Журналист Иқбол Қўшшаева “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади


Сақлаш
12:39 / 24.08.2024 92 0

Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан “ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ЎҚИШИ ШАРТ БЎЛГАН 10 КИТОБ” тавсиясини беришда давом этади. Лойиҳанинг 76-куни журналист Иқбол Қўшшаева “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади:

 

Мутолаани муайян ёш оралиғида чек-чегаралаш нисбий ҳолат. Агар қувваи ҳофизаси етса, Достоевскийни ўспирин ҳам ўқиши мумкин. Аксинча, олтмиш ёшдаям “икки карра икки тўрт бўлади” қабилидаги пандномадан таъсирланиб юриш ҳеч гап эмас. Рўйхатга ҳазрат Навоийнинг “Хамса”си, Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романи, Жеймс Жойснинг бетакрор асарлари... яна ўнлаб дурдоналарни киритгим келди. Бироқ бугунги авлод (турфа ижтимоий тармоқ, интернет жилваларидан ортиб!) ушбу “ўнталик”ни ўқишга астойдил бел боғласа, кейингиларига ўз-ўзидан йўл очилади... Ёшлар албатта (!) ўқиши шарт деб ҳисоблаган китобларим рўйхатини келтириб ўтаман.

 

1.      Абдулла Қодирий, “Ўткан кунлар” романи. Ўзини ўзбек билган одам илк икки романни ўқимаслиги мумкин эмас. Қодирий домланинг ўзлари ҳам “Ўткан кунлар”ни беш маротаба ўқиладурғон китоб, деган эканлар. Ҳар ўқиганингда ранг-баранг таассурот, аввал илғамаган қўриқларини топиб бораверасан. Болалик адоғи ёшлик остонасида ўқилса, табиийки, муҳаббат мавзуси диққатни тортади. Отабек билан Кумушнинг фожиали муҳаббати қиссаси бўлиб туюлади. Йигитлар Кумуш сабаб аёл дунёсига мўраласа, қизлар Отабек тимсолида йигитлар оламини кашф этади. Айримлари ҳаётдаги ҳамроҳим шундайин бўлса, дея онг остида орзусидаги йигит қиёфасини гавдалантириб олади. Отабекдайини учратмаган тақдирда ҳам, ҳарҳолда, ҳомидларга ўзини арзонгина бағишламайди.

 

Йилларни ўтказиб ўқиганингда, нигоҳинг маъсума Кумушнинг Отабегига эмас, мутафаккир Қодирийнинг Отабегига тушади. У билан ҳамоҳанг фикрлайсан. Миллатни миллат қиладиган отабеклар эканини англайсан. Уларни қандай қилиб “ўқ”дан асрамоқ кераклиги ҳақида қайғурасан.

 

