Фoробийнинг “Фозил инсон” ҳақидаги таълимотида ақл ва бахт муаммоси


Сақлаш
12:53 / 20.08.2024 102 0

Инсон коинотдаги ягона мавжудот. Унга комиллик йўлидан ўтиш ва индивидуал камолотнинг энг тўлиқ тажрибасига эга бўлиш учун ноёб имконият берилган. “Инсон ҳақидаги фалсафий таълимот инсон идеалини ҳам ўз ичига олади. Шу билан бирга бу таълимот Комил Инсон (Инсон бош ҳарф билан) образини беришга интилади. Комил Инсон эса нафақат ўз мазмун-моҳиятини тўлиқлигича намоён эта олган, балки маълум маънода ундан ошиб ўтган ёки уни янада ривожлантирган, яъни уни трансендентлаштирган кишидир. Трансендентлаштиришни фақат қандайдир шартсиз ва мутлақ Аввалга (Бошланишга) нисбатан ижобий амалга ошириш мумкин”.

 

Шундай қилиб, инсон амалда ҳақиқий метафизикани англай бошлайди. Бу космик маънолар ва оламдаги ўзаро муносабатларни онгли равишда тушунишга қўйилган биринчи қадамдир.

 

Борлиқда иккита қутбли дунё – руҳий олам ва моддий олам мавжуд. Бу икки оламга мос равишда ҳаётнинг ҳам икки шакли мавжуд: ҳаётнинг абадий ва ривожланувчи-мукаммал шакли, эволютсион. Шунингдек, ҳаёт тажрибасининг икки тури бор: мукаммал ҳаёт тажрибаси ва ҳаётни комиллаштирадиган тажриба.

 

Шарқ перипатетиклари таълимотида жаннат маънавий оламнинг энг олий даражаси ва комил ҳаёт чўққиси, Ер эса моддий олам ҳамда ривожланувчи ҳаётнинг энг қуйи нуқтаси саналади. Ҳаёт тадрижи соф моддий ҳаётдан соф маънавий ҳаётга томон ҳаракатланади. Инсоннинг Ердаги ҳаёти номукаммал моддий ҳаётнинг энг қуйи поғонасидир. Олдинда эса уни камолот босқичлари орқали абадий маънавий ҳаётга кўтарилиш йўлидаги узоқ ва жуда ажойиб зина кутмоқда.

 

Мусулмон анъаналари хитой анъанаси каби чуқур илдизга эга. Шарқ перипатетизми, маълумки, ўрта аср мусулмон фалсафаси йўналишларидан бири бўлиб, унинг асосий вакиллари ал-Киндий, ал-Форобий, Ибн Сино, Ибн Туфейл, Ибн Рушд (Аверроес) ҳисобланади. Бунда биз Н.Х.Жолмуҳамедованинг қуйидаги фикрларига қўшиламиз: “Ушбу муаммони ўрганишга перипатетизм вакиллари (ал-Фаробий, Ибн Сино, Ибн Рушд) ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшганлар, улар ахлоқан комил шахс ҳақидаги антик ғоялар ва тасаввурларни ўзлаштириб, уни кейинчалик янада ривожлантирганлар. Улар руҳий камолотнинг чуқур ратсионалистик образини, унинг яратилиш тизимини ташкил этувчи элемент сифатида микро ва макрокосмларни боғлаб турувчи куч тушунчасини ишлаб чиқдилар, чунки инсон табиати тана, руҳ ва маънавият  бирлигидан иборат.

 

Дарҳақиқат, Шарқ перипатетизми антик тафаккур, биринчи навбатда, Аристотел ва неоплатончилар меросига таянган. Баъзи бир тадқиқотчиларнинг фикрича, шарқ перипатетизми неоплатонизмнинг борлиқ тўғрисидаги таълимоти ва билишнинг перипатетик назариясининг эклектик синтези ҳисобланади. Бироқ бу даврдаги вазиятнинг ўзига хослиги Шарқ перипатетизмининг эклектиклиги ҳақидаги тезиснинг тўғрилигига шубҳа уйғотади, чунки илк ўрта асрларда диний-фалсафий ва соф диний тафаккурдан фарқли ўлароқ фақат Араб минтақасида мавжуд эди”.

