“Ўзбекистон ёш тарихчилар уюшмаси” тузилади


Сақлаш
21:28 / 23.08.2024 193 0

11 – 19 август кунлари Тарих институти Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда билан ҳамкорликда ташкил қилинган "Ёш тарихчиларнинг 3-ёзги ўқишлари" бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг турли вилоятларидан ёш тарихчилар, Туркиянинг Памукқалъа университети ректори бошчилигидаги тадқиқотчилар ва Нажмиддин Эрбақон университетининг тадқиқотчилари иштирок этди.

 

Ёзги ўқишлар юзочдисида сўзга чиққан Тарих институти директори, академик Азамат Зиё мазкур ёзги ўқишлардан кўзланган бош мақсад, юртимиздаги ёш тарихчиларни бирлаштириб Ўзбек давлатчилиги тарихини тадқиқ этишни янги босқичга олиб чиқиш ва ёш авлодни ватанпарвар қилиб тарбиялашда тарихнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди. Шундан сўнг, Памукқалъа университети ректори, профессор Аҳмет Қутлуҳон сўзга чиқиб, Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш, икки давлат тарихчи олимлари иштирокида илмий лойиҳаларни янада кенгайтириш ҳақида фикр билдирди.

 

"Ёш тарихчиларнинг 3-ёзги ўқишлари" доирасида тарихчи-олимлар томонидан ҳар куни куннинг биринчи қисмида ёш тарихчилар учун маҳорат дарслари ташкил этилиб, унда Ўзбек давлатчилиги тарихида энг долзарб ва кенгроқ тадқиқ этилиши керак бўлган, нафақат тарихчи олимларм, ёш тадқиқотчилар балки, бутун халқимиз билиши шарт бўлган мавзулар танланган эди. Ёзги ўқишлардаги илк маҳорат дарси тарих фанлари доктори, профессор Шопўлат Шайдуллаев томонидан "Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихининг археологияси" мавзусида бўлиб, маърузада профессор Шопўлат Шайдуллаев археология соҳасида амалда қилинган ва қилинаётган ишлар, муаммо ва унинг ечимлари, бу даврнинг Ўзбек давлатчилиги тарихида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтди. Шунингдек, Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов «Миллий-озодлик ҳаракатлари ва қатағонлар тарихи» (унда Россия империяси ва совет ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати, Туркистон мухториятининг тузилиши ва унинг ағдарилиши, большевикларнинг Туркистондаги геноцид сиёсати, Совет ҳукуматига қарши Миллий озодлик ҳаракатлари ва қатағон сиёсати ҳақида), Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Муҳайё Исоқова ва тарих фанлари доктори Феруз Бобоев «Совет ҳокимиятининг ўзбек халқига қарши сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий найранглари» (унда Россия империяси ва совет ҳукуматининг ўзбек халқига нисбатан мустамлакачилик сиёсати, иқтисодий ва ижтимоий найранглари, таълим сиёсати тарихи ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, ушбу маҳорат дарсида ёш тарихчиларнинг бу давр тарихига оид маълумотларни қай даражада билишлиги, уларнинг танқидий-таҳлилий фикрлашини аниқлаш мақсадида ноанъанавий усуллардан фойдаланилди), Тарих институти Ҳарбий тарихни ўрганиш маркази бошлиғи, тарих фанлари доктори Феруз Бобоев ва институт катта илмий ходими Низомиддин Гулбоев "Миллий ҳарб иши тарихи" (маъруза давомида олимлар томонидан Ўзбек давлатчилиги тарихида ҳарб иши тарихининг аҳамияти, ҳарбий саркардалар ва улардаги қўшиннинг тузилиши, қурол-яроғлар ва босқинчилик юришлари ҳақида), Шаржадаги Америка университети профессори Алишер Холиёров ва АҚШдаги Оҳаё университети докторанти Ҳенрй Миса томонидан "Турон – Туркистондаги иқтисодий ўзгаришларга атроф-муҳитнинг таъсири (10 – 19-юзйилликлар)" ва Тарих Институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова "Жадидчилик миллий ҳаракати: мақсади, кечмиши, сабоқлари" (жадидчилик миллий ҳаракатининг аҳамияти, жадидларимизнинг истак ва мақсадлари, ҳаракат моҳияти, совет ҳукуматининг жадидларимизга нисбатан муносабати ва юритган сиёсати, қатағони ҳақида батафсил маълумотлар берди. Шундан сўнг, Тарих институти таянч докторанти Далер Мирзаев ёш тарихчилар ва туркиялик олимларга Тарих институти ходимлари томонидан яратилган Жадидларимиз.уз платформаси ҳақида маълумот берди) мавзуларида маъруза қилдилар. Маҳорат дарслари давомида ёш тарихчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бериб, жавоблар олишди ва фаол бўлган ёш тарихчиларга маърузачи олимлар томонидан китоблар совға қилинди.

