Иккинчи жаҳон урушида иягидан ажралиб, 100 йил умр кўрган жангчи ҳикояси
“Аскар, ўзингга кел, уйғонишинг керак…”
“Озгина чида, илтимос, етиб қолдик…”
“Ўлма, ўлишга ҳаққинг йўқ…”
Қулоғимга унинг сўзлари элас-элас эшитилар, кейин яна жимлик, қоронғулик. Аввалига у мени опичлаб олди, иягимдан оққан қон унинг плашига суркалиб борарди, унинг оғзидан чиқаётган ҳовурни, олаётган нафасини ҳис қилиб турардим…
***
Мен – Холназар Холмуродов, ХХ асрнинг 20-йилларида Қашқадарё вилоятида туғилдим. Оилада узоқ кутилган фарзанд эдим, ота-онам китоблик соҳибкаромат нуронийдан дуо олишгач, мен туғилган эмишман. Кейин мени олиб соҳибкаромат буванинг ёнига боришган. Ўзингиз қулоғига азон айтиб, исм қўйиб беринг, деб. Бува бир китобни очиб, онамга “шу китобнинг исталган бетига бармоғингни бос”, дебди. Кўрсалар “назар” деган сўз чиқибди. “Худойнинг назари тушган бола экан, юзида хосиятли холи ҳам бор, исми Холназар бўлсин, қайда бўлса Ўзи уни паноҳида асраб юрсин”, деб дуо қилибди. Мендан сўнг оиламизда бир қиз дунёга келди, ундан кейин туғилган эгизакларимиз турмади, ота-онам қаттиқ ўксиди, лекин Аллоҳ яна бир қиз билан сийлади, ундан кейин укам Шоназар туғилди…
Уруш…
Уруш бошланганида укам ҳали ёш бола, оиланинг суянгани мен эдим. 1941 йилда урушга кетдим. Менинг бўйим икки метрга яқин бўлгани учун кўпинча олдинги сафларда жойлаштирилардим. Жангдан ташқари очлик, совуқ, тинимсиз йўл юриш бизни кўпроқ ҳолсизлантириб қўйгич эди. Ҳар тонг Олий бош қўмондоннинг бир қадам ҳам ортга чекинмаслик ҳақидаги жанговар буйруғи билан уйғондик.
Албатта, ҳар бир буйруқ сўзсиз бажарилиши керак. Аскарлар бир қадам ҳам ортга чекинмасдан жон берарди. Олд сафда эмасмизми, биринчи ўқ бизга қаратилар, нишонга илк ўқни ҳам узардик. Бу албатта, эътиборсиз қолмаган. Сталиннинг ташаккурномалари бир неча бор ўқиб эшиттирилди. Ярадор ётганимда эса қўлимга келтириб беришди.
Биринчи жароҳат
Шундай жанглардан бирида қуршовга тушиб қолдик, асосий қўшин билан орамизни ажратиб қўйишди. Бу ерда бизга фашистлардан ҳам бешафқат душман – очлик ҳужум қилди. Фашистни отиб ўлдириш учун қўлимизда қурол бор, лекин очликка қарши қурол йўқ. Шунчалик ҳолдан тойдикки, автоматни кўтаришга мажол қолмади. Жанговар топшириқ – қишлоқни ҳимоя қилиш, асосий кучларимиз, душманни орадан сиқиб чиқармагунча, уларни бу ерга киргизмаслик. Бир бурда нон одамнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини ўшанда ҳис қилдим. Сафдошларим очликдан ҳушдан кетиб қолар, совуқ қорни еб, кун кечирардик. Шундай кунларда қишлоқ аҳолиси бизнинг ҳаётимизни, биз уларнинг ҳаётини сақлаб қолдик, десам ҳам бўлади. Бир кун тонг қоронғисида хира шарпа кўринди, кекса кампир, у бизга бир бурда нон, бир бўлак пишлоқ, бир дона печене олиб келган экан, кечиринглар, болаларим, бошқа егулик тополмадим, деб йиғлади. Қишлоқ аҳли қон қотиб яғири чиқиб кетган кийимларимизни ювиб келиб беришар, яраларимизга малҳам қўярди. Тинимсиз жанг, узлуксиз очлик ҳолдан тойдирди ҳаммамизни, бу ёқдан қандай чиққанимизни билмайман, айтишларича, охирги жангда ўқ ебман, бизникилар етиб келишган, қишлоқ сақлаб қолинган. Госпиталда ҳушимга келдим. Шифохонада урушга кирганимдан бери илк марта тиниқиб ухлабман. Охирги марта бундай уйқуни қишлоқда, тутлар тагидаги сўримизда олгандим. Туни билан уйимни, онамни, қишлоғимизни, укаларимни соғиниб йиғладим, эртасига жангга киришга тайёр эканимни, жароҳатим оғриқ бермаётганини айтдим.
