Улар шунчаки ёзилмаган – Назар Эшонқул асарларида неомифология


Сақлаш
17:22 / 28.08.2024 71 0

Неомифологизм бўйича изланиш олиб бораётган Муҳаббат Қўчқорова ўзбек насридаги жараёнлар тўғрисида шундай фикр билдиради: бугун адабиётдаги чексиз эркинлик миллий адабиётимизни ўзанига қайтиб келишига йўл очди. Назаримизда, Шойим Бўтаев, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Баҳодир Қобил каби қатор ўнлаб ижодкорларимиз ижодида ғарб адабиётининг илғор ижодий анъаналаридан ташқари, халқ ижодига, исломий миллий ғояларга, умумбашарий бадиий талқинларга қайтиш, уларга мурожаат, неомиф наср унсурларини кутилмаган ва кўрилмаган ҳолатда қўллаш ҳолати кўзга ташланяпти[1].

 

Назар Эшонқул ўзининг “Мендан “мен”гача” китобида Франц Кафка ижодини таҳлил қиларкан, жумладан, қуйидаги фикрларни ҳам келтиради: “Кафка адабиётда инсон руҳидаги қўрқув ва хавотирни типиклаштириш даражасига олиб чиққан биринчи ижодкор ҳисобланади. Бу қўрқув, энг аввало, мавжуд воқеликнинг, муҳитнинг бегоналашувидан, инсонни ўзига маънан тобе ва муте қилишга қаратилган хатти-ҳаракатидан туғилган. Ёзувчи бегона муҳитдан хатарга тушади, бу хатарни илоҳийлаштиради. Илоҳийлашган бегоналик қаҳрамонни ютиб юбориш даражасида улканлашади, охир-оқибат қаҳрамон бу илоҳийлашган бегона хатарнинг беайб қурбонига айланади”[2].

 

Назар Эшонқул ижоди тадқиқотчиси Б. Жовлиевнинг фикрича, ёзувчининг жаҳон адабиётининг кўплаб ижодкорларига берган тавсифларида, улар ижодининг адабий таҳлилларида билдирган фикр-мулоҳазаларини унинг ўз асарларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Мисол учун, Назар Эшонқулнинг қатор асарларида ҳам биз юқорида қўрқув мотивининг бадиий асардаги талқини исботини кўрамиз. Ёзувчининг 1994-йилда ёзилган “Хаёл тузоғи” ҳикояси ровий-қаҳрамон икки йиллик сафардан қайтиб келиб, бир пайтлар ўзининг яхши таниши бўлган Воқиф деган йигитнинг изсиз ғойиб бўлганини билишидан бошланади.  Қаҳрамон уни топишга роса ҳаракат қилади, аммо Воқиф “...сувга тушган гавҳар мисол ғойиб бўлган эди; тириклар орасида ҳам, ўликлар орасида ҳам уни топиб бўлмади”[3]. Бу ўринда биз мифологик макон талқинини – бу дунё билан нариги дунёни англаймиз. Шундан сўнг мифологик тасвир услуби янада чуқурлашиб, ровий-қаҳрамон ўзини мифологик қўрқинчли ўрмонда юргандек ҳис эта бошлайди: “Воқеанинг тагига етишга бўлган уринишларим беҳуда кетди – ўрмонда адашиб қолган овчи қайси томонга юрмасин, фақат оч ва қутурган бўриларга дуч келгани каби, мен ҳам ҳар қадамда одамда таҳлика ва ваҳм уйғотадиган, йўлимда мислсиз ҳайкал янглиғ қад кериб турган Номаълумлик ва Йўқликка дуч келавердим, шунда кўнглим салтанатига маккор ва айёр жосус мисоли, эҳтимол, Воқифни ҳам мана шу Номаълумлик ва Йўқлик айиқлари ютиб қўйгандир деган шубҳа ўрмалаб кирди”[4].