 

"Ёш тарихчиларнинг 3-ёзги ўқишлари" дастурида аввалги ёзги ўқишлардан фарқли ўлароқ, маҳорат дарслари билан бирга куннинг иккинчи қисмида Тарих институти ёш тадқиқотчилари томонидан «Ёшлар минбари»да ўз тадқиқот мавзулари доирасида маърузалар ўтилиши ҳам белгиланган эди. Тарих институти таянч докторанти Убайдулла Исмоилов "Илоқнинг қадимги ва ўрта асрлар шаҳарлари тарихи" мавзусида фикр билдирди. Тадқиқотчи маъруза давомида археолог олимлар ва устозлари билан биргаликда Тошкент вилоятида олиб борган қазишма ишлари ва топилмалар, археологик топилмаларни сақлаш, қайси даврга тегишлилигини аниқлаш ҳақида батафсил маълумотлар берди. Шунингдек, Тарих институти таянч докторанти Асадулла Ҳасанов "Туркистонда миллий сиёсий уюшмалар тарихи" (Туркистонда тузилган сиёсий уюшмаларнинг тузилиши, фаолияти ва вазифалари, хориж билан ҳамкорлик алоқалари ва сафарлари, "Шўройи Исломия", "Миллий Иттиҳод", "Турон" сингари барча уюшмалар ҳақида), Тарих институти таянч докторанти Далер Мирзаев "Туркистон вилоятининг газети — тарихий манба сифатида" ("Туркистон вилоятининг газети", унинг чоп этилиши, ундаги мақолалар таҳлили ҳақида батафсил маълумотлар бериб, ёш тарихчиларнинг газета ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари учун газетада чоп этилган мақолалар нусхаларидан намуналар келтирди), Тарих институти кичик илмий ходими Завқибек Маҳмудов «Мактабларда тарих фанининг ўқитилиши, дарсликлардаги муаммолар ва унинг ечимлари» (унда синфлар кесимида ЎЗБEКИСТОН ТАРИХИ фани, дарсликлари ва ўқитиш методикаси бўйича ёзги ўқишлар қатнашчилари иштирокида танқидий ва таҳлилий баҳс-мунозаралар бўлиб, ёш тарихчилар Ўзбекистон тарихи дарсликлари ва уни ўқитиш методикаси бўйича ўз фикр ва таклифларини билдириб ўтдилар) мавзуларида чиқиш қилдилар.

 

«Ёш тарихчиларнинг 3-ёзги ўқишлари»нинг аввалгиларидан яна бир фарқли жиҳати бу йилги ёзги ўқишларда туркиялик тарихчи олимлар ва ёш тадқиқотчилар ҳам иштирок этиб, «Маҳорат дарси» ва «Ёшлар минбари»да илмий маърузалари билан қатнашдилар. Дастлаб, Туркиянинг Денизли шаҳрида жойлашган Памукқалъа университети Инсон ва жамият факультети Тарих бўлими декани, профессор Ясемин Баязид бошчилигидаги ёш тадқиқотчи олимлар чиқиш қилдилар. Профессор Ясемин Баязид ёш тарихчиларнинг 3-ёзги ўқишлари иштирокчиларига Памукқалъа университети ва унда амалга оширилган лойиҳалар, тарих йўналишлари ва ўқитилиши, тарих бўлими ходимларининг илмий тадқиқотлари ҳақида батафсил маълумотлар берди. Тарих институти директори, академик Азамат Зиё ташаббуси билан давлат миқёсида ёш тарихчи олимларни бир жойга жамловчи мазкур лойиҳани ва Тарих институти ташаббуси билан амалга оширилинаётган бошқа лойиҳалар ҳақида ҳам алоҳида фикр билдириб, икки давлат ўртасидаги илмий ҳамкорликларнинг янада кенгайишини тарафдори эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг, университети доктори Cоşкун Кумру «Германия архив ҳужжатларида Ўзбекистон» мавзусида маъруза қилиб, унда маърифатпарвар зиёлиларнинг сиёсий ҳаракатлари, иккинчи жаҳон уруши ва Туркистон легиони ҳақида фикр билдирган бўлса, университет тадқиқотчиси Юнус Эмре «Усмонли архивлари билан ишлаш, метод ва усуллар» мавзусида маъруза қилиб, Туркиядаги архив манбалари ва улардан фойдаланиш, Туркия архивларида ўзбек давлатчилиги тарихига оид манбалар, тадқиқот методлари ва манбаларни ўқиш учун тадқиқотчиларга билиши керак бўлган масалалар ҳақида фикр билдирди.

