Аскарни йиғлатган асар – Бир ҳикоя теграсидаги ўйлар


Сақлаш
16:44 / 15.08.2024 326 0

Чин ихлос

 

Мен бу ҳикоя ҳақида кўнглимдан кечган ўй-фикрларимни анчадан бери ёзгим келарди. Тунов куни уни қайтадан ўқидим-у қандай қилиб қўлимга қалам олганимни билмай қолдим. Асар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ўн беш йилча бурун – 2009 йил 13 ноябрь куни чоп этилган. Эсимда, газетанинг учинчи саҳифасини очиб, “Ступка”га кўзим тушган: “Ваҳ! Ўзбекчасини тополмабдиларми? Эркин ака-я?!”

 

Биламан, Эркин Аъзам ёзган янги асар қўлига тушса, адабиётнинг чин ихлосманди бор иши-ташвишини четга суриб қўйиб, мутолаага берилади: “Арслон акамиз дунёдан ўтгандан сўнг Марина янгамиз мана шу кунни интиқиб кутадиган бўлиб қолган...”

 

Бу – бошига каллапўшини дол қўндирган лалми бойсунликнинг гапи. Ичида доим нур ўйнаб турадиган жайдари ўзбеккина мана шундай – “акамиз”, “янгамиз”, “тоғамиз”, “момомиз”, “бобомиз”, “ошнамиз” деб меҳри ийиб гапиради. Бундай сўзларга кўзи тушган адабиётнинг ўша чин мухлиси қийқириб юбориши тайин: “Фақат Эркин Аъзамгина шундай ёзиши мумкин! Фақат Эркин Аъзам деганлари мана шундай жайдари гурунглардан олиши мумкин!”

 

 

Бу – ҳозирги замон тилида айтганда, Эркин Аъзамнинг адабиётдаги ўзига хос бренди: илк сатрлариданоқ танийсиз! Танийсизу мутолаага шўнғийсиз! Сархушлантирадиган ичимликдан тотина бошлагандай, ўтирган жойингизда беихтиёр бир қўзғалиб оласиз-да, бош кўтармай ўқийверасиз: аввал маҳлиё, бора-бора мубтало бўлиб қолганингизни ўзингиз сезмайсиз. Санъатнинг куч-қудрати асли шунда: муаллиф ихтиёрингизни сиздан олиб, ўз кўйи-оҳангига солганида. Ашк дарёсига отиб, сузишга мажбур қилганида.

 

Ўз ижодий концепциясида қойим ва собит Эркин Аъзам бренди ўзбекона бағрикенглик, инсоний меҳр ва юксак сўз маданиятининг ёрқин тимсолига айланганига ярим аср бўлди. Бу брендга хос асарларда сохталик, тилёғламалик, тама, эсноқни келтирадиган китобийлик йўқ.  Жонсарак ёзувчи бош муҳаррир сифатида “Тафаккур” брендини яратганини ҳам ҳеч ким инкор эта олмайди. Мажалланинг ўттиз йиллик фаолияти мобайнида илмий-бадиий тафаккур, тил ва муайян талаблар бўйича миллий мезонлар шакллантирилди ва бойитилди. Таҳрир санъат даражасига кўтарилди.

 

Заҳматкаш адибнинг барча асарларида бўлгани каби “Ступка”да ҳам ўқиганингиз сари воқеалар ривожи сизни қаҳрамонлар ҳаётининг гоҳ ғаройиб, гоҳ  мунгли-маъюс пучмоқларига тортиб кетади.  Ўша куни ҳикояни ўқиган адабиётнинг чин мухлисларидан бири – собиқ аскар йигитнинг кўзларида ёш ғилтиллаганига ўзим гувоҳман. “Қарасам, – дейди у, – сатрлар айқаш-уйқаш бўлиб, бир-бирига мингашиб кетяпти. Ана-мана дегунча кўз олдимни туман босгандай ҳеч нарсани кўрмай қолдим!..”

 

“Нима бўлди, тақсир? – дея таажжуб изҳор этдим мен. – Кап-катта одам, сочингизга оқ ораламасдан, гўдакфеъл чолларга ўхшаб?..”

