Туркистонда ўнлаб янгиликларга сабаб бўлган Беҳбудийнинг ҳаж зиёрати


Сақлаш
18:00 / 05.08.2024 209 0

Россия империясининг босқинчилик сиёсатига, зулм ва зўравонлигига қарши вужудга келган жадидчилик ҳаракати мустамлакачилар учун энг катта хавфга айланган эди. Жадидларни ўз қўллари билан йўқ қилиб, жаҳон майдонида обрўйини тўкишни истамаган босқинчилар уларни айрим юрт сотқинлари, хоинлари қўли билан йўқ киришга киришдилар. Улар орқали халқ орасида жадидларни ислом динига қарши чиқувчилар, кофирлар деб тарғиб қила бошлашди. Ҳолбуки, жадидлар мактаб ва мадрасада исломни тўлиқ англаган, унинг ибодатларини доимий адо қилиб борувчи ўз даврининг етук уламоларидан эди. Мисол учун, Мунаввархон Абдурашидов Қуръонни тўлиқ ёд олгани учун қори унвони олган бўлса, Маҳмудхўжа Беҳбудий шариат қонунлари билимдони бўлгани учун муфти даражасига кўтарилган эди. Беҳбудийнинг отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан бўлиб, имом-хатиблик билан шуғулланиб келган. Маҳмудхўжа тоғаси – қози Муҳаммад Сиддиқ тарбияси ва қарамоғида вояга етади. Араб тили грамматикасини кичик тоғаси Мулла Одилдан ўрганади. Бухоро мадрасаларида таҳсил олиб юрган пайтларида дастлаб онаси (1893), сўнг отаси (1894) вафот этгач, моддий қийинчиликлар сабаб ўқишни ниҳоясига етказолмайди. Самарқандга қайтиб, Муҳаммад Сиддиқ қозихонасида мирзолик қила бошлайди. Тез орада шариат қонунларини мукаммал даражада ўзлаштириб, қозиликдан муфти даражасигача кўтарилади. 

 

Бу пайтда Туркистонда Россия империясининг мустамлакачилик зулми кучайиб, унга қарши тез-тез халқ қўзғолонлари бўлиб турарди. Дукчи эшон бошчилигида 1898 йили юз берган Андижон қўзғолони миллий озодлик ҳаракатининг энг йирикларидан бўлиб, чор ҳукумати томонидан шафқатсизларча бостирилади. Қўзғолоннинг оқибати шу юртнинг зиёлиси сифатида Маҳмудхўжани чуқур қайғуга ботиради. У жараённи ҳар томонлама таҳлил этиб, тиш-тирноғигача қуролланган мустамлакачилар томонидан ўттиз йил давомида ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан қулга айлантирилган авом билан озодликка чиқиш мумкин эмаслигини англаб етади. Демак, озодликка эришиш учун ҳам махсус тайёргарлик лозим.

 

1899–1900 йилларда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаж зиёратига отланади. Саккиз ойлик саёҳати даврида озодлик учун кураш йўлларини қидиради. Жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, жумладан, миллий озодлик ҳаракатлари ва уларнинг сабаблари, моҳиятини миллат манфаати нуқтаи назаридан тафаккур чиғириғидан ўтказади. Шарқнинг Европа давлатлари мустамлакаси остида бўлган бошқа мамлакатлари аҳволи ҳақида хабар тўплаб, уларнинг ҳуррият йўлидаги ҳаракатларини ўрганади.

 

 

Ватанига қайтган мутафаккир тарихимизнинг таназзул босқичлари, сабабларини тафтиш қилади, бу масалалар борасида маслакдошлари Ҳожи Бақо, Ҳўқандбой Абдухолиқ ўғли, Бадриддин сингари дунёқараши кенг инсонлар билан мунозаралар ўтказади. Ана шу баҳслар, фикр алмашувлар натижасида хулосалар чиқариб, Туркистоннинг мустамлакага тушиб қолиши сабабларини кўрсатади ва юртни озод қилиш бўйича режаларини ишлаб чиқади. Аммо уларни амалга ошириш йўлида бир-биридан кучли тўсиқлар бор эди. Уларнинг энг оғири халқ оммасининг парокандалиги, ижтимоий ва ҳуқуқий онгининг тубанлиги эди. Шунинг учун ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари ҳуррият учун курашнинг дастлабки ва зарурий босқичи – миллатни маърифат билан «қуроллантириш»ни танлайдилар.