2.      Абдулла Қодирий, “Меҳробдан чаён” романи. “Билимли, замонавий ва диний ҳиссиёти ўткир Раъно” – маърифатпарвар Қодирийнинг идеали. У ўн тўрт ёшидаёқ “Ҳафтияк”, “Қуръон”, “Чаҳор китоб”, “Сўфи Оллоёр”, “Маслак ул-мутаққин”, Навоийнинг барча асарлари, “Девони Фузулий”, Амирий, Фазлий, Хожа Ҳофиз Шерозий ва Мирзо Бедил... Шайх Саъдийнинг “Гулистон”ини ёд билади. Ўзи яхши кўрган чиғатой-ўзбек шоирларининг бадиий асарларидан алоҳида мажмуа тузган. Раъно ҳамма замонларнинг “нодир учрайтургон якто фозила қизларидан”. Ўйлаб қоламан, хон ҳарами остонасини ўзига эп кўрмаган, ота-онаси ва укаларининг ҳаётини таҳлика остига қўйиб, ярим тунда эркакча либосда ота ҳовлисини тарк этган Раъно ўз даври – муҳити учун қанчалар ўгай фарзанд бўлган экан-а? Агар у анча-мунча маданийлашган дунёнинг фарзанди – бизнинг замондошимизга айланган тақдирда ҳам бу исёнкор қизнинг қисмати қанчалар оғир кечарди... Уни барча таҳқиру надоматлардан аъло эканини исботлай олармидик? Кумушбиби жозибасидан кўра Раънонинг мардлиги кўпроқ ўйлантиради. Айни дамда замондошинг қиёфасида марғилонлик сулувни эмас, Раънони кўргинг келади. Ўзбек адабиётида яратилган аёл қаҳрамонлар орасида энг залворлиси ҳам шу бўлса керак. Назаримда, ёзувчи шарқ аёлларида кўришни орзу қилган шиддату қатъиятни шу қаҳрамонига сингдиргандек. Лекин у феминистка эмас! Кечирасиз-у, ўша даврда хоннинг ҳарамини ўзига шараф деб билган, Раънонинг ўнлаб дугоналари бўлмаган дейсизми? Қайта-қайта мурожаат этса-да, ҳамиша янги гап айтиш мумкин бўлган қаҳрамон. Адабиётда шундай камёб тимсоллар бўлади: Ҳамлет, Антигона, Медея, Искандар, Печорин, Ваня тоға ва ҳатто “ревизор” – Хлестаков!.. Булар қаторига ҳеч иккиланмасдан Отабек билан Раънони ҳам киритиш мумкин. Бу образлар орқали санъаткор ўз даври ва жамиятининг дардларига ташхис қўяди. Раъно ўзининг нозик елкасига замонлар юкини, инсонлар дарду изтиробларини кўтара оладиган образ. Уни маънавий жасорат тимсоли дейиш мумкин. Маънан жасорат кўрсатиш учун тафаккур қилиш, фикрлаш, китоб ўқиш, мушоҳада санъатини эгаллаш керак. Ичинг бўм-бўш, онгинг қашшоқ бўлса, жасорат тугул, дадилроқ сўзлашга ботинолмайсан.

 

3.      Аликсандр Пушкин, “Евгений Онегин” шеърий романи. Муҳаббат ҳақидаги бетакрор асар. 15–16 ёшда ўқиганингда зерикиш дардига мубтало бўлган Онегинни ва туйғуси маъюс Татьянани ўзингча тушунгандек бўласан. Лекин уларнинг чўнг изтироби билан бўйлаша олмайсан. Шу боис бу китобни айни навқиронлик айёмида яна бир карра мутолаа қилган маъқул. Пушкиннинг ўзи тан олишича, “Евгений Ониген” ақлнинг совуқ кузатуви ва юрак ҳасратининг маҳсулидир. Сиз мазкур асарда орзу-хаёллар билан видолашаётган романтик йигит дардларига ошно бўласиз. Унинг эрка руҳи туйғуси пўк аёллардан безгани каби, жамият риёларидан ҳам эрта толиқади. Хаёл ва ҳаёт ўртасидаги зиддиятлар йигит кўнглини топтайди. Ички дунёси бой, ўз оламига эга Татьянани хаёлпараст маъсума, пок тийнат соҳибаси қилиб тасвирлашда Пушкиннинг АЁЛ шахсиятига ҳурмати мужассам. Шоир аёл поклигини, маъсумалигини ҳаёт-мамот даражасида муқаддас деб билади. Асарда киборлар дунёсининг завқи, тантанаси, ўйин-кулгилар, хотин-халажнинг ғамзаси борича тасвирланади. Бироқ бу ғала-ғовурга бегона, ёт қалб эгалари борки, уларнинг кимлигини, қалбидаги пўртаналарни ўқувчи асарнинг охирида англайди. “Евгений Онегин” ўз замонига сиғмаган, лекин ҳамма замонларнинг эрка фарзандига айланган шоир арзи ҳолидир.

