Аёл-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йиллар давомида муҳокама қилиниб ҳалигача тўлиқ ечим топмаган глобал муаммо сифатида қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка учрайди. Бу ҳолат кўплаб мамлакатларда жиноий иш сифатида кўриб чиқилса, баъзи мамлакатлар қонунчилигида оилавий зўравонлик бўйича тегишли моддалар мавжуд эмас.
Зўравонлик қурбонлари Германияда ишонч телефонлари орқали маслаҳат олиши ва махсус инқироз марказларига жойлаштирилиши мумкин. Австралия бу борада бошқачароқ йўл тутган – улар жабрланувчига зўравондан узоқроқда бошпана топиш учун пул ёки фоизсиз кредит таклиф қилади. Қозоғистон бўлса, зўравонликни яна жиноят иши сифатида кўриб чиқишни бошлади. Ўзбекистонда вазият қандай?
Истанбул конвенцияси
Бугунги кунда оилавий зўравонлик тўғрисидаги энг прогрессив халқаро ҳужжат деб аёлларга нисбатан ҳар қандай тазйиқларни тўхтатишга қаратилган «Истанбул конвенцияси»ни айтиш мумкин. Европа кенгашининг ушбу ҳужжати 2011 йилда Истанбулда (шунинг учун Истанбул конвенцияси деб ҳам юритилади) қабул қилиниб, 2014 йил кучга кирган. Конвенция аёлларга нисбатан ҳар қандай дискриминация (камситиш) ва зўравонликни тугатишни, қолаверса, хотин-қизларни зўравонликдан ҳоли яшаши учун асосий инсоний ҳуқуқларини таъминлашни мақсад қилган. Бугунги кунда дунёнинг 39 мамлакати Истанбул конвенциясини ратификация қилган. Арманистон, Болгария, Чех республикаси, Венгрия, Литва ва Словакия республикаси каби Европа кенгашига аъзо давлатлар эса ҳужжатни имзолаган, бироқ ратификация қилмаган.
Турли мамлакатларда оиладаги зўравонликка қарши қандай курашилади?
Германия
Аноним чатлар, ишонч телефонлари, инқироз марказлари ва махсус ётоқхоналар – Германияда зўравонликдан азият чекканлар бир неча усулда ёрдам олиши мумкин.
Германия федерал ҳукумати 1999 йилда Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан. Унинг асосий мақсади давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, биргаликда зўравонликдан омон қолганлар марказларининг умуммиллий тармоғини яратиш саналади. Ушбу режага қадар ҳам ҳамкорлик мавжуд бўлган, лекин ўта тарқоқ, асосан, шаҳар ва минтақавий даражада бўлган. Масалан, Берлиндаги Оилавий зўравонлик бўйича инқироз маркази Берлин мерияси томонидан, Шлезвиг Голштейн ерларидаги инқироз маркази эса Аёллар ишлари бўйича минтақавий ҳокимият томонидан молиялаштирилган.
Бу ишлар қандай натижа берган?
2001 йилда Франкфуртмайнда Аёллар бошпаналари ишини мувофиқлаштириш ассоциацияси (FHK)га асос солинган. 275 га яқин аёллар бош панаси ва 300 та ихтисослаштирилган маслаҳат марказлари билан бирга ташкилот аъзолари зўравонликдан азият чеккан аёллар ва уларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёрдам бериш тизими фаолиятини таъминлайди. 2013 йилда эса зўравонликдан азият чекканлар учун 24 соатлик Hilfetelefon, яъни ёрдам (ишонч) телефони тизими йўлга қўйилган бўлиб, у ҳам давлат бюджети томонидан молиялаштирилади. Бу орқали жабрланувчилар немис ёки бошқа тилларда, аноним тарзда маслаҳат ва мақсадли ёрдам олиши мумкин.