 

1903 йили Маҳмудхўжа Беҳбудий ташаббуси билан шогирдлари Сиддиқий Ажзий Ҳалвойи, Абдуқодир Шакурий Ражабамин қишлоғида, Ҳожи Муин Хўжа Нисбатдор маҳалласида жадид мактабларини очадилар. 1908 йили «Қироатхонайи Беҳбудия» (кейинчалик «Беҳбудия» номи билан машҳур бўлган) кутубхонаси ташкил этилади. Ушбу кутубхона икки навбатда – соат 9 дан 17 гача ва соат 18 дан 24 гача ишлаб, 60 дан 110 гача бўлган китобхонларга хизмат кўрсатган. Аллома «Самарқанд кутубхона исломияси» мақоласида кутубхонада 600 та китоб ва рисола, газета ва журналлар эса ундан ҳам кўп бўлганини ёзади. 1914 йилги саёҳати давомида Кавказ, Қрим, Туркия, Юнонистон, Булғористон, Австрия ва Германиянинг турли шаҳарларида бўлиб, у ерлардан ўз кутубхонаси учун жуда кўп китоб ва рисолалар олиб келади.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий янги усул мактаблари фаолиятини ташкил этиш, дарсликлар ёзиш, кутубхона очиш билан чекланиб қолмаган. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бориш, миллат ва Ватан аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлиш учун 1913 йилдан матбуот ишларини йўлга қўяди ва шу йилнинг апрелидан «Самарқанд» газетаси ҳамда август ойидан «Ойина» журнали чиқа бошлайди. «Самарқанд» газетаси ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада чоп этилган. 1913 йил 17 сентябрда газетанинг 45-сони чиққан бўлиб, бир томондан, мустамлакачилар цензураси, иккинчи томондан, етарли маблағ бўлмагани сабаб тўхтатилади. «Ойина» ҳафталик журнал бўлиб, ўзбек ва тожик тилидаги мақолалар бериб борилган. Унинг обуначилари нафақат Туркистон, балки Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркияда ҳам бор эди.

 

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1914 йили иккинчи бор ҳаж зиёратига отланади. У Усмонли турк султонлиги ҳамда Ҳижоздаги замонавий ўзгаришлар ва ислоҳотларни «Саёҳат хотиралари»да қайд қилиш билан чекланмай, уни Туркистонда жорий этишга киришади ҳам. Беҳбудий Усмонли турк султонлигига қарашли Адарна шаҳридаги мактаб ва дорилмуаллиминлар билан танишган. Шаҳардаги дорилмуаллимин 3 қаватли бўлиб, 200 талаба таҳсил олишига мўлжалланган. Унда 12 нафар муаллим 105 та талабага турли фанлардан дарс берган. Бундан ташқари, Адарнада мактаби султоний, мактаби саноʼ, дорилайтом (етимхона), рушдий (ўрта) ва 17 та ибтидоий (бошланғич) мактаблар бўлган.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий Мадина шаҳридаги замонавий ўзгаришларни эътироф этиб, Усмонли турк султонлиги томонидан темир йўллар қурилаётганлигини зиёратчилар учун яратилаётган қулайликлардан бири деб ҳисоблайди. Шунингдек, Мадина шаҳрида дорилфунунлар қурилиши бошланганлигини қайд қилиб, дунёвий билимлар ўқитилиши йўлга қўйилганлигини қайд қилиб ўтади.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий Дамашқ шаҳридаги мактаб ва мадрасалар фаолиятини ўрганиш жараёнида таълим тизимида Усмонли турк султонлиги тартиблари жорий этилганининг гувоҳи бўлади. Беҳбудийнинг ёзишича, янги мактаблар – ҳукуматнинг мулки эъдодий (ўрта махсус), мулки аскарий, мулкия рушдия, аскария рушдия, султоний туркий, султоний арабий ва яна бир неча ибтидоий мактабларидан иборат бўлган. Шунингдек, шаҳарда ҳукуматнинг битта «Мактаби саноэъ» («Маданият мактаби»)си ва иккита катта кутубхонаси бўлган. Дамашқда 2-3 турдаги газеталар чоп қилинган бўлиб, бир нечта матбаалар фаолият юритган.

 

 

Шунингдек, Дамашқда аҳоли учун шифохоналар ва дорихоналар фаолият кўрсатган. Туркистон аҳолиси эса бу пайтда соғлигини табиблар, дуохонлар ва фолбинларга ишониб, замонавий тиб илми натижаларидан фойдаланмаслигидан афсусланган. Дамашқ шаҳрида очилган кўплаб завод ва фабрикалар маҳаллий аҳоли томонидан очилгани илм-фаннинг ривожланиши маҳсули, деб ҳисоблайди у ва: «Мусулмонлар қўлинда муз фабрикаси, тамаки ва попирус, нажжори ва садафкори ёғоч ишлари фабрикаси, ҳарир бофи фабрикаси ҳамда шиша фабрикаси бордур», деб таъкидлайди. Туркистон ва Бухорода ер ости ва ер усти бойликлари кўп бўлсада, маҳаллий аҳоли томонидан уларни қайта ишловчи завод ва фабрикалар очилмагани, ҳалигача қўл меҳнатига асосланган ҳунармандчилик билан машғул эканини илмсизликдан, дейди.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий Истанбул, Қоҳира ва Дамашқ шаҳарларидаги театрлар, мусиқахоналар ва кино уйларини ҳам бориб кўради. Унинг ёзишича, маданий ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган бу жойлар шом намозидан кейин очилган. Бундан кўзланган мақсад халқ бундай жойларга озроқ муддатга бориб, беҳуда пул сарфламаслигини таъминлаш бўлган. Шу билан бирга Беҳбудий Истанбулда бўлган вақтида турли таълим жамиятлари, мактабларда бўлиб, улар билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Жумладан, турк ёшларининг хорижда таълим олишига кўмак берувчи «Ҳилоли аҳмар» жамияти мудири билан учрашади. Туркистонлик ёшларнинг Қоҳирадаги Ал-Азҳар ва бошқа дорилфунунларда таълим олишлари учун ёрдам беришларини сўрайди. Жамият мудири Беҳбудий таклифини мамнуният билан қабул қилади. Туркистонга қайтганидан сўнг, Маҳмудхўжа Беҳбудий шу жамият ёрдамида бир неча Самарқанд ёшларининг Қоҳирада таҳсил олиб келишларини таъминлаганини тарихий манбалар тасдиқлайди.

