
Ўзбекистон Мўғулистонни анъанавий ва ишончли ҳамкор сифатида билади. Чунки, бу мамлакат билан алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, туркий халқларнинг Осиё бўйлаб миграциясида, кўчманчи ва ўтроқ маданиятнинг бирлашуви натижасида ўзига хос уйғун тараққиётнинг амалга ошишида Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг тарихий ўрни муҳим аҳамият касб этган.
Икки мамлакат заминида қадимдан туркий халқлар яшаган, буюк давлатлар барпо этган қудратли хоқон боболаримизга бешик бўлган. Ўзбек тилининг аждоди – Туркий тилда битилган илк ёзма манбалар айнан Мўғулистонда битилган. Буюк Турк хоқонлиги даврида шарқ ва ғарб янада яқин ижтимоий-маданий алоқаларга киришган. Бу жараёнда Буюк Ипак йўлининг аҳамияти ниҳоятда катта бўлган. Савдогарларимиз Ўрхун водийсидагина эмас, Хитойда ҳам эркин савдо-сотиқ фаолиятини юритган. Алп Эр Тўнга замонидан бошлаб Муқаддас Ватанни гоҳ шарқдаги душмандан, гоҳ ғарбдаги душмандан ҳимоя қилган эди. Уларнинг жанггоҳлардаги ҳайқириқлари ва нидолари бугунги кунгача туркий битиклар – Кул Тегин, Билга Хоқон, Тўнюқуқ битиктошлари орқали садо бериб турибди. Аниқланган битиктошларда Ватан манфаати йўлида хизмат қилиш, мамлакатнинг мустаҳкам, осойишта бўлиши учун кураш бош мақсад экани айтилади.
Битиктошлар тили замонавий ўзбек тилига шу даражада яқинки, уларда ёзилган чақириқ ва мурожаатлар бизга қарата айтилгандек. Яна уларда огоҳликка чорловчи фикрлар ҳам бор. Масалан, хоқонликнинг энг кучли рақиби Табғач томонидан бўладиган хавфдан халқни огоҳлантирувчи “Табғачнинг ширин сўзи‚ юмшоқ ипаги бўлади” (яъни уларга учиб, алданиб қолма) мазмунидаги мурожаат сўзлар ўрин олган.
Тўнюқуқ битиктошида эрк, мустақиллик учун курашган бутун турк халқининг армону изтироблари баён қилинади, эрксизлик халқни оғир фожиаларга, ҳатто бутунлай йўқликка юз тутишига олиб келишидан огоҳлантиради: “Хонингни қўйиб таслим бўлдинг. Таслим бўлгани учун тангри “ўл!” деган шекилли, турк халқи ўлди, тугади, йўқ бўлди. Турк халқи ерида бирор уруғ қолмади. Чакалак орасида қолгани тўпланиб етти юз нафар бўлди. Ўз хонини қўйиб Табғач хоқонига сажда қилгани Тангрига ҳам хуш келмади. Уларни ҳар томонга тарқатиб юборди”.
Умуман олганда битиктошлар мазмунида Буюк Турк хоқонларининг ўз мамлакати “Мангу эл”ни бирликка, уни ҳимоя қилишга даъвати ётади. Шунингдек, уларнинг Ватанини, тупроғини ҳимоя қилиш мафкура даражасига чиққанини Мете хоннинг “Тупроқ – миллатнинг илдизидир, уни қандай бировга берайин” деган сўзларидан ҳам англаш мумкин. Ватан мудофааси ғояси, жасур ва мард бўлиш билан боғлиқ қарашлари уларнинг Кўктангрига эътиқоди билан мустаҳкамланган.
