Япония тасвирланган илк харита, илк туркий энциклопедия – “Девону луғотит турк” қандай асар?


Сақлаш
12:52 / 12.08.2024 166 0

Жаҳон тамаддуни ривожида юксак аҳамиятли ва бир қанча илмларни ўзида жамлаган китобларга нисбатан “қомусий ёки энциклопедик” асар тушунчаси қўлланилади. Ана шундай ноёб илмий дурдоналаридан бири  бўлган Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари ҳеч шубҳасиз туркий халқларнинг бебаҳо қомуси ҳисобланади. Туркшунос олимлар Маҳмуд ибн Ҳусайн Қошғарийнинг таваллуд санасини милодий мингинчи йилнинг дастлабки ўн йиллиги деб тахмин қилишган ва “Девону луғотит турк” асарининг ёзилишини 1068-1071 йиллар деб белгилашган.

 

Асар туркий халқлар тарихини ўрганишда муҳим илмий манба бўлиб, ундаги адабий парчалар туркийларнинг жуда қадим замонлардаги ҳаёти, тафаккур тарзи, урф-одатлари, тарихий ва адабий-эстетик қарашларининг ифодалари сифатида ўзига хос аҳамият касб этади. Китобда келтирилган сўзлар ва иборалар тадқиқотчиларни XI аср муҳитига саёҳат қилишга ундайди. 

 

Маҳмуд Қошғарий асари ёзилиши тўғрисида тўхталар экан, “Мен турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим, турли хил сўз хусусиятларини ўрганиб аниқлаб чиқдим”, – деб ёзади. Англаш мумкинки, Маҳмуд Қошғарий китобни ёзиш учун жиддий тайёргарлик кўрган ва унда келтирилган барча далилларни кузатишлари, олиб борган тадқиқотлари билан асослашга ҳаракат қилган.

 

Асарда олти ярим мингдан ортиқ туркий сўзларнинг изоҳлари келтирилган. Муаллиф ушбу сўзларнинг турли қабилаларда турлича қўлланиши ва уларнинг шевалардаги шаклларига тўхталиб ўтган. Асарда келтирилган ҳикматлар ва мақоллар, хусусан, “Битта қарға билан қиш келмас,” “Асал йиғадиган одам асалари нишига чидаши зарур”, “Иккита туя жанг қилса, ўртада пашша ҳалок бўлади” – кабилар унинг бадиий жозибадорлигини таъминлаш билан бир қаторда, туркий халқларга хос донишмандлик, меҳнатсеварлик, ҳар қандай вазиятда ақл билан иш тутиш каби фазилатлар, шунингдек, ўша пайтдаги ижтимоий-сиёсий муҳитни тасвирлашга имкон беради. Бир сўз билан айтганда, “Девону луғотит турк”ни тарих, лингвистика, география, этнография ва бошқа билимларни ўз ичига олган илк туркий энциклопедия дейиш мумкин.   

    

Туркий тилни ўрганиш бўйича ҳадис борми?

 

Маълумки, VII асрдан бошлаб Араб халифалигининг сиёсий мавқеи кучайиб бориши фонида араблар томонидан истило қилинган ҳудудларда ислом дини билан бир қаторда, араб тили ва ёзувининг ёйилиши ва қўлланиши кенг тарқалди. XI асрда араб тили расмий мулоқот, адабиёт ва илм тили ҳисобланган. Шу боисдан ҳам “Девону луғотит турк”нинг изоҳлари ва тушунтириш матнлари араб тилида ёзилгани бежиз эмас. Ижтимоий сиёсий ҳаётда ҳам араб ва форс тилларининг мавқеи юқори ҳисобланган. Туркий тил эса бозорларда ва ҳунармандчилик расталарида кўпроқ фойдаланилган. Чунки, туркий халқларнинг кўпчилигини савдогарлар, ҳунармандлар ва ҳарбийлар ташкил этган.