 

4.      Александр Дюма, “Граф Монте Кристо” романи. Александр Дюманинг тутқунлик, мутелик, ожизликдан халос этадиган бу романи ўқувчи юрагида қатъиятни уйғотади. Худога таваккал қил, дейди. Вақт ҳамма оғриқларни даволаши, кимгаки қандай ёмонлик қилма, ўзингга қайтиб келишидан сабоқ беради. Ҳаётнинг қалтис вазиятларида синиб қолмасликка ўргатади. Китобсеварда эртанги кунга ишонч, илмга рағбатни кучайтиради. Ўсмирлик палласи ўта нозик, ҳатто хавфли палла. Айни шу дамда ёш йигит-қизнинг кўксида Эдмон Дантеснинг фикри гупириб туриши айни муддаодир. “Худойим ўзи яратган инсонга ҳаёт ва яшашга чексиз муҳаббатни ҳам ато этган экан, инсон ана шу азиз ҳаётни сақлаш учун қўлидан келган ҳамма чораларини кўрмоғи керак, бу Парвардигор амри. Ишонч ва умидворлик ёшлик тимсолидир”. “Граф Монте Кристо” инсон иродасига қўйилган ҳайкалдир!

 

5.      Нодар Думбадзе, “Абадият қонуни” романи. Нодар Думбадзенинг ушбу асарида журналист Бачананинг шундай гапи бор: “Инсоннинг юраги унинг танасидан юз баробар оғирроқ... Шу даражада оғирки, уни бир киши кўтаролмайди... Бинобарин, биз одамлар токи тирик эканмиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз, бир-биримизнинг юрагимизга мадад бўлишга ҳаракат қилишимиз керак: сиз – менга, мен – унга, у эса бошқа бировга...”. Инсон қанчалик иродали бўлмасин, юрагидаги залворни ёлғиз ўзи кўтаришга ожиз. У ҳамдамга муҳтож.

 

Мариянинг Бачана олдидаги иқрорида ҳаётнинг тахирдан тахир шаробини ичган, бироқ инжа туйғуларни бой бермаган юракнинг харитасини кўрамиз: “Ҳаётимда беш марта ўлиб, беш марта қайта тирилганман. Биринчи марта қўрқув ичида ўлиб, ёлғиз яшаш учун тирилдим... Иккинчи марта ёлғизликда ўлиб, муғамбир бўлиб тирилдим... Учинчи марта муғамбирликда ўлиб, бепарво бўлиб тирилдим... Тўртинчи марта бепарволикда ўлиб, нафрат билан тирилдим... Бешинчи марта нафрат билан ўлиб, муҳаббат билан тирилдим... Энди муҳаббат билан ўламан. Бу менинг сўнгги ўлимим бўлади...”. Муҳаббат билан “тирилмоқ” учун мана шу чиғириқлардан ўтишга тўғри келади. Бахтнинг йўллари дўзах оташи каби азоб. Осон йўлдан бориб топилган бахт – бахт эмас. Бу йўлда неларнидир бой берасан...

 

6.      Александр Беляев, “Амфибия одам” романи. Александр Беляевнинг ушбу асарини 12 ёшимда ўқиганман. Дарсда эдим. Энг охирги партада ўтириб, китобнинг охирига етганимда, пиқиллаб йиғлаб юборгандим. Синфдагиларнинг ҳаммаси ажабланиб қараганди ўшанда. Асар якунида одамлар Ихтиандрни унутган, бундай одам-балиқнинг яшаган ё яшамагани чўпчакдек туюлиб, ҳамманинг ёдидан чиққан вақтда ҳам чин отаси Балтазарнинг денгизга қараб “Ихтиандр, ўғли-им-м!” деб нола қилишидан таъсирлангандим. Асар илмий-фантастик жанрда бўлса-да, одамзотнинг жирканч ҳаётини таҳлил қилади. Доктор Сальватор: “Мен бахтли одамлар дунёсини яратмоқчи эдим. Одамлар бахтли бўлсин дегандим. Инсон жамики иллатидан покланиб, турфа пасткашликларини тарк этиб, осуда жамиятда яшашини орзу қилгандим”, дейди. Бироқ БАДБАХТЛИК ҳатто орзунгнинг фуқароси бўлишга ҳам йўл қўймайди. Табиат ҳукмидан узилиб қолган интеллект ёвузликка хизмат қилишини англаган профессор барча уринишларининг беҳуда эканини, инсон учун ЗАМИН борлигини охир-оқибат англаб етади. Илоҳий қонуниятни бузиш эвазига жондан азиз фарзанди, бор илмий ишлари, ҳаммасини қурбон беради. Аллоҳ яратган Дунёни тузатаман деб инсон ўзини ўзи ҳалокатга мубтало этиши муқаррардир.