 

Шарқ перипатетизмига Антик илмий меросни шарҳлашдан ташқари фалсафа соҳасидаги қатор янгиликлар ҳам тааллуқлидир. Улар мусулмон тамаддунининг классик даврига хос бўлган назарий тафаккур йўналишларини амалга ошириш билан боғлиқ, шунинг учун Шарқ перипатетизми классик араб фалсафасининг бошқа соҳалари билан яқиндир. Шарқ перипатетиклари тасаввуф таълимотининг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатганлар.

 

Мусулмон Шарқининг таниқли тадқиқотчиси Й.Фролованинг фикрига кўра, шарқ перипатизми маълум даражада дунёвий фалсафа бўлиб, у диний тафаккурдан фарқли бўлган “фалсафа” ҳисобланади.

 

Ўрта аср араб фалсафаси у ёки бу тарзда ислом дини билан боғлиқ бўлиб, мусулмон фалсафаси вужудга келган асосий ғоявий пойдевор ислом динидир. Айнан ислом маънавий ўзак бўлиб, унинг атрофида жамият шаклланган ва Шарқ перипатетиклари дунё ва ҳаётни тушуниш учун янги асосларни таклиф қилишган. Шу сабаб ратсионалистик фалсафий тафаккурнинг ривожланиши билан улар инсонга тобора кўпроқ диққат-эътиборни қарата бошлайдилар.

 

Араб-мусулмон фалсафаси Яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг илк ўрта асрлар ижтимоий тафаккурида гуманистик ғоялар ривожида янгича, юксак босқич бўлганлигининг тарихий зарурият эканлигини таъкидлаш учун, бизнинг фикримизча, ҳеч бўлмаганда фалсафий фикрнинг ўзи пайдо бўлган вазиятни умумий жиҳатдан ёритиш лозим. Бу даврда ижтимоий-сиёсий тафаккурда инсон муаммоси янги куч билан уйғонди, чунки ҳаётнинг ўзи шахсни воқеликни фаол ўзлаштиришга, уни ратсионал англаш муаммосини илгари суришга ундар эди.

 

Иқтисодий ва маданий тараққиёт даврида Араб халифалигининг интеллектуал муҳитида янги турдаги билимли шахс пайдо бўлади, унинг обекти сифатида ўз борлиғининг турли жиҳатларида инсоннинг ўзи бўлди. Ўтмишга бўлган қизиқиш ўзгарди, унга баҳо бериш ҳам ўзгариб борди ва Шарқ перипатетиклари фалсафанинг асосий вазифаларидан бирини айнан инсоннинг камолотида кўра бошлашди.

 

Ўрта аср мусулмон Шарқида инсон ўзини абадий саодатга тайёрлаган, унга бу дунёдаги хайрли амаллари туфайли эриша олиши мумкин бўлган. Айтилгандан шундай хулоса келиб чиқадики, охират учун ажр-у мукофот тушунчаси араб маданиятида шахс онгининг шаклланиши учун замин яратади. Бу нарса инсоннинг ботиний эркинлиги ғоясини тарғиб қиладиган сўфийлар, ислом мутасаввифлари таълимотининг баъзи жиҳатларида ўз аксини топди. Ботиний ҳурликка эга бўлиш эса ўзликни англаш ривожланадиган ва шахс шаклланадиган асос ҳисобланади.

 

Шарқий перипатетиклари комил инсон ҳар доим раҳм-шафқатли, ҳатто раҳмдиллик унга вақтинчалик зарар етказиши мумкин бўлса ҳам яхшилик, адолат қилади деб ҳисоблаганлар. Комил инсон ҳаётининг асосий мазмуни Аллоҳ билан учрашишга муносиб тайёргарлик кўришда, чунки фақат у инсонга бу дунёдаги солиҳ турмуш кечиргани учун ҳақиқий мукофотни бера олади. Комил инсоннинг энг муҳим фазилатлари: раҳмдиллик. мурувват ва олижаноблик, эзгулик ва адолат, итоаткорлик ва сабр, масъулият, риёзат ва хайрли амалларни қилиш бўлиши лозим.

 

Шу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, араблар доим фасоҳатни – тилни яхши билишни қадрлаб, уни инсон камолотининг устунларидан бири ҳисоблаганлар. Инсоният маданиятига бундай чуқур эҳтиром тўғри нутқ, балоғат ва гўзал одобга эришиш йўлида интилишни ҳаракатлантирувчи куч бўлган. Бинобарин, ахлоқни нафис одоб-ахлоқ асосида такомиллаштириш санъат ва адабиётнинг кучли ривожланиши билан бирга параллел равишда амалга ошган. Исломдан олдинги даврда ҳам (жоҳилия даврида) араблар учун шеърият ва мусиқа одатий анъана бўлган. Бундан ташқари, комилликка интилиш асносида исломдан олдинги давр араблари бўш вақтларини назм ёки мусиқа тинглаш билан ўтказишган.

