Бўз эчкиэмар кам сонли ноёб жонивор. Бугун уни Устюрт кенгликларида умуман кўрмаймиз, чунки инсон таъқиби ва иқлим ўзгариши оқибатида улар бутунлай йўқ бўлиб кетишди. Ўтган асрнинг 70-йилларигача бўз эчкиэмарларни аҳоли яшаш жойларида тез-тез учратиш мумкин бўлган. Бироқ сўнгги йилларда мазкур турнинг сони камайиб кетди. Хўш, бунга қандай омиллар сабаб бўляпти?
Бугунги кунда Ўзбекистонда судралиб юрувчиларнинг 64 тури яшайди. Шулардан бири бўз эчкиэмардир. Судралиб юрувчиларнинг 21 (33,9%) таси камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институтининг кичик илмий ходими, герпетолог Темур Абдурауповнинг фикрича, сўнгги йилларда судралиб юрувчиларнинг яшаш ҳудудларига инсоннинг кириб бориши, қурилишларнинг авж олиши, ерларнинг ўзлаштирилиши, эчкиэмарлар олдидаги асоссиз қўрқув, турли касалликларга даъво сифатида тутиш ва ейиш уларнинг Ўзбекистон “Қизил китоб”га киритилишига сабаб бўлган.
Эчкиэмарларни қора бозорда гўшти саратонга даъво деб сотиш ва табиатда уларнинг қўриқлаш чоралари етарли даражада эмаслиги, ҳуқуқий назоратнинг заифлиги бўз эчкиэмарларининг ноқонуний овланишига, уларнинг камайишига олиб келмоқда. Зоология институти томонидан эчкиэмар гўшти текшириб кўрилганда, таркиби оддий товуқ гўштидан деярли фарқ қилмаслиги аниқланган. Аммо судралиб юрувчиларнинг асосий озуқаси кемирувчилар бўлганлиги сабабли уларнинг гўштидаги аминокислоталар ўзгачадир ва токсикдир.
“Парранда, мол, қўй ва эчки гўштини еб юрган инсон бирданига табиблар тавсияси билан эчкиэмар гўштини еса танага кирган ўзга гўшт тўқималар ва ҳужайраларга қарши кураша бошлайди, одамнинг иситмаси чиқади. Амалиётда бирор инсоннинг эчкиэмар гўшти билан даволаниб, соғайиб кетгани бўйича аниқ факт йўқ”, дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор-онколог Олим Имомов.
Гўшти даволиги айтилиб, нотўғри маълумот тарқатиладиган судралиб юрувчиларнинг қора бозорида териси учун ўлдирилиб сотилиши ҳолатлари ҳам анчагина. Мазкур қора бозорлар эчкиэмарларнинг яшаш ҳудудлари, асосан Фарғона, Наманган, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида мавжуд бўлиб, Фарғона, Наманган, Қашқадарё вилоятларининг аҳолиси уни сохта табибларнинг ёлғонига ишониб, кўплаб истеъмол қилгани боис, қолган ҳудудлардан эчкиэмарлар уларга етказиб берилади. Наманган вилояти Поп туманида исми ошкор этилишини истамаган маҳалла раиси туманда эчкиэмарлар очиқ сотилиши, бир дона тирик эчкиэмарнинг нархи бозорда талабга қараб 5 млн. сўмдан 10 млн. сўмгача туришини айтди. Судралиб юрувчилар алоҳида “қора овчилар”га буюртма берилиб, олиб келтирилади. Бевосита ўзларини эчкиэмар гўшти билан даволайдиган табиб сифатида реклама қилувчилар, аксарият ҳолатда беморга ўзларидаги мавжуд эчкиэмар гўштини сотиб олишни тавсия этишади. Худди шундай ҳолатни Андижон вилояти Асака туманида, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида, Фарғона вилояти Ёзёвон туманларида кўриш мумкин.
Мисол учун, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида 43 та эчкиэмарни ўлдириб, терисини шилган браконерга Деҳқонобод туман суди қарорига асосан 141 млн 900 минг сўм зарарни ундириш ва 3 йил озодликдан чеклаш жазоси қўлланилган. Айбдор “Касби” МФЙ, Обод маҳалла кўчасида яшовчи фуқаро М.И. яшаш хонадонида Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда CITES Конвенциясининг 1-иловасига киритилган бўз эчкиэмарларни тутқунликда сақлаб, уларни нобуд қилган. Тезкор тадбирда 20 та эчкиэмарнинг тутқунликда сақланаётгани ва 43 та эчкиэмар эса ўлдирилиб, териси шилиб олингани ўрганилган. Тирик қолган 20 та бўз эчкиэмар ўзининг яшаш муҳити бўлган Муборак туманидаги чўл ҳудудларига қўйиб юборилган. И.М.дан далилий ашё сифатида олинган 38 та бўз эчкиемар терилари тегишли тартибда синдириш, бўлаклаш, ёқиш ва сувга бўктириш йўли билан йўқ қилинган.
Маълумот ўрнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 649-сонли қарори иловасига асосан бўз эчкиэмарни нобуд қилганлик учун ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 34 миллион сўмни ташкил этади. Биз келтириб ўтган ушбу маълумотга эга бўлмаган Қашқадарё вилояти “Балхияк” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро А.Қ. эса ўз хонадонида 9 та бўз эчкиэмарини ноқонуний овлаб, яшириб келгани учун 51 480 000 сўм миқдорида жаримага тортилади. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Эчкиэмарлар 6 тадан 38 тагача тухум қўйгани билан уларнинг 30 фоизи очиб чиқмайди. Кичик эчкиэмарчалар асосан чигиртка, чаён билан озиқланади, аммо уларнинг ғанимлари кўп. Ёввойи ҳайвон ва қушларга катта қисми ем бўлади. 3 йилда жинсий вояга атиги 5-10% гина етади. Шу сабаб “Қизил китоб”га киритилганига 30 йилдан ошганига қарамай уларнинг сони тенг ярмига камайди. Эчкиэмарлар билан боғлиқ салбий ҳолатлар етарлича, аммо уларни қутқариб қолиш билан боғлиқ ижобий ҳолатлар учраб туришини билдирмоқчимиз.
Ўзбекистон табиий бойликларга бой мамлакат бўлиб, унинг фауна ва флора дунёси ранг-баранг ва ноёбдир. Афсуски, ушбу бойликлар инсониятнинг зарарли фаолиятлари туфайли хавф остида. Бўз эчкиэмарларнинг яшаш ҳудудларининг ўзлаштирилиши, ноқонуний овланиши, хурофий қарашлар туфайли асоссиз ўлдирилиши Ўзбекистоннинг табиий бойликлари ва экологик барқарорлигига жиддий зарар етказади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун кенг қамровли ва комплекс ёндашув зарур. Эчкиэмарларнинг табиий яшаш ҳудудларини давлат муҳофазасига олиш ва уларни қўриқлаш чораларини кучайтириш, аҳолинининг эчкиэмарларнинг фойдаси, хурофий ва ёлғон қарашларнинг асоссизлиги ҳақидаги хабардорлигини ошириш, иқтисодий рағбатлантириш ва ҳуқуқий чораларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонда тобора йўқолиб бораётган бўз эчкиэмарларнинг популятциясини сақлаб қолиш ва уларни келгуси авлодларга етказиш имконини беради.
Ферузбек САЙФУЛЛАЕВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