Сунъий интеллектнинг иш бозорига таъсири: виртуал мутахассислар қайси касбларни эгалламоқда?


Сақлаш
16:47 / 23.06.2025 7 0

Қанчалик парадоксал бўлмасин, иш бозорида борган сари янги соҳа, йўналиш ва иш ўринлари яратилгани сайин ишсизлар сони дунё миқёсида ортиб бормоқда. Қизиғи, бу тенденция ривожланган, иқтисодиёти юқори бўлган мамлакатларда ҳам, яшаш шароити нисбатан ўрта ва паст даражали давлатларда ҳам кузатилмоқда.

 

Шундай вазиятда Сунъий интеллектга эга виртуал мутахассислар одамларнинг иш ўрнини эгаллай бошлади. Бу эса йирик компания мутахассислари ва олимларни ташвишга солмоқда: улар инсон ўз қўли билан яратган технология унга қарши ишламаслиги, уни имконсиз қолдирмаслиги учун нима қилиш кераклиги ҳақида бош қотира бошлади.

 

Сунъий интеллект ўзи нима?

 

Сунъий интеллект аслида, фан ва технологиянинг бир соҳаси. У инсонлардек фикрлашга тақлид қилиб, турли масалаларда зарур ечимларни тақдим қила олади.

 

Янада аниқроқ тасаввур бўлиши учун: бизнинг кундалик фойдаланадиган бир қанча платформаларимиз сунъий ақл билан чамбарчас боғлиқ. Масалан, веб-қидирув тизимлари, таржимонлар ёки иловалардаги тавсия тизимлари сунъий интеллект технологияси саналади.

 

Лекин бу ҳали унинг бор хусусиятлари эмас, энг минимал функцияси эди. Ҳозир эса улар иш бозорида профессионал мутахассислар ўрнини ҳам эгалламоқчи. Ҳа, ҳа, масалан, компаниялардаги таржимон, юрист-консультант ёки копирайтер каби ходимлар ўрнига мана шу вазифаларни бажариш буйруғи берилган виртуал мутахассислар ишлайди.

 

Бу жараён ўзимизда – Ўзбекистон амалиётида ҳам юз берди. Бу ҳақда хусусий университетлардан бирининг асосчиси Бектош Хатамов ўз телеграм саҳифасида қайд этган.

 

Виртуал ходимлар Ўзбекистонда ҳам фаолиятини бошлади

 

Барчаси компаниянинг ҳуқуқшунос лавозимида ишлайдиган ходим ишдан кетганида бошланган. Бектош Хатамов аввалига ҳақиқий ҳуқуқшунос билан ишлаб, кейинроқ виртуал ходим яратишга қарор қилган: Chat GPT Team тарифига пул тўлаб, “Юридик ассистент” функциясида ишловчи махсус GPT модел яратган. Шу тариқа, 700 нафардан ортиқ ишчига эга корхона бугун анъанавий юрист ўрнига виртуал юрист хизматидан фойдаланмоқда.



“... Унга Ўзбекистон қонунчилигидаги бор маълумотларни улаб чиқдим, бу lex.uz, sud.uz сайтидаги судларнинг қарорлари ва бошқалар. Энди компанияга юрист керак эмас, сунъий интеллект ҳар қандай саволга ўта чуқур таҳлил билан жавоб бермоқда”, дейди мутахассис.



Унинг таъкидлашича, мазкур модель шартномалар тузиш, ҳуқуқий таҳлил қилиш, хавфларни баҳолаш, иш ҳуқуқи ва корпоратив ҳуқуқ бўйича барча маслаҳатларни бериб боради. Юрист бўлса расмий вакил сифатида судларга қатнашиш, нотариус ва давлат органларига бориш учунгина керак бўлмоқда.

 

Хатамов бу ишлар учун ишбай ишлайдиган юрист олган ва унинг тахминига кўра, шу ривожланиш билан яқин орада бу юристга ҳам ҳожат қолмайди.

 

Мутахассис шунингдек, тадбиркорларга имкон қадар тезроқ бизнесига сунъий интеллектни татбиқ қилишни, судьялар эса “бошқа иш қараб қўйишини” тавсия қилган.

 

Виртуал мутахассислар пайдо бўлиши билан боғлик башорат ва хавотирлар

 

Аҳоли, шунингдек, профессор ва йирик компания мутахассислари орасида бу каби СИ-технологияларининг жорий қилиниши профессионал сферани ўзгартириб, кўплаб инсонларнинг ишсиз қолишига сабаб бўлади, деган хавотирлар мавжуд.

 

Бироқ файласуф, ҳуқуқшунос олим Дженнифер Аакер бошқачароқ фикрда. Унга кўра, СИ инсоннинг ўрнини босиши эмас, балки кучли қувватнинг қўшимча зарядига айланиши керак.

 

Американинг Nvidia компанияси директори Дженсен Хуанг 2025 йилинг январь ойида “Сунъий интеллект агентлари даври келди” деганди.

 

Бир неча ҳафта ўтгач Мета раҳбари Марк Цукерберг “2025 йил – яхши муҳандис каби код ёзиш ва муаммоларни ҳал қилиш қобилиятига эга СИ-муҳандисларни яратиш мумкин бўлган йил бўлади”, дея башорат қилган.

