“Батарея” олим бўлиб қолманг – ёш тадқиқотчиларга мактуб


Сақлаш
22:19 / 21.08.2024 96 0

Кўз очирмайдиган ахборот тўзони даврида яшамоқдамиз. Хабарлар дарёлар каби ҳар томондан оқиб келиб онгимиз денгизини тўлдирмоқда. Ташналик билан далилларни, назария ва тушунчаларни қабул қиламиз, терабайтлар ҳажмидаги маълумотларни ўзлаштирамиз, билимга бўлган туганмас чанқоғимизни қондиришга ҳаракат қиламиз. Аммо ўзимизни олим деб ҳисоблаш учун шунчаки маълумот тўплаш ва уни тавсифлаш кифоя қилмайди. Бир ўйлаб кўрайлик, билимдонлигимиз ички боғлиқлик ва амалий аҳамиятга эга бўлмаган, бир-биридан узилган ва ўзаро фарқ қилувчи далилларнинг оддий тўпламига айланиб қолмаяптими?

 

Билим ва илм – бир танганинг икки томони, улар дунёни англаш йўлидаги икки босқич. Билим – устига илм биноси қуриладиган пойдевор. У бизда қурилиш ашёлари сифатида мавжуд, аммо ижодий ишнинг мазмунини тақдим этмайди. Олайлик, тарих бўйича юзлаб китобларни ўқишимиз мумкин, лекин ижтимоий тараққиётнинг асосий қонуниятларини тушунмаймиз. Физик қонунлар формулаларини ёдлаб олишимиз ва бехато айтиб, ёзиб беришимиз мумкин, бироқ амалда қўллай олмаймиз. Демак, улар онгимизда билим, яъни пассив маълумот сифатидагина ўрнашган, холос. 

 

Илм маълумотни оддий қайта ишлаш (идрок этиш) тугайдиган жойда бошланади. У шунчаки жамғарма эмас, балки фаол ижод маҳсули, кишининг таҳлил қилиш, синтезлаш, алоқаларни топиш, умумлаштириш, хулоса чиқариш ва янги ғояларни тақдим этиш амаллари самараси.

 

Илм далилларнинг шунчаки тизмаси ёки жўн баёни эмас, балки ҳатто ҳали ҳеч ким бермаган саволларга топилган жавобдир. Унда маълум бўлганлардан ташқарига чиқилади, бунинг учун эса илмий муаммони аниқлаш, мунтазам фикрлаш, қийинчиликларни дадил енгиб ўтиш, натижаларни тинимсиз излаш лозим бўлади.

 

Ҳақиқий олим дарсликларни ўйламасдан ёдлайдиган ва баён этадиган “трансформатор” эмас, балки танқидий фикрлай оладиган, умумэътироф этилган ҳақиқатларга шубҳа билан қарайдиган, ноанъанавий ечимларни қидирадиган ва уларни топиб, тавсия этадиганлар бўлишади.  Шу маънода олимларни 4 тоифага ажратиш мумкин: “генератор” (илмий ғоялар берувчи) олимлар, “трансформатор” (генераторлар ғояларини тарқатувчи) олимлар, “аккумулятор” (қувват (заряд) олиб-олиб, маълум вақт ўтгач ишдан чиқадиган) олимлар ва “батарея” (диссертасия ҳимоя қилиб, яъни бир марта қувват олиб, тугайдиган) олимлар. Ҳеч бўлмаса, охиргиси бўлиб қолманг.

 

Ҳар биримиз илм-фанга ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин. Бунинг учун аслида профессор ёки ихтирочи бўлиш шарт эмас (жамиятда илмий даража ёки унвонга эга бўлмаган қанча чин олимлар бор), балки савол беришдан, жавоб излаш, тажриба ўтказиш ва қолиплардан чиқиб фикрлашдан қўрқмаслик кифоя.

 

Фақат маълумот истеъмолчиси бўлиб қолмаслик керак. Билимни ижод қуролига айлантириш талаб этилади. Ва кейин ўқиган саҳифаларингиздан ташқарида кашфиёт ва ютуқларга тўла ажойиб илм олами очилади. Бу оламнинг қанчалик гўзал, чароғон ва роҳатбахшлигини унга кирган кишигина ҳис қилади.

