Чарлз Дарвин ўзининг «Ўсимликларда ҳаракатланиш қобилияти» китобида: «Бундай дейилса муболаға бўлмайди: илдизнинг учи… қандайдир пастроқ ҳайвонларнинг миясидек ишлайди... ҳис-туйғулардан таассуротларни тўплайди, ҳаракатларни бошқаради», деб ёзган бўлсада, яқин вақтларгача ҳам кўплаб олимлар ўсимликларда ақл бўлиши мумкинлиги мавзусини муҳокама қилишдан бош тортишарди, чунки ўсимликлар мияга эга эмас, шундай экан, улар фаолиятга эга бўлолмайди, деган фикрда эдилар.
Ҳайвонларда ақлининг мавжудлиги амалда ҳал қилинган масала. Шунга кўра, 2008 йил Испания парламенти одамсифат маймунларнинг яшаш ва эркинлик ҳуқуқларини тан олди. Янги Зеландия барча ҳайвонларнинг сезгир мавжудотлар эканини ва одамлар билан бир хил даражада ҳис-туйғуларга эгалигини расман таъкидлади. Бир қатор давлатларда нафақат фан, балки қонун ҳам ҳайвонларнинг тарафини олади.
Аммо ўсимлик интеллекти масаласига келсак, Дарвин давридан то ҳозиргача кўп нарса ўзгармади. Зотан, бу тушунарли ҳолат. Чунки ўсимликларнинг ақл-идроки ҳақидаги саволни муҳокама қилганимизда ўз-ўзидан ноқулайлик ҳисси пайдо бўлади. Бунинг сабаби, масалан, дарахтни фикрлайди ва ҳис қилади деган фикрни қабул қилиш қийин. Қачонки, у Pinokkio (Буратино) бўлмаса.
Шу нуқтаи назардан, ўсимликларнинг иккита муҳим камчилиги бор дейилади:
Биздан ва ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, улар ҳаракат қилмайди.
Уларнинг асаб тизими йўқ, яъни улар ташқаридан олинган маълумотни идрок этиш ва таҳлил қилиш учун ҳеч нарсага эга эмас.
Биринчи масала бўйича Чарлз Дарвин қатъий ишонч билан қуйидаги фикрни илгари сурган эди: «Одамларда ўсимликларнинг секин ҳаракатланиши кузатиш учун сабр-тоқат етишмайди. Аммо секинлик уларнинг омон қолишига ёрдам беради: ўсимликлар ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, тана вазнининг 90 фоизини йўқотганидан кейин ҳам ўзини тиклаб олишга қодир бўлади.
Чиндан ҳам одамлар эманзорларнинг қандай ўсишини тўлиқ кузата олишмайди. Негаки, эман дарахти 400 – 1500 йил яшайди. Швециянинг Фулуфеллет тоғидаги Қария Тикко деб аталувчи арча эса дунёдаги энг қадимий дарахтлардан бири бири ҳисобланади. Унинг илдизлари 9 565 ёшда…
Ўсимликларда «тушуниш», «мулоқот қилиш» қобилияти борлиги биринчи марта ўтган асрнинг 80 йилларида Жанубий Африкада содир бўлган бир воқеа туфайли кашф этилган эди. Претория университети зоологи Воутер ван Ховен куду антилопаларининг оммавий равишда нобуд бўлишларининг сабабини ўрганади. Маҳаллий чорвадорлар уларни махсус далаларда боқишарди, аммо ҳайвонлар ҳеч қандай сабабсиз бирин-кетин нобуд бўларди. Улар касал бўлмас, оч ҳам қолмас, доимий қоринлари акация япроқларига тўла бўларди. Кунларнинг бирида жирафаларнинг ҳам шу ҳудудларда ўтлаб юргани Ван Ховеннинг эътиборини тортди, улар ҳам акация барглари билан озиқланарди. Аммо қандайдир ғалати тарзда: улар ҳеч қачон бир дарахтнинг тагида узоқ муддат қолишмасди. Бир дарахтдан баргларни узиб олганидан кейин ёнидаги дарахтларнинг «меҳмоннавозлигига» қиё ҳам боқмасдан 350-400 метр узоқликдаги дарахтларга қараб борарди, бу вақтда улар ҳар доим шамолнинг эсишига тескари қараб юришарди. Ўлик антилопалар текширилганда ҳайвонларнинг жигарини ишдан чиқарувчи заҳарли модда – таниннинг даражаси ҳаддан ташқари кўп экани қайд этилган. Жирафалар танасида эса танин миқдори бир неча баробар паст бўлган. Зоолог шунингдек, акация дарахти ҳайвонлар ҳимояланиш учун япроқларида танин миқдорини оширганини аниқлайди. Аммо дарахтлар баргларини танин моддаси билан тўйинтириш вақти келганини қандай англаб етган? Аён бўлишича, ҳайвонлар биринчи бўлиб ейишни бошлаган акация дарахти қўшниларини кимёвий усул ёрдамида тажовузкорлар босқинидан огоҳлантиради: ҳайвонлар баргларни истеъмол қилаётганда, этанол гази ажралиб чиқади. Биринчи дарахтдан учиб чиққан моддани бошқа дарахтлар илиб олганидан сўнг улар буни хатарли сигнал сифатида қабул қилади ва 5-10 дақиқа ичида барглардаги танин миқдорини оширадилар. Шунинг учун ҳам жирафалар қўшни дарахтнинг япроқларини емайди ва шамолга қарши ҳаракатланади. Антилопалар эса олдидан чиққан акацияларни пайдар-пай еб кетавериши натижасида ўлим юз берган.
