Чалахотин ёки ер остига мактуб


Сақлаш
22:45 / 01.08.2024 280 0

Сен вужудимда сира кутилмаганда пайдо бўлдинг. Аввал кўксимда нимадир ғимирлагандек туюлди, сўнг ғалати оғриқ бошланди, бир неча кундан кейин танамдан нимадир бўртиб чиққанини сездим. Мен қўрқиб юрган ҳодиса шу қадар тез содир бўлишини кутмагандим. Чошгоҳда ҳамма қайлулага кирган маҳал, секингина меҳмонхонамиз эшигини ичкаридан беркитиб, пардаларни туширдим, чироқни ёқдим. Сўнг устига бир пайтлар онамнинг чевар қўллари билан тикилган мунчоқли дастрўмол ташлаб қўйилган тошойна қаршисига бориб, кўйлагимни кўтариб қарадим. Эвоҳ! Ўзимдан ўзим уялиб шарт этагимни туширдим. Бундан кейин нима қилиш ҳақида ўйлай бошладим. Энг аввал иссиқ кийимлар солинган тугунни очиб, сариқ жемперимни излашга тушдим.

 

Аср маҳали иссиқ кунда жемпер кийиб олганимни кўрган каттам* ҳайрон  бўлиб қолди:

Эй, тавбангдан кетай? Саратонда жавраб ўлган ҳўкизим, деганлари сен бўлсанг керак.

 

Каттамга ер остидан хўмрайиб қарадим-у, индамадим. Шу тобда дардим ўзимга етарли эди. “Белим оғрияпти” деб минғирлаганча супага сув сепаладим. Бидонларга сув тўлдириб, онамдан жавоб сўрадим-да, қўшни қишлоқдаги холамникига отландим. У ерда менинг нажоткорим – Роҳила опам яшайди.  Роҳила опамнинг ўзи яхши-ю, қилиғи совуқ. Дардимни айтганимда, аввалига роса устимдан кулди. “Сениям мамманг чиқадиган кун бор экан-ку” деб уялтирди.  Ҳартугул, бир оз асабимга теккач, “Иссиқ кунда жемпер кийиб ҳаммага кулги бўлма, гаранг, керакли нарсангни ўзим тикиб бераман”, дея қолди.

 

“Керакли нарсам” бир кунда тайёр бўлди. Эртасигаёқ олиб қайтдим. Лекин ўзимни аллақандай ўнғайсиз сезардим. Қаддимни тик тутишдан уялиб, букчайиб юришга одатландим. Ҳар гал гавдам икки қатланиб китоб ўқиб ўтирганимда, каттам қаттиққина кафти билан елкамга тушириб қоларди:

 

Тўғри ўтир! Букри бўлиб қоласан.

 

Аста-секин сенга ўргандим. Сен худди бошим, кўзларим, қўл-оёқларим сингари танамнинг бир қисми эдинг, дарахт новдасидан ўсиб чиққан куртаклар сингари сен ҳам мендан ўсиб чиққандинг ...

 

***

Балоғатнинг сирга тўлиқ кечаларида илк дафъа юрагим қаттиқ-қаттиқ урганини сездирганинг ёдингдами? Ўша кезлари юрагим дукурини ҳатто қаттиқ ухлаб қолган пайтларимда ҳам сезар, дафъатан уйқудан уйғониб кетардим. Ором бегона бўлган бошимни ёстиқдан кўтариб, уясида ҳурпайиб ўтирган қуш шамойилига кирар, олисларга қараганча хаёл сурардим. Хаёлим  ойнасида кўринган оний сурат   тонггача тинмайдиган титроқ соларди қалбимга.

 

Кўп ўтмай бизга таниш бу титроқ Унинг қалбидаги туйғуларга ҳамоҳанг экани маълум бўлиб қолди. У ҳам ошиқ экан. Аввал мактублар ёзди. Қоп-қора сочларим, каттам қайнатган чирмовуқ сувида узайгани сайин Унинг менга ёзган мактублари ҳам узайгандан узайиб борарди. Бир оқшом қўшни қишлоқдан қайтаётганимда сой кўприги олдида йўлимни тўсди

 

Мен сени яхши кўраман! Нега хатларимга жавоб ёзмайсан?

Гарчи Унга бефарқ бўлмасам-да, ғурурим севгимдан устун эди.

Қоч йўлимдан. Хатингга жавоб қайтараман, деб ваъда берганим йўқ сенга!

Важоҳатимни кўриб, индамай йўл бўшатди. Лекин ортимдан қичқириб қолди:

Эртагаёқ уйингга совчи юбораман.

 

Совчилар келди, кетди, келди, кетди. Охири отамнинг кўнглини юмшатишди. Маъқул жой деб, онам орқали қизидан жавоб кутди. “Ўзларинг биласизлар” деган икки оғиз сўзни айтгунча, лоладек қизардим. Икки ёноғимда гуллаган лола ҳаммадан беркитиб ой ёруғида тикиб ўтирадиган кашталарим гирдига учиб тушди. Ёшлигимнинг бахт мавсуми бошланди. У билан менинг   исмим туширилган рўмолчалар  сероб  бўлиб қолди.

