Айт, сен, Ажиниёз қўшиқларидан


Сақлаш
18:22 / 13.08.2024 487 0

                             

Ажиниёз Қўсибой ўғли  1824 йили Орол денгизининг жанубий соҳилида, Амударёнинг денгизга қуйилиши, ҳозирги Мўйноқ тумани ҳудудида очамайли ва қиёт уруғлари истиқомат қиладиган Қамиш бўғот овулида туғилган. Ажиниёзнинг отаси Қусибой, бобоси Болтабек, катта бобоси Оқжигитлар ўз замонасининг пешқадам кишилари бўлган. Онаси Назира биби ҳам сўзга уста ва чечан аёл эди. Ажиниёз аввал Хўжамурод эшон мадрасасида, онаси вафот этганидан кейин тоғаси Элмурод охун мадрасасида таҳсил олади. Илмга чанқоқ ўспирин талаба мадрасада ўқиш билан бир қаторда кутубхонадаги айрим китобларни кўчириш билан шуғулланади ва машҳур котиб сифатида элга танилади. У ўн олти ёшида Алишер Навоий девонидан китоб кўчиргани тарихда маълум.

 

Ажиниёз ўқишни Хивада давом эттиради. Бу қадим шаҳарда у туркий халқларнинг машҳур шоирларидан бири Маҳтумқули таълим олган Шерғози мадрасаси, сўнгра Қутлимурод иноқ мадрасасида ўқийди. Мадрасада диний илмлардан ташқари Алишер Навоий, Ҳофиз, Саъдий, Фузулий каби Шарқ мумтоз шоирларининг ижоди ҳам чуқур ўрганилган. Шу боис Ажиниёз сўз мулкининг салафлари мероси, бадиий маҳорат сабоқларидан кенг баҳраманд бўлган.

 

Таҳсилни тугатгач Ажиниёз ўз овулига қайтиб келади, аммо кўп ўтмай қозоқ ўлкаларига жўнаб кетади, бир йилдан кейин яна юртига қайтиб келиб, очамайли уруғидан Ҳамро исмли қизга уйланади, уч ўғил ва бир қиз фарзанд кўради. Шоирнинг авлодлари бугун Қўнғирот, Қангликўл, Шуманай туманлари, Нукус шаҳрида яшайди.

 

Хоразм воҳасида яшайдиган халқларнинг ўтмиш турмушидаги йирик тарихий воқеалардан бири – 1858-1859 йиллардаги Қўнғирот қўзғолони Ажиниёз шеъриятига катта таъсир кўрсатади. У ватанпарвар, зиёли инсон сифатида ушбу воқеага бепарво қараб тура олмайди ва унда фаол иштирок этади. Кейинчалик шоирни қўзғалон етакчиларидан бири сифатида Хива ҳукмдорлари туркман ерларига бадарға қилади. Сургун йиллари шоир самарали ижод қилади, мадраса таҳсили пайтида ўқиган Махтумқули шеъриятидан кўплаб асарларни қорақалпоқ тилига таржима қилади. Орадан уч йил ўтгач Ажиниёз Ватанига қайтади, лекин яна ҳукмдорлар таъқибига учрайди. Шу сабабли бепоён қозоқ даштларига сафар қилишга мажбур бўлади. Маълумотларга кўра, бу Ажиниёзнинг ўзга ўлкаларга учинчи сафари бўлган.

 

1864 йили шоир ҳаётида яна бир муҳим воқеа рўй беради. Ажиниёз қозоқларнинг оқин қизи Менгеш билан айтишув мусобақасида қатнашади. Эл орасида муҳим тарихий воқеага айланган ушбу беллашувда Ажиниёз ғалаба қозонади. Ушбу мусобақа матни 1878 йили “Туркистон вилояти” газетасида ҳам чоп этилади.

                  

Ёт ўлкаларда сарсон-саргардонликда юрган шоир юртини ниҳоятда соғинади, бу унинг ижодида алоҳида мавзу сифатида ифодаланган. Фурқат-у айрилиқда кечган бу йилларда шоир “Элларим бордир”, “Бормикин?”, “Бордир”, “Менгзар”, “Айрилса”, “Хайрлашув” каби машҳур шеърларини ёзган.   Шоир элига қайтиб келганидан сўнг Бўзатов, Қамиш бўғот, Етим ўзак овулларида болалар учун мактаблар ташкил этади ва болаларга ўқиш-ёзишни ўргатишни, дарс беришни бошлайди. Шу билан бирга умрининг охиригача тинимсиз ижод қилади.