Собиқ аскар шоша-пиша мижжаларини артди: “Хизматда юрган вақтларим эсимга тушиб, кўнглим бўшаб кетди, савил!”

Ички телефондан таржимонга сим қоқдим:

– Ўрисчага ўгириб берсангиз, илтимос! Пулидан ғам еманг!

Бирпасдан кейин жавоб қўнғироғининг саси хонамга ёйилди:

– Пул-мулингизни қўйинг! – деди ЎзА таржима таҳририятининг бош муҳаррири, жаҳон адабиётининг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиққан нозиктаъб олима, икки тилга ҳам таржимани пистадай чақиб ташлайдиган Зебо Бобоева ҳиқиллашдан ўзини тўхтата олмай. – Жон-жон деб таржима қиламан!..

– Йиғлаяпсизми? – дея талмовсирадим мен. – Тинчликми?

– Даҳшат!.. Шўрлик аёлларнинг қисмати юрак-бағримни эзиб юборди!

Ҳаяжоним ичимга сиғмай, энди муаллифни излашга тушдим.

– Ҳа, ойнам? – гулдураган садо келди симсиз гўшакдан.

– Қайлардан сўраймиз, ака?

Эркин ака билан неча йиллардан бери қўру даврамиз бир. Укасининг эркинсираб айтган асов гапларини кўтаради. Малол келганини сездирмайди.

– Бойсунда киночилар билан юрибман.

– Табриклайман, ака! Чин дилдан табриклайман! “Ступка”ни қотириб қўйибсиз!

– Буни қаранг! Буни қаранг!.. Асли ўзи, сизнинг тилингиз билан асал ялаш керак, иним!..

– Бор гапни айтяпман!.. Ишонмасангиз, ана, сўранг: таржимон бечоранинг кўзёшларидан газета ивиб кетди.

– Тушунмадим... Бугун чиққан ҳикояга таржимоннинг нима дахли бор?

Муддаони айтдим: “Ступка”ни зудлик билан рус тилида чиқариш керак. Марина янгамизнинг қавми ҳам ўқисин, билсин!

– Оббо! – дея яйраб кулди устоз. – Яна-чи?

– Яна, киночи оғайниларингизга айтинг, – деб илҳомим жўшиб давом этдим. – Инсофлиси бўлса, асарни фильм қилсин. “Оскар”га лойиқ картина бўлади!..

– Ҳай-ҳай! – деди муаллиф завқланиб. – Кўз-пўз тегиб қолмасин тағин!..

 

 

“Ступка” кўп ўтмай Москвадаги нуфузли адабий журналда эълон қилинди. 2017 йили адибнинг асарлари «Heirs to the Great Sinner Sheikh San’on» («Буюк осий Шайх Санъон ворислари») деган умумий ном билан китоб ҳолида Британияда чоп этилди. Дунёнинг энг йирик маданият марказлари – Париж, Вашингтон, Лондон каби шаҳарларда ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган тақдимотларда номдор ёзувчилар, адабиётшунослар, дипломатлар, маданият ва сиёсат арбоблари иштирок этди.

 

Инглизча нашр жаҳонга машҳур онлайн китоб дўкони – Аmazon.com тармоғида сотувга чиқарилгач, дунёда ҳам ўз ўқувчиларини топди. Синчков мунаққидлар унинг нафақат инглиз, балки француз тилидаги таржимасини ҳам таҳлил ва тафаккур чиғириғидан ўтказиб, юксак баҳо бердилар.

 

Бу орада Эркин ака илҳом билан ишга киришиб, ҳикояни “Тангрининг тоши” деган ном билан бадиий фильмга мослаб қайта ишлади. Аҳли кино чапаклар билан кутиб олган сценарийнинг пешонасига чалпакнинг қисмати битилган экан: қайсидир стол тортмасига тушди-ю, чиқмай қолиб кетди. Афтидан, ўзбек киносининг осмонида об-ҳаво ўзгариб қолгани зиён қилди. “Ажаб эмас, – дейди некбин муаллиф, – ҳаво очилиб, чинакам санъату азалий мавзулар ёдимизга тушганда, эҳтимол, бу масалага яна қайтилар. Ё насиб!”  