Бир ротадан 20–30 киши омон қоларди
Фронтга қайтганимда бир ротада мен билан елкама-елка жанг қилган дўстларимдан ҳеч ким йўқ эди. Ҳаммаси ҳалок бўлган. Қулоғимда ҳамон отамдан эшитганим, нуроний бобонинг сўзлари айланди: “Худойнинг назари тушган бола экан… қайда бўлса, Ўзи уни асраб юрсин!” Сталинград учун жанг мен кўрган энг қонли, бешафқат жанг эди. Урушдан сўнг тушларимга кириб чиққан, алаҳсиб додлаб уйғонишимга сабаб бўлган хотиралар шу жангдан қолган. Ҳар тўқнашувдан сўнг бир ротада 20–30 киши қоларди, тирикларни жамлаб, яна роталар тузилиб, жангга ташланарди.
Ҳар сафар урушга кирганда биздан аввал кетганларнинг жасадлари устидан ўтардик, ерга оёқ қўйиш имкони йўқ. Бу жанглар тарих китобларида қандай битилган, қандай рақамлар бор, билмайман. Менинг хотирамда олов билан тилиб ёзилган у кунлар. Ҳар кун тирик эканимни, яна жангга киришим кераклигини эслаб уйғонардим. Баъзан агар ўлган бўлсам-чи, бу жанг рўё бўлсачи, деб ўйлаган пайтларим бўлган. Агар ўлган бўлсам-у, бу рўё бўлса, шу рўёда ҳам душманни йўқ қилишим керак.
Иккинчи жароҳат
Душман доим тонг қоронғисида ҳужумга ўтади. Шундай жанглардан бирида қор бўрони кучайди, ўқ қайдан келаётганини сезиб бўлмайди. Олдинги сафда бошқалардан гавдам каттароқ шекилли, душманга нишон бўлиб қолавердим. Ҳаракатланиб бўлмай қолди. Шу пайт қулайроқ позицияга ўтиш учун қимирлаганимни биламан, курагимдан ўқ едим, ортимдан “ёт!” деган қичқириқ келди, ўзимни қорга ташладим. Оғриқ зўридан ҳолсизланиб, ҳушимдан кетдим. Ҳушимга келиб қарасам, атрофда ҳеч ким йўқ, қор бўрони, шамол овозидан бошқа товуш эшитилмайди. Ерни бир метрга яқин қор қоплаган. Бу жимликнинг ваҳимаси урушдан ҳам даҳшатли. Устимни қор қоплай бошлади. Чалқанча ётиб олдим, нафасим тафти юзимни қор қоплаб олишига қўймас эди. Қани эди, шу жойда жоним чиқса, ҳаммасидан қутулардим, деган ўй ўтди миямдан. Жон-ку чиқмади, аммо жароҳат қимирласам оғрирди. Тонг отиб, атроф ёришгач, ўзимни амаллаб ўнглаб ўрнимдан турдим. Оғриқ зўрайди, ҳар қимирлаганда жоним чиқиб кетай дерди. Майли, чиқақол, ҳаммаси тугасин, деб ҳаракат қилавердим. Аллоҳга таваккал қилиб, бир томонга юравердим. Оёқларимда куч бор, миям ҳеч нарсани сезмас, кетавердим. Қор қалинлигидан йўл борми, йўқми, билиб бўлмасди, тўсатдан оёғим тойиб, қор уюми ичига шўнғиб кетдим. Кичик жарлик экан, тепага қарадим, ҳа, шу ергача экан. “Майли, шу ерда жонимни олақол, бу умрдан розиман, оиламизда мендан бошқа ўғил бор. Ота-онамга ўзи қарайди. Пешонамга ёзилгани шу ерда ном-нишонсиз ўлиб кетиш экан, яшаган умримга розиман”. Шундай деб, жарликда ётавердим. Ҳушим жойида эди, танамда ҳаракат қилай десам куч бор. Худо берган жонини мендан сўраб олмайди. Бу ердан чиқиш керак. Шундай дедим-у, тепага тирмаша бошладим, қорни ўйиб, ергача етиб бордим, ерни тирнаб чиқишга уриндим. Тирноқларим совуқдан, кучли тирмашишдан қонаб кетарди. Белимдаги камарни ечиб, у билан тупроқни ўйиб, зинапоя ясай бошладим. Бир кеча-кундуз деганда, жарликдан чиқиб олдим. Одамнинг жонини Ўзи узмаса, осонликча узилмас экан. Яна йўлга тушдим. Қанча юрганимни билмайман, узоқдан бир қишлоқнинг қораси кўринди, танамга қон югургандек бўлди, қадамимни тезлатай дердим-у, мадорим йўқ, бир уйнинг остонасига етганда ҳушдан кетдим.