Бундан ташқари, Германияда Зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш федерал (BFF) ассоциацияси ҳам бўлиб, у мамлакат бўйлаб 210 дан ортиқ инқироз марказларини ташкил этган. Ташкилот семинар ва конференциялар ўтказиб, амалий тажрибалар билан бўлишади ва муаммо бўйича ахборот материалларини ишлаб чиқади.
Австралия
Молиявий кўмак, маслаҳат марказлари ва фоизсиз кредитлар.
2011 йилда ҳукумат 2010-2022 йилларга мўлжалланган Аёллар ва болалар зўравонлигини қисқартириш бўйича тўрт босқичда амалга ошириладиган миллий режани тасдиқлаган. Унга кўра, ННТларнинг иштироки давлат органларига «Аёлларнинг турли эҳтиёжларини тушуниш ва жавоб бериш»да, шунингдек, «Аҳолининг турли гуруҳлари билан алоқаларни яхшилаш»да ёрдам беришига қаратилади.
Биринчи босқичда ҳар бир штат ёки ҳудудда ишчи гуруҳга оиладаги зўравонлик масалаларига ихтисослаштирилган камида битта маҳаллий ННТ бириктирилиши керак. Иккинчи босқичда маслаҳат марказлари, бошпаналар ва 24 соатли ишонч телефонлари ёрдам кўрсатади. Шунингдек, зўравонлик бўйича аризаларни кўриб чиқувчи суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ишини яхшилашга қаратилган дастурлар ўтказилади. Учинчи босқичда ташкилот ва дастурлар Австралия ҳукумати, штат ва ҳудуди бюджетидан молиялаштирилади. Тўртинчи босқичда эса мамлакат бюджетидан 328 миллион Австралия доллари профилактика ишлари, бошпана ва тиббиёт ходимларини тайёрлаш учун ажратилади. Шу билан бирга, ҳар бир штат оилавий зўравонликка қарши кураш бўйича алоҳида чоралар қабул қилади. Масалан, Квислендда ихтисослаштирилган судлар ва агрессорлар иши бўйича марказлар фаолият кўрсатади.
Австралия иқтисодий зўравонликка қарши курашга ҳам алоҳида эътибор қаратади. 2019-2020 йилларда мамлакат бюджетидан 119,2 Австралия доллари миқдоридаги маблағ аёлларнинг «Молиявий хавфсизлигини мустаҳкамлаш»га йўналтирилган. Маълум бўлишича, оиладаги зўравонликка учраган аёлларнинг 90 фоизи иқтисодий зўравонликка ҳам дуч келади.
Бундан ташқари, мамлакатда қисқа муддатли фоизсиз кредитлар тизими мавжуд. Бунда зўравонликка учраган аёллар 3000 долларгача бўлган суммани ҳамкор банклардан фоизларсиз икки йил муддатга олиши ва уни турар жой ижараси ёки коммунал тўловларга сарфлаши мумкин.
2021 йилда эса Австралия ҳукумати оиладаги зўравонлик қурбонларига бир марталик тўлов тартибини жорий қилган. Жабрланувчи бу пулни алоҳида турар жой ижарасига ёки бошқа хонадонга кўчиб ўтишга сарфлаши мумкин.
Қозоғистон
Собиқ СССР мамлакатларида аёллар учун биринчи инқироз марказлари 1990 йиллардан пайдо бўла бошлаган. Оилавий зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунчилик базаси бўлса, XXI аср биринчи ўн йиллигининг охирларида пайдо бўлган. Хусусан, Қозоғистонда 2009 йил «Маиший зўравонликни олдини олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда давлат органлари зўравонликка қарши кураш чора-тадбирлари, масалан, профилактик суҳбатлар ўтказиш ва ҳимоя ордерини тақдим этиш кабилар санаб ўтилган. Бундан ташқари, қонун жабрланувчилар билан ишлашда индивидуал ёндашувга таяниб, уларнинг махфийлигини таъминлашни назарда тутган.