 

***

Тўрт ойлик келинчак эдим. Кутилмаганда танамда сен пайдо бўлган кундагига ўхшаш ғалати ўзгаришни туйдим. Негадир шўр емакларни тусардим, баъзи кунлари уйқудан бош кўтаролмасдим. Дунё кўзимга қандайдир бошқача кўрина бошлади. Сен эса кун сайин тўлишиб борардинг... Бир сабоҳ дунёмни чақалоқ йиғисига тўлдирди. Тўнғичим – қизим дунёга келди. Тўлачадан келган, жилмайиши каттамни эслатувчи доя хотин ранги жиш полапонни эслатувчи бир парча этни йўргакка ўраб қўлимга тутқазди:

 Қани, болангни эмиз-чи, қизим.

Ёш оналарга хос нўноқлик ила гўдакни кўксимга босдим, уят ичида атрофга аланглаганча пушти сўрғичингни чақалоқнинг оғизчасига тутдим. Қизим аввал тамшанди, сўнг ютинди. Сен орқали берилган ризқнинг илк қатралари гўдагимнинг нозик томоғидан ўтганини бутун вужудим билан ҳис қилиб турдим. Ўша лаҳзаларда Тангри келажакка мен орқали озуқа тутаётган, менга марҳамат кўрсатиб, бир эмас, икки ҳаёт чашмасини ато этганди гўё.

 

Туғруқхонанинг 3-қаватидаги палатамда, бир оз уринган тўшак устида жаннат исли гўдагимни ҳидлаб ётар эканман, руҳимга ёз ёмғиридан кейин тупроқдан кўтариладиган ифор янглиғ ёқимли ҳорғинлик инди. Энди мен Она эдим. Гўдагининг ризқ-насибаси қўш сийнасидан оқажак қудратли хилқат. Тангри қиз изидан ўғил берди. Ўғил кўрганини эшитганда У дунёга сиғмай қолди. Қаҳ-қаҳ уриб кулди, қувонганидан ўша он ёнида турган қайнонамни даст кўтариб олди. Аввал ўртоқларига ҳақ берди, сўнг элга ош тарқатди.

 

Бахтим тўкис эди менинг. Тенг-тўшларимнинг гоҳ ҳавасини, гоҳ ҳасадини келтириб, очилиб-сочилиб юрардим. У мени севарди, қиз-у ўғлим ёнимда эди, қайнона-қайнотам ўз қизидек кўришарди. Осуда турмушимдан, бахтимдан сармаст эдим. Гоҳ ойдек тўлишган, гоҳ кундек ёришган жувон эдим. Бироқ қувончим кўпга чўзилмади. Ой-у куним бирдек зимистонга чўмди. Кутилмаганда ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Гўё ҳовлимизда бир зилзила содир бўлиб, ўн йиллик рўзғоримни кунпаякун қилгандек. Ўша  кунлари  сенда  уруғлик картошканинг  тугунакларига ўхшаш  ғалати безчалар пайдо бўлган, сим-сим оғриб ётардинг. Мен эса узун тунларни иситма ичида ёниб ўтказардим.

 

***

Кун сайин қувватдан кетдим. Рангим сўлиб-сарғайди, иштаҳам йўқолди. Бир кун У, бир кун ота-онам шифохонага етаклашди. Лекин касалимнинг учи топилай демасди. Сендаги оғриқ кун сайин кучая борди, рангинг кўкимтир тусга кирди.  Бир куни шифокорлар ташхис қоғозимга мен қаттиқ қўрқадиган сўзни ёзганларини кўрдим: “Саратон”...

 

Воҳ, бу дўхтир зоти шафқат нималигини билмайди-я. Бир нечтаси палатамга кириб, сени жарроҳлик йўли билан олиб ташламаса бўлмаслигини айтишди. Акс ҳолда, ўсимта бошқа аъзоларга ўтиши мумкин экан. Музлаб қолдим. Ўша тобда кўзим ҳеч нимани кўрмас, терим ҳеч нарсани сезмас, фақатгина қулоқларим остида жарроҳ-онкологнинг совуққон сўзлари такрор-такрор янграрди:

Ҳар икки кўкрагингизни ампутация қилмасак бўлмайди... “Ҳар икки кўкрагингизни...”

 

Бир неча йилга татиган ўша аламли кечада икки гўдагим учун вазиятга кўникишим, кучли бўлишим кераклигини англадим.  Шифокоримдан яхшилаб  ўйлаб олиш ва руҳан тайёрланиш учун вақт сўрадим. Шундоқ ҳам амалиётгача бир неча кун тайёрлашар экан.