 

 

Илмий даражангиз илмингиз билан Сизни боқиши ҳам керак

 

Билим, кашфиёт, илмий чўққилар сари интилишда муқаррар савол туғилади: илмий даража нима учун керак? Бу ҳақиқатан ҳам шунчаки бир мақсадми? Йўқ, илмий даража мақсад эмас, балки янги имконият ва мустақил илмий фикрга йўл очувчи восита, калитдир. Бу, аввало, илмий ҳамжамиятда овоз бериш, тадқиқотларни амалга ошириш, дунё ҳақидаги тасаввурлар билан ўртоқлашиш ва фан ривожига ҳисса қўшиш имкониятини тақдим этади. Бир фильм эсимда. Кино қаҳрамони диссертация ҳимоя қилмоқчи бўлади. Илмий даража сенга нима учун керак дейишса, у “мустақил фикримни баён қилиш учун” деб жавоб беради. Бу гапда ҳикмат бор.

 

Илмий даража фақат интеллектуал қатлам оламига йўлланмагина бўлиб қолмайди. Илмий даражали шахс муайян масъулиятларни ҳам ўз зиммасига олади. Улар ҳалоллик, тўғрилик, билими ва илмидан яхшилик учун фойдаланиш, адолатли ва фаровон дунё қуриш ҳамда ҳаёт кечириш учун жавобгарлик кабилар ҳамдир.

 

Илмий даража – шунчаки мартаба бўлмасдан, ахлоқий фазилат, билимини нафақат шахсий ривожланиш, балки инсониятнинг глобал муаммоларини ҳал қилиш учун ишлатишга тайёрликни ҳам ўз ичига олади.

 

Илм-фаннинг инсонлар ҳаётига таъсири кучайиб бораётган, фан ютуқларидан ҳам наф кўриш, ҳам зарар бериш учун фойдаланиш мумкин бўлган дунёда олимлардан онгли масъулият талаб этилади. Чунки илмий даража – шунчаки диплом эмас, у маънавий бурч, ҳақиқатни излаётган, дунёни яхшилашга интиладиган кишилар сафига киришдир. Билим, илм, инсон ўзини такомиллаштириш устида ишламаса, тўғридан тўғри маънавиятли бўлишни таъминламайди. Зотан, катта олим бўлса-да, таъма қилмасдан тақриз бермайдиган, розилик хати ёки хулосасини, ёки ҳимояда овозини бермайдиганлар учраб туришини ҳаммамиз биламиз.

 

Илмга бўлган интилишларингиз фақат билимга чанқоқликкина бўлиб қолмай, балки билимларингизни ўзингиз ва бутун инсоният манфаати учун ишлатиш истаги билан ҳамроҳ бўлиши ҳам лозим.

 

Иқтисодий жиҳатдан ночор яшайдиган етук олим бўлиш ғалати. Бу, албатта, диссертация ҳимоя қилгандан сўнг бирор лавозимни эгаллаб, яхши яшашгина деб ўйламаймиз. Яхши олим – “харидоргир” мутахассис, илмий маҳсулотларининг роҳатини кўрувчи интеллектуал мулкдор демакдир. Олимлик ҳалол бўлган ҳолда фаровон яшамоқни тақозо этади. Олим жамиятнинг виждони ва ёниқ сўзи ҳам бўлмоғи лозим.

 

 

Илмий мактабнинг директори ким деб қидириб юрманг

 

“Илмий мактаб” тушунчаси, айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳаларда анчайин мавҳум ва юзаки тушунилади. Гўё бир устоз бир гуруҳ шогирдлари билан илмий мактабни ташкил қилади деб тушуниш устувор. Аслида уларнинг аксарияти илмий мактаб эмас, балки илмий “тўда”, гуруҳдир.