Икки соатча ётдим, чамаси. Кўзимни очганимда атрофимдаги одамларни кўриб, ҳўнграб, йиғлаб юбордим. Улар уст-бошимни алиштирди, қорнимни тўйдирди, ярамга малҳам қўйди. Бу содда одамларни ўзимнинг қишлоқдошларимга ўхшатдим. Дунёдаги ҳамма ёмонлар ўзича ёмон, лекин ҳамма яхшилар бир хил яхши эканлигини ҳис қилдим. Улар ўзимга келиб олганимдан сўнг мени ҳарбий госпиталга етказишди. Шифохонада яна бир ой даволаниб чиқдим. Урушга, уни бошлаганларга бўлган нафратим янада ошганди. Энди ўлимдан қўрқмай қўйдим, агар ўлишим керак бўлганда, ўша жардан омон чиқмасдим, дедим. Менинг исмим – Холназар, Ўзи назар қилгани рост бўлса, бу уруш тугамагунча ўлмайман. Жанг майдонига қайтдим.
Хушвақт момонинг жасорати
Жангда яраланганим ҳақида дўстларим уйга хат юборган экан. Тилаб олган фарзандининг 2 марта яраланганини эшитган ота-онамнинг ҳолини тасаввур қилинг. Онам урушни қарғаган, “ўғлимнинг ёнига бораман, уни фашистдан ўзим қўриқлайман”, деб дод солган. Отам “ҳой эсингни йиғ, у ёқда уруш бўляпти, сениям отиб ташлашади”, деса, “майли, ўғлимни бир мартагина кўрсам бўлди, кейин отиб ташлашса ҳам розиман”, деб сочини юлиб йиғлаган. Бир тонгда онам ҳеч кимга айтмасдан уйдан чиқиб кетибди. Поездга етиб бориб, Россияга йўл олибди. Излаб-излаб хатда ёзилган ҳарбий госпитални топиб келибди. Индамаса, жанг майдонига киргулик шахти бор Хушвақт момонинг жасоратига қойил қолган ҳарбий раҳбарлар мени жанг майдонидан чақириб олиб, ўн кун онамнинг ёнида қолишга рухсат беришди. Онам, онагинам қишлоқдан қанд-қурс, майиз-туршак, иссиқ тўқилган жун кийимлар олиб келибди. Икки йиллик соғинч 10 кунда арирмиди?! Лекин уруш бўляпти, сафдошларим жон олиб, жон беряпти. Онамнинг қайтиш олдидан дуоси қулоғимдан жаранглаб қолди: “Сени Олло(ҳ)га топширдим, Ўзи менга омон қайтарсин”.