 

7.      Ричард Бах, “Оқчарлоқ Жонатан Ливингстон” қиссаси. Ричард Бахнинг ушбу асари ёшларнинг доимий ҳамроҳи бўлишини хоҳлардим. Тез-тез ўқиб турсалар дейман. Китобхонни маънан бир поғонага кўтарадиган ва руҳий парвоз завқини берадиган китоб бу. “Оқчарлоқ Жонатан Ливингстон” ҳикояси “Лисон ут-тайр”нинг содда варианти. Етуклик, комиллик ҳақидаги гаплар лабимиз қирғоғидан шу қадар осонгина тўкилиб кетади-ки... Балким, бу тушунчанинг асл мағзига ета олмаганимиз учун ҳам жўн тасаввуримиз “комиллик”ни увол қилиб ташлар. Асардаги Салливэн деган қушнинг гапларини эслайман: “Сен тасаввур қиласанми: яшашдан мақсад – қорин тўйғазиш, озуқа талашиб жанжаллашиш ёки Тўдага ҳоким бўламан деб куйиб-пишишдан иборат эмаслигини англаб етиш учун ҳар қайсимиз нечта умрни яшаб кўришимиз лозим бўларкан?.. Минглаб умрни, Жон, ўн минглаб умрни. Шундан кейин эса дунёда комиллик деган тушунча ҳам борлигини фаҳмлашимиз лозим бўлади...” Биз айтиб ўтилган тўсиқ – синовларнинг қай биридан омон чиқа олармикинмиз? Одам ҳайвондан онги, фикри, тафаккури билан ажралиб туради. Ҳаёт дегани емоқ-ичмоқ, кийинмоқ, жисмни безамоқдан иборат эмас. Оқчарлоқ Жонатан баҳоси арзон ҳаваслардан воз кечишга, шунчаки эмас, балки ҳазрати ИНСОН бўлиб яшашга ундайди. Бу қушлар ҳақидаги асар эмас, ўзимиз – инсоният ҳақидаги асардир.

 

8.      Жалолиддин Румий, “Ичиндаги ичиндадур” асари. Хуллас, ички эркка эришмасдан, маънавий тушовларни узмасдан туриб, комилликни орзу қилиб ўтирманг. Мавлоно Румий бошдаги занжирлардан – ҳаётнинг замзамаларидан озод бўлишга ундайди. Энг хавфли зиндон онгдаги маҳдудликдир. “Биз ягона оғочнинг буталаримиз”, дея дину мазҳаб деворларни қулатади. Дунёнинг нариги қирғоғида оғриб турган жон биродаринг эканини ҳис этасан. Ва атрофингдаги кўпчилик интилаётган, оммани қизиқтираётган, бизни ушлаб турган расмий тутумлар жуда бачкана туюлади. Бу асар ички ҳурликка эришиш йўлларини кўрсатади. Мутелик, қулликдан қутулиб, бошингдаги кишанларни улоқтирасан. Соддароқ айтганда, мақсадинг ўзингга тушовми, воз кеч, дейди “Ичиндаги ичиндадур”. Бировларга букилиб-эгилиб кун кечиргандан маънан ҳур бўлиб яшаш қанчалар ҳузурбахш! Сўнгги хулоса эса: неки изласанг, бари сенинг ичингда, ҳаммаси ўзингда жам. Адолат, вафо-муҳаббат, гўзалликни ҳақиқатбозга ўхшаб ўзгадан эмас, ўзингдан излашга, топишга ундайди. Ҳазрат Навоий ҳам бежизга: “Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил”, демаган.

