Адабиёт
Бутун дунё диққат-марказида бўлган Олимпиада-2024 ўйинлари спортчилар беллашувидан ташқари, кутилмаган, таъсирчан ва тарихий воқеаларга ҳам бой ўтмоқда. Масалан, вужудида 7 ойлик ҳомиласи билан қиличбозлик ўйинларида иштирок этиш мумкинлигини тасаввур қилоласизми? Ўйинга фарзандининг ўйинчоғи билан чиққан спортчини-чи, эшитганмисиз? “Oyina.uz” Париж-2024 ўйинларидаги эътиборга молик ҳолатлар билан бўлишади.
Қирғизистонлик спортчиларга бош бўлган ўзбекистонлик тренер
Олимпиада-2024 ўйинларидаги бокс баҳсларида Қирғизистон шарафини ҳимоя қилаётган Мунарбекнинг мураббийи виза ва аккредитация ололмагани учун Франциядаги йирик турнирга боролмаган. Бундан хабар топган ўзбекистонлик бокс мураббийи Акмал Ҳасанов қўшни қирғизистонлик боксчига секундантлик қилган. Спортчи эса мамлакат бокс тарихида илк бор Олимпиада ярим финалига йўлланма олган.
Ижтимоий тармоқларда беллашувни уйида кузатиб, шогирдининг ғалабасидан хурсандчилик кўз ёшини тўкаётган қирғизистонлик мураббийнинг видеолари, шу билан бирга, ўзбекистонлик мураббийнинг қўшни мамлакат спортчисига секундантлик қилаётган жараёни тарқалди. Ушбу ҳолат тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг олқишга сабаб бўлиб, қўшни-қардош халқлар шундай оғир вазиятларда билиниши таъкидланган ва ўзбекистонлик бокс мураббийи Акмал Ҳасанов шарафига кўплаб миннатдорчиликлар билдирилган. Кўрсатилган ёрдам эса «Марказий Осиё биродарлиги» дея эътироф этилган.
Руҳий зўриқишлар билан эришилган ғалаба
Шпага бўйича жамоавий баҳсларда беллашган полшалик қиличбоз Александра Ярецкая ғолибликка эришиш учун нафақат жисмонан, балки руҳан толиқишга ҳам мажбур бўлди: ўйинларда аввалига унга хатолик билан ортиқча балл ҳисобланди. Ҳакамлар бу хатони хитойлик қиличбоз ҳисобни тенглаштирилганидан кейин пайқагач, Ярецкадаги балл хитойликка қайтарилди. Шундан кейин рақиб олдинга чиқиб олди. Бу ҳолат полшалик спортчига руҳий зарба бўлсада, уни таслим қилмади. Ярецкая сўнгги сонияларда ҳисобни тенглаштирди, овертаймда эса биринчи бўлиб зарба берди ва жамоаси учун бронза медалини қўлга киритди.
Махсус мосламаларсиз нишонга урган спортчи Илон Маск билан учрашади
Туркиялик 51 ёшли Юсуф Дикеч нишонга отиш спортида иштирок этиш учун ҳеч қандай махсус кўзойнак, қулоқчин ва бошқа мосламаларсиз ғалабага эришди. Юсуфнинг бир қўли чўнтакда, иккинчи кўзини ҳам юммасдан шунчаки тепкини босиб, нишонга уриши тармоқ фойдаланувчиларини ҳайратга солди.
Унинг ўйин жараёнидаги видео ва суратлари тармоқларда кенг тарқаб, турли мемларга сабаб бўлди. Тармоқ фаоллари «Туркия Олимпиадага киллер юбордими?» дея уни фильмлардаги актерларга таққосладилар. Энг қизиғи, спортчи X ижтимоий тармоғида америкалик миллиардер, космик кемалар ишлаб чиқарувчи SpaceX компанияси асосчиси Илон Маскни Истанбулда учрашишга таклиф қилди ва бу таклиф жавобсиз қолмади:
«Салом, Илон! Нима деб ўйлайсан, келажакдаги роботлар Олимпия ўйинларида қўлини чўнтагига солиб, медаль ютоладими? Қитъаларни бирлаштирувчи маданий пойтахт Истанбулда шу масалани муҳокама қилишга нима дейсан?»
Илон Маск эса Юсуфнинг твитига шундай изоҳ қолдирди:
«Роботлар ҳар доим нишоннинг аниқ марказига уради. Истанбулга боришни интиқлик билан кутаман. Бу дунёнинг энг буюк шаҳарларидан бири».
Спорт сиёсатдан устун келган ҳолат – Жанубий ва Шимолий Кореялик спортчилар тарихий кадрни суратларга муҳрлади
Париж-2024 да стол тенниси бўйича аралаш жуфтликлар ўртасидаги беллашувда Шимолий Корея кумуш, Жанубий Корея эса бронза медалини қўлга киритди. Олтин медаль бўлса, Хитой жамоасига насиб қилган. Турнирнинг тақдирлаш маросимидан кейин Жанубий ва Шимолий Корея теннисчилари биргаликда жамоавий суратга тушди. Ушбу тарихий сурат камдан-кам учрайдиган ҳолатни ифодалаган.
Yahoo нашрининг ёзишича, икки мамлакат ўртасидаги низолар сўнгги вақтларда энг юқори нуқтасига етган: Ядро қуролига эга Шимолий Корея Жанубий Кореяни бу йил ўзининг асосий душмани деб эълон қилган.