2017 йилга қадар мамлакатдаги зўравонлик ҳолатларини кўриб чиқишда жиноят кодексининг қасддан енгил зарар етказиш моддалари қўлланилган. Бироқ ўша йилнинг июнь ойида тегишли моддани бекор қилувчи қонун қабул қилинган. Ўзгартиришларга кўра, агар ишда оғирлаштирувчи ҳолатлар, масалан, жабрланувчи ҳомиладор бўлмаса, суд жарима ўрнига ёки ёзма огоҳлантириш билан чекланиши ёки 15 суткалик қамоқ жазоси тайинлаши керак бўлган.
Куни кеча дунё ахборот майдонида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган «Бишимбаев иши»дан кейин эса зўравонликка оид хатти-ҳаракатлар Қозоғистонда яна жиноят иши сифатида кўриб чиқиладиган бўлди. Унга қадар полиция ходими зўравонга жабрланувчи билан 30 кунгача алоқани чеклаш бўйича буйруқ беришга ҳақли бўлган. Буйруқ бузилган тақдирда эса зўравонга 10 суткагача қамоқ жазоси тайинланган.
Арманистон
Оиладаги зўравонликдан азият чекканларни ҳимоялаш тўғрисидаги қонун 2017 йил декабрида қабул қилинган.
Қонун энг аввало, можарога ҳуқуқ-тартибот органларининг тезкорлик билан аралашувини назарда тутади. Жабрланувчининг 1-02 ишонч телефонларига мурожаатидан кейин ҳудудий-бошқарув полиция гуруҳи тегишли манзилга етиб боради. Полициянинг биринчи қиладиган иши – зўравонликни олдини олиш саналади. Агар муаммо жисмоний зўравонлик устида бораётган бўлса, жиноятчи бир йил муддатга махсус рўйхатга олинади.
Калтаклаганлик учун икки ойгача қамоқ жазоси тайинланади. Қонун лойиҳаси шунингдек, икки институт ишини тартибга солади. Булар жабрланувчилар реабилитация қилиниши ёки ўн икки ойгача яшаши мумкин бўлган ижтимоий ҳимоя марказлари ва бошпаналардир.
Ўзбекистон
Шелтер, ишонч телефони, бепул юридик хизмат ва онлайн маслаҳатхона.
Зўравонлик иллатидан Ўзбекистон ҳам ҳоли эмас, албатта. Бу масала ҳуқуқ тартибот органлари, аёл ва инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис ва бошқа жамоатчилик фаолларни ўйлантирадиган доимий муаммолардан саналади. Унга қарши кураш, жабрланувчиларни эса ҳимояга олиш масаласи нафақат давлат органлари, балки нодавлат ташкилотлар ва бошқа кўнгиллиларнинг масъулиятида.
Қонунчиликка келадиган бўлсак, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган ҳамда жабрланувчининг ҳуқуқларини кўрсатувчи бир қанча қонун моддалари бор. Энг сўнги ва муҳим қарор сифатида «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни келтириш мумкин. Унда зўравоннинг тазйиқларига учраган қурбонга «оила – маҳалла – туман ва ҳудуд» тамойили асосида, ҳимоя ордери талаб этмасдан туриб ижтимоий ва юридик хизмат кўрсатиш назарда тутилган.
Жабрланувчилар қаерларга мурожаат қилиши мумкин?
Тазйиқ ёки зўравонликка учраган фуқаролар турли шаклларда тегишли органларга мурожаат қилиб, ёрдам олиш имкони юқоридаги ва бошқа қонунлар билан мустаҳкамланган.