 

Беҳбудий Истанбул, Қоҳира, Дамашқ шаҳарларида аёлларнинг ҳам масжидда намоз ўқишлари, у ерда ўз уйларидек тикиш қилиб ўтирганларини кўриб ҳайратга тушган. Бозорларда эркаклар билан баробар савдо билан шуғулланаётган аёллар ўз ишининг устаси эканига гувоҳ бўлган. Барча соҳаларда ислоҳотлар қилишни ёқлаб чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жамиятидаги аёллар мавқеи олдингидек сақланиб қолиши тарафдори бўлган ва аёллар масаласида анъанавийлик фикрида қолган: «… Масалан, хотунлар масаласини ҳозир ўртадан чиқармоқ керак. Мана бул бутун Туркистонни ихтилофига сабаб бўлуб, дўстларимиз бағрини қон ва душманларимизни хурсанд этар. Бизни иттифоқимизни хоҳлаганлардан рижо этармизки, хотунлар масаласидан ҳозир баҳс этмасунлар ва муваққат замонға ҳавола этсунлар».

 

 

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий Байрут шаҳрида ҳам таълим тизими билан танишиб, қуйидаги хулосаларга келган: «Ушбу шаҳар Усмонли турк султонлиги Байрут вилоятининг маркази бўлиб, илм ва маориф жиҳатдан Қоҳирадан сўнг Шарқда биринчи шаҳар бўлуб, аммо маорифнинг ҳомийси Оврупо ва Амриқо миссионерларидурки, тарафона мактаб ва дорилфунунларини тараққийиға саъй этарлар». Унинг ёзишича, Байрут дорилфунунларини европаликлар ва америкаликлар бошқарса ҳам, араб тили ва тадрис фанлари ўқитилган. Француз, немис ва инглиз тиллари ҳам алоҳида фан сифатида ўргатилган. Бу дорилфунунларда Туркистон ва Бухоро талабаларидан ташқари дунёдаги барча ислом давлатларидан, шунингдек, Япониядан ҳам талабалар келиб ўқиган.

 

Беҳбудий Қуддус шаҳрида очилган театр ва кино уйлари ҳақида ҳам батафсил маълумот беришга ҳаракат қилган. Ушбу сафардан қайтгач, Туркистонда театр ишларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга аҳд қилган. У Ёфа шаҳридаги таълим тизими ва матбуот ишларини Самарқанд билан қиёслаб таҳлил қилган: «Туркларнинг бир султоний ва бир неча ибтидоийя мактаблари бўлуб, Ёфанинг ўн минг мусулмонлари бизни Самарқанднинг 80 минг мусулмонидан ўқимоқ тўғрисинда аълодур. Султоний мактабда юз қадар талаба бўлуб, арабий, туркий, франсавий ўқийдур. Француз миссионер мактабида ҳам мусулмондан 20 қадар талаба бор. Самарқанддаги ҳукумат мактабида нуфуси Самарқанддан унинг ярми қадар ҳам мусулмон боласи йўқдур. Мундан маълум бўлурки, Ёфанинг араблари бизни мусулмонлардан кўра тараққийдадурлар».

 

Шу тариқа Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаж зиёрати даврида Истанбул, Макка, Мадина, Байрут, Қуддус, Ёфа шаҳарларидаги маориф, санъат ва маданият, аёллар ва ёшлар масалалари билан танишаркан, Туркистонда ҳам илмий, ҳам маданий янгиликлар қилишни зудлик билан амалга ошириш вақти келганини тушунган. Таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ислом динини турли бидъат ва хурофотлардан тозалаш кераклигини англаб етган. Ушбу англашлар натижасида Маҳмудхўжа Беҳбудий вафоти, яъни 1919 йилга қадар бутун Туркистонда янги усул мактаблари фаолиятини кенгайтиришга эришган, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг олий таълим йўлидаги ҳаракатларини қўллаб, 1918 йил май ойида очилган Туркистон дорилфунунининг Самарқанд бўлимини бошқарган. Туркистон халқи озодлиги, фаровонлиги ва тараққиёти учун мусулмон давлатларида кўриб, ўрган тажрибаларини имкони борича жорий қилган.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

тарих фанлари доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//