Ижодкорларни эсламайдиган Самарқанд


Сақлаш
17:53 / 07.08.2024 237 0

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси;

Самарқанд вилояти ҳокимлиги диққатига!

 

Сурхондарёлик ижодкорларни танимайдиган сурхондарёлик абитуриент

 

Икки йил журналистика йўналишига ҳужжат топширган абитуриентларнинг ижодий имтиҳонида иштирок этдим. Ўтган йили университетлар¬нинг бирида шундай имтиҳонда ёши 30 га яқинлашиб қолган бир йигит бирорта ҳам саволга тузук жавоб беролмади. Охири сўрадим:

 

− Қаердансиз?

− Сурхондарёдан.

− Сурхондарёнинг қаеридан?

− Олтинсой туманидан.

− Олтинсойлик қайси ижодкорларни биласиз?

− Умуман, сурхондарёлик шоир, ёзувчи, журналист, адабиётшунослардан кимнидир биласизми, эшитгандирсиз?

Инқ этмади! Бу энди журналист бўлишга талабгор абитуриентнинг жавоби…

Бундай журналист деса жаржағ телебошловчини, тирикўрим блогерни тушунадиганлар кўпайиб қолган. Ҳамма вилоятда. Жумладан, Самарқандда ҳам.

 

Маҳмуд Саъдийсиз «Самарқанд ижодкорлари»

 

2019 йил май ойида устоз Маҳмуд Саъдийнинг соғлиғи ёмонлашди. 2019 йил июнь ойида устоз Маҳмуд Саъдийга «Фидокорона хизматлари учун» ордени берилди. 2019 йил июль ойида устоз Маҳмуд Саъдий таваллудининг 80 йиллигини нишонладик. 2019 йил август ойида устоз Маҳмуд Саъдий Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлди. 2019 йил сентябрь ойида устоз Маҳмуд Саъдий билан (кейин билсам) сўнгги бор мулоқотда бўлдим, телефонда. «Ишга ярамай қолдим, мени бўшат» деди. «Бўшатмайман!» дедим… 2019 йил ноябрь ойида устоз Маҳмуд Саъдий чин дунёга кетди…

 

Буларни эслаганим сабаби – қўлимга бир китоб тушиб қолди: «Самарқанд ижодкорлари». Варақлаб биринчи устоз Маҳмуд Саъдийни изладим. Йўқ! Бундай қараб чиқсам, Сувон Мели, Шомирза Турдимов, Шукур Содиқ, Шуҳрат Сирожиддинов, Аслиддин Болиев ҳам йўқ. Устоз ўзи бўлганида бундай нарсаларга қизиқмасди, эътибор ҳам бермас эди! Лекин фарзандлари, неваралари, шогирдларига, адабиёт, журналистика мухлисларига қизиқ, керак.

Ўзи Самарқанд Худонинг назари тушган жой шекилли, деярли ҳар бир қишлоқ, овул, маҳалласидан ҳеч бўлмаса бир ижодкор етишиб чиққан. Мамлакат миқёсида довруқ қозонганлари қанча?! Лекин яқин йилларда, масалан, Ноқис(1868), Нурмон Абдувой ўғли(1862), Фозил Йўлдош(1872), Ҳожи Муин(1883), Саидризо Ализода(1887), Вадуд Маҳмуд(1898), Қутбиддин Муҳиддинов(1900), Мамарасул Бобоев(1911), Воҳид Абдулло(1912), Ҳайдар Яҳёев(1927), Нуриддин Шукуров(1930), Шамси Одил(1931), Ботурхон Валихўжаев(1932), Самариддин Сирожиддинов(1932), Исомиддин Салоҳий(1933), Ўлмас Жамол(1934), Маъруф Жалил(1936), Аҳмаджон Мухторов(1936), Суръат Орипов(1937), Барот Бойқобилов(1937), Сайди Умиров(1938), Маҳмуд Саъдий(1939), Машраб Бобоев(1941), Қамбар Ота(1941), Нусрат Раҳмат(1941), Раим Фарҳодий(1942), Муслиҳиддин Муҳиддинов(1945), Маматқул Ҳазратқулов(1947), Асад Дилмурод (1947), Отаёр(1947), Азим Суюн(1948), Сафар Остонов(1948), Ўткир Раҳмат(1948), Анвар Жўрабоев(1948), Аҳмад Аъзам(1949), Мурод Муҳаммад Дўст(1949), Йўлдош Эшбек(1950), Шароф Бошбеков(1951), Абдусаид Кўчимов(1951), Сувон Мели(1951), Дилбар Саидова(1951), Шаҳодат Исахонова(1951), Хуршид Даврон(1952), Орзиқул Эргаш(1953), Жамол Сирожиддин-Хумий(1955), Нурилло Остон(1955), Қуддус Аъзам(1955), Ўктам Мирзаёр(1956), Шомирза Турдимов(1957), Равшан Файз(1959), Зулфия Мўминова(1959), Абдували Қутбиддин(1960), Каримберди Тўрамурод(1960), Комил Синдоров(1960), Муртазо Қаршибой(1961), Карим Баҳриев(1962), Абдуқаюм Йўлдош(1963), Муҳиддин Омон(1963)ларнинг юбилейи нишонланганини эшитмадим.

 

Ёки шу йил Сўфи Оллоёр(1644), Сиддиқий-Ажзий(1864), Пўлкан шоир(1874), Ислом шоир(1874) Абдулҳамид Мажидий(1904), Кибриё Қаҳҳорова(1914), Ҳабиб Темир(1954) Абдурауф Қоржовов(1954)ларнинг юбилейи нишонланишига тайёргарлик кўриляптими?..

 

Ўзи юбилейларни нишонлаш нега керак?

 

Юбилей баҳона туғилган қишлоғи, маҳалласи, ўқиган мактабида ижодий учрашувлар ўтказилса;

Мактаб ёки маҳалла кутубхонасига китоблари совға қилинса;

Мактабда ё кутубхонада ижодкор ҳаёти ва ижодига бағишланган бурчак ёки хона ташкил қилинса бояги сурхондарёлик абитуриентга ўхшайдиган адабиётбехабар ёшлар сони камаярмиди, адабиётга, ижодга қизиқадиган ёшлар кўпаярмиди?

 

Самарқандда нега ижод мактаби йўқ?

 

Хоразмда Огаҳий номидаги, Наманганда Исъҳоқ¬хон Ибрат номидаги, Тошкентда Абдулла Қодирий номидаги, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов номидаги, Фарғонада Эркин Воҳидов номидаги, Қашқадарёда Абдулла Орипов номидаги, Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева номидаги, Андижонда Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби бор. Тошкент вилояти, Бухоро, Навоий, Сурхондарё ва Самарқандда ижод мактаби йўқ. Нега?

 

Самарқандда, масалан, Эргаш Жуманбулбул ўғли номидаги ижод мактаби очилса бўлмайдими? Шунда бу мактаб вилоят ёш ижодкорлари марказига айланар, ижодий муҳит жонланар, самарқандлик ижодкорлар ҳаёти ва ижоди тарғиби кучаяр, ёшларнинг қизиқишлари ва хабар¬дорлиги ортармиди? Қолаверса, Самарқанд бахшичилик мактаби тикланишига туртки бўлармиди?..

 

Ҳусан КАРВОНЛИ

«Маърифат» газетаси, 2024 йил, 32-сон.

«Самарқандга ижод мактаби керак» мақоласи

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10332
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//