Учинчи жароҳат: ўқ иягимни юлиб кетди
Жанг Европанинг ичига қараб силжиб борар, шаҳар ва қишлоқлар галма-гал озод этиларди. “Ўт оч!” буйруғи берилгандан ўқ ёмғири остида жангга отиламиз. Ҳар тонг одамнинг миясига даҳшатдан бошқа нарса қолдирмайдиган ҳолатлар билан юзлашамиз… Биздан унча узоқ бўлмаган жойда бомба портлади. Чанг-тўзон ичидан олдинга интилардик. Олдиндаги аскар ҳам кўринмас эди тутундан. Шу ваҳима орасида ёнгинамда кимдир минани босди… Ўзимни қўлга олишга улгурмасимдан душман ўқи визиллаб келиб, иягимни сидириб кетди. Ҳайкалдек қотиб қолдим. Ияксиз қолган жағимдан тилим осилиб қолди. Ҳеч нарсанинг фарқи йўқ эди. Душман снайпери ўқ узган томонга қараб тик туравердим. Отиб ташласин, қутулай. Атай отмади, қийналиб ўлишимни истади. Ерга қуладим…
Атрофда бизникилар сочилиб ётар, ингроқ овозлари тинмасди. Ора-орада жуда яқиндан ўқ овози қулоққа чалиняпти. Билдимки, душман ётган ярадорларни ўлдириб чиқяпти. Юзим қонга беланган, инграшга ҳам ҳолим йўқ. Мени ҳам келиб, тепиб кўрди. Агар тирик эканимни, қўл-оёғим бут эканини билишганда, асир олиб кетишлари шубҳасиз эди. Улар кетгач, бироз муддат ўтиб, ярадорларни олиб кетиш учун бизникилар етиб келди. Пастки жағимни, лабимни сезмаяпман. Овозим чиқмаяпти. Улар ярадорларни алоҳида машинага олиб боришяпти. Менгача келишмади. Элас-элас биздан нари кетаётган тиббий машинани кўриб турардим. Ўзимни ўлик сонида эканимни, шу ер охирги манзилим бўлишини ўйлаб хўрлигим келиб, бор овозим билан бақириб юбордим. Охирги марта машинадан отилиб тушган ҳамширанинг – мен томонга югуриб келаётган ҳамширанинг шарпасини кўрдим, ҳушдан кетдим.
“Аскар, ўзингга кел, уйғонишинг керак!..”
“Озгина чида, илтимос, етиб қолдик!..”
“Ўлма, ўлишга ҳаққинг йўқ!..”
Қулоғимга унинг сўзлари элас-элас эшитилар, кейин яна жимлик, қоронғилик. Аввалига у мени опичлаб олди, иягимдан оққан қон унинг плашига суркалиб борарди, унинг оғзидан чиқаётган ҳовурни, олаётган нафасини ҳис қилиб турардим. Яна жимлик. Мен жасадлар билан эмас, беморлар билан госпиталга олиб келиндим. Ўлим менинг ёнимда эди. Аммо бу сафар ҳам олиб кетмасликка қарор қилди. Бироқ мен чарчадим. Барибир шу ерда ўлсам керак, яшаб ҳам нима қиламан, оғзим бўлмаса, овқат ея олмасам, қанчага ҳам борардим, деб ўйлардим.
“Сенга ўзим турмушга чиқаман, аскар”
Менга алоҳида ҳамшира бириктириб қўйишди. У оғзимга резина ичак билан овқат қуяр, яраларимга малҳам босар, томиримдан осма укол юборар, оёқ-қўлларимни уқаларди. Шу алфозда мени операцияга тайёрлади. Бир ой деганда ўзимга келдим. Ҳамшира қизнинг мени ҳаётга қайтаришга уринишларини бефарқ қолдиришга виждоним йўл қўймади. Операцияга розилик бердим. Жарроҳлар оёғимнинг сон қисмидан тери кесиб олиб, пастки лабимни тиклашмоқчи эди. Лекин бу оператсия ижобий бўлмади. Оёқдан олинган эт ўрнига малҳам суриб боғлаб қўйишди. Бир азобим икки азоб бўлди. Лекин яна бир марта уриниб кўрадиган бўлишди. Энди кўкрак қисмимдан намуна олиб, уни лаб ўрнига тикишни режа қилишди. Аввал лаб ўрнига илаштириб, терига ёпишиб кетса, операция қиламиз, дейишди. Бир неча кун кутгандан кейин Аллоҳнинг иродаси билан тери оғиз қисмимга ёпиша бошлади. 