Қуйидаги мўъжазгина мақолани таржима қилиб бўлдим-у, Берн жаноблари[1] қиларга иш тополмай, азбаройи бекорчиликдан эртакларни ғалвирдан ўтказибдилар-да, дея ўйлаб қолдим. Ахир, ҳар бир халқнинг эртаклари минг йиллар аввал тўқилиб, оғиздан оғизга ўтиб яшаб келади. Ундаги қаҳрамонлар, афсонавий ҳодисалар миллатнинг қон-қонига сингиб кетади. Ахлоқий-тарбиявий, эстетик ғоялари нафақат ёш авлодни, балки бутун жамият аъзоларини эзгулик сари ундаб туради…
Ва шу ерда эътиборингизни тўқилиб сўзига қаратмоқчимиз, эртак тўқилгандан кейин унинг сюжетига, мантиққа мосми, мос эмасми – хоҳлаганча муболағали воқеаларни қўшиб-чатиш мумкин. Устига-устак, эртак болаларбоп асар, ундан ортиқча мукаммаллик излаш ҳам ноўрин. Муҳими, кичкинтойларни овунтирса бўлди-да.
Лекин бу мақола кейинчалик миямга чиппа ёпишиб олди. Истасам-истамасам, шу ҳақда ўйлай бошладим. Ва тушундимки, муаллифнинг асл мақсади умуман бошқа масалага қаратилган экан. Бу ҳақда Берннинг мақоласидан кейин…
Эрик БЕРН
“Қизил қалпоқча” эртаги марслик нигоҳида
…Кунларнинг бирида ойиси Қизил қалпоқчали қизининг қўлига сомса ва кўвачадаги ёғни тутқазиб, бувисининг ёнига жўнатади. Қизалоқ йўлда бўрига дуч келади. Тўхтанг, шу ерда савол туғилади: қайси она ёш болани бўриларга тўла ўрмонга юборади? Нима учун сомсани ўзи олиб бормади ёки қизига ҳамроҳ бўлмади? Кампир шунчалик ёрдамга муҳтож экан, нега унинг кулбада ёлғиз яшашига йўл қўйилди? Хўп, қизалоқ бир ўзи бориши керак ҳам дейлик, лекин унга онаси йўлда тўхтамасликни, бўри билан гап сотиб ўтириш керакмаслигини нега тайинламади? Эртакдан маълумки, Қизил қалпоқча бу хатарлардан мутлақо бехабар эди. Бироқ ҳаётий тажрибаси бор ҳар қандай она бунчалик беғам бўлмайди-ку! Демак, онанинг ҳеч нимадан хавотир олмаслиги худди қизалоғидан тезроқ қутулмоқчидек тасаввур уйғотади. Қизиғи эса, унинг шу норасида қизидан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Қизалоқ бувисиникига боргач, бўрини (унинг кўзлари, қулоқлари, оёқлари ва тишларини) кўргандан кейинги аҳволини эсланг. Нега у ўша заҳотиёқ кулбадан қочиб кетмади? Ҳар қандай ҳолатда ҳам, дейлик, у ўта меҳрибон қиз бўлганда ҳам, бўрига дуч келгандан кейин хотиржам гул териб юрмаслиги керак эди, қайтанга: “Йиртқич бувимни еб қўйиши мумкин, тезроқ ёрдамга шошишим керак”, деб ўйлаши лозим эмасмиди?
Эртакдаги буви ва овчи образлари ҳам шубҳали. Агар бу чўпчакка реал кишилар иштирок этаётган ҳодиса деб қарайдиган бўлсак, худди уларнинг ҳар бири учун алоҳида сценарий ёзилгандек ажаблантиради. Фақат бу тақдирлар мажбуран бир-бирига тиркаб қўйилган. Бу нималарда кўринади:
– қандайдир “бахтсиз ҳодиса” ёрдамида қизидан қутулмоқчи бўлгандек тасаввур қолдирадиган она қиёфасида;
– бўрининг (қуён ва шунга ўхшаш жониворларни овлаб юрувчи, хуллас, ўзи хон – кўланкаси майдон бўрининг) била туриб ўз жонини хатарга қўйишида. Чамамда, у ёшлигида Ницшени ўқиган кўринади (Гапира оладиган, кампир қиёфасига кириб олишга ақли етган бўри китоб ҳам ўқий олади-да). Бундай дейишимга сабаб, йиртқич гўё ўзига Ницшенинг сўзларини шиор қилиб олганди: “Хавф-хатар ичра яша, аммо шараф билан ўл!”
