Дунёда ҳанузгача миллионлаб инсонларни бир-биридан том маънода узоқлаштирган, умрига зомин бўлган COVID-19 пандемиясидан совиб улгургани йўқ. Боз устига, бир тарафдан мавсумий «тириладиган», қушларнинг миграцияси натижасида тез-тез «саёҳат қилиб турадиган» вируслар, бошқа тарафдан иқтисодий муаммолар ва сиёсий можаролар дунё аҳолиси учун йиллик «синов режасини» етарлича тўлдириб бермоқда.
Аммо сўнгги кунларда барчамизни сергак торттирган яна бир касаллик пайдо бўлди – маймунчечак. Бу вирус ҳақида эшитган одамларнинг кўпчилигида уни юқиш йўллари, хавфлилик даражаси ҳақида турли саволлар пайдо бўлмоқда. Шунингдек, баъзи бир инсонларга маймунчечак Африка яъни узоқ қитъада пайдо бўлгани билан хавфсиздек туйилаётгани ҳам бор гап.
Маймунчечак ёки бошқача қилиб айтганда Monkeypox SARS-CoV-2 вируси каби юқимли ва кенг тарқалган эмас. Бироқ, нега дунё соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва тиббиёт мутахассислари бу касалликка жиддий эътибор беришмоқда?
Касалликнинг қисқача тарихи
Маймунчечак илк бор 1958 йилда вирус билан зарарланган маймунда аниқланган. Ушбу касаллик ҳайвонлардан одамга юқиши мумкин бўлган зооноз касалликлар қаторига киради. 1970 йилда эса илк марта инсонда аниқланган ҳолатлар қайд этилди. Асосан бу касаллик 16 ёшгача бўлган беморларда учрайди.
Касалликнинг табиий ўчоқлари асосан Марказий ва Ғарбий Африкада бўлиб, сўнгги пайтларда бошқа минтақаларда ҳам тарқалмоқда.
Маълумот учун, маймун чечаги вируси жорий йилнинг апрель ва май ойларида Ғарбий Европанинг бир қанча мамлакатларида, шунингдек, бошқа қитъаларда тарқалди. Сўнгги кунларда у Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Португалия, Франция, Швейцария ва Швецияда, шунингдек, АҚШ, Канада ва Австралия, БАА да ҳам аниқланган.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан буён дунёда 14 мингдан ортиқ инфекция ҳолати қайд этилган. Афсуски, жорий йилнинг учдан икки қисмида чечак тарқалиши 2023 йилдаги кўрсаткичдан ошиб кетган.
Сўнгги кунларда АҚШда ҳам маймун чечаги билан касалланиш ҳолатлари аниқланган. Шу муносабат билан АҚШ ҳукумати чечакка қарши 13 миллион вакцина сотиб олишга буйруқ берган.
Маймунчечак нимаси билан хавфли?
Маймунчечак, бошқа зооноз касалликлар сингари, инсонга юққанидан сўнг инфекция чақиради. Касалликнинг энг муҳим хусусияти – ўлим кўрсаткичининг пастлиги ва касалликнинг тез юқмаслиги. Шундай бўлсада, вируснинг янги минтақаларда пайдо бўлиши ва кенгайиши глобал соғлиқни сақлаш тизими учун янги муаммо туғдириши мумкин. COVID-19 пандемияси тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, дунё мамлакатлари маймунчечакнинг тарқалишига қарши янада жиддий тайёр туриши зарур.
Инфекцияланган одамларнинг аксарияти бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади. Бироқ, вирусга қарши дорилар йўқ ва маймун чечагининг энг ҳалокатли штаммлари беморларнинг 10 фоизини ўлдириши мумкин.
Вируснинг тарқалиши ва хавф гуруҳлари
Маймунчечак одамларга асосан ҳайвонлар орқали юқади. Бироқ, инсондан инсонга ҳам юқиш эҳтимоли мавжуд бўлиб, бу асосан ўзаро жинсий алоқада бўлган кишилар орасида кузатилади.
