“Аёлларнинг таълимга ҳақли эканини фақат иқтисодий ёки ижтимоий фойда билан баҳолаш нотўғри” – хорижда таълим олаётган оила билан эксклюзив интервью


Сақлаш
14:51 / 23.08.2024 82 0

Абдулазиз Суяров ва Хадича Суяровалар “Эл-юрт умиди жамғармаси” стипендиясини қўлга киритиб, Буюк Британияда таҳсил олишмоқда. Халқаро рейтингда пешқадам университетларда танлаган соҳаси бўйича ўқиётган оила билан у ердаги таълим муҳити, илмга муносабат, оила, қадриятлар ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбат қилдик.

 

– Суҳбатни Суяровлар оиласининг Буюк Британияга бориш фикри, оила аъзоларнинг бунга муносабати, турмуш ўртоғингиз билан биргаликдаги қарорингиз ҳақида бошласак. Ўзбекистондаги фаолиятдан нуфузли университетгача босиб ўтилган йўл қандай бўлди? 

 

2023 йилда 1-стипендия танлови ғолиблари бўлганимизни эшитиб жуда хурсанд бўлгандик. Турмуш ўртоғим билан биргаликда тайёргарлик кўриб, ҳужжатларни бирга топширганмиз. Иккаламизда бу режа аввалдан бўлган. Ундан олдин турли хил дастур ва стипендияларда ўзимизни синаб кўрдик. Аммо энг мақбули “Эл-юрт умиди жамғармаси” бўлган. Чунки имкониятлари кўпроқ ва карьерамиз давомида ҳам жамғарма бизни қўллаб-қувватлашини билардик. Ҳозирда PhD тадқиқоти учун ҳам жамғарма орқали бориб ўқиб келиш ниятидамиз.

 

Тўғрисини айтсам, ёш оила бўлганимиз учун ҳам осон, ҳам қийин бўлди. Энг аввало, келажагимиз учун ҳам, соҳа танлашда ҳам Ватанимиз учун муҳим бўлганини танлаш керак эди. Танлов жуда катта рол ўйнайди, чунки келажакда бу йўналишда илм-фан қиласиз ёки ишлайсиз. Кейин эса жамғарманинг талабига кўра, дунёнинг Топ-300 рейтингига кирадиган университетга ҳужжат топширишингиз лозим. Нуфузига қараб, талаблари ҳар хил бўлиши мумкин. IELTS муҳим омил эмас, камида 5,5-6 балл олиш етарли. Юқори рейтингдаги университетлар эса баландроқ талаб қўяди.

 

Шахсий тажрибамиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ёлғиз эмас, дўстингиз билан бирга тайёргарлик кўрсангиз кўпроқ натижага эришасиз. Чет эл олийгоҳлари йил давомида ҳужжат қабул қилади, лекин эртароқ ҳаракатни бошласангиз яхши. Буюк Британияда магистратура 1 йил давом этади – бу ҳам катта омил, чунки вақтдан ютасиз.

 

Оила аъзоларимизга келсак, улар бизни фақат қўллаб-қувватлаган. Ҳеч қандай қаршилик бўлмаган. Ҳатто эътибор берган бўлсангиз, иккимиз турли шаҳарларда таълим оляпмиз: биримиз Англиянинг Лидс шаҳрида, иккинчимиз бўлса Шотландия пойтахти Эдинбург шаҳрида. Чунки биз шу университетларни танладик ва қароримизни ўзаро ҳурмат қилдик, бир-биримизга ёрдам бердик. Биласизми, ўзаро ишонч бизни руҳлантирарди ва бу охирида катта мақсадга айланди.

 

 

Бир орзуйимиз бор, битта ташкилотда ишлаб Ватан ривожига ҳисса қўшмоқчимиз. Соҳаларимиз бир-биридан унчалик узоқ эмас: биримизники инновация соҳаси, биримизники таълим бошқаруви. Балки таълимда инновациялар қилармиз, ё инновацияда таълимни ривожлантирармиз... Яқинда қайтганда режаларимизни амалда кўришимизга ишонаман. Тадқиқотларимизни ҳам бир-бирига яқинроқ қилиб танлашни режалаштиряпмиз.

 

Қисқаси, биргаликда қилинган орзу-мақсадлар, ўзаро ишонч ва ҳурмат, ҳаракат, шунингдек, яратилган шароитлар бизни Буюк Британияга олиб келди.