 

Ажиниёз ижоди олимлар томонидан теран ўрганилган, асарлари қайта-қайта нашр этилиб, турли тилларга таржима қилинган. Шоир ижодида қорақалпоқ халқи тарихи жонли ва бадиий маҳорат билан тасвирланади. “Бўзатов фожеаси”нинг бевосита иштирокчиси бўлган шоир ватандошлари бошдан кечирган оғир мусибатларни машҳур “Бўзатов” достонида юксак маҳорат ва оғриқ билан ёзади. Бағоят чуқур билим, илм, юксак маданият соҳиби, нозик ҳис-туйғу, сезим эгаси бўлган Ажиниёз Шарқ шеърияти анъаналарини ўрганиш асосида қорақалпоқ шеъриятини бадиий-эстетик жиҳатдан бойитган, мисраларга ғаройиб, ранг-баранг бадиий шакл бағишлаган, қорақалпоқ ёзма адабиётини янги босқичга кўтарган серқирра истеъдод эгасидир. Унинг асарлари тўлалигича XIX аср қорақалпоқ шеъриятининг гултожи ҳисобланади. Ажиниёз ижодида ватан, ватанпарварлик мавзуси алоҳида ўрин тутади. Халқ тилидаги ҳикматли иборалар, дилидаги олийжаноб туйғулар, орзу-армонлар шоир қаламида чархланиб, ноёб шеърларга айланади:

  

Ошиқ – ёрсиз, булбул – гулсиз,

Кийик – чўлсиз, сўна – кўлсиз,

Зевар айтур, юртсиз, элсиз

Одам бир девона менгзар.

 

Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тортган, бошидан мушкул синовларни кечирган Ажиниёз эл-юртини, фарзандларини огоҳликка даъват этади. Ватан, эл-юрт, соғлик-омонлик, тинчлик қадрини билишга ундайди. Халқона оҳангдаги қуйма мисралар ўқувчи юрагидан чуқур жой олади:

 

Одам ўғли ҳаргиз ғофил бўлмасин,

Қизил гули ғунчаланиб сўлмасин,

Оқ юзига сарғиш қайғу тўлмасин,

Ҳоли қийин қанотидан қайрилса.

 

Ажиниёз шеърларининг тили бой. Халқ урф-одатлари, ҳаёт тарзи, қадимий анъаналари маҳорат билан қаламга олинади:

 

Қиз Менгеш, мол сеники, қалай этсанг,

Келмайман аччиқланиб қайтиб кетсам.

Учинсам, тузаларман уч кун ётиб,

Ўзингдай кекса қизга учуқлатсам.

 

Ёш бола шамоллаб, тоби қочганда, ваража қилиб лабига учуқ тошганда қари кампир боланинг учуқ тошган лабини тишлаб, гўёки, учуқни “узиб” олади, сўнг бола касалдан тузалади. Ана эски одат шеърда гўзал ифодаланган.  Шоир айтишувда қиз Менгешни мот қилган.

 

Куз бўлиб, мезон тушса, қайтар кийик,

Мерганлар кийик овлар чўқай кийиб.

 

Ушбу сатрда берилган “чўқай” сўзи биз – бугунги авлод учун нотаниш. “Чуқай” дегани эчкининг терисидан ишланган пойабзал. Уни кийган овчининг оёғи товушлари эшитилмайди, ҳам турли тиканлардан, чағир тошлардан  сақланади.

 

Кам эмасман қизил тилга Шерниёздан,

Қўлузлиқ олиб кетсам сендай қиздан.

Олтиндан ҳайдари бор ул туғарсан,

Қўзи сўйиб, дуо олсанг Ажиниёздан.

 

Бу сатрда чорвадор халқнинг удуми ифодаланган. Қўлузлиқ – Мол сўйган қассобга гўштдан бериладиган меҳнат ҳақи, қўл ҳақи, сўйилган сўқимдан бериладиган улуш. Шоир чечанлик билан қиз Менгешга жавоб беради, айни пайтда, меҳрингдан, севгингдан менга улуш бергин, деган гапни усталик билан айтади.

 

Шоир шеърлари ўз она тилида қайта-қайта нашр этилган. Қўшиқлари, айтишув, ўланлари халқ тилида достон бўлиб кетган. Нукусда ўзбек тилидаги китоби ҳам чоп этилган. Лекин шу пайтгача Ажиниёз асарларининг тўлиқ ва мукаммал таржимаси ўзбек тилида нашр этилмаган эди. Президент қарори билан шоирнинг бизга мерос бўлиб қолган барча асарларининг ўзбек тилидаги нашри яқин кунларда илк бора китобхонлар қўлига етиб борадиган бўлди.

 

Рустам МУСУЛМОН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11783
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//