 

Инсон камолоти муаммосини ҳал этишда ахлоқий анъананинг асосий йўналиши фазилатли амалларни (фазоил) ва иллатларни (разилат) ўрганиш бўлган. Фазилат деганда икки ёмонликнинг чегараси орасидаги ўрталиқ тушунилган. Бундай турдаги биринчи тизимли баён этган олим Яҳё ибн Адий ҳисобланади (974 й.в.э.). Ушбу жанрнинг кейинги асарлари сингари у Ахлоқни тузатиш деб номланиб, улар билан умумий жиҳатга эга, яъни ахлоқ (хулқ) ҳам табиатга хос (инстинктлар), ҳам орттирилган деб тушунилади. Шу билан бирга инсоннинг мақсади ўз ахлоқини яхшилаш ҳисобланади. Бу вазифани бажаришни осонлаштириш учун ахлоқни тизимли равишда баён этиш амалга оширилади.

 

Ушбу турдаги асарларнинг яна бир умумий жиҳати бу нафснинг суфлий  қисмларини жиловлашга ва инсонни комилликни етказишга ягона қодир бўлган ақлнинг (руҳнинг ақлга эга қисми) устун бўлиши зарурлигини таъкидлашга хизмат қилади. Ибн Адий ёвузликнинг манбаи деб нафснинг паст, шаҳватпараст қисмини билади, гарчи руҳнинг ўрта қисми ҳам инсонда салбий сифатларнинг намоён бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Ақлни назорат қилишдан ташқари хулқнинг мақтовга лойиқ фазилатларини тарбиялашда одат катта рол ўйнайди, шундан келиб чиқиб, инсон болалигида тарбияланган муҳитнинг ўрни катта.

 

Комил инсон бу дунё ва ўзи билан уйғунликда ҳаёт кечирувчи ҳам авлиё, ҳам донишманд, ҳам файласуф ва комил ҳукмдордир. Бироқ ўзгарувчан воқелик шароитида инсоннинг комил бўлганини қандай билиш мумкин? Шу ўринда файласуфларнинг ўзлари инсон камолоти муаммосига бўлган қарашларини таҳлил қилиб кўрамиз. Масалан, ИХ–Х асрларда вужудга келган “Ихвон ус-сафо” (Софлик биродарлари) диний-фалсафий ташкилотини олайлик.

 

Улар абадий саодатга агар инсонлар одамлар доимо ҳақиқат ва адолатга интилишган тақдирда, жамиятда ва табиатда эса “мутлақ комиллик”, бутунлик ва уйғунлик ҳукмрон бўлсагина эриша оладилар, деб ҳисоблаганлар.

 

“Софлик биродарлари” таълимотида инсон камолоти муаммосини ҳал этишнинг калити ўткинчи дунё амалларидан юксакроқ мақсадларга ўтишдадир. Бу ҳаракатнинг мазмуни нафснинг ахлоқий камолотида ва унинг самоларга кўтарилишидадир. “Софлик биродарлари”нинг ахлоқий ва ижтимоий-сиёсий қарашлари беш қисмдан иборат бўлган “Бошқарув илми” асарида жамланган ҳолда баён этилган. “Шахсий бошқарув” номли бешинчи бобда айнан ахлоқий комиллик масалалари кўриб чиқилган бўлиб, унда уларнинг қарашлари ёрқин акс эттирилган.

 

Биз уларни қуйида санаб ўтишни лозим топдик:

 

– ўз-ўзини англаш ва ўзининг ахлоқий фазилатларини билиш;

 

– шаҳват, ғазаб ва хотиржамлик ҳолатида ўз ҳатти-ҳаракатлари ҳамда сўзларини кузатиш;

 

– ўзининг барча ҳаракатларини назорат қилиш.

        

Сўнгра унда шундай келтирилади: “Барчасидан мақсад маълум бир вақтгача неъматлардан баҳраманд бўлиш, лаззатланмоқдир. Маълум вақтгача неъматлардан лаззатланишдан мақсад эса ҳақиқат, гўзал сифатлар, тўғри ниятлар ва пок амаллар билан билиш орқали нафсни комил қилишдир. Нафс камолотидан мақсад унинг Само мулкига кўтарилишига имкон яратишдан иборатдир”.