 

Буюк италян шоири Данте Алигьери ўзининг “Илоҳий Комедия”сининг “Биринчи қўшиғи”да қоронғи ва зулмат ўрмон, қоплон, арслон ва қашқир рамзий образларини тасвирлайди: “Данте қоронғи ва зулмат ўрмонда тун бўйи адашиб, тонгга яқин у ердан бир амаллаб чиқиб олади ва юксак тепаликка кўтарила бошлайди. Аммо унинг йўлини қоплон, арслон ва қашқир тўсиб, қайтадан ўрмонга қисиб бора бошлайди”[5].  Бунда ўрмон – ҳаётдаги адашишлар ва чалкашликларни, йиртқичлар эса гуноҳларни англатади. Данте инсоннинг оғир гуноҳларини жонлантиргани каби Н. Эшонқул ҳам мифологик шахслантириш услубидан маҳоратли фойдаланиб, инсонни хавотир ва ваҳимага солаётган ҳисларни “Номаълумлик ва Йўқлик айиқлари” деб тавсифлайди. Бундай бедарак кетиш сабабини аниқлаш учун ровий-қаҳрамон Воқифнинг севгилиси Робия билан учрашади. Робия унга Воқифнинг қўйиндафтарчасини беради. Дафтар Воқифнинг икки йилча олдин ёзила бошлаган кундалиги эди. Унда биз замонавий неомифологик адабиётда кенг талқин қилиниб келаётган Уй(бино) мифологемасини кўрамиз: “Бу бинони нега айнан шаҳар ўртасига қуришган, тўғриси, ҳеч ақлим етмайди”[6]. Ушбу бино образи кундалик ёзилиши давомида мифологик маҳобатли ва ваҳимали қиёфа касб эта боради. Воқифнинг ҳаётида кутилмаганда пайдо бўлган ушбу бинони унинг ўзидан бошқа ҳеч ким кўрмайди. Бино унинг назарида мифологик махлуқ тусига киради: “У кўринишидан ухлаб ётган баҳайбат махлуққа ўхшайди”[7]. Шу тарзда кун сайин Воқифнинг юрагида қўрқув ва ваҳиманинг, шаҳар ўртасида эса сирли бинонинг тобора катталашиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Номаълумликдек мифологик махлуқ олдидаги қўрқувини енгиш, кўнглини исканжага олаётган ваҳимани босиш учун Воқиф кундалигининг давомида фикри эркин, ўзи эса қўрқмас бўлган, ўз орзусидаги оламни, ўз бахтини яратиш йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаган ёшлик йилларини ёдга олади.  Бироқ маккор ва айёр “дунё” уни ўзгартирмоқчи бўлган одамнинг ўзини номсиз махлуққа айлантиришга қодир. Кундаликдаги ёзувларни ўқир эканмиз, биз Воқифнинг қўрқуви уни тамомила ўзига бўйсундириб бораётганини, баҳайбат ўргимчак мисоли унинг фикру хаёлларини ўраб-чирмаб олаётганини кўрамиз: қўшнисини, ишхонадаги ҳисобчини ўлдириб кетишади; тушида тобутни, дўстининг ўлган укасини кўради; кимдир болта чархлаётгандек туюлаверади, хаёлида ҳамма болта кўтариб юргандек бўлади; ишхонанинг бир пайтлар турма бўлганини билиб қолади, кўзига ҳар хил шарпалар кўринади ва ҳоказо. Бу нарсалар ўзидан бошқа ҳеч кимга намоён бўлмаётгани боис уни руҳий касалга чиқара бошлашади. Шулар билан бир қаторда Бино уни ўзига тортаверади: “Анави бино ақлимни тамоман олиб қўйди”[8].

