Адабиёт
– Сўзимизни сизу биз учун ҳаёт-мамот аҳамиятига молик таълим мавзусидан бошласак. Ўзингизга маълум, Сингапур қирқ йил ичида дунёдаги энг қашшоқ ва коррупциялашган давлатдан энг мутараққий мамлакатлардан бирига айланди. “Бунга қандай эришилди?” деган саволга ислоҳотчи раҳнамо Ли Куан Ю шундай жавоб берган экан: “Мен ватаним олдидаги бурчимни бажардим, холос. Давлат бюджетини таълимга йўналтирдим, муаллимни энг қуйи табақадан энг юқори мартабага кўтардим. Сингапурдаги мўъжизаларни амалга оширган инсонлар – муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнатни севадиган камтарин авлодни тарбияладилар. Бунинг учун улардан миннатдорман”.
Олим ака, мамлакатимиз мустақилликка эришганига, иншааллоҳ, 33 йил бўлади. Бизнинг орзудаги авлодни етиштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз қанчалик самара берди?
– Отдош, жудаям залварли савол беряпсиз. Таълимда суяги қотган, шу соҳада сочи оқарган одамлар соҳадаги оғриқларни нозикроқ ҳис этади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида чиққан қонунлардан бири “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун эди. Кейин “Таълим тўғрисида”ги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” қабул қилинди. Ўша даврда бу ҳужжатларнинг қабул қилиниш жараёнини кузатган зиёлилар, таълим фидойилари некбин орзуларга берилгани рост. Афкор омма янги, мустақил давлатнинг замонавий, жаҳон тажрибасидан ўтган таълим тизимига интеграциялашуви улкан ютуқлар гарови бўлади деб инонди. Аммо ўтган йиллар сарҳисоби таълимда кўп нарсани бой берганимизни кўрсатди.
Ривожланган давлатлар тажрибасини татбиқ этаётганимизда ўзимизга мослаб, ярмидан кесиб қабул қиламиз ёки охирги “бекати” бўлмайди. Касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларни олайлик. Америка ўтган юз йилликда илғор таълим тизими сифатида исбот этган бу усулни чилпиб қабул қилдик ва пировардида коллежларни битирган юз минглаб ёшлар ишсиз бўлиб қолди. Пухта ўйланмаган бу сиёсатдан норози одамларнинг “Э-э, қўй шу коллежингни. Техникум яхши эди... ” деган аччиқ таъналарини эса эшитмаганга олдик. Шу важдан хориж тажрибаси ҳақида гапиришга, очиғи, чўчиб қолганман. Нега ҳамма жойда самара берган мукаммал тизимлар бизга келганда беобрў бўлиб қолади? Сингапур тажрибасини ёдга олдингиз. Келинг, шу сингапурликларни ҳам жанжалнинг уясига айланган кластер каби маломатга гирифтор этмайлик...
Асрлар давомида ислом дини, шарқона одоб-ахлоқ руҳида шаклланган миллий педагогикамиз бор. Таълимнинг замонавийлашуви, мутараққий мамлакатлар андазаларига мослашув асл миллий ўзакдан ажралмаган ҳолда амалга оширилиши тарафдориман. Қадим Мовароуннаҳрда устознинг мақоми ҳамиша баланд бўлган. Давлатнинг энг муҳим ички сиёсати бу – таълим. Мамлакат етакчисидан тортиб алифбодан сабоқ берадиган ўқитувчигача битта тизим, мақсад, ғоя атрофида бирлашишимиз шарт. Таълим миллатнинг, давлатнинг келажаги экани маълум. Келажак билан эса ўйнашиб бўлмайди.
– Биз мактаб таълимини совет даврида олганмиз. Яхши эслайман, мактабимизга милиция ходимининг келиши камдан-кам юз берарди. Фавқулодда бирор жанжал ёки тўполон бўлмаса, форма кийган ходим таълим даргоҳига қадам босмасди. Мактабларимиздаги давомат, интизом масаласи Миллий гвардияга топширилгани тизимда катта муаммолар йиғилиб қолганини англатадими?