 

Кўриниб турганидек, инсон ҳаёти қарама-қаршиликларга тўла бўлгани учун комиллик масаласини ҳал этиш анча мураккаб ва мушкул: “...Инсон дўстлик ва адоват, фақирлик ва бойлик, ёшлик ва қарилик, қўрқув ва умид, ростлик ва алдов, ҳақиқат ва ёлғон, тўғрилик ва хатолик, яхшилик ва ёвузлик ўртасида чопади, бу инсоннинг ахлоқий фазилатлари ва турли қарама-қарши амаллари ҳамда сўзларида кўринади ...”

        

Ўзининг фитратдаги асл поклигини йўқотган, инсон нафсига айланган руҳни поклаш зарурдир. Руҳнинг инсон ўлимидан кейинги тақдири инсоннинг амалларига боғлиқ. Донишманд киши нафсни илм ва унда яхши фазилатларни жамлаш билан поклашга қодир. Бундай нафс тана қобиғидан озод бўлиб, яна соф индивидуал руҳга айланади, чунки тана ўлган кун руҳнинг қайта туғилиш куни ҳисобланади. Бироқ агар инсон иллат ва ёлғон хаёллардан покланмаган бўлса, унда жазо тариқасида руҳ бирор бир ҳайвоннинг танасида қайта тирилади. Шундай қилиб, “Софлик биродарлари” ўзларининг ахлоқ-одоб тамойилларни эълон қилдилар, уларга риоя қилиш эса инсоннинг камолотга эришишида ёрдам беради.

        

Буюк мутафаккир Фаробийнинг мусулмон маданиятида тутган ўрнидан унга берилган “Иккинчи муаллим” фахрий унвони ҳам далолат беради. Форобийнинг жамиятнинг мукаммал тузилиши ҳақидаги қарашлари баён этилган ижтимоий-сиёсий рисолалари муҳим аҳамиятга эга. Фаробийнинг фикрича, барча одамларга уларнинг ҳамкорлиги туфайли эришиш мумкин бўлган комилликка интилиш хосдир. Фаробий фалсафанинг амалий қисми одамлар ва шахснинг жамиятдаги хулқ-атвори билан бевосита боғлиқлигини айтади. Айнан атроф-муҳитни, дунёни билиш билан бирга ҳаёт мазмунини, инсоннинг ундаги ўз ўрнини билиши, шунингдек, ўз-ўзини билиш зарурати туғилади. “Фалсафа” – инсонга “Фозил одамлар шаҳар”ида “бахтли ҳаёт кечириши” учун муносиб шароит яратишни талаб қилади.

        

Фаробий ўз рисоласида инсонда тана аъзоларидан ташқари, ақлга эга руҳни ҳам ажратиб кўрсатиб, инсон камолотининг тавсифига фаол бошланиш – Фаол Ақлни киритган. Фақат Фаол Ақл орқали ҳукмдорлар аҳолининг барча қатламларини фазилатли ва бахтли қилишга умид қилишлари мумкин бўлади. Фаробий нафақат шахс, балки ижтимоий камолот билан ҳам шуғулланган. Унинг “Фозил одамлар шаҳр”и (Мадина фозила) бунга яққол мисолдир. Шундай қилиб, Фаробий асарлари унинг шахс камолоти ва жамиятнинг барча фуқаролари камолоти ҳақидаги қарашлари ҳақида тасаввурни шакллантиради.

        

Фаробий чинакам саодатга инсон фақат охират дунёда эришиши мумкин, деб ҳисоблайди. Саодат – бу мутлақ тушунчадаги яхшилик, мутлақ яхшилик эса мутлақ борлиқдир.

        

Бундай нарсага Биринчи вужуд эгалик қилади. Тана ва руҳнинг иккиланишини  (дихотомияси) Форобий жуда аниқ кўрсатиб беради: руҳ тўртта биринчи унсурлардан ташкил топган “қамоқ”да азобланади ва унинг озодликка бўлган ягона умиди донишмандлик (ҳикмат), яъни ҳақиқий ва тўлиқ илм ҳисобланади. Бу илм оламнинг метафизик бошланиши билан руҳнинг “бирлашиши”га (иттиҳод) сабаб бўлади.