 

Дунёни қўрқув бошқаради. Ҳокимият ўз табиатига кўра қўрқувни қўллайди. Кишилик жамияти қўрқув устига қурилган бўлиб, қўрқув ўз навбатида ёлғонни яратади. Ҳақиқат қўрқувни камайтириб, оломонни бошқаришга халақит бериши мумкин. Эркинлик қўрқувга қарши туради. Қўрқув инсонларда шубҳа ва шафқатсизликни юзага чиқаради. Қўрқув инсоннинг ҳам шахсий, ҳам ижтимоий-маданий ҳаётига суқилиб кириб, ҳаётига ҳам, ўлимига ҳам дахл қилади: “Кўчада ҳам одамлар бир-бирига пайт пойлаб тикилиб қўяётганини сезиб қоляпман. Сўнгги кунларда шуни англаб етдимки, одамлар бу дунёга бир-бирларини ғажиш учун келган. Эҳтиёт бўлиб юришга тўғри келади... Мен кимнингдир болтаси тагида қолишни сира ҳам истамайман...”[9].

 

Замонавий одам хавотирларининг ижтимоий-маданий замирида эркинлик, ёлғизлик ва номаълумлик қаршисида қўрқув уйғотадиган замонавий жамият тузилишининг ўзига хосликлари ётади. Бизнингча, экзистенциалистлар Йўқлик қаршисидаги қўрқув деб атайдиган хавотир асосини айнан шу ҳиссиётлар ташкил қилади. Инсонни ўз мавжудлигининг омонатлиги ва ишончсизлигини ҳис этишга мажбур қилувчи умумий ҳаётий вазиятлар бунга сабаб бўлади. Замонавий одам қонхўр махлуқлар, ваҳший баҳайбатлар ҳақидаги эртакларни шунчаки хаёлот сифатида қабул қилади, лекин у ботинидаги инончлар қаршисида ожизлиги, ночорлиги, мутелиги қонхўр жамиятнинг кўланкасидан, устига ёпирилган соясидан ваҳимага тушиб, қул сифат яшашга мажбур бўладики, бу ҳолатлар янгича мифни ҳосил қилади. Яъни бугунги кунда инсонни ҳайбатли ғайритабиий кучлар эмас, балки ўз ички хавотир ва қўрқувлари таъқиб қилмоқда.

 

Шу ўринда ҳикояда яна мифологик туш мотивига дуч келамиз: “Жуда ғалати туш кўрдим. Тушимда ўз қабрим устида йиғлаб ўтирган эмишман. Қабр тошига “Бу ерда В. кўмилган” деб ёзиб қўйилган эмиш”[10]. Ҳикоянинг шу еригача Воқиф қотилликлар ҳақида эшитди, сўнг ўлганларни туш кўрди, жонимга таҳдид қилишмоқда деган ваҳима билан яшаб келди. Бу кўрган туши унинг ҳаётида кечаётган воқеалар фожиавийлигини янада оширади. Баъзи туш талқинларида тушида ўз қабрини кўриш ҳаётда кескин ўзгариш бўлиши сифатида изоҳланади. Бу ёзувчи томонидан қўлланган махсус талқин: “Модернистик услубда ўқувчи диққатини воқеликнинг фожеий нуқтасига тўплаш, бирлаштириш, фожианинг мажозий қамровини кенгайтириш орқали бадиий ҳикмат яратилади”[11]. Бу мақсадга ҳикояга танланган эпиграф ҳам хизмат қилади. Бадиий матнинг муҳим вазифа бажарувчи, кўп жиҳатдан асар талқинини белгилаб берувчи энг кучли унсурларидан бири эпиграфдир. Чуқур рамзийликка эга бўлган эпиграф асар номи мазмун-моҳиятини тўлдиради ва ўқувчини матнни концептуал идрок этишга йўналтиради. Н. Эшонқул мазкур ҳикояга Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” фожеасидан “Ўлим ҳам сени севиб қолибди...” мисрасини эпиграф қилиб олган. Ҳикоянинг давомида Воқифнинг ҳаётига, кўнглига кимнингдир кириб келганини сезамиз ва дастлабки таърифлардан унинг гўзал аёллигини англаймиз: “Қизиқ, тун ва ой унга ўхшаркан. Балким, у тўғри ойдан тушиб келгандир?!”, “У мени бугун ҳам ишхонагача кузатиб борди. Унинг изидан илоҳий тароват тараларди, гўё қуёшнинг бир парчаси синиб ерга тушгану энди кўчанинг қоқ ўртасида теварак атрофга ҳаётбахш ёғду таратаётгандай, лекин уни мендан бошқа ҳеч ким кўрмаётган эди. Мен унга қараб туриб ҳали дунёда бундайин гўзал хилқатни кўрмаганимга амин бўлдим”[12].