– ёлғиз, бунинг устига, эшикни қулфламай яшайдиган бувининг хатти-ҳаракатларида. Бизнингча, у ҳаётдан жуда безган, ҳеч нимага иштиёқи йўқ. Ҳатто қариндошлари билан бирга туришни ҳам истамайди. Лекин шу ўринда “буви”нинг кекса эканлигига ҳам ишонгинг келмайди, ахир унинг невараси ҳали гўдак бўлса!
– овчининг худди бу воқеаларни аввалдан билгандай ҳодиса жойида ҳозиру нозир бўлишида. Бу ўринда унинг вазифаси тушунарли – халоскор, ахир ундан бошқа ким ҳам норасида қиз ва кекса хонимга ёрдам бера оларди.
Қизил қалпоқча бувисини (бу ўринда тўшакда ётган бўри назарда тутилмоқда) биринчи марта кўриб тургандек саволга тутиши, устига-устак, каравотга хотиржам чиқиб олиши кишини ҳайрон қолдиради. Қизалоқ йиртқич билан очиқдан-очиқ ўйнашаяпти, деган хулосага келасиз. Қизиғи эса, бу ўйин қизалоқ учун омадли якунланади.
Бу эртакдаги қаҳрамонларнинг ҳаёти ҳеч қандай қимматга эга эмасдек туюлади. Гўё эртак ёзишдан мақсад бўрини қандай қилиб қўлга олиш мумкинлигини айтишдан иборатдек, холос. Уни илинтириш учун ўзини лақма қилиб кўрсатувчи, аслида қопқон вазифасини ўтовчи қизалоқдан фойдаланилади. Агар бошқачароқ бўлганда, масалан, Қизил қалпоқча бўри яшайдиган ўрмонга бормаса ёки бўрининг қиздан узоқроқ юришини (шунда буви ҳам бехавотир бўларди) таъминласа бўлмасмиди? Хуллас, эртакдан мақсад – бўрилар ўрмонда ҳеч қачон ёлғиз сайр қилмасин, охири вой бўлади, деган гапни уқтириш, шекилли… Бу ҳолат қизини ўрмонга юбориб, унинг кун бўйи қайтмаганидан хавотир олмаётган ойисининг хотиржамлигида ҳам сезилади.
Агар ўқувчилар ушбу таҳлилимизни беадабликка йўйсалар, улар реал ҳаётда Қизил қалпоқча бўлиб яшаб кўришсин. Демоқчимизки, бунақа “меҳрибон она” ва бундай “тажриба” билан яшайдиган одам “улғаярмикан”?
Эрик Берндай психолог олим қимматли вақтини сарфлаб қарийб беш юз йилдан бери яшаб келаётган, Шарл Перодек[2] машҳур эртакнавис қаламига мансуб бу чўпчакни нега таҳлил қилди? Унинг эртакни майда деталларгача кўздан кечириши боиси нимада? Нияти фақат асарнинг ғализ ёзилганини (аниқроғи, тўқилганини) исботлаб бериш эдими ёки…
Англашимизча, муаллиф бу митти тадқиқоти билан бошқалар учун “кўрга ҳасса” ясаган, ҳасса бўлганда ҳам бежирим, тутқичи тўмтоқ ҳасса. Модомики, асарлардаги мантиқсизликни тафтиш қилмоқчи экан, бирор қисса ёки романни қўлга олиб, ҳафсала билан таҳлил қилиши ҳам мумкин эди-ку. Аммо у “коса тагида нимкоса” усулини қўллашни афзал билди. Психология фанида беморни даволашнинг самарали йўли у ҳақда нохуш гап айтмаслик ҳисобланади (Э.Берннинг шифокор эканлигини ҳам унутмаслик керак!). Агар хаста одамга “Сен касалсан” ёки “Сенинг аҳволинг оғир”, дейилса, ҳеч қачон яхши натижага эришиб бўлмайди. Аксинча, уни даволашда бошқа беморларни кўрсатиб, “Сенинг ҳолатинг буларникидан яхшироқ”, дейиш унинг соғайишга бўлган ишончини оширади. Демоқчимизки, муаллиф ҳам худди шу – иккинчи йўлни танлаган. Бу ерда “Қизил қалпоқча”дек митти, инсоният тақдири учун унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаган эртак Берн учун ана шундай иккиламчи “объект” вазифасини бажаради.