        

Ҳақиқий бахт-саодатдан ташқари, сохта бахт ҳам бор. Бир томондан бу одамлар бахт деб хато қабул қиладиган ва у ҳақда ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган нарсадир. Бироқ бошқа томондан, бу ҳақиқий бахтга эришишга ёрдам берадиган ердаги ҳаётнинг ўзига хос тузилишидир. Гап шундаки, ҳақиқий саодат ва неъмат учун фойдали бўлган ҳамма нарса ҳам яхшилик ва бахтдир. Лекин у ўз-ўзидан эмас, балки бу мақсадга хизмат қилгани учун шундайдир.

        

“Бахт, Фаробийнинг сўзларига кўра, ўзида қудратли интегратсия қилувчи кучга эга. Шарқнинг Биринчи муаллими ёзган барча нарса, унинг турли билим соҳаларига оид кўплаб рисолалари ягона лейтмотив билан сингиб кетган бўлиб, улар олий эзгулик – инсоний саодатга интилиш билан уйғун боғланган. Бахт эзгулик, инсоннинг мақсади, барча комиллик тожини ўзида мужассамлаштирган Биринчи Зотга бориб тақаладиган асосий категориялар орқали белгиланади”, “...бахтни ахлоқнинг асоси деб ҳисоблаб бўлмайди, чунки у яхшилик ва ёмонликни фарқлашга бефарқдир”.

        

Биз файласуфнинг фикрига қисман қўшила оламиз, дарҳақиқат, бахтли инсон қандайдир роҳат, ҳаловат ва хотиржамлик ҳолатида бўлади, аммо шу билан бирга, Фаробийдаги саодат тушунчаси, бизнингча, тамоман бошқа нарса, чунки унда идеал, мукаммал образ мавжуд. Комил инсон даражасига эриша олган, “илоҳий” даражага кўтарилган одамгина эзгуликни ёвузликдан, ахлоқни ахлоқсизликдан ажратиб билади, ўзини бахтли деб ҳисоблай олади; ахлоқий қадриятларни фарқлай олмайдиган кишилар учун бахт хаёлий ва ҳақиқий эмас.

        

“Фозил одамлар шаҳри каби онтологик таркибий қисм учун бахтга алоҳида ўрин ажратилади. Фозил ва жоҳил одамлар шаҳри фарқланадиган мезон айнан бахт эканлиги жуда аҳамиятлидир... Биринчи вужудга онтологик бурилишни амалга оширган ҳақиқий шаҳар номукаммаллик зулматида ҳақиқий Неъмат ва маънонинг учқунларини кўра олиш имконини беради”.

        

Шундай қилиб, Форобийнинг фозил одамлар шаҳри бу умумбашарий саодат жамиятидир. Форобийнинг идеал шаҳрида файласуфлар ўйлаган барча нарсалар мавжуд: Биринчи вужуд, материя ва шакл, онгли руҳ ва унинг ҳолатлари, сифатларининг таърифи; одамларни бирлашишига олиб келадиган инсон эҳтиёжларининг тавсифи; фозил одамлар шаҳри ва унга қарама-қарши бўлган жоҳил ва адашган одамлар шаҳри тушунчаларининг  таърифи; шаҳар имомига насиҳатлар, шунинг учун идеал шаҳар бир вақтнинг ўзида жуда ҳақиқий, дунёвий ишларнинг ҳам ташкил этилиши рамзи сифатида акс эттирилади.

        

Ибн Сино, Ибн Божжа, ИбнТуфайл, Ибн Рушдлар Фаробийга эргашиб, инсон муаммосига ратсионалистик, фалсафий ёндашиш зарурлигини таъкидлаганлар. Форобий комил инсонда адолат сифати бўлиши, унинг “адолатни севиши ва адолатли бўлиши” зарур деб ҳисоблаган.

        

Форобийнинг ақл ва бахт муаммосини ҳал этиши унинг фазилатлар ҳақидаги тушунчасини белгилаб беради. Бироқ инсон яхшилик нима эканлигини қаердан билиши мумкин? Фазилатларга, Форобий фикрича, инсон ҳаёти жараёнида эга бўлади. Ҳақиқий фазилат эса инсоннинг комилликка эришиш қобилияти билан боғлиқ.

        

Фазилатни ўрганиш мумкинми? “Инсонда икки комиллик хос – биринчи ва охирги. Охиргисига биз бу ҳаётда эмас, балки фақат охират ҳаётида эриша оламиз, бу бизнинг шу ҳаётимизда биринчи комилликка эришгандан кейингина бўлади. Биринчи комиллик бу инсоннинг барча фазилатларнинг амалларини бажаришидир.