 

Кундалигининг кейинги ёзувларида Воқиф “мен” эмас “биз”ни қўллай бошлайди: “Биз эрта тонгданоқ ишга жўнадик”. Шундан сўнг Воқифнинг хаёлини айнан Ўлим эгаллаб олаётганига қатор ишораларни кўрамиз: “У изимдан арвоҳдай сассиз-шарпасиз эргашиб келарди”, “У ҳар куни ишхонага телефон қилиб, хонада ўтирган-ўтирмаганимни текшириб кўради. Котиба қиз: “Худди қабрдан чиқаётгандай товуши бунча совуқ”, - деганди, уришиб бердим”. Ўлим образи энг сирли, жумбоқли тушунчалардан бири. Мифологик мавжудот оламида у марказий фигура бўлиб, одамга умрининг сўнгги дақиқаларида оқ либосли баланд бўйли аёл қиёфасида кўринади.

 

Ўлимнинг келиб чиқиши ҳақидаги мифлар деярли барча халқларда учрайди. Бундай мифлар ўта ранг-баранг бўлса ҳам, мифологик тафаккурнинг умумий қонунларига бўйсунади. Одам нега ўлади деган саволга мифлардаги жавоб-изоҳларни учга ажратиш мумкин. Биринчидан, одамлар аввал ўлмаган ёки ўлиб, қайта тирилган, аммо кейинроқ бу хусусиятни йўқотишгани сабабли энди ўлишади. Иккинчидан, қачонлардир кимдир биринчи бўлиб ўлган (Қобил ва Ҳобил воқеаси масалан), шундан буён одамлар ўладилар. Учинчидан, бу – жазо (мисол учун, Одам Ота ва Момо Ҳавонинг гуноҳи учун улар жаннатдан ҳайдалиб, фоний бўладилар).

 

Ўлимнинг келиб чиқиши тўғрисидаги мифлар турли-туман бўлишига қарамасдан уларда деярли бир хил мотивлар такрорланади: тун, ой, илон, ёлғон хабар, баҳс, жазо. Ўлиб, яна тирилувчи Ой билан боғлиқ салбий муқобиллик ўта қадимий маданиятларда ҳам учрайди. Австралиянинг аранда қабиласида шундай миф мавжуд: қадим ўтган замонда опоссум тотемли бир одам яшаган, куни битиб ўлганида дафн этилган, аммо кўп ўтмай гўридан ўғил бола қиёфасида чиқиб келган (Гўрўғли каби! – муаллиф). Ўша замонлардан бери у осмонда мудом ўлади ва қайта тирилади.

 

Ривожланган мифологияларда ўлим жонли образ орқали, руҳ ёки илоҳ образида гавдалантирилган. Барча маданиятларда ўлим тушунчаси билан боғлиқ кучлар икки жинсда ҳам учрайди. Бироқ кўп ҳолларда инсоннинг камоли ва заволи айнан аёл жинсига мансуб деб тасаввур қилинувчи маъбудалар ҳукмида бўлади.