– Мактабларга Миллий гвардиянинг бириктирилганига кўп бўлгани йўқ, аммо ижтимоий тармоқлар ота-оналар, устозларнинг эътирозларига тўлиб-тошди. Моҳиятан олиб қараганда, мактабга миршабнинг масъул этиб тайинланиши устозларга, таълим мутасаддиларига ишонч йўқ дегани эмасми? Миршабнинг ота-онага “Боланг қани?” дейишини қўйинг, устозларни “Қаерда юрибсиз?” деб тергаши замонавий тараққиёт талабларига мутлақо зид. Назаримда, куч ишлатар тизимлар билан муаммони ечишга уриниш – муаммодан қочиш билан баробар. Устоз ва ота-она билан ҳал бўладиган масалага учинчи томоннинг даллоллик қилиши ғалати. Гапни болалатиб, калавани чувалатмай устознинг мавқеини кўтариш, ота-онанинг мактабга бўлган ишончини тиклаш лозим. Ота-она устоз олдида бамисоли қарздордай туриши керак. Муаллимга мушт ўқталиш, дўқ-пўписа қилиш билан болаларимизнинг келажагини майиб қиламиз, холос. Устозни калтаклаган ҳокимтўра жазоланмаган жойда ҳар қандай некбин ғоя ҳаётга кўчмайди.
– Ҳақиқатан, бошқа соҳаларда Ғарбдан ўрганадиган жойларимиз бордир, лекин устозга эҳтиром борасида бировдан андаза олишга ҳожат йўқ. “Устоз отангдан улуғ” деган гап бежиз айтилмаган, ахир. Лекин кейинги жараёнларни кузатиб, боримизни ҳам бой бериб қўймаяпмизми деган иштибоҳ ўтади кўнгилдан...
– Табиатимизда қандайдир оҳанжамаларга ишқибозлик бор. Илдизини суриштирмаймиз. “Ялтир-юлтир, дикир-дикирдан муддао не? Бу кимнинг ноғораси? Унга ўйнаш шартми?” деб биров сўрамайди. Ялтираб кўриндими, бас, биз уни шубҳасиз тилла деб ўйлаймиз. Эсласангиз, истиқлолнинг дастлабки йиллари бозор иқтисодига ўтишнинг турк, швед, хитой моделлари муҳокама қилинган эди. Муҳокамалар якунига етмасдан ҳаммаси “пуф, сассиқ”қа чиқиб, ўзимизга хос, ўзимизга мос модель жорий этилди. Натижа шу бўлдики, бугун ҳам иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳақида гапиряпмиз...
Яқин ўтмиш сабоқларини эслаганим, “хос”ларнинг чиройли сўзлар, жарангдор ибораларга ишқибозлиги каптарбозларнинг каптар учириб завқланишига ўхшайди. Таълимдаги янги ва янги, хилма-хил тажрибалар гўёки авомни чалғитиш учун ўйлаб топилгандай...
Қишлоқ хўжалигида экинни қайта экиш фожиа саналмас. Аммо таълимда йўл қўйилган хато учун бутун бир авлод товон тўлайди.
– Жорий йил бошида Андижонга сафар қилган давлатимиз раҳбари вилоятдаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ҳам бўлди. Бу ҳақда Миллий ахборот агентлиги шундай маълумот тарқатди: “Мазкур муассаса ўтган йили 50 миллиард сўм давлат бюджети маблағлари ҳисобига барпо этилган, 5–11-синфлар аниқ ва табиий фанларни чуқур ўқитишга ихтисослашган. Президентимиз бу ерда ўқитувчилар билан суҳбатлашди, бир-бирини такрорлайдиган дарсларга ёшларнинг вақтини кетказмасдан кўпроқ амалиётга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берди”.
Вилоятдаги энг намунали мактабда аҳвол шундай бўлгач, бошқалардан нима кутиш мумкин? Бунақа камчиликларни ўқув йили бошида бартараф этиш шунчалик қийинмикан?
