Яқинда ижтимоий тармоқда бир изоҳни ўқиб қолдим. “Авваллари кинолар ҳаётдан олинарди, энди ҳаётимиз кинолардан олиняпти”, дея ёзган изоҳ муаллифи. Шу бир оғизгина жумлада бугунги медиа олами, ТВларнинг умумий манзараси ва уларнинг ҳаётимизга таъсири жуда аниқ ифодаланган. Биз ўзбек маънавияти, тарбияси, одоб ва ахлоқ ҳақида минг жон куйдириб гапирмайлик, миллионлаб халқимиз томоша қиладиган кундалик дастурлар ҳатто Голливуд фильмларида ҳам кўтарилмайдиган жирканч ва табу мавзуларни намойиш этаётган бўлса, барча ҳаракатларимиз бенаф кетади. Ижтимоий тармоқларда беҳаё контентлар кўплигидан нолиймиз. Улар бир уммондай гап, бир ўзанга йиғишнинг, бошқаришнинг имкони йўқ. Бироқ телеканалларимиз томошабин олдидаги масъулиятни ҳис қилмаётгани, эфирга берилаётган сериаллару теленовеллалар олдида ижтимоий тармоқлар ҳам ип эшолмай қолаётгани аччиқ ҳақиқат. Бу ҳолатга зиёлилар бефарқ қараб турмаслиги, эфирдаги контентларнинг яхши томонга ўзгариши учун муносабат билдириши зарур деб ўйлайман. Сериаллар ҳақида узоқ гапириш мумкин, лекин биз диққат қаратмоқчи бўлган жиҳат – теленовеллалар масаласи. Бир пайтлар теленовелла деганда фақат “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувини тушунардик. Унда ҳаётда учраб турадиган турли иллатлар, оилалардаги носоғлом муносабатлар ўта маҳорат билан кўрсатиб бериларди. Албатта, новелла сўнггида қиссадан ҳисса айтиларди, яъни томошабинга бу воқеа орқали етказмоқчи бўлган мушоҳадалар баён этиларди. Бугун эфирга узатилаётган новеллаларнинг мавзуси, сюжети ўз йўлига, аммо уларнинг “кўриш”лар сони изидан қувиб, ҳар қандай хайпга берилаётгани, ҳаётни бўрттириб, трендбоп воқеликларни бўрттириб, бепарда акс эттираётгани ачинарли. Нафақат ачинарли, балки кишини хавотирга ҳам солади.
Теленовеллалар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Теленовелла аслида сериалга параллел тарзда Лотин Америкасида чиқарилган тўлиқ сюжетли телесериал ҳисобланади. У 1950 йилларда пайдо бўлган ва бора-бора Лотин Америкаси мамлакатларида телевидениянинг асосий жанрига айланган. Теленовелла формати сериалга ўхшаб кетса-да, хилма-хил сюжетлар ва турфа қаҳрамонлар тақдирини кўрсатиб бериши билан Америка сериалларидан фарқ қилган. Америка теленовеллаларида ҳам кўпинча эр-хотин ва уларнинг оилавий ҳаёти сюжетнинг асосини ташкил этган. Бундан ташқари, теленовеллаларнинг чекланган трансляция муддати тахминан олти ойни ташкил қилган ва эпизодлар сони 180 дан 200 тагача ўзгариб турган. Мабодо рейтингда муваффақият қозонган тақдирда бу рақам янада кўпайган.
1950 ва 1960 йиллардаги теленовеллалар асосан романлар ёки бошқа адабий асарларнинг экранга мослаштирилган талқини бўлиб, фақат бир нечта Лотин Америкаси драматургларигина теленовеллалар учун оригинал ҳикоялар ёзиб беришган. 1960 йилларнинг охирига келиб, продюсерлар теленовеллаларни суратга олинган мамлакатнинг маданий муҳитига боғлиқ қилиб, оригинал сценарийлар яратишни бошлашган. Ўша йилларда Лотин Америкасида фақат теленовеллалар ишлаб чиқарувчи махсус телевизион тармоқлар тузилиб, улар бутун дунёга ўз медиамаҳсулотларини экспорт қилишган. 2018 йилга келиб, бутун дунёда теленовеллаларнинг машҳурлиги пасая бошлади. Бизда эса шу вақтга келиб теленовеллалар оммалаша бошлади. Бугунга келиб уларнинг сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Сир эмаски, теленовеллалар бугун хусусий телеканалларнинг асосий рейтингбоп дастурлари сифатида қаралмоқда.