Жабрдийда 102 рақами орқали ИИОнинг навбатчилик қисми ёки профилактика инспекторларига, 112 – ягона диспетчерлик хизмати ёки 1146 – ишонч телефонларига мурожаат қилиши мумкин. Натижада, мурожаатдан кейинги 24 соат ичида жабрланувчиларга ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, муаммони ўрганишга қаратилган чора-тадбирлар ўтказилади. Аниқроқ қилиб айтганда, дастлаб хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактик инспектор тажовузкор билан суҳбат ўтказади. Ижтимоий ходим эса жабрланувчи ва унинг вояга етмаган фарзандлари ҳолатини баҳолайди. Профилактик инспектор зўравонликка учраган аёлга ҳимоя ордери расмийлаштириб, заруратга кўра бирламчи кўмак хоналарига жойлаштириш учун далолатнома расмийлаштиради ва қурбон(лар)нинг розилиги билан ҳимоя ва кўмак хоналарига ўтказилади.
Бундан ташқари, жабрдийда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимига ҳам мурожаат қилиши мумкин. «Инсон» ва Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказлари зўравонлик қурбони ва унинг вояга етмаган фарзанд(лар)ига ижтимоий хизмат кўрсатади.
Марказлар нима мақсадда ташкил этилган?
Марказлар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига маҳалла даражасида комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни мақсад қилган. Бунда тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар, кексалар ва вояга этмаганларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатилади. Тизим мутахассислари ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс ёки оилани «Кейс менежмент» орқали баҳолайди. Натижага кўра, жабрланувчи давлат томонидан кафолатланган ёрдам ва хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлади. Шунингдек, оиланинг кучли томонларидан фойдаланиб уларни оғир вазиятдан олиб чиқиш чоралари ҳам кўрилади.
Маълумот учун, ушбу марказлар нафақат зўравонлик қурбони бўлган аёл-қизларга, балки оғир аҳволга тушиб қолган ёки тушиш хавфи бўлган шахс ва оилаларга, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам ёрдам чораларини кўриб, уйда парвариш қилиш ва қўллаб-қувватлаш, реабилитация ҳамда санатор соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш бўйича тизим ташкил этишда ёрдам беради.
Келаси 2025 йилдан бошлаб Ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки шунга мойиллиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади.
Бундан ташқари, республиканинг турли ҳудудларида аёлларни реабилитация қилишга мўлжалланган вақтинчалик бошпана (шелтер)лар фаолияти ҳам йўлга қўйилган: 2021 йилнинг май ойида «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-5116 қабул қилинган. Қарорга асосан, Ўзбекистонда мавжуд 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини оптималлаштириш ҳисобига 29 та Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлар, шу жумладан, 1 та Республика маркази, 14 та ҳудудий марказлар ва 14 та намунали туманлараро марказларни ташкил этилиши белгиланган.
Унга қадар ҳам ННТ шаклида ташкил этилган шелтерлар бўлган. Бироқ уларни молиялаштириш, мутахассислар етишмовчилиги ва шелтер ходимлари ва унда яшовчиларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келинган. Шундан кейин тегишли қарор қабул қилинган.
Зўравонликка учраган ўзбекистонликлар қаердан ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳат олиши мумкин?
Вазирлар маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги 678 сон қарорининг 16-бандида жамиятда аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида «Гендер-мадад» электрон ҳуқуқий маслаҳатчи лойиҳасини ишга тушириш белгиланган.
Қонун ижроси ўлароқ, Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил август ойида “gendermadad.uz” электрон ҳуқуқий маслаҳатчи платформаси ишлаб чиқилган. Мадад ННТдан фуқаролар ҳуқуқий масалалар бўйича бепул онлайн маслаҳат ва маълумотлар, шунингдек, ҳуқуқий ёрдам ҳам олиши мумкин. Бунда жабрланувчи порталдаги онлайн-маслаҳатчи чат орқали мутахассислар билан боғланади. Ташкилотнинг "Advice.uz" ҳуқуқий ахборот портали орқали эса гендер тенглик ва унга эришиш стратегияси, аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва оиладаги зўравонлик каби бўлимлардан муҳим саволларга жавоб топиш мумкин.
Бугунга қадар порталга 2653 нафар мурожаат келиб тушган.
Муқаддас МУСАЕВА,
“Oyina.uz”
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