 

Ҳақиқий фан босиб ўтилган йўллар бўйлаб ҳаракатланишига тоқат қилмайди. Илм – ҳар доим маълум чегаралардан ташқарига чиқиб, номаълум дунёга янги, ўтилмаган катта (магистрал) йўл очиш истагининг тотли меваси. Айнан мана шу – илмий мактабнинг моҳияти, у қилинган ишларни шунчаки такрорлаш эмас, балки тадқиқотнинг янги, ўзига хос йўналишини яратишдир. Илмий мактаб муаммоларга ёндашувларнинг оригиналлиги, бетакрорлиги, тизимлилиги ва жамоавийлигига асосланади. У гўёки система, ундаги бир тадқиқот иккинчисисиз амалга ошмайди. Илмий мактабни кўп қаватли уйга ҳам қиёслаш мумкин. Ундаги бир хонадон атрофидаги бошқа хонадонларсиз мавжуд бўла олмайди. Умумий девор, умумий йўлак, лифт ва бошқа қатор боғланишларга эга. Бирининг шифти иккинчисининг поли, бирининг ўнг девори бошқасининг чап девори ва ҳ. Хуллас, бу хонадонлар ўзаро яхлит (ажратиб бўлмас) система сифатидагина мавжуд бўла олади, холос.

 

Тасаввур қилинг, дунё харитасида кашфиётчилар томонидан чизилган йўналишлар тасвирланган. Бу хариталарнинг илк кўринишларини толмас тадқиқотчилар пойи-пиёда юриб чизиб чиқишган. Ҳамма нарса аллақачон кашф этилган, ўрганилган, тасвирланганга ўхшайди. Аммо фан тирик организм, у доимо ривожланиб, тадқиқотчиларни янги уфқларига чорлаб туради. Айнан Сиз бу номаълум ўлкалар кашшофи бўласиз. Нафақат устозларингиз изидан боришингиз, балки ўз йўлингизни очишингиз, янги илмий йўналиш (мактаб)лар яратишингиз, теша тегмаган илмий муаммоларга ўз қарашингизни шакллантиришингиз керак бўлади.

 

Ғояларингизда асосли, ёндашувларингизда ноанъанавий, фаразингизда дадил бўлишдан қўрқманг. Ана шунда бир қарашда дунё ҳақидаги ғояларимизни ўзгартирадиган кашфиётлар туғилади. Илмий мактаб бунинг учун керак бўлган ҳамма нарсани беради: изланишингизга йўл кўрсатадиган доно мураббийлар, замонавий инфратузилма, ижодий изланиш муҳити ва ҳ. Лекин асосийси, бу Сизга фикрлаш, яратиш ва журъат қилиш эркинлигини тақдим этади.

 

Шундай экан, имкониятингизни бой берманг. Илмий мактабингизни ўз кашфиётларингиз учун воситага айлантиринг, токи номингиз жаҳон илм-фани харитасида янги, ноёб магистрал тимсолига айлансин.

 

 

Илмий ақидапарастлик зарарлари

 

Сиз ҳар куни янги кашфиётлар олиб келадиган ва коинот ҳақидаги одатий ғояларни ағдариб ташлайдиган ажойиб олам – илм оламида турибсиз. Илм йўли эса тиканли ва у нафақат обектив қийинчиликларга, балки илмий муҳитда яширинган хавф-хатарларга ҳам тўла. Тоза ва ёруғ кўринган илм-фан олами, афсуски, ҳаром ўйинлар ва қабиҳ ёлғон ва бошқа кирдикорлардан ҳам холи эмас.

 

 Сиз нафақат янгилик яратасиз, балки уларни рақиблардан, мухолифлардан, ҳасадгўйлардан тиш-тирноғингиз билан ҳимоя ҳам қилишингиз керак. Олимларни қийин аҳволга соладиган, илгари юришингизга тўсқинлик қиладиган яна бир тоифа олимлар ҳам бор. Улар илмий ақидапарастлардир.

 

Ҳукми жозибасига бўйсуниш, устозларнинг эътиқод ҳақидаги ғояларини сўзсиз қабул қилиш ва севимли илмий мактаби тушунчаларини мустаҳкам догмалар даражасига кўтариш осон. Аммо бу ерда тузоқ пайдо бўлади. Ақидапарстлик занжирлари билан боғланган фан ўзининг қарама-қарши томонига – ўйламасдан такрорланадиган чайир “ҳақиқат”лар тўпламига, ривожланишга қодир бўлмаган, панжара билан ўралган тизимга айланади.