 

– Бошқа давлатга ўқиш ёки ишлаш учун кетган ҳар бир одамда “culture shock” бўлиши табиий. Сизларда маданиятга, яшаш тарзига мослашиб кетиш қандай кечди?

 

– Табиатан киришимли бўлганимиз учун унчалик қийин бўлмаган. Бу ерда энг кўп соғинган нарсаларимиз – миллий таомларимиз. Уларнинг қадри энди жуда билиняпти. Эдинбург ва Леедсда бирорта ҳам ўзбек миллий таомлари сотиладиган ошхона йўқ. Ўзим миллий овқатларимизни пиширишни билсам-да, нимадир етишмайди. Ош тайёрлаганимда ҳам мазаси яхши, лекин нимадир бошқача. Бу ерда бизда топилмайдиган, ноёброқ кўп овқат турлари бор. Лекин барибир уйда онам тайёрлаб берган битта Самарқанд оши, тандир сомсалари ёки нонининг ўрнини босадигани бўлмади ҳали. Бошида, Буюк Британияга келиб “culture shock”га учрамадим, тезда мослашиб кетдим деб ўйладим. Инглиз тилини биламан, кинолари, китоблари орқали улар ҳақида анча-мунча тасаввурим ҳам бор эди. Энди ўйлаб қарасам, маданиятлар ўртасидаги фарқ катталигидан кўп ҳолларда “culture shock”ка учраётганимни  сезмаган ҳам эканман.

 

Масалан, interesting (қизиқарли) сўзига оид қизиқарли жумлалари бор. Лекция давомида ёки шунчаки суҳбат вақтида профессорларга ўзимнинг “ақлли” саволларимни берганимда, аксарият ҳолатларда “Interesting question” (қизиқ савол) деган гапни эшитардим. Оҳ, ана профессорга қизиқ бўлса унча-мунча савол бермабман-да, деб ичимга сиғмай юраверибман. Кейинроқ билсам, инглизлар ўзлари бирор фикрга қўшилмайдиган ёки ёқтирмаган саволларга нисбатан шу жумлани ишлатар экан. Айрим ҳолатларда жуда элементар ёки улар учун содда нарсаларни сўралганда ҳам шу сўзни ишлатилишини ниҳоят тушуниб етдим. Ёки узоқ вақт нимадир айтиб берсангиз “very interesting” (жуда қизиқарли) деб қўйишади. Бу, аслида, жуда кўп гапирдинг, зерикдим дегани экан. Ёки кимдир бир текис оҳангда “thats very good” (жуда зўр) деб қўйса, билаверинг, бу “жуда расво” дегани бўлади. Энг қизиқарлиси, топшириқларга берилган изоҳларда бўлган. Ўқитувчилар “feedback”ка жуда зўр чиққан деб ёзишади-ю, орқасидан кутилмаган паст баҳони қўйишади. Булар ҳаммаси уларнинг маданиятига хос, тўғрисини айтиб хафа қилмаслик ва шунчаки одоб юзасидан. Буни қабул қилиш осон бўлмади. Камина бўлса бу гапларни ҳали ҳам ўзбекчасига тушунишга ҳаракат қиляпман.  “Interesting” бўлса “interesting”да, нима қилдим ўзимни хафа қилиб!

 

– Суяровлар оиласи танлаган университетлар нуфузи, дунёдаги тутган ўрни ҳақида гаплашсак… У ерда ўзбек талабалари ҳам учрайдими?

 

Хадича Суярова:

– Эдинбург ҳақида қисқача айтадиганларим қуйидагилар: Университет жуда қадимий, 1583 йилда ташкил этилган. Мазкур университетда 45 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олади. Халқаро рейтингга (QS) кўра, дунё бўйича 22-ўринда туради. Халқаро талабалар улуши 49 фоизга тенг. 19 та Нобель мукофоти лауреати Эдинбург университетида таҳсил олган. Бундан ташқари, университетнинг 90 фоизга яқин илмий тадқиқот ишлари халқаро майдонда етакчи ҳисобланади. Бу университетда таълим сифати жуда юқори. Ҳозирда Ватанимиздан мен билганларим 5 киши таҳсил олаяпти. Камина таълим йўналишида Шерзод ака Ҳайдаров – шу соҳа бўйича докторантурада, Абдуллажон Неъматов TESOL йўналишида. Улар ҳам EYUFчилар. Биздан ташқари яна 2 та бакалавр талабалари ҳам бор. Умуман олганда, ўзбек талабалари камроқ.