 

Туркиянинг Кўня шаҳридаги Нажмиддин Эрбакан университети профессор тадқиқотчилари ҳам ёзги ўқишларда фаол қатнашдилар. Университетнинг Ижтимоий гуманитар фанлар факультети Тарих бўлими Умумий Турк тарихи кафедраси профессори Кемал Ўзжан дастлаб университет ҳақида умумий маълумотлар бериб, Тарих йўналишида амалга оширилган лойиҳалар ва илмий тадқиқотлар ҳақида фикр билдирди. Шундан сўнг, Др. Фатиҳ Чолак «Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида Германия империясининг тижорий фаолиятлари», Др. Ҳанде Гüндüз «Қирим туркларининг Миллий ҳаракатларида Ўзбекистоннинг ўрни ва аҳамияти» ва университет доктаранти Жем Унжу «Катта ўйин контекстида Англия ва Чор Россиясининг ХИХ асрдаги Туркистон-Афғонистон сиёсати» мавзуларидаги илмий маърузалари билан қатнашдилар. Маърузалар сўнгида, Туркиянинг Памукқалъа университети ва Нажмиддин Эрбакан университети профессор ва тадқиқотчилари Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё ва Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан тақдим этилган «ЁРЛИҚ»лар ва Тарих институтининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Бу йилги ёзги ўқишлар давомида, маҳорат дарслари ва ёшлар минбари билан бир қаторда ҳар куни спорт ўйинлари ва маданий ҳордиқ тадбирлари ҳам ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон ёш тарихчиларининг 3-ёзги ўқишларида Заковат ўйини ҳам ўтказилди. 13 та жамоа иштирокида ўтказилган Заковат ўйинининг 2-босқичидан сўнг «Наршахий» ва «Фитрат» жамоалари сўнгги, 3-босқичда беллашди. Якуний ҳисобга кўра «Наршахий» жамоаси 1-ўринни эгаллади. Тарих институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилноза Жамолова ғолиб жамоаларни табриклаб, Заковат ўйинида 1-ўринни эгаллаган «Наршахий» жамоасининг ҳар бир иштирокчисига 1 миллиондан (жами 5 миллион) пул мукофоти топширилишини таъкидлади.

 

Ёзги ўқишлар якуний тадбирида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё ва Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан тақдим этилган «ЁРЛИҚ»лар Ўзбекистон ёш тарихчиларининг 3-ёзги ўқишлари қатнашчиларига топширилди. Ёпилиш тадбирида сўзга чиққан Тарих институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилноза Жамолова Тарих институти директори, академик Азамат Зиёнинг бу галги ёзги ўқишлар аввалгиларидан кўра ташкилий ва маънавий жиҳатдан кўтаринки руҳда ўтганлиги ҳақидаги фикрлари ва ёзги ўқиш қатнашчиларига йўллаган табригини етказди. Сўнгги сўз ўрнида Тарих институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилноза Жамолова барча қатнашчиларни яна бир бора табриклаб, тез орада Тарих институти директори Азамат Зиё ташаббуси ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистон ёш тарихчилар уюшмаси» тузилишини маълум қилди.

Завқибек Маҳмудов

Тарих институти кичик илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//