Адабиёт
Тарихнавис адиб, сўз санъаткори ва жамоат арбоби Садриддин Айний тарихий-бадиий асарларида туркистонлик тараққийпарвар олимлар, маърифатпарвар қаламкашлар, умуман, ўз даври зиёлилари тўғрисида қимматли маълумотлар келтиради. Бу жиҳатдан унинг “Тарихи амирони манғитияи Бухоро” (“Бухоро манғит амирларининг тарихи”), “Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар”, “Қисқача таржимаи ҳолим” ва “Эсдаликлар” каби асарлари алоҳида аҳамият касб этади.
Айний эҳтиром ила ёдга олган зотлардан бири – атоқли драматург, шоир, ношир ва маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. Айний XX аср бошларида Беҳбудийнинг шахсияти, жадидчилик фаолияти ва қарашлари, илмий мероси тўғрисида ўндан ортиқ мақола ёзган ва улар жамланса 30–40 саҳифали ихчамгина рисола бўлади.
Муаллиф Туркистон жадидларининг пешвосини бундай таърифлайди: “Беҳбудий ҳазратлари кўринишда ғоят маҳобатлик ва салобатлик эди. Аҳволиға воқиф бўлмаған кимса, мутакаббур деб гумон қилур эди. Лекин, ҳақиқатда мулойим суҳбатлик, такаллуфсиз бир одам эди, ўз моли ҳақида бўлсин, халқ моли бўлсин, иқтисодға кўп риоя қилар ва ижтимоий аҳволимизнинг тузалиши учун иқтисодға риоя қилишни биринчи шартлардан билар эди. Шунинг учун тўй ва азаларға бўлатурғон исрофларни ўзи бутун тарк қилғон ва сўзиға қулоқ солатурғонларни ҳам тарк қилдирғон эди” (Садриддин Айний. “Беҳбудий ҳазратлари тўғрисида хотираларим”. “Зарафшон”, 1922 йил 25 март).
Мақолада қайд этилишича, Айний Беҳбудий билан 1908 йили Бухородан Самарқандга сафар қилганида танишган. “Ушбу саёҳатимизда мулла Абдулқодир Шакурий, мулло Исматулло Раҳматуллозода ва бир қанча Самарқанд маърифатпарварлари оқшом мажлиси учун бизни бир ерга чақирғон эдилар… Ғурубдан кейин ваъда қилинган уйга бориб, ҳозир бўлғонлар билан танишгандан сўнгра ушбу маҳобатлик одам Маҳмудхўжа, ёш бола унинг ўғли Масъудхўжа бўлиб чиқди. Табиий, ушбу мажлиснинг гули Маҳмудхўжа эди. Бу кеча Маҳмудхўжа кўпинча фанний масалалардан сўз чиқариб, кўкдан, ойдан, юлдуздан, қисқаси, ул вақтгача биз эшитмаган нарсалардан кўпгина сўйлади. Ярим оқшомларда мажлис битди. Маҳмудхўжа ўз ўғли Масъудхўжани отиға мингаштириб кетди. Мана бу Маҳмудхўжа ҳазратларини биринчи кўришимиз ва танишимиз бўлди”, деб хотирлайди адиб.
1912 йилнинг кузида Беҳбудий дўстларини йўқлаб Бухорога келади. Ўшанда у Айнийнинг Кўкалдош мадрасасидаги ҳужрасида меҳмон бўлади. Хотира-мақолада бу сафар хусусида қуйидаги сатрларни ўқиймиз: “Хожа Баҳоуддин турбати атрофида солинған қабатма-қабат масжидларни кўриб кўп қизди. “Намоз учун бир ерда бир масжид ва бир супа кифоя қилар эрди. Бошқа масжидларни ўрниға мактаб солиниб, бунда йиғилган фақир ва йўқсулларнинг болаларини ўқитсалар эди, шунча сафил кимсалар ўрниға ўз кунини ўзи кўратурғон бир тўда фаол одамлар етишар эди”, деди. Амир Дониёл мадрасасининг харобаларини кўриб ғоят хафа бўлди. Халқнинг бор-йўғини еган билан тўймасдан ўз боболаридан қолғон вақфларин ҳар томон мусодара қилиб, мадрасаларини қабристонга айлантириб ташлаған амирларга лаънат ўқиди”.
1917 йил апрель воқеаларидан кейин Айний Бухородан Самарқандга кўчиб кетади. Бир муддат сиёсатдан чекиниб, илмий-адабий фаолият билан шуғулланади. У айнан Беҳбудийнинг саъй-ҳаракати билан ташкил этилган “Зарафшон”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Ҳуррият”, “Шуълаи инқилоб”, “Таёқ”, “Болалар йўлдоши” каби газета-журналларда мақолалар чоп эттиради. “Меҳнаткашлар товуши” газетасининг таржима ва таҳрир ишларида бир муддат Саидризо Ализода, Муҳаммаджон Юсуфий, Қори Муҳаммадраҳим Тожи, Садриддин Айний афандилар хизмат этдилар. Буларнинг ичида биринчи даражада узун муддат ишлаган киши, шубҳасиз, Айний афанди эди”, дея шоҳидлик беради Ҳожи Муин (Самарқанд матбуотининг тарихи. Танланган асарлар. Тошкент, “Маънавият”, 2005. 123-бет).