 

Абдулазиз Суяров:

– Мен жойлашган шаҳар Англиянинг энг катта саноатлашган шаҳарларидан бири ҳисобланади. Тўғри бу шаҳар ва танлаган университетим дунёга унчалик ҳам машҳур эмас. Янги таълим муассасаларидан бири бўлиб, асосан, инновациялар ва саноат технологияларига ихтисослашгани мени ўзига жалб қилган.

 

Лидс университети (University of Leeds) 2023-2024 ўқув йилларида QS рейтингида 75-ўринни эгаллаган. Буюк Британиянинг энг яхши университетлари гуруҳи бўлмиш Russel Group таркибидаги илм-фан ва тадқиқот даражаси юқори таълим муассасаси ҳисобланади. Бу йил университетда қарийб 40 минг талаба таҳсил олади. 700 га яқин ўқув дастурлари таклиф қилинади.

 

Мен танлаган Глобал стратегиялар ва инновациялар менежменти (MSc) мутахассислиги университетнинг янги ва долзарб йўналишларидан бўлиб, Бизнес мактабидан жой олган. Университет халқаро талабаларга жуда кўп имтиёз ҳамда имкониятларни тақдим этади. Хусусан, ўзбек ёшлари 50 фоизгача грант олиш имконига эга.

 

Аксарият университетлардан фарқли равишда Лидс ёки Манчестер аеропортидан бепул кутиб олиш, турли снеклар, ширинлигу ичимликлар, бепул сим-карта ҳамда қўлланмалар мавжуд “Welcome Food Box” ётоқхонада тақдим этилади. 15 сентябрдан бошлаб 2-октябрга қадар университетда “Welcome Orientation Days” тадбири ўтказилмоқда. 300 дан ортиқ клублар, жамиятлар ва ижтимоий гуруҳлар томонидан ҳар куни турли тадбиру лойиҳалар бўлиб ўтади. Университетда ЛУУ (Leeds University Union)нинг ўрни жуда юқори бўлиб, янги келган талабалар ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги, кўпроқ дўстлар орттириши учун ҳамма ишни қилишади. Жумладан, Global Cafe (бепул ичимлик ва дўстлар давраси), Buddy Scheme (онлайн дўстлар орттириш ва улар билан ҳар куни пикник қилиш), Culture Shock Comedy Show (бир талабанинг янги давлатдаги кулгули саргузаштлари театри), Muslim Faith Tour (Мусулмон талабалар учун алоҳида тур), Program Inductions (ҳар бир таълим дастури учун алоҳида таништирув тадбирлари) кабилар. Энг эътиборли жиҳатларидан бири, университет ҳудудида мусулмон талабалар учун 4 та масжид бўлиб, ISoc (Islamic Society) гуруҳи ҳам фаолият олиб боради.

 

Тадбирлар, дарс жараёнлари ҳақида тез-тез почта манзилимга хабар келиб туради. Бундан ташқари, Минерва (биздаги HEMIS) платформаси орқали ҳам маълумотлар олишим мумкин. Ҳар бир бинода коворкинг ҳамда овқатланиш учун алоҳида ошхона мавжуд. Бино ёнида эса катта яшил ҳудуд бор.

 

Биласизми, нима менда ижобий таассурот қолдирди? Университетнинг йирик компаниялар, бизнес вакиллари ва тадбиркорлар билан яқин алоқаси. Мен университет биносида турли брендларнинг рекламаларини жуда кўп учратдим (таълимни молиялаштириш учун яхши услуб). Бундан ташқари, университетга яқин дўконлар ва кафеларда, жамоат транспортида ҳам катта чегирмалар мавжуд. Интернет, кутубхона, университет ҳудудида велосипед, спорт зали, компьютер хоналари ва ксерокопия талабалар учун бепул. Бизнинг олий таълим муассасалари учун энг катта фишка бу яқин атрофдаги бизнес вакиллари ва тадбиркорлар билан бемалол ишлаш имкониятини кўришса фойдали бўларди. Талабалар шаҳар бозорида жуда катта рол ўйнайди. Бундан ташқари, юқоридагидек баъзи хизматларни мутлақо бепул қилиш ёки талаба ўзи билан олиб келган тушликни бемалол истиб, қаҳва дамлаб олиш имкониятига эга ошхоналар ташкил қилиш зарур. Яна бир нарса, мен биринчи кунданоқ бўш кутубхона топа олмадим. Нима учун десам, 1 та лекция ёки workshopга тайёргарлик кўриш учун камида 5 та ёки 10 тагача мақола, баъзида китоб ҳам ўқиб чиқиш лозим экан. Яна бир эътиборимни тортган жиҳат, Лидсда ҳам, Эдинбургда ҳам хитойлик талабалар жуда кўп эди. Гуруҳимда тахминан 60 фоиз талаба хитойлик эди, адашмасам.  