 

Февраль ойида бўлса Швеция финтех компанияси бош директори Себастьян Семятковский “Сунъий интеллект энди биз инсонлар қилган барча ишни қила олади” деган.

 

Мутахассислар бугун сунъий интеллект иш услубларини ва борган сари яшаш тарзини ҳам ўзгартираётган бир вақтда, масала у сиз ё бизнинг иш ўрнимизни “олиб қўйишида” эмаслигини, бундай савол қўйишдан умуман олганда, маъно йўқлигини таъкидлайди.

 

Стэнфорд олий бизнес мактабининг маркетинг профессори Дженнифер Аакер эса бу ҳақда шундай дейди:

 

“Йўл қўйишимиз мумкин бўлган асосий хато – сунъий интеллектни шунчаки технология ҳақидаги ҳикоя деб ўйлашимиз. Аслида бу сунъий идрок инсоният ва инсон фаолиятининг фундаментал табиатини қандай ўзгартираётгани ҳақидаги ҳикоядир”.

 

Америкаликлар Сунъий интеллект туфайли иш жойини йўқотишдан жиддий хавотирда

 

Бу борада АҚШда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, иштирокчиларнинг тўртдан уч қисми келаси ўн йилликда сунъий интеллект умумий иш ўринларининг қисқаришига олиб келади, деб ҳисоблайди. Сўровномада қатнашганларнинг ярмидан кўп қисми иш жойларида СИ қандай мақсадда қўлланилишидан хавотирда (бу хавотирни ёш, таълим ва даромад даражаси турлича бўлган одамлар билдирган). 

 

Атиги 32% респондент бехавотир, СИга ишонч билдирган.

 

Сунъий интеллект аллақачон жамоаларда ишлай бошлади. Аакер унга нафақат шунчаки инструмент сифатида, балки тренер, бошқарувчи, ҳамкор ва муаммоларни ҳал қилувчи мутахассис сифатида қарашни таклиф қилади.

 

“Сунъий идрок ишларни оптималлаштиради. У бизни тезкор ва самаралироқ қилади, лекин яхшироқ эмас”, дейди у.

 

Унинг фикрича, ҳаёт ва иш фаолиятини йўқ қиладиган эмас, ривожлантирадиган сунъий интеллект яратилиши учун инсоннинг учта ёрқин қобилияти сақлаб қолиниши, ривожлантирилиши зарур. Булар:

 

  • - Ҳақиқийлик (аутентичность): дадил гапириш ва амалларнинг чинакам ҳаққонийлик, ростгўйлик ва ижодкорлик билан бажарилиши (натижалар номукаммал бўлса-да);

  • - Жасорат: энг яхши келажакни яратиш учун уникал инсон тасаввури, ижодкорлик маҳорати ва жасоратининг уйғунлиги;

  • - Муҳаббат: инсон қобилияти нафақат ҳиссиётларни бошдан кечириш, балки чин дилдан суҳбатлашиш, ғамхўрлик қилиш ва бошқалар учун қайғуришдадир



“Улар бирлашиб, алгоритмлар даврида тўлақонли инсон бўлиш нима эканини аниқлашга, фарқлашга ёрдам беради”, – қўшимча қилди Аакер. “Бизда танлов бор. Биз инсониятни ривожлантирадиган технология яратишимиз ёки бизни камситувчи воситалар билан кифояланишимиз мумкин”, дейди Аакер.

 

Сунъий интеллектда инсоний ёндашувни акс эттирган компаниялар

 

Бир қанча компаниялар бу технологияда инсоний ёндашувларни қўллай бошлади. Масалан, Anthropic  компанияси ўзининг фойдали бўлишни ўргатувчи, зарарсиз ва инсоний қадриятларга мос Constitutional AI сунъий интеллект хавфсизлик тизимида шаффофлик ва этикага урғу беради.

 

Wildflower таълим муассасаларида бўлса сунъий интеллект асосида ишлайдиган датчиклар хабардорликни ва адолат даражасини оширишга йўналтирилган: улар ўқитувчиларга ўқишда оқсаётганларни эмас, эътибордан четда қолган ўқувчиларни аниқлашга ёрдам беради.

 

Nvidia сунъий интеллект технологияси эса генератив моделлардан фойдаланган ҳолда шифокорга касалликнинг дастлабки босқичларида катта аниқлик билан ташхис қўйишга ёрдам беради. Беморни парваришлаш бўйича тиббий хулосаларни тўлдиради.

 

Хулоса қилиб айтганда, инсоний идрокнинг сунъий алтернативи барча масалаларда фикр бериб, муаммоларга ечим таклиф қила олаётган бўлса-да, одамдаги ҳиссий туйғуларни ҳали бирор технология ўзида акс эттирганича йўқ. Иш тизимлари бўлса тўлиқ автоматлаштирилган шаклга ўтмаган. Бу эса жамоаларда инсоний ёндашув, қадр-қиммат, қадриятларга эҳтиёж борлигини кўрсатади. Қолаверса, ҳаётда ақлнинг ўзи билангина қабул қилинган барча қарорлар ҳам тўғри бўлавермайди, бу муҳим жараёнда ҳис-туйғуларнинг ҳам роли аҳамиятли. Хуллас, сунъий идрок қанчалик ривожланмасин, корхона ва ташкилотларда инсон мутахассислар аҳамияти ҳеч қачон йўқолмайди, деса ҳам бўлади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18984
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//