 

Илмий ақидапарастлик жуда хавфли, чунки у илмий тадқиқотнинг моҳиятини – шубҳани ўлдиради. У ўрнатилган назариялар нотўғри бўлиши мумкинлиги, тадқиқотнинг муқобил йўллари борлиги, янги далиллар бузилмасдек туюлган “ҳақиқат”ларга шубҳа уйғотиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларга йўл қўймайди. Буни ҳазрат Навоий “Лисонут-тайр” достонида “Ўз борур йўлига ҳар бир муфтахир, йўлни айлаб ўз йўлига мунҳасир” (Мазмуни: Ҳар бири ўзи борадиган йўлдан фахрланиб, ўзгаларнинг йўлини ҳам ўз йўлига буриб…”) деб юксак бадиий ифода этганлар.

 

Илм-фан тарихини эсланг, қарши чиқишдан, шубҳаланиш ва ўз йўлини излашдан қўрқмаганлар томонидан яратилган янги кашфиётлар инкор этилиб, ақидапараст олимлар ҳужуми остида бузилмасдек туюлган илмий пойдеворлар неча марталаб қулаб тушган. Лекин улар муттасил курашлар натижасида яна қайта тикланган.

 

Инновация, эркин ва мустақил фикрлаш – илм-фан тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи. Аммо қотиб қолган бирон ҳукмга, ҳар қандай, ҳатто энг гўзал ва уйғун назарияга ҳам, танқидий муносабатда бўлмаслик мумкин эмас. Илмий ақидапарастлар эса қотиб қолган эски қарашлар асосида фикр юритиб, янгиликларни қабул қила олмайдилар. Улар учун янгича ёндашув фанни издан чиқариб юборадиган улкан хавф сифатида намоён бўлади. Масалан, ўзбек тилида 9 та унли, 10 та келишик бор деган хулосангиз бамисоли илмий ақидапарастлар устига тушган бомбадек акс-садо беради. Ёки Навоий ғазалларини ўқувчиларга мослаштирилган матнлар сифатида тақдим қилиш керак деган илмий асосли қарашингиз билан гўё қадриятлар душманига айланасиз. Илмий ақидапарастлар ўз мавқейи ва ваколатларидан фойдаланиб, “менинг диғоним диғон” дея оёқ тираб туриб оладилар. Уларни санъат ва маҳорат билан айланиб ўтишингизга тўғри келади. Ахир, бежиз “ҳимоя” дейилмайди. Ҳимоя мудофаа демакдир.

 

Сиз илм-фанга бошқалар ортидан ўйламай такрорлаш учун эмас, балки фан тарихида ўз изингизни қолдириш учун келгансиз. Шубҳа қилишдан, баҳслашишдан қўрқманг, ўз йўлингизни топинг. Бу – илм-фанни чинакам олға силжитадиган кашфиётлар қилишнинг ягона йўли.

 

Фан йўлидаги хизматларнинг энг буюги унга янги ғояларни олиб киришдир. Илмий ақидапарастлик эса, аксинча, фаннинг заволи, илмий тараққиёт кушандаси.

 

Илмий изланишингиз қотиб қолган илмий ақидалардан халос бўлишига, дадил ғоялар ва ижодий кучга тўлишига ҳаракат қилинг. Ақидапарастлар ҳар доим бўлиб келган, аммо ўзингиз улар тоифасига кириб қолмасангиз бўлди.

 

 

Илмий демагог – сохта олим

 

Илмий сафсатабозлик – чиқишларда аравани қуруқ олиб қочиш, илмий далилларсиз гапдонлик қилиб, кўп гапириш ёки ёзиш орқали ўзини гўё билимдондек қилиб кўрсатиш, бу орқали ўзининг нафақат илмсиз, ҳатто билимсиз ҳам эканлигини бекитиш хатти-ҳаракатидир. Илмий демагогия (сафсатабозлик) касаллигининг ташхиси осон. Соҳангизда Сиз тушунадиган мавзуда соатлаб қилинган нутқни тинглаб, пичоққа илинадиган ҳеч нарса ололмаганингизни сездингизми, демак, билинг-ки, демагогга дуч келдингиз. Бу – илмий доираларда учратиб турадиганимиз таниш ҳолат. Психолингвитикада “словесный панос” деб аталган, нутқ асосида ташхисланадиган руҳий хасталик тури бор. Илмий сафсатабоз, менинг назаримда, шу касалликка чалингандек туюлади.