 

Мисол учун, қадимги юнон мифологиясидаги Геката – ой ёғдуси; нариги дунё, сир-синоат, жодугарлик илоҳаси. Қадимги юнонлар Гекатани ой маъбудаси Селенага тенг кўришган. Морта – қадимги римликлар мифологик тафаккуридаги ўлим илоҳаси. Морта римликлар тасаввурида Қисматни бошқарувчи уч илоҳанинг бири, унинг отаси тун, онаси зулмат. Бундан ташқари Рим мифологиясида Либитина номли ажал маъбудаси ҳақида ҳам сўз юритилади. Бадб – ирланд мифологиясида қирғин ва ажал маъбудаси. Хель – скандинав мифларидаги марҳумлар мамлакати маликаси. Миктлансиуатль – қадимги ацтеклар мифологиясида ўлим илоҳаси. Хине-нуи-те-по – маори мифологиясида тун ва ўлим маъбудаси. Кали – ҳинд мифологиясида ўлим, қўрқув ва даҳшат илоҳаси. Дзигокудаго – япон мифологиясида нариги дунё маликаси, ажал маъбудаси. Си-ван-му – хитойларда “ғарбдаги мамлакат” – марҳумлар дунёсининг маликаси, ўлим илоҳаси. Славян мифологиясида инсон тириклар ва ўликлар оламлари чегарасида учратадиган илоҳа Мара(Морена) ҳақида сўзланади. Фонийларга Мара гоҳ қора сочли ёш ва гўзал қиз, гоҳ кафанга ўранган аёл, гоҳида эса қўлида чалғи тутган бадбашара кампир қиёфасида кўринади. Мара марҳумлар дунёсида ҳукмронлик қилсада, баъзан одамлар дунёсига ҳам ташриф буюриб туради. “Ҳар бир мифдаги образ ўша даврдаги инсон руҳига хос бўлган руҳий-психик жараёнларнинг тимсолларидан. Олам, табиат ва улардаги сиру синоатлар ҳали тўла англанмаган пайтда инсон руҳияти, яъни унинг шуури, онг ости дунёси табиат кучлари ва борлиқни, фаолиятида дуч келган қийинчилик ва машаққатларни турли образлар, қиёфалар, шакллар, тимсоллар билан қабул қилган”[13].

 

Янги мифлар қадим қавмлар онги қаъридан эмас, балки персонажнинг ёлғизланиши ва ўз ботинига мурожаат этиши ҳолларида вужудга келади: “инсон, барибир, ёлғиз, чунки у ёлғизликка маҳкум этилган: у ўзининг ҳақиқий манзилидан қувғун қилинган, жисмини ясаган устадан айро тушган. Бу илоҳий ёлғизлик, табиатнинг, оламнинг, ранглар ва бўёқларнинг,  гўзаллик ва дўстликнинг, меҳр ва шафқатнинг аслини қўмсаш ёлғизлиги эди”[14].  Мифологизмнинг психологизм, ички монолог, “онг оқими” адабиёти билан қоришиб кетиши шундан. “ХХ асрда адабиёт яна мифологик рамзларга қайтди, адабиёт мифологик тус олди, мифопоэтикани талқин қилишнинг янги босқичи бошланди”[15]. Ёзувчи томонидан асарда фойдаланилган миф ёки мифнинг ҳар қандай элементи янги қирралар ва янгича маънолар касб этади.

 

Нодир РАХМАТУЛЛАЕВ,

СамДУ мустақил тадқиқотчиси

 

 

 

АДАБИЁТЛАР

Мустақиллик даври адабиёти – Т.: Ғафур Ғулом НМИУ уйи, 2006. – 288 б

1.     Норматов У. Умидбахш тамойиллар. – Т.: Маънавият, 2000. – 109 б.

2.     Норматов У. Ижодкорнинг дахлсиз дунёси. – Т.: Мумтоз сўз, 2008. – 313 б.

3.     Назаров Б. Бу сеҳрли дунё. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1980. – 173 б.

