлаган.

 

Қачон олдинги сафга ўтиш, кимдир ўйлаб турганда бажаришни бошлаш мумкин? Қачонки ҳаракатлар таҳлилларга, илмий асосга қурилса, бўлган эмас, бўладиган воқеалар муҳокама қилинса,  муҳими миллий манфаатлар асраб қолинса, соҳа ўн қадам олдинга чиқиб олади.

 

Бу эзгу ғояни амалга ошириш учун аниқ таҳлилларга, прогнозларга қараб лойиҳалар амалга оширишни бошладик.

 

Аҳолининг турли қатлами билан маънавий тарбия ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида аҳолининг 3 та ёш тоифаси – “Х” (катта ёш), “Y” (ўрта ёш) ва “Z” (кичик ёш) авлод вакиллари ўртасидаги мавжуд вазият таҳлил қилинди.

 

“Z” авлод вакиллари – булар бугунги кунда вояга етиб келаётган рақамли авлод вакилларидир. Улар 73 фоиз вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлайди, ҳар қандай ахборотни рақамли кўринишда олади. Бор йўғи кундалик 2 фоиз вақтини китоб мутолаасига ажратади.

 

Марказ фаолиятини мана шу ёшдаги рақамли авлод вакиллари билан тизимли ишлашга қаратиб, бу бўйича алоҳида тарғиботнинг замонавий технологиялари жорий этилмоқда. Хусусан, “Буюк саркардалар”, “Алломаларимиз ҳақида 10 факт” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бунда тарихий шахсларимиз, буюк аждодларимизнинг амалга оширган ишлари, қаҳрамонликлари сунъий интеллект ёрдамида саҳналаштирилиб, ёшларга қизиқарли усулда етказилмоқда.

 

Марказ ва ҳудудларнинг расмий ижтимоий тармоқлардаги умумий аъзолари сони 850 000 нафарга оширилди, “Oyina.uz” портали ва ижтимоий тармоқларига ватанпарварлик, маънавий тарбия ва миллий қадриятларга оид 30 809 та медиа тарғибот воситалари жойлаштирилди.

 

Маънавий тараққиётни таъминлаш доирасида замонавий ва таъсирчан тарғибот технологияларини ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази делегацияси Япония, Хитой давлатига илмий хизмат сафари ташкил этилди.

 

Япония ва Хитой давлатларига ташкил этилган илмий сафарлар бўйича мамлакатимизда миллий ғоя, мафкура, ахлоқий, ватанпарварлик тарбия ва маънавий тараққиётни таъминлаш борасида таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқилди.

 

Ҳар бир сериал – бир миссия

 

Кино шундай санъатки, у руҳни, қалбни, онгни тарбиялайди, ғоя бўлиб йўл кўрсатади, ҳаракатлантиради. Кенгаш йиғилишида давлатимиз раҳбари бежизга миллий сериаллар ишлаб чиқариш бўйича мавжуд тизимни тубдан ислоҳ этиш кечиктириб бўлмас вазифа эканини таъкидламади.

 

Бу йўлда  Кинематография агентлиги билан бир қатор ҳамкорлик ишларимизни ўз ичига олган меморандум имзоладик. Аввало, миллий сериал бу миллат юзи, ўзликнинг акси, қадриятлар овозига айланиши лозим. Шу билан бирга ғоявий-бадиий жиҳатдан мукаммал, замонга мос, бугунги воқеалар ривожидан ортда қолмаслиги шарт. Шу мақсадда “Ҳар бир сериал – бир миссия” танловини ўтказдик. Танлов доирасида экспертлар кенгаши 11 та сериал лойиҳаси билан танишдик ва улар ичидан 4 тасини ғолиб, деб топдик.

 

Булар  “Менинг юртим”, “Ренессанс ТВ”, “Севимли” телеканалинида прайм-тайм вақтларида бериладиган бўлди.

 

“Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида эса маҳаллаларда “Кинокарвон” лойиҳаси йўлга қўйилди.

 

Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

 

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг шу шеърий сатрларини тез-тез ёдга оламан. Ватан ҳар биримизни беминнат, манфаатсиз ва таъмасиз севади. Биз-чи? Аслида ҳар қадамимизда Ватан муҳаббати бизни имтиҳон қилади. Оддий ҳаётимизда ўз ишимизни ситқидилдан бажарсак, атрофга бефарқ қарамасак, ютуқларимиздан қувониб, камчиликларимизни тузатсак, оиламиз, маҳалла, Ватанни севсак, бу имтиҳондан асло йиқилмаймиз.

 

Бунинг учун барча уйғоқ қалб билан яшаши, миллат масъулиятини англаши, эрта учун бугун ҳаракат қилиши лозим. Бу йўлда маънавий-маърифий ишда танаффус, тўхташ бўлмаслиги шарт. Шу сабаб фаолиятимизни доимий таҳлил қилиб, амалга оширадиган ишларимиз режасини тузиб бормоқдамиз. Ҳали қилиниши керак бўлган вазифалар жуда кўп.

 

Оила – маҳалла – мактабгача таълим – мактаб тизимида тарбия ишларини жонлантириш, замонга мос, даврга монанд тарзда янги методик қўлланмалар чиқаришни режа қилганмиз. Ҳозир бунга масъул бўлганлар билан давомли тарзда семинар-тренинглар ташкил қилиб келмоқдамиз, кейинги босқичда ҳар бир тарбиячи қўлида замонавий, интерактив видеодарслар етказилади. Бундан ташқари, мактабгача таълимдаги болажонларимиз учун миллий, ватанпарварлик руҳидаги шеърий китобчалар, эртаклар, буюк саркарда ва боболаримизнинг ёшликлари ёзилган ҳикоялар қизиқарли суратлар билан чоп этилиб, тарқатилади.

 

Олдимизга маънавият янги куч, янги ҳаракат, иқтисодиётнинг қўш қаноти, жамият руҳи, давр овозига айланиши шарт, деган вазифа қўйилган. Буни фақат ва фақат зиёлилар бир ёқадан бош чиқариб, бир мушт бўлиб ҳаракат қилсагина амалга ошира олади.  Шунда биз бир бўлиб – ягона халқ, бирлашиб – Ватанга айланамиз.

 

Отабек ҲАСАНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари,

сиёсий фанлар доктори

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 30 август, 175-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//