Касалликнинг дастлабки белгиларига иситма, бош оғриғи ва мушак оғриғи, шишган лимфа тугунлари, титроқ ва озғинлик киради. Касал бўлганларда кўпинча юзда бошланиб, кейин тананинг бошқа қисмларига, жумладан қўллар, оёқлар ва жинсий аъзоларга тарқаладиган тошма пайдо бўлиши мумкин.
Касаллик қандай юқади?
– Инфекцияланган одамлар ёки ҳайвонларнинг биологик суюқликлари орқали;
– Ҳайвонларнинг тишлаши орқали;
– Юқтирилган ҳайвондан ёмон ишлов берилган гўштни истеъмол қилганда;
– Балғам орқали (ҳаво томчилари);
– Юқтирилган одам томонидан ишлатиладиган уй-рўзғор буюмлари орқали (бунда касал ва соғлом одамлар узоқ вақт давомида яқин жойда бўлса).
Ушбу вируснинг иккита штамми мавжуд: Cладе I ва Cладе II. Биринчи штамм билан зарарланган ҳар 10 кишидан 1 нафари вафот этади. 2022–2023 йиллардаги эпидемия Cладе II томонидан қўзғатилган бўлиб, у билан касалланган беморларнинг 99 фоизи омон қолган.
Иммунитети заиф бўлган шахслар, ёш болалар ва бошқа касалликлар билан оғриганлар кўпроқ хавф остидаги гуруҳга мансуб инсонлар ҳисобланади.
Чечакка қарши эмлаш одамларни маймунчечак юқтиришидан ҳимоя қилади, чунки улар ўзаро боғлиқ вируслардир.
Касаллик белгилари
Маймунчечакнинг ўртача инкубацион даври 6 дан 13 кунгача, аммо у 5 кундан 21 кунгача ҳам бўлиши мумкин. Вирус юққанида қуйидаги аломатлар кузатилади:
– иситма (ҳарорат 38,5 даражадан юқори);
– заифлик;
– мушак оғриғи;
– ошқозон-ичак трактида ноқулайлик.
Бундан ташқари, маймунчечакнинг ўзига хос белгиси лимфа тугунларининг яллиғланиши бўлиб, натижада ҳажми катталашади.
Бу аломатлар 50-66 фоиз ҳолларда юзага келади ва асосий симптом – тошма пайдо бўлишидан олдин содир бўлади. Айтиш жоизки, бу касалликнинг тошмаси сувчечакдан ўзининг ташқи кўриниши ва танадаги жойлашиши билан фарқ қилади.
Маймунчечакка қарши кураш
Бугунги кунга келиб, маймунчечак учун махсус вакцина мавжуд бўлмасада, илмий тадқиқотлар давом этмоқда. Шунингдек, баъзи мамлакатлар илгари қўйилган чечакка қарши эмлашларни қайта кўриб чиқишмоқда, чунки улар маймунчечакдан ҳимоя қилишда ҳам ёрдам бериши мумкин.
Дунё нимадан хавотирда?
2024 йил 14 августда ЖССТ маймунчечак эпидемиясини халқаро хавф деб эълон қилди. Маймунчечак пандемияга айланиши эҳтимоли жуда паст, аммо у соғлиқни сақлаш тизимлари учун янги синовдир. Айниқса, COVID-19 пандемияси ҳали тугамаган бир пайтда янги касалликнинг пайдо бўлиши глобал ҳамжамиятнинг эътиборини жалб қилмоқда. Янги касалликлар тўлқинини олдини олиш учун дунё давлатлари, халқаро ташкилотлар ва тиббиёт мутахассислари биргаликда ҳаракат қилишлари зарур.