 

Ўқиган борки, кимнидир қиқир-қиқир кулдириб, бошқасининг кўнглини хун қиладиган, мунаққидлар назаридан тушмай келаётган “Ступка”нинг сири нимада?

 

Гапни чўзиб ўтирмайман: ҳаётийлигида, содда-самимийлигида, тилининг ширасида! Бир нафасда ўқийсиз ва қанча завқ-шавқ оласиз. Айни чоқда, оғир-вазмин, хаёлчан-ўйчан тасвирлар, аламлар, изтироблар битилган сатрлар дилингизни ўртаб, кўзингизни намлантиради.

Ўйлайманки (ўйларим эса асоссиз эмас!), мабодо, шу ҳикояни Ғарбнинг бирор адиби ёзганида, дарҳол  уни кўтар-кўтар қилиб, пиар осмонига олиб чиқилар, жаҳон адабиётидаги дурдона асар сифатида кўк тоқидан мангу ўрин берилар эди. Бизда эса... Қўяверинг, энг муҳими, уни ўзбек адиби ёзган, Эркин Аъзам ёзган!

 

Лофи йўқ, ўқиб, кўриб, билиб юрибмиз, Ғарбнинг энг номдор танловларида совринларга лойиқ топилиб, жаҳоний давраларнинг тўридан жой берилганлар орасида китоблари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон каби адибларимиз асарларининг яқинига ҳам йўлай олмайдиганлари қанча! Уларнинг омади – қозону чўмичга яқинлиги.

 

Ҳартугул, инсофу адолат кўтарасавдога қўйиб юборилмаган экан. Асарларини мутараққий Оврўпонинг нозиктаъб зиёлилари камоли ихлос билан мутолаа қилаётган ва бошқаларга ҳам ўқишни астойдил маслаҳат бераётган юз нафар забардаст сўз санъаткорлари рўйхатида ўзбек ёзувчиси Эркин Аъзам ҳам бор. Қароргоҳи Лондонда жойлашган инглиззабон Сalvertjournal.com нуфузли интернет журнали 2021 йили ўтказган сўровнинг натижаси шундай. Тан бермай бўладими!

 

Қўрғондаги алғов-далғов

 

Қизиғи, китоблари кўплаб тилларга таржима қилинган, фильмлари не-не халқаро фестивалларда олиймақом совринлар олган, пьесалари нуфузли театрларда саҳналаштирилган адибнинг ўзи мудом жим! Бирор жойда, бирор минбар ёки даврада кўкрак кериш нари турсин, фахрланиб гапирганини ёки ёзганини кўрмайсиз.

 

Бу хокисорликдан кибр қидирадиганлар ҳам йўқ эмас: “Улай-булай нарсани назарларига илмайдилар-да!” Начора, ҳар кимнинг таъби, аъмоли бўлак. Фақат бир ўкинч борки, талант бўй кўрсатган жойда ҳасад ҳам ўралашиб юради. Ана шу ўралашадиганларнинг қўли устун келгани сабабми, кўпинча миллатимиз фарзандларининг ибратли ишлари ҳақида гап очишдан чўчиймиз. Гўё уларнинг айби – тириклигида – орамизда, тўй-маърака, мажлису машварат ва тадбирларда элга кўриниб турганида. Ато қилинган умрини яшаб ўтиши билан биримиз қўйиб, биримиз осмонга кўтаришга тушамиз: “Буюк сўз санъаткори! Адабиётимизнинг мумтоз вакили!”

 

 

Орамизда юрганида бу гапларни айтсак, ҳақимиз кетади гўё. Хаста қалбига ҳасад ин қурган бошқа бирови  устимиздан кулади: жа, ошириб юборибсиз! Ўзимиз қатори бир одам-да!  Бундай гапларга Эркин ака бепарво қўл силтайди: қўяверинг, ўйнасин! Биласиз-ку, ялтир-юлтир қоғозларда том-том китоб чиқарган шоирлар борки, бир сатр шеърини биров ёддан айтиб беролмайди. Ёстиқдай-ёстиқдай романлар ёзган адиблар борки, бирорта асарини биров, ҳечқурса уларни кўкларга кўтариб мақтаган ўша мунаққидлар ҳам охиригача ўқимаган. Кори амали шундай бўлгач, нимаям дейсиз? Худонинг назари тушган чин чавандоз барибир улоқни даврадан узиб кетади. Давридан ўзиб кетади!