– Юртбошимиз эътирозидан англашиляптики, мактабларда қанақа фанлар ўқитилаётгани жиддий тафтиш этилмаяпти. Ёки эътирозлар, таклифлар, мулоҳазаларни тинглайдиган мард йўқ. Дунёга машҳур компаниялар қандай мутахассис тайёрланаётганини доим назоратда тутади. Демак, бизда ҳам мактабда ўқувчини ҳаётга тайёрлаш масаласига ҳукумат даражасида аҳамият берилиши керак. “Сўнгги қўнғироқ”да оғзимизни тўлдириб “Катта ҳаётга йўл оляпсизлар...” деган чиройли тилакларни айтамиз, лекин болаларимиз ҳаётнинг шафқатсиз синовлари қаршисида довдираб, йўлини йўқотиб қўяётгани сир эмас. Чунки аксар мактабларимиз ўқув марказлари соясида қолиб кетди. Ота-оналар мактабга ишонмаганидан битта фанга камида 400–500 минг сўм тўлаб боласини ўқув маркази ёки хусусий мактабга олиб боряпти. “Ўқитувчининг савиясизлигидан шундай бўляпти” дейишингиз мумкин. Хўш, савиясиз ўқитувчини ким етиштиряпти? Албатта, олий таълим. Университет аудиторияларида уйқусираб ўтирган, умрида битта бадиий асарни тўлиқ ўқиб чиқмаган билимсиз болалар осмондан тушмагандир? Мана, узлуксиз занжир. Демак, бу нобоп ҳалқани тўғрилаш керак. Эртага, дейлик, ўн йилдан кейин ҳам шу муаммо ҳақида яна гап сотиб ўтирсак, демак, бошқа соҳалар каби таълимга ҳам панжа орасидан қараган бўлиб чиқамиз.
Мамлакатимиз аҳолиси сўнгги йилларда салкам бир миллионга кўпаяётир. Бу жуда катта ресурс. Агар биз таълим сифатини оширсак, Ўзбекистон дунёга иш кучи эмас, илм экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.
– Хабарингиз бор, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш тараддудида. Таҳририятдан шу мавзуда бир репортаж тайёрлаш топширилди. Август ойи денг, олий ўқув юртларига қабул бошланган. Қаёққа қараманг, хусусий университетларнинг “Ўқишга марҳамат!” деган рекламаю эълонларига кўзингиз тушади. Иқтисод йўналишидаги институт ва университетларни ажратиб олдим-да, бирма-бир қўнғироқ қилиб чиқдим: “Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича интервью мўлжаллаган эдик. Шу мавзуни шарҳлаб берсангиз...” Ишонасизми, бирорта хусусий университетдан мавзуни тушунтириб берадиган иқтисодчи топилмади.
– Савия садоқатнинг қурбонига айланса чатоқ экан. Гапнинг даромадини айтай, сабрда мумтоз халқимизнинг тиббиётдан норозилиги ҳадди аълосига етди. “Dok-1 Maks” иши фармацевтикамиз коррупция исканжасида эканини яққол кўрсатди. Хусусий клиникалар низомини ўқисангиз, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтганига гувоҳ бўласиз. Бош мақсад – пул ишлаш. Аксари “Лўлининг эшагини суғориб пулини ол” шиори билан иш кўраётир. Бу мақол кўпгина хусусий университетлар учун ҳам ақидага айланган. Қабул даври ҳазиллашиб паспорт олиб боринг, рўйхатдан ўтказиб, суҳбатга чақиришади. Шартнома пулини тўласангиз бўлди, талабасиз! Шоввозлар ақча топиб ақл топмаган дардисарни фалон миллионга тўрт йил “ўқитади”. Ҳеч бир университетда бўлажак мутахассис нимани ўрганди, эртага ишга ярайдими ўзи, деган суриштирув-мониторинг йўқ. Кимдир “Вақти келиб миқдор ўзгариши сифат ўзгаришига айланади” дейиши мумкин. Тўғри, лекин бой берилган авлод-чи? Шунинг учун ҳам хусусий олий таълим муассасасининг ўқитувчи-профессорлар таркиби, ўқув жараёни доимий назоратда бўлиши керак. Билъакс, “Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлса ютадими-ютқазадими?” деган оддий саволга ҳам жавоб беролмайдиган мутахассислар урчийверади...