 

 

– Хадича опа, университетда айнан таълим йўналишини танлаганига сабаб нима? Келажакда юртимиз таълим тизими учун қандай таклифларингиз бор?

 

– Таълим йўналишини танлашимнинг асосий сабаби, ушбу соҳада чуқур билимларга эга бўлиш ва шу орқали юртимиз таълим тизимини янада ривожлантириш истагидир. Буюк Британия университетлари таълим бўйича дунёдаги етакчи марказлардан бири бўлиб, уларнинг соҳадаги тажрибаси ва ютуқлари жуда катта аҳамиятга эга. Бу ерда олий таълим ва таълим фалсафасига оид курслар ўқиб, таълим тизимининг фалсафий асослари ва замонавий педагогик ёндашувларни ўргандим.

 

Ўзбекистон таълим тизими учун Буюк Британия ва АҚШ тажрибасидан бир неча муҳим жиҳатларни олиш мумкин. Англия таълим тизимида талабалар мустақил ва танқидий фикрлашга кенг ўргатилади. Бу ёндашув Ўзбекистонда ҳам талабаларнинг илмий изланиш ва ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш учун жорий этилиши керак. Буюк Британияда ўқитувчиларнинг касбий ривожланишига катта эътибор қаратилади. Ўзбекистонда ҳам ўқитувчиларни замонавий таълим технологиялари ва халқаро тажриба билан таништирувчи малака ошириш дастурларини кенгайтириш лозим.

 

АҚШ ва Буюк Британиядаги олийгоҳларнинг асосий ютуқларидан бири уларнинг кутубхоналари билан боғлиқ. У ерда талабаларга тинч ва осойишта муҳит яратиб берилади. Талабалар катта китоблар, ноутбуклар ва илиқ кофе билан ўтириб, билим олиш билан шуғулланишади. Ўзбекистонда ҳам шундай мотивацияга эга кутубхона муҳитини яратиш талабаларнинг дарс қилишга бўлган иштиёқини оширади ва таълим тизимида улкан қадам бўлиши мумкин.

 

 

– Инглизлардаги ота-она ва фарзанд муносабатларига тўхталсак. Уларда илмга, урф-одат ва қадриятларга қандай муносабат билдирилади?

 

– Инглизларда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар кўпинча мустақиллик ва ҳурматга асосланган. Фарзандлар ёшлигидан мустақил фикрлашга, ўз қарорларини қабул қилишга ўргатилади. Ота-оналар болаларига йўл-йўриқ кўрсатади, лекин уларнинг шахсий танловларини ҳурмат қилади. Бу тарбия усули уларнинг келажакда мустақил ва масъулиятли бўлишига ёрдам беради.

 

Илмга жуда катта ҳурмат билан қаралади. Ўзбекистонда ҳам ҳозирги кунда кўпчилик ота-оналар фарзандларининг таълимига жуда катта аҳамият беряпти. Инглизлар илм-фан ва таълимни жамият ривожланишининг асосий омилларидан бири деб билади. Шунинг учун болаларга ёшлигидан илм олиш, янги билимларни ўрганиш ва тадқиқотлар қилиш учун қулай шароитлар яратиб берилади.

 

Урф-одат ва қадриятларга нисбатан инглизларда кўпроқ очиқ ва толерант ёндашув кузатилади. Улар ўз маданий анъаналарини қадрлаш билан бирга, бошқа маданиятлар ва урф-одатларга ҳам ҳурмат билан қарайди. Бу очиқлик ва толерантлик инглизлар жамиятида кўп маданиятли муҳитни яратишга ёрдам беради.