– Бу буюк саркардалар ўз замонида халқни бирлаштириб, давлат қудратини кўтарган эдилар. Хоқонлар давлат амалдорларини халққа хизмат қилишга ундаган. Масалан, хоқонлар битикларда “Турк эли учун тинкаси қуригунча курашиш, турк халқи учун тунлари ухламасдан, кундузлари ишсиз ўтирмаслик шарт” эканини таъкидлайди. Бугун ҳам юртимизда айнан шу тамойил асосида кучли халқчил сиёсат олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Бош мақсадимиз – халқимизнинг розилиги”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир” каби даъватлари ҳам мазмунан ўша хоқон боболаримизнинг мурожаатлари билан ҳамоҳанг. Шунингдек, яқинда Туркий давлатлар Ташкилотининг Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган йиғилишида Президентимиз маърузасини Билга Хоқоннинг “Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа – янада юксалгайсан!”, деган сўзлари билан бошлади. Бу бутун туркий халқларда катта ҳаяжон ва юқори кайфият билан кутиб олинди. Чунки бугун минтақамиз атрофида юз бераётган турли хил низолар, геосиёсий кучлар мувозанатининг ўзгаргани Марказий Осиё ва туркий халқларни янада жипслашишга ундамоқда.
Бугун Ўзбекистон ва Мўғулистон савдо-иқтисодий алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг таклифига кўра Мўғулистон Республикаси Президентининг 2024 йил июнь ойида илк бор давлат ташрифи билан юртимизга келгани, шу йили юртимизда Мўғулистон элчихонасининг фаолият юрита бошлаши, кечагина Давлатимиз раҳбарининг Мўғулистонга қилган ташрифи ўзаро ҳамкорлигимиз юқори поғонага чиқаётганини акс эттиради.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги муносабатларнинг бундай ўзаро ҳурмат ва манфаатлар уйғунлиги асосида жадал суръатда ривожланиши сиёсий мулоқотлар, парламентлараро алоқалар, иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, транспорт, логистика соҳаларидаги барқарор ва узоқ муддатли стратегик шерикликни таъминлаши табиий. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги илмий-маданий алоқалар ҳам бу шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сўнгги уч йил мобайнида икки давлат олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорлик анъанавий тусга кириб улгурди. Хусусан, 2023 йил 10-19 октябрь кунлари Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан юртимиз тарихчиларнинг Мўғулистонга илмий-маърифий экспедицияси уюштирилди. Экспедиция давомида Ўрхун-Энасой тош битикларидаги ёзувлар ўрганилди. Улар ҳақида юртимиз телеканалларида репортажлар, махсус кўрсатувлар суратга олинди. Икки давлатнинг нуфузли олий таълим муассасалари ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, Мўғулистон пойтахти Улан Батор шаҳрида “Ануштегин Хоразмшоҳлар ва Мўғул давлати алоқалари” мавзусида илмий анжуман ташкил этилди. Унинг доирасида олимлар ҳар йили тарих, тилшунослик ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида анжуманлар ўтказишга келишиб олди. Натижада, 2024 йил 4–5 июнь кунлари Урганч шаҳрида “Ўзбекистон ва Мўғулистон тарихи ва тилшунослигининг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди.
Бу ҳамкорликнинг бевосита мантиқий давоми сифатида эса жорий йилнинг 30 июнь – 1 июль кунлари Мўғулистоннинг Қорақурум шаҳрида “Ички Осиё тарихида кўчманчи қабилалар ва ўтроқ халқларнинг интеграциялашуви” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган. Урганч давлат университети, Урганч инновацион университети ва Мўғулистон Миллий университети ҳамкорлигидаги мазкур конференция давлатимиз раҳбарининг Мўғулистонга ташрифи фонида ташкил қилинаётганида катта рамзий маъно мужассам. Яъни, асрлар мобайнида бутун Турон узра Ўрхундан Амударёгача кезган аждодларимизнинг тарихий ришталари Буюк Ипак Йўли воситасида минтақанинг тараққий этишига, улкан империялар ва маданиятлар шаклланишига хизмат қилган бўлса, бугун ана шу маданият ва империяларнинг меросхўрлари саналган ўзбек-мўғул халқлари замонавий дунёда минтақанинг тинчлиги, барқарор тараққиёти учун яна бирлашиши, тарихнинг ибратидан тўғри хулоса чиқариши шарт ва зарур. Бунда давлат раҳбарларига елкадош бўлиб нафақат мутасадди раҳбарлар, тадбиркорлар, балки, олимлар, фан ва маданият мутахассислари ҳам фаол бўлишлари лозим.
Бекзод АБДИРИМОВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти бўлими раҳбари.
Ғуломжон АТАЖАНОВ,
мустақил тадқиқотчи
Тарих
Жараён
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