4.     Расулов А. Танқид, талқин, баҳолаш. – Т.: Фан, 2006. – 232 б.

5.      Сатторова Г. Миллий характер ва бадиий талқин. – Т.: Фан, 2007. – 118 б.

6.      Солижонов Й. Нутқ ва услуб. –Т.: Чўлпон, 2002. – 128 б.

7.      Солижонов Й. Ҳақиқатнинг синчков кўзлари. – Т.: ЎзМУ кутуб., 2009. –227 б.

8.      Турдимов Ш. Этнос ва эпос. – Т.: Ўзбекистон, 2012. – 68 б.

9.      Эшонкул Ж. Эпик тафаккур тадрижи. – Т.: Фан, 2006. – 122 с.

10.  Эшонқул Ж. Ўзбек фольклорида туш ва унинг бадиий талқини. – Т.: Фан, 2011. – 304 б.

11.  Эшонкул Ж. Миф ва бадиий тафаккур. – Т.: Фан, 2019. – 312 б.

12.  Эшонқул Н. Мендан “мен”гача: адабий-танқидий мақолалар тўплами / Н.Эшонқул. – Тошкент: Akademnashr, 2014. – 512 б.

13.  Эшонқул Н. Ижод фалсафаси (“Мен”дан менгача-2) [Матн] /Н.Эшонқул. – Тошкент: Akademnashr, 2018. – 416 б.

14.  Эшонқул Н. Китоб бандаси. – Т.: Академнашр, 2022. – 413 б.

15.  ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи. Т.: Ўқитувчи, 1999. – 544 б.

16.  Холбеков. ХХ аср модерн адабиёти манзалари. – Т.: MUMTOZ SO‘Z, 2014. – 388 б.

 

[1] Қўчқорова. М. Нурилла Чори ҳикояларида неомифологизм унсурлари. www. ziyouz.com. кириш вақти 30.11.2023

[2] Эшонқул Н. Мендан “мен”гача: адабий-танқидий мақолалар тўплами / Н.Эшонқул. – Тошкент: Akademnashr, 2014. – Б. 276.

[3] Эшонқул Н. Сайланма I (Ҳикоялар) [Матн]: ҳикоялар / Назар Эшонқул. – Тошкент: “Akademnashr”, 2022. – Б. 265.

[4] Ўша асар. – Б. 266.

[5] Орипов А. Танланган асарлар: Тўрт жилдлик. – Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр.,, 2001. – 3-жилд. Таржималар. – Б. 6.

[6] Эшонқул Н. Сайланма I (Ҳикоялар) [Матн]: ҳикоялар / Назар Эшонқул. – Тошкент: “Akademnashr”, 2022. – Б. 267.

[7] Ўша жойда.

[8] Ўша асар. – Б. 274.

[9] Ўша асар. – Б. 275.

[10] Эшонқул Н. Сайланма I (Ҳикоялар) [Матн]: ҳикоялар / Назар Эшонқул. – Тошкент: “Akademnashr”, 2022. – Б. 276..

[11] Эшонқул Н. Ижод фалсафаси (“Мен”дан менгача – 2) [Матн]/Н. Эшонқул. – Тошкент: Akademnashr, 2018. . – Б. 214.

[12] Эшонқул Н. Сайланма I (Ҳикоялар) [Матн]: ҳикоялар / Назар Эшонқул. – Тошкент: “Akademnashr”, 2022. – Б. 276.

[13] Эшонқул Н. Ижод фалсафаси (“Мен”дан менгача – 2) [Матн]/Н. Эшонқул. – Тошкент: Akademnashr, 2018. . – Б. 54.

[14] Эшонқул Н. Ижод фалсафаси (“Мен”дан менгача – 2) [Матн]/Н. Эшонқул. – Тошкент: Akademnashr, 2018. . – Б. 253.

[15] Ўша манба. . – Б. 45.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//