Устозларни танлаш хусусий университет раҳбариятининг таъбига қараб ҳал қилинади. Аввало, таниш-билишчилик. Яна бир нечта “майда, арзимас” сабаблар ҳам бор. Биринчидан, маош катта. Иккинчидан, қоғозбозлик, бюрократия, текшир-текшир йўқ. Учинчидан, аксарияти “беш кунлик”. Давлат университетларида ўқитувчининг юкламаси 600–800 соат бўлса, хусусийларда 400–500 соат. Боз устига, дарс давомийлиги 60 дақиқа. Кам ишлатиб, кўп пул бераётган университетларга ўтиб олган, “кредитим бор...” дея маҳзун жилмаяётган устозларни ҳам тушуниш керак.
– Олим ака, сўнгги вақтларда шов-шув қўзғаётган миллатлараро муносабатлар масаласида фикрингизни билмоқчи эдим. Россия Ўзбекистон учун жуда муҳим ҳамкор. Икки мамлакат ўртасидаги йиллик товар айирбошлаш салкам 9 миллиард долларга етади. Россиянинг МДҲ мамлакатлари билан йиллик савдо-сотиғи 100 миллиард доллардан кам эмас. Европа мамлакатлари санкцияларга кўмиб ташлаган бир шароитда россиялик депутатлар, экспертлар, сиёсатчиларнинг Марказий Осиёни босиб олиш, унинг тили, тарихи ҳақидаги ҳақоратомуз гаплари ғалати туюлади.
– Даштда, тоғда яшайдиганлар бургутни яхши билади, жуда мағрур қуш. Тоғнинг кўрки, безаги-да! Одамлар фарзандига бежиз Бургут деб исм қўймайди. Лекин икки бошли бургут ҳам бор. Туркистон осмони бир ярим асрдан бери ана шу бургутдан қутулолмаяпти-да. Бу қурғур ҳар-ҳар замон хунук овоз чиқариб, чумчуқ пирр этса ҳам шиғиллайдиган юракларимизни қинидан чиқариш билан машғул... Энди, яширишнинг ҳожати йўқ, юртимизда ўша шовинистик тарғибот мойдай ёқадиганлар адади ҳам кам эмас. Назаримда, миллий ғурур заифлашгани, миллат сифатида шаклланмаганимизнинг яққол кўриниши шу! Қўпол бўлса ҳам айтиш керак: бундай қараш мусулмон юрт, халқ учун жонини берган ота-боболар қабри устида ножўя қилиқ қилган билан баробар!
Совет империяси қулаши арафасидаги миллий уйғониш жараёнлари кўпчиликнинг ёдида. Болтиқбўйи баралла ҳақ талаб этганида биз мудроқ эдик. Негадир доим кеч уйғонадиган халқимиз ўшанда ўзбек тили учун курашда чинакам жонбозлик кўрсатди. Аммо жамиятда, ҳатто зиёлилар орасида ҳам иккитиллиликни қўллаб-қувватлайдиганлар, “Ўзбек тили давлат тили бўлса қандай яшаймиз? Москвадан ажралсак кунимиз ўтмай қолади-ку!” дейдиганлар бор эди. Ана шу мафкура бугунгача яшаб келяпти. Давлат тили ҳақидаги қонуннинг тишини қоқиб олдик. Ҳатто 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунини бошқаларнинг иззат-нафси таҳқирланаётгандай минг бир хижолат бўлиб нишонлаймиз. Она тили ҳақида кимларнингдир қош-қовоғига қараб гапиряпмизми, билингки, бу халқнинг қаддини кўтариш қийин бўлади, ўзбек тили чинакам давлат тили бўлиши пайсалга солинаверади. Шу боис ҳар қандай шовинистик қарашларга дадил муносабат билдириш керак.
– Бугунги кунда ёшлар асосан интернетни, ижтимоий тармоқларни кузатади, лекин катта авлод учун барибир телевидение бирламчи, ишончли манба экани сир эмас. Афсуски, телеканалларимиз бу масалада тек туришни маъқул кўрмоқда. Ваҳоланки, россиялик тарғиботчилар учун мамлакатнинг федерал каналлари, “РИА Новости” каби агентликлари минбар вазифасини ўтаётир.
– Овоз чиқармаслигимиз қўрқоқлигимизни билдиради. Қарангки, улар “Бу юрт бизнинг қаламравимизда...” дея очиқ айтяпти! Ҳатто, ўзбек кеча пайдо бўлган, дейишгача борди. Мустабид мағрур-у, мазлум миллат муттаҳамми? Ўша шовинистлар фаранг, япон ё олмоннинг шаънига шунақа ҳақорат ёғдириб кўрсин-чи!