Айний Самарқандда муаллим бўлиб юрган кезлар Беҳбудий унинг мактабига кўп маротаба келган, толиби илмларга мавъиза қилган. 1919 йил февралда Тошкентга бориб келган Беҳбудий сафар таассуротлари билан ўртоқлашмоқ истагида Самарқанд муаллимларини йиғишни буюради, аммо хасталиги боис мажлисга келолмайди. Ўша кезлар икки маърифатпарвар кўчада учрашиб қолади. “Мана бу охирги кўришишимиз бўлди. Орадан бир неча кун ўтар-ўтмас сафарга чиқуб кетганлигини ҳам шул сафарда Қарши шаҳрида шаҳид бўлғонини эшитиб, ҳайрат ва ҳасратда қолдим”, деб ёзади тарихнавис адиб.
Беҳбудий 1919 йил 25 мартда Қаршида ўлдирилган. Ҳожи Муин “Муфти Маҳмудхўжа ҳазратларининг қандай шаҳид бўлғонлиғи ва анинг томонидан ёзилған васиятнома” мақоласида маълум қилишича, фожиадан унинг шогирдлари ва яқин дўстлари 1921 йил мартда хабар топган. Адабиётшунос олим Наим Каримов эса манбаларни тадқиқ этиб, бундай хулосага келади: “Фитрат, Чўлпон ва Айнийнинг Беҳбудий вафотига бағишлаган шеърлари 1920 йили ёзилган. Демак, айтиш мумкинки, Беҳбудийнинг содиқ дўстлари ва издошлари устоз ҳалок этилганидан бир йил ўтгач, 1920 йилнинг апрель ойида хабар топганлар” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Тўлдирилган ва тузатилган 3-нашри. Тошкент, “Маънавият”, 2006. 257-бет).
Айний “Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ва рафиқларининг ўчлари олинди”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида”, “Муфти Маҳмудхўжага бағишлаб”, “Маҳмудхўжа ва рафиқларининг мусибати”, “Буюк мотам куни” каби мақолаларида сирли қотиллик тафсилотларига тўхталади. Хусусан, “Бухоро ахбори” газетасида “Мусофир” тахаллусида эълон қилган мақоласида бундай ёзади: “Туркистон ёш фикрлиларининг отаси бўлғон самарқандлик муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий афанди ўзининг рафиқлари Муҳаммадқул ва Мардонқул ўртоқлар билан биргаликда 1919 йил март ойида золим амирнинг қонхўр беклари тарафидан Қарши шаҳрида ўлдирилиб, бутун Туркистон жадид ва маорифпарварларини улуғ ва қаттиғ мусибатга учратқон эди. Ушбу мусибат таъсири билан 1920 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида умум халқ тарафидан амирга қарши катта намойиш ҳозирланиб, золимларга жазо берилиши талаб қилинғон эди” (Мусофир (Айний). Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ва рафиқларининг ўчлари олинди. “Бухоро ахбори”, 1923 йил 3 октябрь).
1920 йил ноябрида Беҳбудий вафотини тафтиш этиш бўйича етти кишидан иборат комиссия тузилади. Комиссия аъзолари зиммасига Қаршига бориб, марҳумнинг қабрини ҳамда қотилларини топиш вазифаси юкланади. “Лекин у вақт Қарши ҳукумат доирасида эга ва соҳибнуфуз бўлиб ўлтурғон зот Оғалик эди, – деб ёзади Айний. – Амир вақтида ҳам ҳукумат эшигининг соҳибнуфузи шул Оғалик мазкур шаҳидларнинг ўлдирилишларига сабабчи ўзи бўлғонлиғи учун Беҳбудийнинг қабри ҳам топилмади, ўлдургучилар ҳам юзага чиқмади. Самарқанддан комиссия бўлиб борғон ўртоқлар Қарши шаҳрининг ҳукумат бошида ўлтирғон одамлардан маъюс бўлиб келдилар. Мана бу кун ҳақиқат юзага чиқди: Беҳбудий ва рафиқларининг ўлдирилишига сабаб бўлғон ва фуқаро ҳукуматининг молига хиёнат қилғон мазкур Оғалик 19 сентябрда ҳукуматимиз тарафидан отилди. Демак, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва рафиқларининг ўчлари олинди”.
Манбаларга кўра, Беҳбудий ўлими арафасида издошларига васиятнома ёзиб қолдирган (унда Сиддиқий, Фитрат, Акобир Маҳдум, Вадуд Маҳмуд, Абдулқодир Шакурий билан бирга Айнийнинг номи ҳам зикр этилади). “Маориф йўлида ишлайтурғон муалимларнинг бошини силангизлар! Маорифға ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангиз! Ҳар иш қилсангиз жамият ила қилингиз! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингиз!” деб хитоб қилади улуғ маърифатпарвар сўнгги мактубида (Ҳожи Муин. Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг қандай шаҳид бўлғанлиғи ва анинг томонидан ёзилған васиятнома. “Инқилоб”, 1922 йил, 1-сон).
Мухтасар айтганда, Айний қаламига мансуб хотиралар аллома Беҳбудий шахсини ўрганиш, унинг қарашларини тадқиқ этишда қимматли манба ўлароқ бугун ҳам илмий қимматини йўқотмаган.
Фаррух ТЕМИРОВ,
Бухоро давлат университети
тарих кафедраси мустақил изланувчиси
“Tafakkur” журнали, 2016 йил 2-сон
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