 

Ўзбек оилаларида ҳам ҳурмат ва ахлоқий қадриятлар муҳим ўрин тутади, лекин бизда ота-она ва фарзанд муносабатларида янада яқинлик ва қўллаб-қувватлаш ҳисси кучлироқ, – бу ғарб биздан ўрганиши мумкин бўлган ютуғимиз. Шунингдек, бизда анъаналар ва урф-одатларга кўпроқ амал қилинади ва кўпинча бу қадриятлар авлоддан авлодга ўтади. Инглизларнинг илмга бўлган ҳурмати ва фарзандларга мустақиллик беришга интилишлари ўзбеклар учун ўрнак бўлиши мумкин. Бизда ҳам болаларнинг мустақил фикрлаши, ўз танловларини мустақил амалга ошириши, янги билимларни ўрганишга бўлган иштиёқини ривожлантириш муҳимдир. Лекин шу билан бирга, ўзимизнинг бой маданий меросимиз, қадриятларимиз ва урф-одатларимизни сақлаб қолишимиз ва авлодларга етказишимиз керак. Инглизларнинг очиқ ва толерант ёндашуви бизга ўз қадриятларимизни сақлаган ҳолда, бошқа маданиятларни ҳам қабул қилиш ва улардан ўрганиш имконини беради.

 

– Буюк Британия ижтимоий ҳаётидаги ижобий ва салбий ҳолатлар ҳақида айтиб берсангиз. Нималарни ўрганишимиз, нималардан сабоқ олишимиз керак?

 

– Буюк Британия ижтимоий ҳаётида кўплаб ижобий жиҳатлар мавжуд. Энг асосийларидан бири бу жамиятда юқори даражадаги адолат ва қонун устуворлигидир. Фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билади ва қонунлар уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Бу ижтимоий барқарорлик ва ишончнинг шаклланишига олиб келади. Шунингдек, британияликлар жамиятда бир-бирларини ҳурмат қилишга ва хилма-хилликни қабул қилишга ўрганган. Бу эса кўп маданиятли ва кўп миллатли жамиятда тинч-тотув яшашга имкон беради. Таълим ва илм-фан соҳасига бўлган эътибор ҳам ижобий жиҳатлардан биридир. Британияда таълим сифати юқори даражада ва илмий тадқиқотларга катта эътибор қаратилади. Бу юрт тараққиётига катта ҳисса қўшади ва глобал майдонда рақобатбардош кадрлар тайёрлашга ёрдам беради.

 

 

Салбий жиҳатларга келсак, Буюк Британияда ижтимоий ҳаётнинг баъзи томонлари ўзбеклар учун нотаниш ёки қабул қилиниши қийин бўлиши мумкин. Масалан, жамиятда индивидуализмнинг кучлироқ эканлигини кузатасиз. Одамлар, кўпинча, ўз шахсий ҳаётлари ва манфаатларига кўпроқ эътибор қаратади. Бу эса ўзбек маданиятидаги каби яқин ижтимоий алоқалар, қўни-қўшничилик ва оила ичидаги яқин муносабатларга нисбатан камроқ аҳамият берилишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, жамиятда айрим ҳолларда анъанавий қадриятларнинг заифлашиши, урф-одат ва маданий мероснинг авлодларга етказилмай қолиши кузатилади. Бу ҳолатни Ўзбекистон учун сабоқ сифатида қабул қилиш мумкин, чунки ўз маданий меросимизни сақлаб қолиш ва авлодларга етказиш муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

 

– Сизнингча илм олиш йўлида биргаликда ҳаракат қилаётган оилада аёлнинг ўрни қандай? Қийинчиликлар ва бошқаларга ўрнак бўладиган жиҳатлар ҳақида айтсангиз?

 

Ўзбекистонда илм олиш йўлида аёлнинг ўрни жуда муҳим, лекин кўпинча ижтимоий структура ва иерархия туфайли қийинчиликларга дуч келинади. Аёллар таълим олиш учун ўзларини исботлаши ва ижтимоий нормага мос келиши керак бўлади. Чунки кўплаб ҳолларда аёллар иккинчи даражали ҳисобланади ва уларнинг имкониятлари чекланган бўлади.  Мен шахсий тажрибамдан биламанки, турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши илм олиш йўлида, карьерада ютуқларга эришишда катта аҳамиятга эга. Турмуш ўртоғим менга ҳар томонлама ёрдам беради, бу эса ўз билим ва мақсадларимга эришишимда муҳим рол ўйнаган. Бу ёндашув бошқа оилаларга ҳам ўрнак бўлиши керак, чунки эрнинг ёки оила аъзоларининг қўллаб-қувватловисиз аёлларнинг жамиятдаги роли фақат уй бекалик билан чегараланиб қолиши мумкин.