Нега қўрқамиз, ахир, давлат бизники-ку! Илғор фикрли, кўзи очиқ зиёлиларга, ватанпарвар, мустақиллик учун жонини берадиган одамларга минбар берайлик. Истиқлол учун жонидан кечган жадидлар номини кўтаряпмиз. Мана, “Жадид” деган янги газета чиқяпти. Ёки булар шунчаки бир муросавий ҳаракатларми?..
– Сиз “Ботиндаги бўрон” асарингизда таърифлаган америкалик сайёҳ Южин Скайлер Чор Русияси амалдорлари Тошкентга турли мақсадларда келганини ёзади, бирови қарздан қочиб, бирови мўмай даромад, бошқа бири пенсияга чиқиш учун стаж илинжида шаҳарни макон тутган: “Тошкентдаги рус жамияти ўлка ҳақида маълумотларга эга бўлиш тугул, ҳатто унга умуман қизиқмаслиги мени ҳайратда қолдирди. Айни чоқда, улар наздида кўнгилсизликлар макони бўлган бу мамлакатга қизиққаним, шунчалик узоқдан уни кўришга келганимни кўпчилик тушуна олмади”. Скайлернинг ёзганлари ҳақиқат бўлса, минтақанинг империяга “қўшиб олинишининг прогрессив аҳамияти” қаёқда қолди?
– Южин Скайлер 1873 йили – қирғин авж олган, тошкентлик савдогар Саидазимбой Хивани оқпошшо маҳв этса, гумбурлатиб тўй бериш ҳаракатида юрган бир кезда келади. Сайёҳ Тошкентда ин қурган чор зобитлари, иқтисодчию саноатчилари даврасида кўрган-эшитганларини ҳам кундалигига битиб борган. Илк бор 1876 йили Лондонда нашр этилган, ҳаққоний тарих очилишидан хавфсираган шўро неча замон беркитиб келган “Туркистон” китоби халқимиз орасида шов-шув бўлар деб ўйлаган эдим. Афсуски...
Скайлернинг ҳамкасби ва ҳамсафари, “Нью-Йорк Ҳеральд” газетаси мухбири Януарий Алоизий Мак-Гаҳан “Ўкуздаги ҳарбий ҳаракатлар ва Хиванинг қулаши” асарида хонликдаги ўзи билан ўзи овора, ташқи хавф-хатарлардан заррача огоҳ бўлмаган амалдорлар халқни нақадар журъатсиз ва муте сақлаганини надомат билан тасвирлайди.
Икки империя тўқнашган бу ҳудуд ҳақида Питер Ҳопкиркнинг “Катта ўйин” асари ҳам бор. Ўша кезлар Англия ва Россия Марказий Осиёга тинимсиз жосус юборган. Ҳар икки давлат махфий хизматлари ўзаро келишмайдиган уч ҳукмдор ва “ярим ёввойи” халқ ҳақида ёзади. Бир тахайюл қилайлик: Каспий денгизидан Помир тоғларигача чўзилган улкан ҳудудда ҳукмрон бўлган аждодларимиз бир мушт бўлганида борми!..
“Айиқ” ва “Шер” то ҳануз ўзини қадим Туркистонга дохил санар экан, XIX асрнинг биринчи чорагида хуфялар қолдирган мерос – жилд-жилд маълумотлар замонавий катта ўйинларга асос бўлиши хавфи бор...
Егор Мейендорфнинг “Оренбургдан Бухорога саёҳат” асарини ўқиганлар рақобат кўламини яхши билади. Бу рус зобити шарқ тилларини пухта эгаллаган ҳамкасблари билан Русия ва Бухоро ўртасида савдо-сотиқни ривожлантириш ниқоби остида 1820 йил кузида Туркистонга қадам қўяди. Асли Болтиқбўйи олмонларидан бўлган Мейендорф амирлик ҳудудини шу қадар синчковлик билан, қадам-бақадам ўрганганки, ёқангизни ушлайсиз. Бунақа “йўл харита”лар жуда кўп, аммо биз ўзимизни билмаймиз. Дунёни бўлиб олишга шайланган давлатлар минтақамизни, жумладан, мусулмон халқларнинг заиф жойларини – ким ким билан зиддиятда, қайси уруғ ёки сулолани кимга қарши қайраш мумкин – ўта мукаммал тадқиқ этган.