 

9.      Лев Толстой, “Анна Каренина” романи. Аёл ва эркак дунёси кесишган, тадқиқ этилаётган нуқта ҳар доим қизиқ туюлади. “Анна Каренина” ҳам шундай. Туйғуларини мардларча ҳимоя этган, чин ишққа ташна, жамият занжирларидан озод аёл қисмати кўпчиликда эътироз уйғотар, лекин ҳаётнинг беомон гурзиси сиздаги кибрни чилпарчин қилиб, аёл изтироби билан юзма-юз қўйиши ҳеч гап эмас. Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл. Бундай ишқнинг юкини кўтара олиш ёки унга муносиб бўлиш қанчалар қийин!!! Баъзи адибларимиз Анна образини нотўғри талқин этишади. Парадоксни қарангки, Аннага “ахлоқсиз” деган тамғани ўзи бўйнигача фаҳшга ботган жамият, Аннадан руҳан қуйи, ички дунёси ҳеч қачон у билан бўйлаша олмайдиган маънан мажруҳ қавм босади. Италиялик режиссёр Жузеппе Торнаторенинг “Милена” фильмини кўрганимда ҳам, Аннани эслагандим. Фильмда гўзал бир хилқатни хунукдан хунук хотинларнинг ажи-бўжи тўдаси – жаҳолат қандай қилиб бадном қилгани шафқатсиз реализм билан кўрсатилган. Аннанинг қалби риёкорликка исён қилади.

 

У бошқалардек яллоланиб яшаб кета олмайди. Иккиюзли хоним қиёфасидан жирканади. Унинг мардлиги – ўз фожиасига, ҳақиқатига тик боқа олганида.

 

10.    Валентин Катаев, “Хаёл чечаклари” асари. Ёзувчи бўламан деган китобхон Валентин Катаевнинг “Хаёл чечаклари”ни ўқисин. Эссе, хотиралар қандай ёзилиши, фикр қандай ифодаланиши билан танишсин. Бу бир ўқиб, қайта қўлга олинмайдиган асар эмас. Узоқ-узоқ йилларгача такрор-такрор мутолаа қилиш мумкин. Давр таъсири, мафкура тазйиқларидан холи хотираномада муаллиф Маяковский ва Бунин мисолида тузумга ўзининг шахсий, холисона муносабатини билдиради. Бири янги давр – шиорлар даврини чапак чалиб қарши олса, иккинчиси мутлақ инкор этади. Аммо иккисининг қисмати-да фожеий. Айни ўша палла инқилобдан кейинги ҳаёт – қадриятлар ер билан битта бўлган, худдики Алпомиш “ўлиб”, ултонтозлар тўрга чиққан давр эди. “Хаёл чечаклари”ни ўқиётиб, ўқувчи муҳим жиҳатни: тузумнинг ўткинчи кайфиятига берилмасдан тузум ҳақида, замонасоз кўйига тушмасдан замон тўғрисида ёзиш санъатини кўради. Ҳақиқат шуки, қийқириқлар ортида қичқириқлар бор. Даврлар дахл қилолмайдиган ҳудуд – сенинг хаёлинг! Унда униб-ўсган чечакларни пайҳон этмасдан оқ қоғозга топшир. Адабиётимизда хотиралар, эсселар, ёдномалар кўп ёзилган, лекин мен “Хаёл чечаклари”нинг яқинига келадиганини кўрмадим. На бадиият, на ҳақиқатга холис ёндашилгани, на воқелик соф ҳолича ёритилгани жиҳатидан. Валентин Катаев ўзини тадқиқ этади, ўзини ўрганади. Ўзингни тадқиқ қилиш осонми?

 

Иқбол Қўшшаева 1982 йили Бухоро вилоятида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг бакалавр (2003), магистратура (2012) босқичларини тамомлаган.

 

У меҳнат фаолиятини 2004 йилда газетада бошлаган. 2013 йилдан бери “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Кино-видеомаҳсулотлар ва тезкор дубляж” муҳарририяти катта муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатиб келади.

 

Сукунат туғёни” китоби муаллифи.

 

Иқбол Қўшшаева 2007 йилда “Атиргул”, 2023 йилда “Энг улуғ, энг азизРеспублика танлови ғолиби бўлган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//