 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳам аёлларинг таълим олиши, карьера қилиши муҳимлиги тўғрисида жамиятда жиддий бурилишлар бўляпти. Лекин бу аёл кишига таълим берсак, иқтисодий, ижтимоий ва ҳоказо фойдалари бор, деган ғоя билан амалга ошириляпти. Масалан, аёллар молиявий мустақил бўлса, оиладаги етишмовчиликлар икки томон орқали ҳал этилиб, оилавий мустаҳкамликка эришиш мумкинлиги айтилган. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Одамлар орасида “қизларимизга, аёлларимизга таълим берсак, эртага улар етук билимли авлодни вояга етказади” каби гапларни кўп эшитамиз. 

 

Хотин-қизларга жамиятда ўрин берилиши кераклигини шунақа манфаат келтиради деб тушунтирмаса, бундай фиркларга бошқаларни ишонтириб ҳам бўлмаса керак. Бундай қарашда аёллар инсон сифатида қадрланиши, тазйиқларда ва иккинчи даражали бўлиб яшамаслиги эмас, шунчаки маълум бир мақсадларга етишиш воситаси бўлиб қолади.

 

 

Ишламаган, ижтимоий фойда келтирмаган аёл тазйиқларга чидаши керак ёки билим олиши шарт эмас деганими?  Фарзанди бўлмаса ўқимаслиги керак деганими (ахир у билимини фарзанд тарбиясига сарфламаяпти-ку)? Менимча, бирор манфаат учунгина аёлларни қадрлаш – уларнинг тўлиқлигича жамиятда тан олинишига тўсқинлик қилади. Чунки аёл кишидан келадиган фойдасиз ҳам жамият ўша ижтимоий, иқтисодий марраларига эришиши мумкин. Ҳеч қанақа фойда келтирмаса ҳам, шунчаки аёл, рафиқа, опа-сингил сифатида уларнинг ҳуқуқларини ҳеч ким поймол қилмаслиги керак.

 

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бу хотин-қизларнинг ўзлари. Ҳа, баъзи қизларга ўқиш, изланиш, эркинлик каби неъматлар берилган тақдирда ҳам улардан фойдаланишни ўзлари хоҳлашмайди.  Масъулиятни бўйнига олгиси келмайди. Қийналиб мақсадлари ортидан қувиб юргунча, кимгадир тезроқ турмушга чиқиб, дўконма-дўкон айланиб юришни кўзлайдиганлар ҳам кам эмас. Кўзлаган мақсадига эришиб, ҳақиқатдан бахтли бўлиб кетишса яхши, лекин аксарият ҳолатда ширин орзулар пучга чиқади. Бу ҳолатда қизларнинг фақатгина ёшлиги, ҳойу ҳавасларининг фалокатига эътибор қаратмоқчиман. Бу йўл билан улар зўравонлик қурбони бўлиши эҳтимоли юқорироқ.

  

Шундай қилиб, жамиятда аёлларнинг таълимга ҳақли эканлигини фақат иқтисодий ёки ижтимоий фойда билан баҳолаш нотўғри. Аёл инсон сифатида қадрланиши ва унинг таълим олиш ҳуқуқи фақат мақсадга эришиш воситаси сифатида эмас, балки унинг тўлақонли шахс сифатида тан олингани учун бўлиши керак. Иқтисодий фойдалилиги томондан баҳоланиши уларнинг шахсий қадр-қимматини камайтириши мумкин.

 

Аёллар таълимига эътиборни янада кучайтиравериш ва хотин-қизларни таълим олишга, мустақил фикрли шахслар бўлиб етишишга ундаш керак. Илм олиш ва шахсий ривожланишни муҳимроқ баҳолаш ва аёлларга ҳақиқий имкониятлар яратиш орқали биз жамиятимизда уларнинг тўлиқ қадрланишини таъминлай олишимиз мумкин.

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА суҳбатлашди.

Оyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 24.09.2024 0 23
Ажиниёз образига бир назар





Кўп ўқилган

Барчаси

//