 

Бундай пайтларда 2014 йилнинг 28 апрель куни Эркин ака билан Абдулла Ориповнинг зиёратига, ҳукумат шифохонасига борганимизни эслайман. Абдулла ака бизни кўриб жуда хурсанд бўлди. Диванда оқ жилдли болишга суяниб ўтирган экан. “Мени креслога ўтказиб қўйинглар-да, ўзларинг диванга ўтиринглар, – деди. – Гурунгга қулай”. Иккаламиз икки қўлтиғидан олиб креслога ўтказиб, елкасига оқ болишни суяб қўйдик. Ҳанифа янга кўк чой олиб келди. Абдулла ака қийналиброқ нафас оларди. Ҳамширалар томирига тушиши қийин бўлаётган экан. Юз-қўли шишгандек. “Ҳалиям анча пеш бўп қолдим, – деди буюк шоир. – Бу ерга келганимда аҳволим хийла оғир эди”.  

Абдулла ака зерикиброқ ўтирган экан чоғи, гурунгимиз қизиб кетди. Айтдики, Абдулла Қаҳҳор ҳам, Ойбек ҳам ҳеч кимга бош эгмаган, хушомад қилмаган. Ёзувчилар уюшмасига танда қўймаган. Улар бу жиҳатдан ўзларининг қўрғонини, маънавий қўрғонини яратиб кетди. Эркинжон, сиз ҳам шулар қаторида турадиган забардаст ижодкорсиз. Шу пайтгача бировга ялтоқилик, хушомад қилмагансиз. Майдалашган жойингизни ҳам кўрганим йўқ. Шу феълингиз, шу йўлингиз менга жуда ёқади. Шу йўлингиздан қолманг, укам! Бу дунёда ҳамма нарса ўтади-кетади. Чин сўз қолади!

 

Гап адабиёт майдонига бурилганида ўзбек донишманди гўё васият қилди: “Бир-бирларингдан камчилик эмас, фазилат қидиринглар, аҳил бўлинглар. Маҳаллийчиликдан тийилинглар”. Энди сиздан сўрайин, муҳтарам газетхон, у эмас-бу эмас, бошингиздан мусофирлик ўтганми? Ёлғизлик, ғариблик, жудолик кунлари-чи? Қадрдон бир каломга, суянчиқ бир дардкаш қалбга зор қолган дамларингиз бўлганми?

 

Бўлмаганда-чи? Бўлмаганда ҳам “Ступка”ни ўқиган борки, агар шуурини дунё ғаройиботларидан ҳайратланиш саодати тарк этмаган бўлса, лолу гирён қолиши тайин. Ҳикоя недир изтиробларингизни жонлантириб, дардингизни янгилагандай бўлади. Бефарқ қололмайсиз. Аслини олганда, санъатнинг кучи ҳам шунда – жонни ўрташида! Киши қалбининг туб-тубидаги энг нозик туйғуларни жунбишга келтириб, хотира қўрғонини алғов-далғов қилиб ташлашида. Алғов-далғови билан ўчмас, аммо ёруғ из қолдиришида...

 

Гурунгларимиздан бирида Эркин ака менга бундай деган эди: “Кўча-кўйда кариллаб юрган одамнинг кўнглига мундоқ қўл солиб кўрсангиз, унинг ҳаётда ўз ўрнини тополмаган бир шўрлик, синиқ одам эканини кўрасиз ва тавба дейсиз, ҳайрон қоласиз. Биламизки, “Одамзоднинг боши – тангрининг тоши”. Яратган қаерда истаса, ўша ерда ризқ беради. Истибдод зулмининг темир панжаралари барҳам топиб, халқимиз истиқлолга эришганидан кейин “ўтроқ” ўзбеклар ҳам хорижга тариқдай сочилиб кетди. Дунёнинг авзойини кўринг, илгари туғилган қишлоғини тарк этиб шаҳар орзусига тушишни ўз ота-онасига, киндик қони томган ерга ҳурматсизлик, ҳатто хиёнат деб билган хонанишин ўзбегим энди қаерда нашъу намо топса, ўша ерни ватан деб билмоқда. Глобал – ялпи дунёга туташган эл борки, кўчманчи мусофирга айланиб бормоқда. Тақдир тақозоси билан бегона ўлкаларда муқим қолиб кетаётганлари қанча! Ҳатто ички низолардан тилка-пора бўлиб ётган олис Камбожадек ўта нотинч давлатда ҳам умргузаронлик қилиб юрган ўзбек қавми йўқ эмас экан. Улар “ўзга юртда султон бўлиб” ҳар қанча бахту саодатга эришмасин, тоабад дилида бир армон яшайди. Э, оғир, дардли мавзу бу!”  