 

Илмий сафсатабозлик шунчаки чиройли сўзлар эмас, бу ҳис-туйғу ва заифликлар устида пухта ўйланган ўйин. Сафсатабоз сохта шон-шуҳратга интилади, шахсий манфаатини яшириш учун давлат ва жамоатчилик фикрини манипуляция қилади.

 

Илм-фандаги демагоглар тадқиқотларида ҳақиқий илм ёки ютуқларга интилмайдилар, уларнинг мақсади – сохта бўлса-да, машҳурлик ва шахсий манфаат. Сафсатабозлар ҳар доим ўзлари хоҳлаган нарсага эришиш учун ҳалоллик, холислик, адолатнинг ҳар қандай тамойилларини қурбон қилишга тайёр бўлишади. Уларда илмга эътиқод бўлмайди.

 

Демагоглар маълумотларни моҳирона манипулятсия қиладилар, далилларни бузиб кўрсатадилар, исботланмаган фаразларни шов-шувли кашфиётлар сифатида тақдим этадилар ва керакли натижа – шон-шуҳрат ва фойда олиш учун шубҳали тадқиқот усулларидан фойдаланадилар.  Аммо, билингки, илмий изланиш – оммани жалб қилиши шарт бўлган шоу эмас, балки ҳалол ва машаққатли меҳнат. Бу нафақат ақл-идрок, балки ахлоқ, масъулият ва ўз хатоларини тан олишга тайёрликни ҳам талаб қилади.

 

Илм – демагоглар назаридаги сохта олимлар учун бошпана эмас, балки чин олимлар учун ҳалоллик ва мардлик майдони. Бунда тез бўладиган натижага шошилувчилар эмас, балки ҳалол ва қатъият билан ўз йўлидан юрганлар ғолиб бўлади.

 

Илмий йўлингиз ҳалоллик, ҳақиқатга интилиш билан тўла бўлсагина ҳақиқий обрўга эга бўласиз. Шунингдек, асл олимлар билан илмий сафсатабозларни фарқлай олишингиз ҳам керак бўлади. Улар илм гулшанидаги шумғия эканлигини ҳар доим эсда тутинг.

 

 

Илмингизни фаррошга ҳам тушунтириб бера олинг

 

Фан ҳақиқати сари йўл илмий ишлар саҳифаларида тугамайди, у тор мутахассислар доирасидан чиқиб, жамоатчилик муҳокамаси босқичига ўтади.

 

Илм-фан ҳаётимизга тобора кўпроқ таъсир ўтказаётган, унинг ютуқлари ҳам глобал муаммоларни ҳал этиши, ҳам янги муаммоларни юзага келтириши мумкин бўлган дунёда Сиздан нафақат ўз соҳангизни чуқур билиш, балки ғояларингизни кенг аудиторияга етказиш қобилиятини ҳам талаб қилади.

 

Илмий қарашларингизни фақат соҳа                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                              мутахассислари тушунишлари етарли, албатта. Лекин агар Сиз уларни оммага ҳам тушунтира олсангиз, демак, зўр олимларнинг энг яхшисисиз. Зеро, шундагина кашфиётларингиз, изланишларингиз, асарларингиз лабораториялар деворидан чиқиб, тараққиёт локомотивига, ўзгаришлар қуролига айланади.

 

Илм ҳақида аниқ, тушунарли ва қизиқарли гапириш қобилияти нафақат чиройли нутқ, балки мураккаб илмий фикрларни ҳамма тушунадиган тилга ўгира олиш санъати ҳамдир.  Илмий нутқ ҳар доим ҳам оддий одамнинг онги етмайдиган мураккаб атамалар минораси бўлмаслиги керак. У фан оламини оддий кишилар дунёси билан боғловчи, янги ғоя, янги билим, янги ечимлар оқиб ўтадиган кўприкка ҳам айланмоғи лозим.