Айрим миллатдошларимизнинг “Агар Русия босиб олмаганида хор бўлардик” дейиши шўродан мерос даққи даъво. Иккинчи бир тоифа эса кўзлари жавдираб, “Англия босиб олганида яхши бўлармиди...” дея каловланади. Таажжуб, нега бизни биров босиб олиши керак? Ер юзида бошқа бирорта миллат изтиробли ўтмишини бу тарзда муҳокама қилармикан?! “Ўзингни қачон танийсан? Қачон илм ўрганиб дунёга ўзингни кўрсатасан?..” деганларни масхаралаб, мустабидга ялтоқланадиган халқни қаерда кўргансиз?! Қалб ва руҳиятга сингиб кетган бу психологиянинг пайдо бўлишида номуносиб ишбошиларнинг ҳам яхшигина ҳиссаси бор.
Энди ишсизлик балоси ҳақида икки оғиз. Энг катта муаммо мана шу ерда. Яъни давлат фуқароларига иш топиб беролмади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган миллионлаб одамлар тирикчилик илинжида Европа, Осиё, Америкага кетишга мажбур бўлди. Асосий қисми Россияга йўл олди. Тирикчилик кўйида улоққан бу жонларни, дўппи тор келганда, “дангасалар” ҳам дедик.
Мана, уч-тўрт йилдан бери ўша ёриқни бутлаш мақсадида ўнлаб давлатлар билан шартнома қилиняпти экан. Халқ хурсанд. Қўл кучи, қора меҳнат эвазига қозон қайнатган ўзбекка дунё давлатларининг эшиклари очилсин. Давлат фуқароларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоясини зиммасига олаётгани рост бўлсин.
Бутун дунёда миграция масаласида катта тажрибага эга давлатлар бор. Турк қардошларимизнинг Олмонияни “забт этиш” тарихини ўрганиш кифоя. Гёте ватанида бугун миллионлаб турк нуфузли соҳаларда ишлаётибди. Россия, Жанубий Корея, Англия, Польша, Олмония, Америкадаги миллатдошларимиз катта-катта тадбиркору бизнесменларга айланишига, машҳур олим, шифокор, муҳандис, ихтирочиларни дунёга келтиришига ишонаман. Риши Сунакнинг отаси муҳожирлик жомадонини кўтариб Кениядан Англияга йўл олганида фарзанди Буюк Британия бош вазири бўлишини хаёлига келтирмагандир?..
– “Ботиндаги бўрон” китобингиздаги мана бу жумлалар мени ўйга толдирди: “Эвоҳ! Шариат асосига қурилган ҳаёт шунчаки хўжакўрсин учунмиди? Халқнинг бошида раис турса “Оллоҳ!” дейди-ю, назорат бекор бўлса куфрга кетадими? Бундай риёкорлик истило билан бирга келдими ё унинг уруғи аввалроқ униб чиққанмиди?..”
– Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигида “раис”, “муҳтасиб” аталган расмийлар аҳолининг масжидларга қатнаши, ношаръий ишлару нарх-навони назорат қилганидан бохабар Южин Скайлер либерализм диний ҳаётни пароканда этаётганини ёзади: “Руслар Тошкентни босиб олгач, раис идораси бекор қилинганидан бери динга амал қилишда анча сусткашлик кузатилмоқда. Қозиларнинг айтишича, бурунги намозхонларнинг ярмиси ҳам кунлик ибодатга чиқмай қўйган...”
Ислом маърифати маҳкам бўлганида (ХVI асргача бўлган ҳаётни эсланг!) аҳвол бу қадар забун бўлмас эди. Оқпошшо босқини арафасида Туркистонда иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий ҳаёт ўта абгор эди. Тўғри, мадраса, масжид, работ қурган, илмга, таълимга ғамхўрлик қилган хонларимиз ҳам йўқ эмас. Лекин уларнинг эзгу ишлари булут тўсган ойга ўхшаб жаҳолат соясида қолиб кетган.