Хусусан, “Миллий” телеканалида “Иқрор”, “Зўр” телеканалида “Сабоқ”, “Тақдирлар исканжаси”, “Севимли” телеканалида “Тақдирлар”, “Менинг юртим” телеканалида “Воажаб” каби туркум теленовеллалар тақдим этилади. Бу теленовеллалар асосан прайм-тайм вақтида намойиш этилади. Масалан, “Зўр” телеканалида шу пайтгача “Сабоқ” теленовелласи намойиш этилган бўлса, эндиликда ҳафтада 4 кун давомида кечки соат 21:00 да “Тақдирлар исканжаси” теленовелласи эфирга узатилади. “Севимли” телеканали ҳафтада 5 кун давомида кеч соат 21:15 да “Тақдирлар” теленовелласини томошабинларга тақдим этади. “Миллий” каналидаги “Иқрор” теленовелласи баъзан 18:05, баъзан 20:00да намойиш қилинади. Бу айнан одамлар дастурхон олдига келиб, телевизор қаршисига жойлашган пайтга тўғри келади.
Телеканаллар ушбу новеллаларни эфирга узатишдан ташқари уларни ўз Ютуб каналларига жойлаб боришади. Энг кўп эътирозга сабаб бўладиган жиҳат, айнан ушбу новеллаларнинг Ютубдаги сарлавҳалари эканини айтиш лозим. Кўпроқ кўрилиши, одамларни жалб этиши учун на этика, на мантиққа тўғри келадиган номлар билан жойлаштирилади. Биз мақолани ёзиш чоғида телеканалларнинг Ютуб каналларига қўйилган ушбу теленовеллаларни қайтадан кўрдик ва диққатни тортадиган номлардан баъзиларини сизга ҳам ҳавола қилишни лозим топдик. Масалан, “Иқрор” теленовелласининг турли қисмлари “Тенг тенги билан”, “Шилқим қайнота”, “Куёвнинг мебелига келиннинг пардаси мос келмади”, “Дўстимнинг аёли менга ёқади”, “Эрга тега олмаётган қиз”, “Онаси танлаганига уйланган йигитлар тўйдан кейин бошқа қизни севиб қолишса нима қилиш керак?”, “Овсинимнинг найранглари”, “Ўғри қизлар”, “Қўшнимнинг хотинини севиб қолдим”, “Бегона келин” ва ҳоказо сарлавҳалар билан номланган.
“Севимли” телеканали Ютуб саҳифасига “Тақдирлар” теленовелласининг турли қисмлари “Қизини пуллаган ота”, “Ўғри келин”, “Маҳр машмашаси”, “Отасини ўлдирган наркоман ўғил”, “Зиқна қайнонам ўзини ўлдирди”, “Иккинчи эридан бахтини топган аёл”, “Эримга меҳр беришни кундошимдан ўргандим”, “Алкаш ота қизини...” каби номлар билан жойлаштирилган. Ёки яқиндан “Зўр” телеканалида берилаётган “Тақдирлар исканжаси” теленовелласи сонларига “Поччам мени зўрлади”, “Келиним мени ўқитган”, “Овсинимни ўлдирдим”, “Кўчадаги аёлларнинг макри”, “Иримчи қудалар”, “Қиморга тикилган қиз”, “Келинимдан жирканаман”, “Қайнонам актриса экан” каби сарлавҳалар қўйилган. Аввалроқ намойиш этилган “Сабоқ” теленовелласининг қисмлари эса “Гўзаллигига алданган қиз”, “Болани ўлдирган пардалар”, “Келинини ўлдириб қўйган қайнона”, “Ўз уйимдан қувилдим”, “Санъаткорни хўрлаган қайнона”, “Қайниукам тегажоғлик қилди”, “Отам мени бойга пулламоқчи”, “Бир уйда икки кундош”, “Ўлган эрим қайтиб келди” каби номлар билан Ютуб саҳифасига жойлаштирилган. Афсуски, улар 500 минг, 1 млн, баъзилари 2 млндан ошиқроқ ҳам томоша қилинган.
Балки, теленовеллалар ижодкорларининг нияти эзгудир, улар одамларни эгри йўлдан қайтармоқчи, тўғри йўлга бурмоқчидирлар. Лекин бу каби мавзулар, ҳаётни бу қадар тубанликлар ва жирканч манзаралар билан тўлиб тошган кўринишда тасвирлашдан муддао нима? Буни асло оқлаб бўлмайди. Рейтинг учун “кўриш”лар сони кетидан қувавериб, халқимизнинг фитратини бузиб қўйишдан қўрқмайдиларми? Теленовеллаларда тасвирланишича, ўзбек жамиятининг асосий муаммоси фақат оила атрофидаги муаммолар, холос. Гўёки ҳеч бир оилада тинчлик йўқ. Фақат хиёнат, алдов, фирибгарлик ва энг ёмони қотиллик. Ахир сизу бизнинг атрофимизда шу қадар тубанликлар бўляптими? Масалан, минг шукурки, мен бундай гап-сўзларни эшитмаганман. Баъзан сайтлардан, ижтимоий тармоқлардан онда-сонда ўқигандирман, лекин бу деган теленовеллалардаги воқелар ҳаётий асосга эга, улар сюжетни реал воқеликдан олишяпти деган фикр ўзини оқламайди. Балки, шундай тубанликларни содир қиладиган одамлар бордир. Лекин улар жуда кам, Худога шукур. Шунча эзгулик турганда бир сиқим тубанликни намойиш қилиш қанчалик тўғри?