16 соат давом этган амалиётдан сўнг менда янги ияк ва лаб пайдо бўлди. Операция бир неча босқичда ўтди, биринчи босқичда ияк “ясалган” бўлса, кейин терининг устки қисми оғизнинг ичига қатланиб, лаб ҳосил қилинган. Шу сабаб ҳам кейинчалик ҳар соқол олганда лабимнинг ичи билан оладиган бўлдим. Бу эса бир марта уруш даҳшатини ҳис қилиш дегани эди. Операциядан сўнг 6 ой даволандим. Бу вақт давомида ҳамширам мендан ҳам кўп қийналди. Бу рус қизининг ҳаракатлари мени ҳаётга қайтарди. Гоҳида унга “Нима қиласан менга бунча ғамхўрлик қилиб, қанча аскар ёрдамга муҳтож, уларга ёрдам бер!” деб хархаша қилардим. “Йўқ, аскар, сен тузалиб, уйингга қайтишинг керак, яқинларинг сени кутяпти”, дерди қиз. “Юзимни қара, энди бир умр шу юз билан яшашим керак, қишлоққа борганим билан биров қизини бермайди менга”, дедим алам билан. “Агар ҳеч ким сенга тегмаса, мана, мен сенга турмушга чиқаман, сен билан кетаман, бутун умр сенга қарайман, чунки сен Ватан учун шу аҳволга тушдинг, ўша сенга тегмайдиган қизлар, уларнинг туғилажак болалари учун шу аҳволга тушдинг, тушуняпсанми, аскар, сен қаҳрамонсан, бизнинг қаҳрамонимизсан, менинг қаҳрамонимсан”. Унинг кўзлари жиққа ёш эди. У кўзлардаги умидни синдирмаслик учун ҳам тузалишга қарор қилдим.
Ҳамшира уч маҳал менга суюқ аталани қошиқда ичирар, гўштни қиймалагичдан ўтказиб едирар эди. Шундай қилиб, 6 ой деганда одам сонига кириб қолдим. Бу пайтда уруш тугаган, Германия таслим бўлган, Рейхстагга байроқ илинган эди. Шифохонадан чиққан аскарлар ўз уйига жўнаб кетаётганди. Шифокорим мен билан “Сен бола уч марта ўлимнинг оғзидан қайтдинг, энди камида 100 йил яшайсан!” деб хўшлашди. Ҳамшира қизнинг ёнига бориб, мен билан кетишини сўрадим. “Аскар, менинг вазифам сени ҳаётга қайтариш эди, вазифа бажарилди, борақол қишлоғингга, сени бахтинг кутяпти”, деб кўзёш билан хайрлашди.
Бозор момонинг ёлғиз қизи
Қишлоққа келганимда мени кўрганлар кўзига ишонмасди, аввалги басавлат, бўйдор, келишган йигитдан асар ҳам қолмаган. Юзим таниб бўлмас аҳволда. Ота-онам бағрига қайтганимдан сўнг иқтисод йўналишида ўқиб келиб, колхозда ҳисобчи бўлиб ишлай бошладим. Онам мени уйлантириш пайига тушди. Аммо қай эшикка бормасин, “қизим энди бутун умр атала пишириб ўтадими”, деб рози бўлишмас экан. Онам қаттиқ ўксинар, менинг аввалги савлатимни, қиёфамни эслаб, урушни қарғаб чиқарди. Шундай кунларнинг бирида онамнинг яқинлари Бозор момо уни юпатади. Мана, мен қизимни бераман ўғлингга, деб. Шундай қилиб, Омон бобо ва Бозор момонинг ёлғиз қизи менга қайлиқ бўлди. Қиз бир кун кўчадан йиғлаб келиб, Бозор момога ҳасрат қилади: “Мен бутун умр атала қилиб ўтарканман, дугоналарим устимдан куляпти”. “Уларнинг гапига эътибор берма, бу йигит биз учун жонини хатарга қўйиб жанг қилиб келди, қанча ўлимдан қолди, унинг хизматини қилиб, дуосини ол, ҳали ҳаммаси яхши бўлади”.