Табиатан жанговар халқни ҳарбий интизомга бўйсундирадиган бошқарув бўлмаган. XIX асрнинг биринчи чорагига қадар амирлик армияси уруш хавфи туғилсагина йиғилган ва жангдан сўнг яна тарқалиб кетган. Бекор қолган сарбозлар нафақаи рўзғор – ободончилик ишлари, деҳқончилик билан шуғулланган. Улар бошига қаландарларники каби қора узун кулоҳ, оқ бўздан шим, қишда ҳарбий мундир – кулуча кийган. Амирликни ташқи душмандан ҳимоя қилиши шарт бўлган аскарга ҳар икки йилда янги шим ва мундир берилган. Пойабзални эса ҳар бир сарбоз ўзи сотиб олган ёки тиктирган. “Эрталаб уйдан эшагини созлаб, ўрдугоҳга истар-истамас йўл олган сарбозларни кўриш кулгили эди. Ҳарбий намойишларда қатнашган аскарлар масхарабозларга ўхшаб кетарди”, деб ёзади тарихчилар.
Амир Абдулаҳад давригача ҳарбий хизмат умрбод бўлиб, сарбозлар орасида 90 яшар чолларни ҳам учратиш мумкин экан.
Тўпчилар ҳар шанба куни Самарқанддарвоза ташқарисидаги кенг далада ҳарбий машқ – “пахтапаррон” ўтказган. Сочма порох ўрнига арпа қипиғи солинган “пахтапаррон” кўпинча фожиа билан якунланган. Тўпчилар уқувсизлик ёки кучли тебраниш туфайли ҳалок бўлган. Русия, Оврупода қилич жанги аллақачон урфдан қолган бир даврда Бухоро сарбозлари ва ҳарбий амалдорлар “чиний”, “русий”, “румий”, “фаранги”, “сулаймоний”, “ҳиндий”, “дамашқий” каби оғирлиги бир неча кило келадиган қилич тақиб юришган. Қолганларида эса аллақачон эскирган аслаҳалар – чақмоқмилтиқ, пилтамилтиқ бўлган. Носоз қуроллар сарбоз ҳисобидан таъмирланган. Милтиқлар шу қадар эскирганки, ҳар бир юзликда икки-уч нафар милтиқсоз эртаю кеч қурол-яроғ тузатиш билан банд бўлган. Замонавий “Бердана-3“, “Бердана-8”, “Драгун” милтиқларини елкалаган сарбозлар унда-бунда учраган, холос.
Ҳарбийларга казарма етишмаган. Холмуродбой иноқи калоннинг тўпчибошига 1889 йил ноябрида ёзган арзига эътибор беринг: “Аскарлар яшайдиган казармалар емирилган бўлиб, уларни таъмирлаш керак. Тахминан икки ой ичида казарма тамоман емирилади. Жаноби Олийдан умид қилиб шуни илтимос қиламанки, мазкур муддат ичида ўзим 300 нафар аскар ва тўралар билан Тахти Чорбоғ казармасига келиб жойлашсак”.
Қўқон хонининг ўрдуси – қўшини бундан бадтар бўлиб, қатъий интизом нималигини билмаган, кийим-боши афтодаҳол сарбозларнинг аслаҳаси калтак, сўйил ва пилтамилтиқ эди.
“Оллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимнинг олдида ҳисобдор эмасман” дея керилган ҳукмдорларимизнинг таҳқирли вассаллик, мутелигига бир мисол. Амир Музаффар Туркистон волийси Кауфманга бундай мактуб битади: “Жонирал губернатор адьютант фон Кауфман Русия аскариясининг сипоҳсолари ва Туркистон лашкариясининг губернатор сардориға. Сўз шулким, Бухорои шариф мусулмонлари ва бева-бечоралари сув учун кўп маҳтал бўлуб турурлар. Сув важҳидин аввалға ҳам ваъда бўлуб эрдиким, сувнинг тақсими бошдин на тариқаки бўлатурғон бўлса, вақти бўлғанда бериб бўладур. Энди бир ой савр суви зарур бўлубдур. Давлатлу ва мурувватлу улуғ подшоҳнинг ҳаққиға бева-бечоралардин дуо олиб, ваъда бўлған сув бир ой берилсунким, мусулмонларнинг экинлари зое бўлмасун ва яна ким мусулмонларға вақтиға сув берилмаса бева-бечоралар безовта бўлуб биза келсалар, аларға не жавоб айтурмиз?! Фиш шаҳри, муҳаррам, 1207, Амир Саййид Музаффар”.