        

У ҳаракат қилмасдан нафақат фазилатга эга бўла олади; инсон камолоти унинг хатти-ҳаракатларни амалга оширишидан иборатдир ва у ҳаракатлар содир бўладиган сифатларни касб этишга боғлиқ эмас”.

        

Бу ерда жуда муҳим бир жиҳат бор – фазилат фаол бўлгандагина комилликка айланади. Фаробий фикрича, инсон гуноҳ ва ёмонлик қилишга маҳкум эмас, балки у эзгуликка интилмаслик шарти билан шундай бўлади.

        

“Инсоннинг камолоти, унда фазилатларнинг шаклланиши бу унинг бутун умри давом этадиган ва ўлим билан тугайдиган жараёндир”.

 

Фазилатлар, Фаробийнинг фикрига кўра, турли усуллар билан эришилади: таълим бериш, тарбиялаш, ишонтириш. Уларнинг қўлланилишига кўра Фаробий одамларни халқ, омма ва олимларга ажратади. Олимлар ишончли далиллар орқали фазилатларни ўзлаштирадиган танланган кишилардир, Фаробий фикрича, у ҳақиқий илмнинг ягона манбаи ҳисобланади. Фаробий ўраб турган теварак-атрофдаги воқеликнинг хулқнинг шаклланишига таъсирини этироф этиб, инсонга хос бўлган ички қувватга эътиборини қаратади, яъни инсоннинг ирода кучини тан олишга асосланган ҳолда ўзини-ўзи шакллантиришини уқтиради. “Инсон эркинлиги учун фақат ақл-идрокнинг ўзи етарли эмас, кучли ирода ҳам зарур. Соғлом фикрга ва кучли иродага эга бўлган инсон шунга лойиқ эркиндир”.

        

“Фаробий ўзининг бахт консепсиясини тўғрилаб, яна бир муҳим – фазилат категориясини киритади... фазилатни ўргатиш мумкин, деб ҳисоблайди Фаробий ва бу унинг консепсиясида жуда муҳим ўрин эгаллайди”.

        

“Фаробийда инсоннинг камолотга эришиш имконияти инсоний фазилатлар ғояси билан боғлиқ. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фазилат фақат фаол бўлгандагина комилликка айланади... Фаробий инсонлардан айнан фазилатларни ривожлантириш орқали ўзини камол топтиришни талаб қилади”. Фаробий таълимотида фазилат марказий категориялардан бири бўлиб, у орқали ҳар бир инсон бахт ва комилликка эриша олади, бироқ мутафаккир инсон туғилганданоқ фазилатли бўла олмайди ва инсон ўзида ижобий сифатларни ривожлантириш ҳамда тарбиялаш орқали ўз ҳаёти давомида комилликка эришади деб ҳисоблайди.

        

Инсонда тафаккур қобилиятидан келиб чиқадиган истак шаклланади, деб уқтиради Фаробий: “Бу охиргиси эркин ихтиёр дейилади, у фақат инсонга хосдир. Ва унинг шарофати билан инсон мақтовга лойиқ ва қораланадиган, яхши ва ёмон амалларни қилиши ва бунинг учун ажр-мукофот ва жазо олиши мумкин”.

        

Шундай қилиб, Фаробий инсон учун ўз даврининг руҳиятига мос келадиган гуманистик қарашлар тизимини ишлаб чиқди. У биринчилардан бўлиб инсон табиатини, унинг ҳаёт мазмунини, оламдаги ўрнини, жамиятдаги ролини кўриб чиқиш чегараларини кенгайтирди. Инсоннинг интеллектуал ривожланиш даражасини ҳам туғма, ҳам орттирилган шахсий фазилатлар билан боғлаган ҳолда, Фаробий ҳар бир инсоннинг ўзига хослиги ва мустақил қадриятини эътироф этди. Фаробий яратган “комил инсон”, “фозил одамлар шаҳри” консепсиялари Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари ўрта аср фалсафасининг кейинги вакилларига сезиларли даражада таъсир кўрсатди.

        

Фаробий Шарқ илм-фани, фалафий тафаккури, сивилизатсиясининг моҳиятига фавқулодда зукколик билан чуқур назарий-методологик тўғри кириб бора олган, жаҳоншумул катта аҳамияти, таъсирларига оид  муносиб таъриф, илмий  ҳолис хулоса, талқин бера олганлиги ҳам ўта ҳайратли, таажжубга сазовор эканлигини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади.

 

Иноят ЭШПУЛАТОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//