“Мусофир бўлмасдан, мусулмон бўлмас” – дарбадарлик азобларини кўп тортган ота-боболаримизнинг хулосаси бу. Айрим маълумотларга қараганда, бугун курраи заминда мусофир-муҳожирлар 300 миллиондан ошган.

 

Эркин Аъзамнинг “Ступка”сидаги Марина янгамиз ҳам Россия ва Украинанинг турли жойларидан бегона бир қишлоқ мактабига муаллимликка келиб қолган  юзлаб мусофирлардан бири. Сираси, “юзлаб” – менинг тахминим. Пединститутни битирганидан сўнг комсомол йўлланмаси билан Ўзбекистонга юборилган санамлар ишламаган қишлоқ мактаби бормиди?..

 

 

Чироқчининг чўлидаги мактабда кўккўз муаллималар бизга ҳам сабоқ берган. Аксарияти “Ступка”даги Арслон акамиз каби давангир йигитларга турмушга чиқиб, юрт аҳлига эл бўлиб кетган. Ана шундай мусофирлардан сўнггиси – раҳматли Тоштемир акамизнинг аёли, асли ўзи осетиялик тарсо Сида момомиз яқинда тўқсонни қоралаб қазо қилди. Тўққиз фарзанди, ўттиздан зиёд невараси билан бирга бутун қишлоқ уни мусулмонча ада-қадасини жойига қўйиб, сўнгги манзилига кузатди.  

  

Тумор

 

Мунаққидлар эътирофи ҳақ-рост: Эркин Аъзамнинг ҳар бир асари – инсон кўнглига ўзига хос саёҳат, саргузашт. Қаҳрамонлари бефарқликдан йироқ, серғайрат, сероқибат, мард, танти, ҳалол ва руҳи озод одамлар. Ёзувчи, адабиёт гап санъати эмас, сўз санъати, деган олтин қоидага қатъий амал қиладики, гўдакнинг кўзёшидек тоза-покиза, самимий сатрлари китобхоннинг эътиборини меҳригиё каби дарҳол ўзига тортиб олади. Асарларининг ижтимоий-фалсафий заминида, аввало, энг қудратли туйғу – инсонга меҳр-муҳаббат мужассам. Ана шундай эзгу ғоялари билан китобхоннинг кўнглига нур, тафаккурига қувват бағишлайди. Минг изласангиз ҳам гапдонликка мойилликни тополмайсиз, ҳар сатрида сўзга ўта зиқналикни кўрасиз.

 

...Марина янга – томиридан узилган дарахт. Эри Арслон ака бандалик қилганидан сўнг кўнгил етари, юракдан дардлашадигани қолмайди. Тирноққа зор оила етимхонадан асраб олган “афт-ангори қорача-ю, кўзлари пистоқинамо” қиз эса бўйи етгач, Россия томонларга кетиб қолади. Янганинг ота-онаси аллақачон ўтиб кетган. Ёлғиз синглиси қай бир хорижликка илакишиб, Португалияни ватан тутган. Келишидан, кўришувдан умид йўқ. Бундай маҳалларда бандаси, ким бўлмасин, кўнгил ёрадиган дўсти ҳамроз излаши табиий. Марина эски дугонаси Ленаникига отланади. Эридан қолган мотоциклга ҳамсоясининг ўғли Абдини ҳайдовчиликка ёллаб, қўшни қишлоққа жўнайди.