 

Асарни таҳлил қилар эканмиз, Маҳмуд Қошғарий ўзи туркий қавм вакили сифатида туркий тил – она тилининг араб ва форс тиллари каби бой тил эканини ҳар томонлама асослашга ҳаракат қилганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, Қошғарий туркий тилни ўрганишга илмий жиҳатдан ёндашиш билан бирга, дин ва ҳадис илмларига ҳам мурожаат қилган. Китоб муқаддимасида ҳамду cаловатдан сўнг муаллиф туркий халқларнинг улуғворлиги, туркий тилни билишнинг аҳамияти ҳақида тўхталган: “Аллоҳ таоло салтанат қуёшини турклар буржига кўтарди. Фалакни ҳам шулар буржига мослаб айлантирди. Уларни турк деб атади, мулкка эга қилди, замонамизнинг хоқонлари қилиб кўтарди... Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар” деб турк тилини ўрганишга эътибор қаратади. Фикрларининг тасдиғи учун Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларидан далил келтиради: “Ишончли бир Бухоролик олимдан ва Нишопурлик бошқа бир олимдан шундай бир хабар эшитган эдим: “Пайғамбар (с.а.в.) турк тилини ўрганинг, чунки уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этади...” деб таъкидлайди. Маҳмуд Қошғарийнинг ўзи хулоса қилганидай, бу ҳадиснинг қанчалик саҳиҳ ёки саҳиҳ эмаслиги уни айтган одамлар гарданига ҳавола.

 

Япония тасвирланган илк харита

 

“Девону луғотит турк”нинг муҳим, ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, асар ўша даврда яшаган халқлар, қавмлар ва жой номлари тасвирланган харитани ҳам ўз ичига олади. Бу тарихдаги илк ёзма туркий харита ҳисобланади. Маҳмуд Қошғарий ушбу харитани тузишда араб хариташунослари афзал кўрган доира шаклидан фойдаланган. Америкалик олим Фредерик Стар Қошғарий томонидан тузилган хаританинг фарқли томонларига эътибор қаратади. Хусусан, араб хариташунослари доира шаклидаги харита марказига Макка шаҳрини жойлаштиришган ва бу билан ушбу шаҳарни ер шарининг маркази сифатида тасвирлашга ҳаракат қилишган. Маҳмуд Қошғарий эса ўз харитаси марказига илк туркий империялардан бўлган Қорахонийларнинг пойтахти Боласоғун шаҳрини жойлаштирган. Бу эса муаллифнинг ўша даврдаги сиёсий вазиятдан тўлиқ бохабарлигини ҳамда Қорахонийлар давлатининг келажагига юксак умид билан қараганини билдиради.   

 

Харитада ҳозирги Миср, Ҳиндистон, Россия, Хитой тасвирланган бўлиб, Япония ҳудуди ярим айлана шаклда акс эттирилган. Олимларнинг фикрича, мазкур харита илк туркий харита бўлиш билан бир қаторда, биринчи маротаба Япония тасвирланган энг қадимги географик харита ҳам ҳисобланади.  

 

2024 йил – “Девону луғотит турк” йили

 

Маълумки, “Девону луғотит турк” Жаҳон Хотираси Реестирига киритилган. Асарнинг бизгача етиб келган ягона нусхаси 1266 йили Дамашқ шаҳрида Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абулфатҳ Савий Дамашқий томонидан кўчирилган бўлиб, ушбу қўлёзма ҳозирги кунда Истанбулдаги Миллат кутубхонасида сақланади. Ўзбекистонда “Девону луғотит турк”дан намуналарни илк бор жадидчи олим Абдурауф Фитрат 1927 – 1928 йилларда эълон қилган. Ҳозирги кунда “Девону луғотит турк”ни бутун дунё олимлари ва тадқиқотчилари ўрганмоқда. Асар ЮНЕСКО томонидан 2024 – 2025 йилларда нишонланадиган халқаро тадбирлар рўйхатига киритилган бўлиб, жорий йил китобнинг 950 йиллик юбилейини кенг миқёсда нишонлаш белгиланган.   