“…Бу тақдирлар мажбуран бир-бирига тиркаб қўйилган.” Бу жумла адолатли таҳлил жараёнида қайси йўлдан бориш маъқуллигини кўрсатувчи “компас”. Ана шу компас эртакдаги ҳар бир интригани шошмасдан, орқа-ўнгига қараб назардан ўтказиш лозимлигини кўрсатади. Ва, таҳлилчи қаҳрамонларнинг бир-бирига зид, эҳтимол, эртак мақсадига ҳам мос келмайдиган жиҳатларини кашф қила бошлайди. Бу кашфиётлар шу даражага бориб етадики, муаллиф тили билан айтганда, “беғам она”, “содда-муғомбир қизча”, “Ницшега ихлос қўйган бўри” ва ниҳоят, “эртакни якунлаш учун шартли равишда киритилган овчи” энди бизнинг ҳам энсамизни қотириб юборади.
“Эртак ёзишдан мақсад бўрини қандай қилиб қўлга олиш мумкинлигини айтишдан иборатдек, холос.” Бу хулосани айтиш учун эртакдаги мантиқсизликлар (мақола аввалида муаллиф ўртага ташлаган саволларни эсланг) кифоя қилади. Қарангки, бутун Европа халқларининг севимли эртаги (бу эртак биз учун ҳам қадрдон) ҳисобланган “Қизил қалпоқча”да шунча ғализлик бор, бунинг устига, эртак беш асрдан омон-эсон ўтиб келмоқда, дедик. Демак, шунча йиллардан буён шу ғализликларни кўриб кўрмасликка олаяпмизми?
Лекин психологнинг хавотири бунда эмас. Аслида, эртак бундан ҳам баттар воқеаларга тўлиб-тошиб кетса ҳам унга барибир. Уни қизиқтирган, аниқроғи, у хоҳлаган нарса – бояги кўрга ҳасса эди. Берн шу мақолани ёзар экан, оддий бир чўпчакка шунча маломату надомат қилиши адолатдан эмаслигини албатта биларди. Эртак дегани кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ажойиботлардан, ерга тароқни ташласа ҳайбатли ўрмонга айланадиган қадим-қадим замонлардан олиб ёзилишини ҳам тушунарди. Унинг асосий мақсади бу таҳлил орқали бошқа “эртакнамо баёнларга” ўз фикр-хулосасини айтиб олиш эди. Яна ҳам тўғриси, жамиятларни емириб ётган оммавий савиясизлик, санъат ва адабиётга дахл солаётган сохта ва сурбет “истеъдодлар”, бачкана олқишбозлик, маънавий мардикорликнинг урчиши, соф туйғу билан пул топишга ихтисослаштирилган майда хисларнинг фарқи ҳақида ёзмоқчи эди у.
Берн ўзи яшаётган жамиятда ҳам, бошқасида ҳам бу каби тийиқсиз ҳаракатлар кечаётганини яхши илғаган. У нашриётлар “Қизил қалпоқча”дан ҳам баттар жўн, сийқа, ҳавасга ёзилган, таҳрир кўрмаган (кўрмайдиган ҳам), қаҳрамонлари Ницшедан таъсирланган бўридан-да мужмал характерда бўлган асарлар тўлиб кетганини, адиблар аллақачон “Менга тегма, сенга ҳам тегмайман” йўлига ўтиб олганини, адабиётшунос ва мунаққидлар панага ўта бошлаётганини айтмоқчи бўлади. Аммо айтолмайди, чунки у бу билан ҳеч нимага эришиб бўлмаслигини, ёзувчи зотини бир хилда истеъдодли қилиш мумкин эмаслигини, хом-хатала асарлар камаймаслигини ҳам тушунарди. Раҳмон Қўчқор таъбири билан айтганда, агар ёзувчи ўз асарининг ёмонлигини билганда, адабиётда муаммо қолмасди деган фикрга яқин хулосага келган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Ажабки, Берннинг бу ҳадик-хавотири бугунги кунимизга ҳам бирдек тегишли. Бугун ҳам адабиёт борасида талай уринишлар қилинаётгани сир эмас, лекин буларнинг аксарияти машқ мақомидан нарига ўтмаётгани ачинарли. Бироқ шу машқлар кўп вақт ўтмай китоб ҳолида ўқувчилар қўлига етаётгани ундан ҳам ёмон. Йўлдан адашган бирон қиз ёки етимликда ўсган йигитнинг бошидан ўтганлари ҳақида эринмай баён қилиб берувчи “қисса”лар, “романлар” худди китобхон дидини тобора ўтмаслаштиришга мўлжаллангандек тасаввур қолдиради. Қизиғи, бундай асарларнинг аксар қаҳрамонлари эртакдан олингандек туюлади: бир зумда олижаноб кишига, бир зумда риёкор ёки жиноятчига айланади-қолади. Ваҳоланки, асардаги ҳар бир тақдирнинг руҳий ҳолати, шу ўзгаришгача бўлган кечинмалари ҳисобга олиниши керак эмасми?