Кино қаҳрамонларидек ўқ узган Ким Е Джи
Жанубий Кореядан бўлган 31 ёшли Ким Е Джи Олимпиада ўйинларида илк бор иштирок этди. Спортчи ЖЧ-2024 да олтин медални қўлга киритган бўлса-да, у ҳақда кўпчилик билмаган. Олимпиада ўйинларидаги чиқишдан кейин эса Ким Е Джи дунёга танилди.
Ким Е Джидаги совуққонлик ва ўзгача услуб дунё бўйлаб мухлисларнинг эътиборини тортди. У худди Джон Уик фильми қаҳрамонига ўхшарди. Унинг сурати турли мода нашрлари, жумладан, GQ ва Glamour'дан жой олди. Ким Е Джини мухлислари унга фильмларда роль ижро этиш таклиф қилди. Ҳатто, Илон Маск ҳам шундай фикрда эканини билдирди:
«У жанговар жанрдаги фильмларда чиқиши керак. Унга ҳатто, актерлик ҳам керак эмас», – деб ёзади Twitter'да.
Бу орада томошабинлар Ким Е Джидаги яна бир деталга диққатини қаратди: спортчи ўйинга камарига илинган ўйинчоқ билан чиққан. Маълум бўлишича, фил шаклидаги бу ўйинчоқни Ким Е Джиннинг қизи совға қилган бўлиб, спортчи унга омад туморчаси сифатида қарайди.
7 ойлик ҳомила билан майдонга тушган қиличбоз
Мисрлик қиличбоз Нада Хафез Олимпиада-2024 ўйинларида иштирок этиш учун ҳомиладорлигини яширган.
Нада Хафез Олимпиададаги чиқишини якунлагач, вужудида етти ойлик ҳомиласи борлигини маълум қилган. У турнирдан кейин шундай пост ёзади:
«Агар беллашув майдонида 2 киши бўлган, деб ўйлаган бўлсангиз адашасиз. Аслида, 3 киши эди. Бу мен, менинг рақибим ва ҳали дунёга келмаган фарзандим! Фарзандим билан ҳам жисмоний, ҳам руҳий томонлама озмунча қийинчилик бўлмади. Ҳомиладорлик вақтида Американча аттракционда учиш ўзича қийин, лекин ҳаёт ва спорт ўртасидаги мувозанатни сақлаш бошқа даража. Лекин ҳаракатларнинг барчаси бунга арзирди. Мен омадлиман, чунки мени турмуш ўртоғим ва оилам бу йўлни босиб ўтишимда қўллади».
Унинг сўзларига кўра, ўйинга қадар бу ҳақда ҳатто, унинг мураббийи ҳам билмаган. Париж-2024 Нада Хафезнинг Олимпиада ўйинларидаги 3-иштироки бўлди. Бундан аввал спортчи Рио ва Токиодаги ўйинларда ҳам иштирок этган.
Югуриш йўлакчасидаги сиёсий акция
Афғонистонлик атлетикачи Кимия Юсуфий баҳслардаги натижаси билан эмас, финишдан маррасидан кейинги сиёсий акцияси билан дунё эътиборини ўзига қаратди. Юсуфий маррани энг охири босиб ўтиб, финишдан кейин старт рақамини кўчириб ташлади. Унинг ортида эса Афғонистон байроқ рангларида «Таълим, спорт, бизнинг ҳуқуқларимиз» деб ёзилган нома акс эттирилганди. Бу билан спортчи Толиблар ҳокимиятга келгач, вазият оғирлашгани ва мамлакатдаги аёл-қизларнинг ҳуқуқлари топталаётганини билдирмоқчи бўлган.
Бу спортчининг Олимпиададан кейинги ҳаёти учун хавфли эмасми, деб ўйлаётган бўлсангиз, бу борада хотиржам бўлишингиз мумкин – Кимия Юсуфий икки марта Афғонистондан қочиб кетган. Ҳозир эса Австралияда яшайди.
Буюк ғалаба ва фаолиятнинг мағрур якуни
130 кг вазн тоифасидаги Юнон-Рим курашининг Чили ва Куба мамлакатлари ўртасидаги беллашувида Куба шарафини ҳимоя қилаётган Михаин Лопес Нунес 6:0 ҳисоб билан ғалаба қозонди. Бу унинг Олимпиа ўйинларидаги 5-иштироки, 5-олтин медали ва фаолиятининг якуни бўлди.
Лопес индивидуал мусобақалар доирасида 5 та олий совринга эга чиққан илк атлет сифатида Олимпиа ўйинлари тарихида қолди.
Атлет ушбу беллашувдан кейин спорт оёқ кийимини ечиб, шу билан фаолиятини якунлаганини маълум қилди.
Олимпиададаги ҳақиқий фожиа ёхуд ғолибга айланган мағлуб
Ҳиндистонлик курашчи Винеш Пхогат 100 грамм ортиқча вазни туфайли финал ўйинидан дисквалификация қилинди.
Пхагат финал йўлланмасини қўлга киритган куни 2 кг ортиқча вазнга эга бўлиб, рақиб билан навбатдаги беллашув учун 50 кг вазнга тушиши керак эди. Вазн ташлаш учун у тун бўйи машғулот қилган. Бироқ вазн ўлчаш жараёнида Пхогатнинг оғирлик кўрсатгичи 50,1 килограмни ташкил этган. Бунинг оқибатида финал жангида Пхогатнинг ўрнига аввалги турнирда унга мағлуб бўлган кубалик курашчи иштирок этган.
Муқаддас МУСАЕВА,
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