 

Тадқиқотларингиз ҳақида шундай гапиришни ўрганингки, у одамларнинг қалби ва онгига таъсир қилсин. Улар илмий дунёнгизнинг бир қисми бўлишини, фанни шунчаки далиллар тўплами сифатида эмас, балки тирик куч ўлароқ кўришни исташади. Э.Резерфорд айтганидек, олим фикрини лабораториясини супураётган фаррошга тушунтира олмаса, демак, унинг ўзи ҳам тушунмайди. Албатта, мутахассисларга тақдим этган маъруза ёки ишларингизнинг тили ўз йўлига.

 

Етук олим бўлишни истасангиз, илмий қарашларингизни ҳам мутахассисбоп, ҳам оммабоп ифодалай олишни ўрганинг.

 

 

Бир тадқиқот – бир жумла

 

 Дейлик, мураккаб формула ва мавҳум тушунчалар оламига шўнғиб кетдингиз.  Аммо илмингиз бутунлай мураккаб атамалар қасрига қамалиб қолмаслиги керак, зотан фан дунёни аниқ-тиниқ тушунтиришга интилади.

 

Агар Сиз тадқиқотингизнинг хулосасини содда, тушунарли, ўзига хос бир қисқа жумла билан ифодалай олсангиз, тадқиқотингизда қандайдир янгилик, илмий шуъла борлигига шубҳа қолмайди. Тасаввур қилинг, ҳар куни янги кашфиёт ва назариялар пайдо бўладиган маълумотларга тўлиб-тошган дунёда тадқиқотингиз алоҳида ажралиб туриши, эсда қолиши ва қизиқиш ҳосил қилиши керак. Ва буни ишингизнинг моҳиятини акс эттирадиган ёрқин, ихчам, эсда қоларли жумладан бошқа нима ҳам яхшироқ намойиш қила олади?

 

 Оддийликдаги ҳақиқат шунчаки ёқимли гап эмас, у – илм-фаннинг асосий тамойили. Ахир, ҳақиқий кашфиёт нафақат билим чегараларини кенгайтиради, балки уни ҳамма учун тушунарли қилади. Шунинг учун, соддалаштиришдан қўрқманг, мураккаб нарсалар ҳақида оддийгина гапиришдан андиша қилманг. Тадқиқотингиз нафақат таҳлил чуқурлиги, балки уни шакллантиришнинг гўзаллиги ва равшанлиги билан ҳам эсда қолиши лозим. Кашфиётларингиз нафақат илмий ютуқ, балки ҳамма учун ҳақиқат йўлини ёритувчи маёққа айланиши керак.

 

Мен номзодлик диссртециямнинг хулосасини А.Эйнштейн ўгити асосида “Ўзбек тилидаги барча грамматик қўшимчалар синтактик вазифа бажаради” деб айтган бўлсам, докторлик диссертациямнинг хулосасини эса “Тил сатҳлари ўз моҳиятларини нутқда ўзаро ҳамкорлик асосида воқелантиради” дея ифодалаганман. Устозим ана шу бир жумлани айтмагунимча ҳимояга рухсат бермаганлар. Олий Аттестация комиссиясида тадқиқотларнинг илмий янгилигини баён этишга қўйилаётган кимлардир учун “ёқимсиз” туюлаётган талаблар, шу маънода, жуда ўринли қўйилмоқда.

 

Қани, Сиз ҳам шунга бир уриниб кўринг-чи! Агар буни уддалай олмасангиз, сабаби қуйидагилардан бири бўлади:

 

1)                              тадқиқотингизнинг моҳиятини тушунмайсиз;

 

2)                              ишингизда ҳеч қандай янгилик йўқ.

 

Бундай қила олмаган олим илм билан эмас, балки илмий демагогия билан шуғулланаётган бўлади деб ҳисоблайман. (Эсда тутинг, бу жумладаги фикр ҳеч ким айтмаган, мутлақо янги бўлиши керак.)

 

Омад ёр бўлсин!

 

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,

Тошкент амалий фанлар университети профессори,

филология фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//