Муштарий “Амир алданган-да” дейиши мумкин. Ҳукмдорнинг алданишга ҳаққи йўқ! Раҳбар юҳо бўлсаям, гўл-лақма бўлсаям халқ жабр чекади. Абдулла Қодирий қаҳрамони Юсуфбек ҳожининг “Иттифоқ не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди” дея ўртангани ўтган кунларда қолди деб ўйлайсизми?! Қирқинчи жория ёки ўттизинчи танмаҳрам қайғусида яшаган, ҳукмдорликни шоҳона зиёфатлар, зарбоф тўнлар, узлуксиз тўй-маросимлар деб билганлар хазинани еб битириб, қадоққўл халқнинг бир бурда нонига ҳам кўз олайтиришган. Қўқон хонлигида олиқ-солиқ турлари шу қадар кўп бўлганки, ҳатто ҳовуз бўйида яшовчилар зулук солиғи тўлаган. Масжидга тайинланган имом хонликка ўн танга, сўфи эса беш танга бериши лозим бўлган. Кимда-ким ўт-ўлан, қамиш ёки бута ғамлаган бўлса ҳам солиқ тўлашга мажбурланган. Кўча-кўйда ҳайвон ўйнатиб томоша кўрсатувчилардан ҳам солиқ ундирилган. Хоннинг қизиқчилари бозорларда томоша кўрсатиб халқдан пул йиққан ва бу хонлик ошхонасининг сарф-харажатларига ишлатилган.
Ўша худбин, маишатпарастларнинг авлодлари бугун ҳам халқ мулкига кўз олайтираётган бўлса, беаёв жазоланиши керак.
– “Воҳ, ХIХ аср! Сен ким учун олтин аср, лекин биз учун ботин асрсан! Эҳ, ХIХ аср! Икки бошли бургутни забардаст қилдинг, аммо уч оға-ини қўлини паст қилдинг...” деб ёзасиз бир мақолангизда. Тасаввур қилинг, орадан 100 йил ўтар, 150 йил ўтар, бошқа бир мухбир бошқа бир адиб билан суҳбат қуриб, улар ҳам “Воҳ, ХХI аср! Эҳ, ХХI аср!” деб қолмасмикан? Тўғри, муаммолар етарли, лекин ойдинларнинг ойдинлиги муаммолар ечими борасида жўяли таклифлар беришида эмасми?
– Бир қаламкаш сифатида катта-кичик раҳбарлар билан мулоқот қилиб, аксари халқдан узилиб қолганига гувоҳ бўлганман. Ҳасратидан чанг чиққан элдошларим илтижоли термилганида шўрлик зиёлининг қўли нақадар калта эканини ич-ичимдан ҳис этганман. Ана ўша эзгин кузатувлардан сўнг давлат ва халқ ўртасидаги кўприк бу – кадр, деган ҳақиқатга амин бўлдим. Давлатни обод қиладиган ҳам, барбод қиладиган ҳам кадр! Нобоп турмушдан тўйган, адолатсизликдан чарчаган халқ аввало туман, шаҳар, вилоят ҳокими ёки вазир эшигини қоқади. Кундай равшан: масала ечилмаса, ҳоким ё вазирдан эмас, давлат раҳбаридан норози бўлади. Демак, ҳоким, вазир танлашда етти ўлчаб бир кесиш керак экан. “Қутадғу билиг”, “Фозил одамлар шаҳри”, “Қобуснома”, “Сиёсатнома”, “Темур тузуклари”, “Бобурнома” каби асарларда раҳбар насл-насаб жиҳатдан пок, адолатли, тўғрисўз бўлиши, мудом раият ҳолидан огоҳ бўлиши лозимлиги битилган.
Кадр тайёрлашнинг япон тажрибасини ҳам эсга олайлик: курсига салоҳиятли, интеллектуал шахслар ўтириши керак. Ана шундагина халқнинг давлатга, сиёсатга, ҳукуматга эътиқоди баланд бўлади.
Олимжон САФОЕВ суҳбатлашди.
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 2-сон.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