“Чўлпон андижонлик эмас, туркистонликдир” ёхуд Элбекнинг маҳаллийчиликка қарши исёни


Сақлаш
17:30 / 19.08.2024 130 0

ХХ аср бошларидаги жадидчилик ҳаракатининг кенжа вакилларидан бири Машриқ ЮнусовгаЭлбектахаллусини Фитрат берган. Фитрат ўзбек халқининг эрку ҳурриятини, ўзининг аччиқ армонларини, Туркистон халқининг яна қайтадан озод ва эркин яшаш онларини шу исм орқали ифодаламоқчи бўлгандир, эҳтимол.

 

Элбек гарчи қисқа умр кўрган бўлса-да, бир инсон ҳаёти давомида ватани ва миллати учун қилиши керак бўлган барча ишларни ортиғи билан амалга оширди.

 

Қолаверса, Элбекнинг илмий, фольклор ва публицистик мероси ниҳоятда катта бўлиб, унинг ҳали жамоатчиликка маълум бўлмаган, бугунги кун учун ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлган асар ва мақолалари анчагинадир.

 

Элбекнинг илмий-публицистик меросини ўрганиш жараёнида унинг ана шундай долзарб мақолаларидан бирига дуч келдим. Бу “Туркистон” газетасининг 1923 йил 20 июнь сонида чоп этилган “Ортиқ ҳиссиёт” мақоласидир.

 

Элбекнинг ушбу кичик асарида Собиқ иттифоқдаги ҳукмрон мафкура томонидан яратиб берилган қулай шароит натижасида юзага келган маҳаллийчилик иллати танқид остига олинган.

 

Унутмайликки, маҳаллийчилик – давлатнинг яхлитлигига реал хавф туғдирадиган, унинг мустақиллик асосларига интенцив тарзда зарба берадиган ёвуз кучдир. Элбек буни ўз вақтида жуда яхши англаб етган эди.

 

Ушбу мақола ана шу “англаш”нинг хосиласидир.

 

 

Ортиқ ҳиссиёт

 

Фарғонада чиқатурғон “Фарғона” газетасининг 81-сонининг (1923 йил назарда тутилмоқда – М.Алижонов) хабар қисмида ўртоқ Чўлпоннинг Фарғонага кетиши муносабати билан ёзилғон ушбу жумлаларни ўқидик. Аслича: “Юртиға қайтди. Фарғона йигити, андижонлик ёш шоиримиз “Чўлпон” (Абдулҳамид Сулаймон) шаҳримизга келди. Албатта, бундоқ фалокатлар орасида чўмуб қолғон юртимиз Фарғона Чўлпон сингари ўзининг етиштирган йигитларига муҳтождир. Умидимиз, шоиримиз “Чўлпон” ҳамиша ўз юрти Фарғонада ишлар. Бундағи оға-инилари чекмакда бўлғон дардларин бирга дардлашар, тўкилган кўз ёшлариға ўртоқлашар”.

 

Мана бул жумлаларни ўқуғон ўртоқлар, Чўлпоннинг илгари қайси ўрунларда ишлаб юрганин билмаган эсалар, бу жумланинг маъносидан ўзларича: “Чўлпон Европадами, Хитойдами ёхуд бошқа бир мамлакатда бир ишда экан, энди ўз юртиға қайтиб ишга киришмишдир” деган бир ўйға қоларлар.

 

Бироқ, ўқиғувчи ўртоқлар бундай англайтурғон эсалар, янглишғон бўладирлар. Чўлпон ўртоқ аллақаёққа кетмаган эди, ул ўзининг юртида яъни шул Туркистонда – ўз эли орасида ишлаб келмакда эди.

 

Энди биз, “Фарғона” газетасида ёзилғон юқоридағи жумлаларга келсак, бу қайси бир ўртоқларимизнинг ҳеч нарсадан ҳеч нарсани ўйламай, ўзларининг янглиш тушунчалари, яна тўғриси, кўз юмиб иш кўришлари натижасида ёзилиб қолғон сўзлардир.

 

Биз Туркистон ўлкасида яшағон эканмиз, биз учун унинг Фарғона, Сирдарё, Самарқанд ва бошқа шундай ўрун исмлари бизча ҳечдир. Ёлғиз биз учун туркистонлик бўлиш етадир.

 

Умид этамизким, Туркистонда яшағувчи ўзбек эли ҳам бизнинг фикримизда ўртоқлашарлар ва ёлғиз Фарғонанигина ўзларига юрт ҳисобламаслар. Ортиқ ҳиссиётга берилиб ишлаш ярамайдир.

 

Элбек.

“Туркистон” газетаси, 1923 йил 20 июнь.

 

Нашрга тайёрловчи: Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11783
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//