 

Ҳикоядаги энг таъсирли ва унутилмас тасвирлар ана шундан – меҳмоннинг ҳовлига кириб келишидан бошланади. Икки рус аёлининг ғирт ўзбекона либосларию қилиқ-одатлари, саломлашиб-сўрашишлари, ачом-ачомлари,  ўзбекча гаплашганда сизлашиб, русчага ўтганда сенлашишлари, бир-да кулиб, бир-да бўзлашлари... хотирингизда михланиб, муҳрланиб қолади:

 

— Келинг, келинг, Маринаой!

— Бормисиз, Ленахон, бормисиз?

 

Икки элдош қизил мусалласдан озгина-озгина тотиниб, кўнгиллари бузилиб ўтирганида қўшнининг қизчаси бош суқади:

— Кўккўз хола-а, хамиртурушингизни бериб тураркансиз, энам айтдилар.

Ленанинг жавобини қаранг:

 

— Кўккўз холанг ҳам ўлсин, илойим, хамиртуруши ҳам ордона қолсин!

Лена — қўлигул чевар. Етимхонада ўсган, феъли-атвори ҳам шунга яраша, жиккилаганроқ. Марина, муаллима эмасми, хийла вазмин, сипо.

Мезбон ўзларини “шўрпешона” деб атаганида  меҳмоннинг жаҳли чиқади. Бу гапни ношукрликка йўяди. Лена қўлини ёқасига олиб бориб, ўзбекчасига тавба қилади:

— Тўғри айтасиз, дугонажон, тўғри. Худога шукр, ҳазорон шукр!

Сўнг ашула айтгилари келади ва русларнинг машҳур “Подмосковные вечера”сини танлайдилар.

 

“Икки ғариб бир-бирининг кифтига қўл ташлаб, олис юртларидан эсдалик, олис юртларининг нафасини келтирадиган соғинчга тўла шу ҳазин таронани оҳиста хиргойи қила бошлайди. Бир фурсат теварак-атроф ўзгача тус олиб, аллақандай армонли оқшом сокинлиги ингандек, қўшиқ куйлаётганлар — сирдошу жондош Марфушаларга, ҳув девор бўйлаб қад чўзган бўзтераклар ҳам оқбадан қайинларга айланиб кетгандек бўлади”.

 

Кўккўз янгаларимиз-ку Ўзбекистонда ўзининг она тилида дарс берган. Россиянинг билчиллаган ботқоқ еридан қор аримайдиган Кострома вилоятида ҳарбийда юрганида бир ярим йил бирорта ўзбекни кўрмаган, бирорта ўзбекча сўзни эшитмаган, бирорта ўзбекча китоб, газета-журнал ўқимаган анави аскар йигитнинг ҳолини-аҳволини тасаввур қила оласизми? Эркин Аъзамнинг кўккўз янгалари “Подмосковные вечера”сини мунгли-мунгли куйлаб, юм-юм йиғлаганларини ўқиганида бир замонлар Ватан соғинчидан маъюсланиб юрган аскарнинг ёдига Ботир Зокировнинг қўшиқлари тушган ва кечмиш нолалари  жолаларига уланган бўлса, не ажаб!

 

Бир ярим йил деганда акаси кулчадайгина грампластинка юборади ва ука бўлмиш уни тинимсиз айлантириб, ашула тинглашдан чарчамайди:

 

     Барнолар ичра барно Раъно,

     Гулмисан, гулëрмисан,

     Ошиққа дилдормисан,

     Ҳамма гуллардан аъло Раъно.

 

“Битта ашулани кунига неча марта эшитиш мумкин? Охири бир куни синдириб ташлайман-ов!..”

 

Қуролдоши Сергонинг ярим ҳазил-ярим чин бу гапини эшитиб, аскар йигитимиз ўтирган жойидан коптокдек сакраб туради:

“Қўлингни тегизиб кўр-чи! Нақд пешонангдан отаман!”

Аммо бир куни дам олиш хонасига киради ва ундан ўқдай отилиб чиқади:

“Серго-о! — деб ҳайқиради у ҳайҳотдек казарманинг эшигидан. – Карапетя-ян!”

“Бунча бўкирасан! Нима дейсан?”