 

Умумтуркий луғат яратиш ғояси

 

Тилшунослик фанида тилга инсонлар ўртасидаги мулоқот воситаси сифатида таъриф берилган бўлса, замонавий халқаро муносабатларда тил давлатлар ва миллатлар ўртасидаги муносабатлар даражасини белгиловчи муҳим мезонлардан бири сифатида қаралмоқда. Жумладан, бугун Туркий давлатлар ташкилоти доирасида кенг кўламда ривожланиб бораётган қардош туркий халқлар (ўзбеклар, озарбайжонлар, қозоқлар, қирғизлар, турклар, туркманлар ва венгерлар) ўртасидаги муносабатлар негизида тил, тарих ва маданиятлар ўртасидаги яқинлик ётади.

 

Туркий давлатлар ташкилотининг 2009 – 2021 йиллар оралиғидаги ривожланиш босқичида “Туркий тилли давлатлар Кенгаши” деб номлангани ҳам бу тузилманинг таъсис этилишида туркий тил бирлаштирувчи муҳим омил сифатида асосий роль ўйнаганини кўриш мумкин. Бу ҳамкорликнинг илдизлари эса XI асрдаёқ Маҳмуд Қошғарий томонидан илмий жиҳатдан тўлиқ асослаб берилган эди.

 

2024 йил 24-25 июнь кунлари Бишкек шаҳрида Туркий Академия томонидан “Девону луғотит турк”нинг 950 йиллик юбилейига бағишланган халқаро конференция ташкил этилди. Ушбу халқаро тадбирда иштирок этган Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев асарнинг туркий халқлар тарихидаги аҳамияти ҳақида тўхталар экан, бугун ҳам айнан давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун “Девону луғотит турк” каби қомусий асарларга эҳтиёж борлигини таъкидлади. Ушбу конференцияда Бош котиб “Девону луғотит турк” мисолида замонавий “Умумтуркий луғат” яратиш ташаббусини илгари сурди. Илмий нуқтаи назардан Бош котибнинг ушбу ташаббуснинг қанчалик аҳамиятли эканини туркшунос ва тилшунос олимлар белгиласа-да, аммо замонавий халқаро муносабатлар ва дипломатия нуқтаи назаридан унинг долзарб эканлигини таъкидлаш ўринли ҳисобланади.

 

Тарих вақт ўтиши билан ўзининг янги саҳифаларини ёзишда давом этар экан, халқлар ва миллатлар ўзларининг умрбоқийлигини сақлаб қолишга интилади. Туркий халқларнинг умрбоқийлиги ва буюк цивилизация эгалари бўлгани XI асрдаёқ “Девону луғотит турк”да акс этган. Биргина мақола билан бутун цивилизациянинг сарчашмаси ҳисобланган асарни батафсил ёритиш имконсиз бўлгани каби бу нодир асарни ўрганиш орқали ҳар бир тадқиқотчи ва китобхон алоҳида хулосага келиши ҳам табиий жараён.

 

Асар туркий халқлар тили, тарихи ва маданияти ҳақида ўтмишдан садо бериб туриши билан бир қаторда, унда туркий цивилизациянинг ҳалигача кашф қилинмаган қирралари ва яширин чизгилари ҳақида чақириқлар ҳам бисёр.

 

Муроджон МУСТАФОЕВ,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия

университети мустақил тадқиқотчиси

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Кошғарий М. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит турк). – Тошкент: Ўзбекистон. 2022. – 608 б.

2. Фитрат. Энг эски турк адабиёти намуналари. Самарқанд-Тошкент, 1927.

3. Стар Ф.С. Утраченное просвещение. Золотой век Центральной Азии от арбского завоевания до времен Тамерлена. – Москва: ООО “Интеллектуальная литература”. 2017. – 894 с.

4. https://www.unesco.org.tr/Home/AnnouncementDetail/6221

5. https://www.azernews.az/culture/217894.html

6. https://www.unesco.org.tr/Pages/660/316/UNESCO-Memory-of-the-World-Register

7. https://www.turkicstates.org/en/haberler/ots-secretary-general-proposed-to-create-the-common-turkic-dictionary_3339

    

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//