Қуролдош ва кетмондошлар
Урушдан кейин ҳаёт давом этарди. Бу замин кимларнинг қони эвазига омон қолганини ҳис қилиб турган одам ҳаётини шунчаки яшай олмайди. Менинг болаларим, менинг авлодларим уруш кўрмаслиги шарт. Бунинг учун қўлимдан келадигани тинмай меҳнат қилиш эди. Ишдан кейин деҳқончилик билан шуғулланардим, ҳовлимизда катта рўзғор учун зарур бўлган барча маҳсулотни етиштирардим. Шундай кунлардан бирида мен билан бир сафда жанг қилган қуролдошим Яхши Омонов ўзи раислик қилаётган колхозга ишга таклиф қилди. Бу ерда уруш қатнашчилари кўп эди, улар билан бир сафда меҳнат қилиш мен учун шараф эди. Заминни вайрон қилмоқчи бўлганларга қарши бирга курашган эдик, уни обод қилиш учун ҳам бирга меҳнат қила бошладик. Яхши Омонов бошчилигида Қарши туманининг бир четидаги колхоз оёққа турди, одамларнинг ҳаёти яхшиланди, қурилишлар, ободонликлар бўлди. Шу ишлар сабаб колхоз собиқ СССР мамлакатлари учун намуна сифатида танлаб олинди. Ҳеч кимнинг ҳаққига хиёнат қилинмади. Яхши Омонов қолоқ колхозни дунёнинг олтидан бир қисмига эгалик қилаётган мамлакат даражасида ўрнак қилиб кўрсатди. Ҳаётни ва меҳнат майдонини мендан олдин тарк этди. Вафотидан кейин жамоа хўжалигига унинг номи берилди. Лекин ўзидан ёрқин из қолдирди. У қурдирган бинолар ҳозир ҳам Қовчин қишлоғи аҳолисига хизмат қилиб келяпти.
Ғоям – меҳнат, ахлоқим – ҳалоллик
Биз коммунизм ғояси билан улғайдик, шу ғоя учун жангга кирдик. Аммо одамнинг бош аъмоли боши устида ҳилпираётган алвон шиорлар билан эмас, қалбида устувор бўлган туйғулар билан белгиланади. Биз инсон учун жанг қилдик, ғоямиз киндик қонимиз тўкилган тупроқларда одамлар тинч-тотув яшашини таъминлаш эди. Урушдан кейин меҳнат биз учун шундай ғоя бўлди. Ҳалоллик ахлоқ даражасида бўлди, ахлоқсизлик қилмадик. Бунда сиёсий тарғиботнинг ўрни катта, лекин биз – урушдан жонини омон олиб чиққан одамлар фақатгина меҳнат юртнинг ободлиги, инсонларнинг фаровонлигини таъминлашига эътиқод даражасида ишонганмиз. Ҳозир сизда шундай ғоя борми?! Мени уруш даҳшати ҳар куни муттасил таъқиб қиларди. Катта алюмин қошиқда овқатланардим, бўғзимдан ўтаётган ҳар бир луқма бошим узра портлаган снарядлар даҳшатини қайта-қайта эслатар эди. Болаларимга у кунларни сўзлаб беришдан чарчамадим. Чунки улар бу тинч ҳаётга қандай эришилганини унутмасликлари, ўқишдан, меҳнатдан оғринмасликларини истардим. Ҳар суҳбатдан сўнг кўзларим ёш, юрагим маъюс бўлиб қоларди.
* * *
Шундай қилиб, мен – Холназар Холмуродов 2015 йил 1 сентабрда Ўзбекистонимизнинг мустақиллик айёми куни, жанг майдонида уч бор ўлим остонасидан қайтган жонимни Аллоҳга топширдим. Умримни одамларга, қишлоғимга, юртимга бағишладим. Илмга, меҳнатга ихлос қўйдим. Нима бўлганда ҳам Худой берган умрни муносиб яшашга ҳаракат қилдим. Ўғил-қизларимни ўқитдим: тўрт қизим муаллим бўлди, ўғилларим эл хизматида юриб, эътибор топди. Бугун мен уларда, уларнинг ўғил-қизлари, невараларида яшаяпман. Ушбу хотираларни катта қизим, кутубхоначи қизим Ҳанифа сабаб ўқиб турибсиз.
Суҳроб ЗИЁ
“Ўзбекистон армияси” журнали, 2023 йил 4-сон.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