Маймунчечакнинг яна бир хавфли томони – бу касалликнинг номаълумлигини ҳисобга олган ҳолда, нотўғри ахборотлар тарқалиши ва бу аҳолида янада кўпроқ хавотир уйғотиши мумкин. Шу сабабли, тиббиёт мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари ушбу касаллик ҳақидаги маълумотларни тўғри етказишлари ва аҳолига зарурий профилактик чораларни тавсия қилишлари муҳимдир.
Ўзбекистон учун қанчалик хавфли?
Мамлакатимизда маймун чечаги қайд этилмаган. Аммо чегараларимиз очиқ ва бу эҳтиёткорликни сақлаш кераклигини, профилактикага доимий риоя қилиш заруратини талаб қилади.
Бунинг устига, расмий манбаларга кўра, маймунчечакнинг янги штамми (Cладе-1б) Покистонга ҳам кириб келди. Бу вирус хавфининг Марказий Осиё минтақасига яқинлашганини англатади. ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреесус зарур чоралар кўрилмаса, маймун чечаги Осиё ва Европа жанубига тарқалиши мумкинлиги ва инсоният бу эпидемияга жиддий қараши кераклигини айтган эди.
Ўзбекистонда маймун чечаги аниқланиши эҳтимоли ва кутилажак чоралар ҳамда тайёргарлик ҳақида Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков шундай деди:
«Дунё ҳамжамиятида чинчечакка қарши вакцина бор. Маймун чечагига қарши вакцина мавжуд эмас. Чинчечак вируси дунёнинг фақат иккита давлатида – АҚШ ва Россия махсус лабораторияларида сақланяпти. Бу лабораторияларда уларни сақлашдан мақсад қачонки, чинчечакка ўхшаш касалликлар пайдо бўлса, уни солиштириш яъни қўзғатувчиларни бир-бири билан қиёслаш орқали аниқ ташхис қўйиш мақсад қилиб олинган».
«Касалликка лаборатория ташхисини қўйиш учун «полемераза занжирли реакция усули»дан фойдаланилади. Бунинг учун фақат тест системасининг бўлиши етарли. Шу нуқтаи назардан, ҳозир бу тест системаларини Ўзбекистон ҳудудига олиб келиш чоралари кўриляпти».
Отабеков маймун чечаги катта ёшдаги кишиларда аниқланмаслигини таъкидлаган. Вирус асосан ёш болалар учун жиддий хавф туғдиради, чунки катта ёшли авлод чечакка қарши эмланган бўлади ва иммун тизими нисбатан кучли:
«Баъзан интернет тармоқларида кўряпман. Баъзи бир тошмаларни расмга олиб, жойлаштиришяпти ва чинчечак бўлса керак, деган фикрлар олға суриляпти. Аслини олганда, чинчечак касаллигига катта ёшдаги одамлар чалинмайди. Негаки, уларнинг аксариятида чинчечакка қарши иммунитет бор. Ёш болаларда касалликка чалиниш эҳтимоли мавжуд. Касалликка чалинган тақдирда ҳам улар ҳаво томчи, яқин мулоқот йўли билан ҳамда тери ва шиллиқ қаватнинг жароҳатланиши билан кечадиган жисмоний мулоқотлар орқали ҳам юқиш эҳтимоли бор. Қолаверса, улар кийган кийим, улар ишлатган чойшаблар орқали касаллик юқиш эҳтимоли ҳам бор. Шундай экан, касалликнинг манбаи билан рўбарў келмаган одамда касалликка шубҳа қилиш учун асос кўринмайди».
Хулоса ўрнида
Маймунчечак – бу касаллик ҳақида олдиндан ўйлашимиз ва тайёргарлик кўришимиз керак бўлган янги чақириқдир. Касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўймаслик учун, соғлиқни сақлаш тизими етарлича тайёр бўлиши керак. Шу билан бирга, ҳар бир инсон ўз соғлиғига масъулият билан ёндашиб, зарур чораларни кўриши лозим.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