 

Шердай ташланган аскар йигит девдай келадиган армани сафдошининг башарасига калла қўяди. Ёнидаги ёғоч курси билан бошига солганида курси синиб, сочилиб кетади. Иккаласининг ҳам боши ёрилиб, иккаласи ҳам қонга беланади. Қаердандир пайдо бўлган Володя Нестеренко ўртага тушади:

 

“Пластинкангни мен синдириб қўйдим! Мен айбдорман, мени ур!”

Дам олиш хонасини йиғиштираётганида қўлидан тушиб кетган эмиш. Мусичадек беозор, мўминқобил, қаншаридан кўзойнак аримайдиган “профессор” лақабли нозиккина аскар бола ўлсаям бузғунчилик қилолмас эди.

“Мен айбдорман! – дерди у нуқул. – Мени ур!”

Сўнг у грампластинка парчасига ёқут рангли шиша ёпиштириб, қалампирнусха чиройли тумор ясаб беради. Аҳён-аҳёнда аскарларнинг кийим-боши текширилганида зобитлар йигитимиздан сўрайди:

“Бўйнингга осиб олганинг нима? Туморми?”

“Йўқ, Ватанимнинг бир парчаси!”

 

Собиқ аскарнинг айтишича, ўша тумор ҳалигача унинг ёнида.  

...Икки дугона энди қаҳва ичиш ниятида ҳавонча излаб қолади ва унинг ўз она тили — русчада қандай бўлишини эслай олмайди. Ҳар қанча уринмасинлар, эсларига келмайди. Маринанинг кайфияти бузилиб, “кетаман”га тушади. Дугонаси уни уйдан қуруқ чиқармаслик учун тўрвасига тўртта нон ва уч-тўрт бош узум солади.

 

 

Нўноқ муаллиф ҳикояни шу ерда тугатиб қўяқолиши мумкин эди. Бироқ Эркин Аъзам мавзуни умуминсоний дард даражасига кўтаради. Ҳикояда “уступка” ва “ступка” сўз ўйинидек туюлади. Марина янга Абдига уступкани тақдирга тан бериш, муроса, кўниш қабилида тушунтирган бўлади. Ҳавонча эса қисмат, кўргилик, тақдир. Тангрининг отилган тоши!

— Бу дунёда уступка қилмасанг, ступкага ем бўласан, укажон. Мана, шунчасига кўнаркан-ку одамзод.

 

Ступка деган сўзда инсон қисмати, соғинчи, армони, бахти, меҳр-муҳаббати, фожиаси, аламлари, қўйингки, тирик одамга хос не бир кечмишлар бўлса, ҳаммаси бор. Ҳа, ҳаммаси! Адиб ана шундай ноёб йўлни топган. Ёзувчи нега Маринанинг йўлини қабристон томонга буради? Бу ерда ҳам теран ишора бор. Янга билади, эрта бир кун бу дунёдан ўтар бўлса, ёстиқдоши Арслоннинг ёнига қўйилади.

 

Ҳикояда яна бир лавҳа борки, ялт этган ўша ибратли муқоясасиз асар кемтик бўлиб қолиши тайин эди. Марина она қишлоғи Николни қўмсаб, Воронеж вилоятига борганида ўзини у ерда буткул ёт-бегона, мусофир сезади. Қачонлардир Марина каби қизларнинг кўзини ўйнатган Федька абжир майхўрликка берилиб, ваҳшийга айланган. Маринани ҳатто танимайди ҳам. Шу алфозда муаллима янганинг ўз туғилган юрти билан барча ришталари узилади.

 

Излаган, мулоҳаза қилган ўқирман бу русча сарлавҳали асл ўзбекона ҳикоядан янгидан-янги маъно-мазмун топаверади. Дарвоқе, вақти-замонида ушбу дурдона асарни газетада ўқиб, кўзларига ёш қалқиган собиқ аскар йигит — мен, ўзим эдимки, ушбу эссени битар чоғимда ўшал ажиб лаҳзаларни-да ёдга олдим, маъзур тутасиз.

 

 Қулман ОЧИЛ

“Jadid” газетаси 2024 йил, 33-сон

 “Тангрининг тоши” мақоласи

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 12605
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//