Теленовеллаларга хос умумий жиҳатларни санаб ўтсак. Энг аввало, доим хиёнат мавзуси бор. Эр ҳамиша хиёнат қилади, келин ва қайнона доим уришади, одатда, қайнона жуда ёмон, қаҳри қаттиқ характерда кўрсатилади. Овсинлар ҳеч қачон келишмайди, фақат ака-укаларнинг орасини бузади. Меҳр-оқибат деган туйғулар йўқолиб бўлган. Иккинчи хотин ва кундош мавзуси ҳам узоқ “чайналадиган” мавзуга айланиб бўлди. Мен бу ижодкорларга қарата, “сиз наҳотки, ўзбек деган буюк миллатни шу майда ва тубан иллатлар атрофида тасаввур қиласиз”, деган саволни бергим келади. Ахир бу теленовеллалар куракда турмайдиган мавзулари билан томошабиннинг нафақат қимматли вақтини ўлдирмоқда, балки уларнинг миясини ҳам заҳарламоқда. Ахир бу каби воқеликларни кўрсатавериш бора-бора томошабинда исталган тубанликка одатий ҳол сифатида қарашдек лоқайдликни пайдо қилмаслигига ким кафолат беради? Ҳатто бир марта ёмонлик қилмаган инсонга ҳар куни “ёмонсан” деяверса, ўша инсон бегуноҳ ҳолида ўзининг ёмонлигига ишониб қолади-ку.
Эҳтимол, хусусий телеканаллар бу каби арзон хайпларга ўчлигига моддиятни рўкач қилиб келтиришлари мумкин. Лекин дунёда моддий манфаатдан кўра юксакроқ тушунчалар бор. Бу миллат маънавияти ва тарбияси масаласи. Унга кўз юмиб бўлмайди. Абдулла Авлоний бежиз “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё фалокат, ё саодат – ё ҳалокат масаласидир” деб ёзмаган эди. Ахир телевидения ижодкорлари ҳам шу миллатнинг маънавияти учун масъул бўлган инсонлар. Томошалар сони учун эмас, сифат учун, миллат маърифатини юксалтириш, бадиий дидини ошириш учун ҳаракатни қачон бошлаймиз? Ахир қачонгача одам ўлдириш, хотинини пичоқлаш, эрини заҳарлаш, иккинчи хотин, жоҳил қайнона, қотил келин каби маиший, тубан мавзуларни томоша қилиб юраверамиз?
Телевидения томошабин ортидан эргашиши эмас, балки сифатли ва юксак савияли контент изидан томошабинни эргаштира олиши лозим. Ҳақиқий профессионал ижодкорларнинг принципи бўлиши керак. Агар фақат моддий мақсад билан яшайверсак, миллат маънавиятини бой берамиз. Ёшларнинг тарбияси, орият, номус, уят, андиша каби туйғуларни йўқотамиз. Муҳтарам Президентимиз ўтган йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида “миллий контент” масаласи ҳақида бежиз тўхталмадилар. Биз тезроқ халқимиз учун манфаатли бўлган, миллат дунёқараши ва маънавияти фойдали бўлган миллий контентлар яратиш устида бош қотиришимиз лозим деб ўйлайман.
Биз оммавий маданият, чет элнинг бузғунчи ғояларига қарши курашимиз керак деймиз-у, лекин ўзимизнинг ойинайи жаҳонда намойиш этилаётган бузуқ ғояли, миллат маънавиятига мос келмайдиган теленовеллалардан келадиган хавф ҳам улардан қолишмайди. Бугун телеканалларимизда намойиш этилаётган теленовеллаларнинг бадиий савияси, мавзулар мундарижаси хусусида жиддий ўйлаб кўриш пайти келди. Мазкур масалага асосий ечим сифатида телеканаллар қошидаги Бадиий кенгашлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, уларнинг жиддий иш олиб боришини таъминлаш деб ўйлайман. Бадиий кенгаш таркибида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказидан мутахассислар ва экспертлар бўлиши лозим. Бугун жамиятга керакли, ҳаммага бирдай манфаатли медиамаҳсулотлар яратиш учун барча зиёлилар бирдай жавобгар ва шу миллат маънавиятига ҳаммамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз керак.
Камолиддин ТЎРАЕВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори
Шерматов АВАЗБЕК,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти
кичик илмий ходими
“Jadid” газетаси, 2024 йил 23 август, 35-сон.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