Бундай сакталиклар шеърий машқларда ҳам тез-тез кўзга ташланади. “Оппоқ қорлар ёғар осмондан” дейди бир шоир йигит. Шу мисранинг ўзидаёқ икки ғализ фикрга қоқиласиз. Биринчиси, қорнинг оқлиги (бошқа рангдаги қорни кўрганмисиз) бўлса, навбатдагиси қорнинг осмондан ёғиши. Бунга ўхшаш қанча шеърлар китоб бўлиб, жавонимизга жойлашиб бўлди экан… Агар булар Шарл Перонинг эртаги ҳолига тушса, нима бўлади? Берннинг ҳеч бўлмаганда икки вароқ нимадир ёзишига (майли, танқид бўлсин) арзирмиди? Бизнингча, психолог мийиғида кулиб қўярди, холос.
Мақола сўнгида эътиборингизни олим танлаган сарлавҳага қаратмоқчиман: “Қизил қалпоқча” эртаги марслик нигоҳида”. Албатта, бу қитмир сарлавҳанинг аччиқданагига тушуниб турибсиз. Гап бунда эмас, гап – ҳақиқат мезони сифатида “марслик нигоҳи”дан фойдаланилаётганида. Бу энди нозик жиҳат. Нега энди олим эртакчига ҳам эмас, адабиётшуносларга ҳам эмас, айнан учинчи томон – ўзга сайёраликнинг қарашларига кўпроқ таянди? Бу билан ерликларда холис фикр қолмади, демоқчими…
Яқинда ихтирочилар томонидан кашф этилган антиқа янгилик ҳақида эшитдим. Улар уяли алоқаларни энди коинотдан туриб – сунъий йўлдош ёрдамида бошқаришни, аниқроғи, махсус дастур ёрдамида мижозларга хизмат кўрсатишни ўйлаб топишибди. Унга кўра, агар сиз бирор яқинингизни топмоқчи бўлсангиз, унинг рақамини териб дастурга жўнатасиз. Қарабсизки, бир-икки сониядаёқ ўша танишингиз айни пайтда турган жойнинг тасвири етиб келади. Ҳатто унинг ким билан, қай ҳолатда, нима иш устида турганини ҳам аниқ-тиниқ билиб оласиз. Демак, космосдан туриб ернинг ҳар бир нуқтасини текшириш мумкин. Бундан чиқди, Берн адабиётдаги нозик нуқталарни аниқлашда айнан марсликнинг фикрига ишонганини ҳам тушуниш мумкин.
Гапнинг индаллоси, психолог ўз ишини қойилмақом бажарди. У қайси асар қандай қимматга эга, инсоният руҳиятини соғломлаштиришдаги фойдаси нечоғли, “бадиий адабиёт”ларнинг асл қиёфаси қандай, шуларни таҳлил қилди. Сиз бу ўринда қайси бадиий адабиёт ҳақида гапирилаётганини тушуниб турибсиз, албатта. Табиийки, бу гап “Қизил қалпоқча”дек нодир ва машҳур эртакларга тааллуқли эмас. Фақат муаллиф, ўзи таъкидлаганидек, бундай беғамлик ва тажрибасизлик билан униб-ўсиш, яъни жамиятни маънан улғайтириш мумкинми, шу ҳақда бош қотиради. Берн шундан қайғуради, холос…
Носиржон ЖУРАЕВ
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2009 йил 21-сон.
“Доктор Берннинг қайғуси” мақоласи
[1] Эрик Берн (1910–1970) – америкалик машҳур психоаналитик. Унинг “Ҳаракатдаги психика”, “Қўғирчоқ одамлар” номли китоблари шуҳрат қозонган.
[2] Шарл Перо (1628–1703) – машҳур француз эртакнавис ёзувчиси. “Қизил қалпоқча”, “Золушка”, “Этик кийган мушук”, “Кўк соқол”, “Соҳибжамол ва махлуқ” каби кўплаб эртаклар муаллифи.
Тарих
Жараён
Тарих
Жараён
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