Профессор Андре Кесслер ва унинг шериклари ташқи таҳдидларга жавобан ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирадиган ўсимликнинг ажойиб намунасини топишган. Бу Шимолий Америка, Япония, ЖАР, айрим Европа давлатлари ва Россияда ўсадиган олтин новда (goldenrod) номли ёввойи ўтдир. Фақат у турдошлари билан «мулоқот қилиш» учун асаб тизимининг ўрнига кимёвий сигналлар тизимидан фойдаланади.
Биологлар ҳақиқий хатар яқинлашган шароитда – ўсимлик барги қўнғиз личинкалари ҳужумига учраган чоғда олтин новданинг хатти-ҳаракатларини ўрганишди. Тажовузкорлик ҳаракатлари бошланиши билан олтин новда SOS сигналини тарқата бошлайди. Тўғрироғи, у VOC (volatile organic compounds) – учувчи органик бирикмаларни чиқариб, ҳашаротлар ҳужуми ҳақида қариндошларини хабардор қилади ва гиёҳлар уни эшитади! Яқин атрофдаги бошқа олтин новдалар қўшнисини ҳашаротлар ютиб юбораётганини билиб, танасини жанговар ҳолатга келтиради ва барг қўнғизи личинкаларини қайтарадиган махсус кимёвий бирикмалар ишлаб чиқаради.
– Аён бўлишича, ўсимликлар ҳидларни жуда аниқ сезади, ҳатто биргина ҳужайра ҳам уларни «таний олади», – дейди профессор Кесслер.
– Шундай қилиб, ўсимлик қариндошларидан олган сигналларга жавобан ўзининг стандарт хатти-ҳаракатларини ўзгартиради. Мана шу ақл бўлмаса, нима, сизнингча?
Ўсимликлардаги хатти-ҳаракатларнинг бу модели фақат биргина олтин новданинг супер кучи эмас, уни 80 дан ортиқ ўсимлик турлари ҳам намоён қилади.
«Башарти, биз ўсимликларнинг хатти-ҳаракатини ақлга мувофиқ деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам, у ҳайвонларникидан фарқли бошқа ақл туридир», дейди Андре Кесслер. Масалан, ўсимликлар ҳам, ҳайвонлар ҳам асосий ҳаётий вазифа – муваффақиятли кўпая олишади. Фақат улар буни турли йўллар билан бажарадилар. Қизиғи шундаки, бу сунъий интеллектнинг хатти-ҳаракати ва амбицияларига қарама-қаршидир. Сунъий интеллектнинг қобилияти инсоннинг ақл-заковатидан ошиб кетишига шубҳа йўқ. Аммо ўсимликлар ва ҳайвонлардан фарқли ўлароқ у насл қолдириш истагини ўзида ҳосил қила олмайди, унинг мақсадлари бевосита инсоний истаклар асосида белгиланади. Шунга қарамай, одамлар ўсимликларнинг ақл-заковатини инкор этади, лекин қалбсиз темир парчасида ақл-идрокни қабул қилишмоқда.
Ушбу маълумотларни ўрганарканман, бир воқеа ёдимга тушди. Машҳур навоийшунос олим Ёқубжон Исъҳоқов ток дарахтини қандай қилиб қўрқитганини сўзлаб берганди. Домланинг ҳамма токлари узум соларкану, аммо биттаси сира ҳосил қилмас экан. Ёқубжон ака бир куни аёли билан келишиб олибди. Келишувга мувофиқ аёли ўша узумнинг олдида нимадир иш билан банд бўлгандек айланиб юрибди. Домла қўлига болта кўтариб, «Шу токни чопиб ташлайман, шунча йилгача бир бошгина ҳам узум солмади», деб важоҳат билан отилиб чиқибди. Аёли «Ҳай, ҳай, ўзингизни босинг, бу йил мева қилади!» деб йўлини тўсибди. Кутилганидек, узум келгуси йили роса кўп ҳосил солибди.
Бизнинг ҳовлимизда беш тўп анор дарахти бор эди. Тўртови яхши мева берардию, биттаси ҳатто гулламасди ҳам. Карантиндан олдинги йилги куз фаслида биз ҳам домламизнинг тажрибасини қўллаб ўша анорни қўрқитган бўлдик. Дарахт бечоранинг «ўтакаси» ёрилган эканми, баҳорда шунчалар кўп ҳосил қилдики, шохлари ерга тегиб қолди…
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