 

... У болаларни олиб келди. Кўзлари бир оз қизарган, қовоғи солиқ эди. Мендан ҳам тушкун аҳволини кўриб, дилим оғриди. Қайнанам бериб юборган товуқ шўрвани столга қўйди. Болаларни ёнимда қолдириб, дўхтирнинг ёнига чиқиб келиш баҳонасида эшикка йўналди. Икки қўлим билан икки гўдагимни қучдим. Мен учун оламдаги ҳамма бошлардан азиз бўлган икки жимит бошни сўнгги бор сенинг устингга қўйдим. Токи онасининг тафтини унутмасинлар, дедим. Овоз чиқармай йиғладим. У жарроҳ хонасидан янаям қовоғи осилиб қайтди. Англадимки, янаям кучлироқ бўлишим керак экан... Жуда-жуда кучли...

 

***

Операциядан бир кун ўтди. Жонлантириш хонасида кўзимни очганимда, кўкрак қафасим дока билан қалин чирмаб ташланганди. Ёнимда телефон титкилаб ўтирган ҳамшира “Сув ичасизми” деб сўради. Бош чайқадим. Шифтнинг ҳаддан ташқари оқлиги наркоз пайтида кўрганим митти кафан рангини эслатарди. Дарвоқе, тушимдаги кафан. Унга сен ўралган эдинг. Мен эса сени олиб кетаётган одамлар ортидан йиғлаб чопардим, ялиниб чопардим:

 Илтимос, ундай қилманглар...

Операциянинг учинчи куни дўхтирлар палатамга аллақандай тоғорача билан кириб келишди. Тоғорача ичида вужудимнинг бир бўлаги – сен бор эдинг. Мендан кесиб олинган сен... Бемор ўз кўзи билан кўрсин, амалиёт бекорга ўтказилмаганини тушунсин деб олиб киришибди. Инсон шафқатсизлигининг чек-чегараси йўқ...

 

Бир пайтлар қатқоринига мих тиқилгани учун сўйишга тўғри келган ола сигиримиз эсингдами? Пешонаси қашқа бузоқчаси бор эди. Сигиримизни сўйган қассоб катта тоғорага солинган гўштни ошхонага – онамнинг ёнига келтириб, “Буни нима қиламиз энди, янга?” деб сўрагани кўз олдимдан кетмайди. Тоғорадаги ғалати рангли гўшт – серсут сигиримизнинг елини эди. Ундан қон аралаш сут оқиб турарди. Тоғорани яримлатган қонталаш сут... Онам елинни нима қилишини билмай, томорқамиздаги марвартак тут остига кўмдирган, мен эса бу воқеадан кейин икки йилгача сут ичолмай юргандим.

 

...Яна бир кун ўтди. Онам келди. Кўзи тўла ёш-у, ўзини дадил тутишга уринади. Онагинам-а! Барибир ўзини тутолмади. Айтишича, сени мозорга кўмдиришга кўнгли бўлмабди. Тирик боламнинг аъзосини мозорга бермайман, дебди. Онамнинг амри билан укам, укагинам сени ҳовлимиздаги мурут* дарахти остига кўмибди.  Ўша кеч тушимга мурут дарахтимиз кирди. Бошини егудай мева солганмиш, ҳар бир мевасидан сут оқиб турганмиш. Оппоқ сут...

 

***

... Кунларни санамай қўйдим.  У ҳамон хўмрайганча келиб-кетиб юрибди. Палатамга киради, кўпинча бир сўз демайди, хўрсинади, ҳаммасига мен айбдордек аламнок қарайди. Касалхонадан чиқиб қаерга боришни ўйлайдиган кунлар яқинлашди. Албатта, бошланишига онам олиб кетади. Лекин барибир келинлик уйимга қайтишим керак. Уйга қайтишимга У қандай қарар экан? ...Бир ой қизлик уйимда яшадим. Болалар дадасини соғингач, мажбур уйга қайтдим. Қайтдим-у, мени бу ерда ҳеч ким кутмаётганини пайқадим. Қайнона-қайнотам  ўнғайсизгина қаршилашди. Унга эса ҳамма нарса барибир эди. Келиб-кетувчилар кўп. Астойдил ҳол сўрагандан томошаталаб кўп. Бир кун томошаталаб йўқлагувчилардан бири сўз қотди:

 

Эрингиз анави Мафтуна билан топишиб олганмиш.

Мафтуна ким?

Бекназар аканинг эрдан қайтган қизи-чи?

Дарров-а? Операция бўлганимга қанча бўлди? Энди бир ярим ой тўлди шекилли? Нархимиз шунчалик экан-да. Тақдир текислаган кўксимдан аччиқ-аччиқ кулги отилиб чиқди.

 

Кўп нарсага бефарқ бўлиб қолдим. Мени дунёга боғлаб турган танҳо ришта – болаларим эди. Кучим, умрим етганича уларни оёққа қўйишни, уларга нимадир ўргатишга улгуришни истардим. Зеро, шифокорим хавф тўлиқ ўтиб кетмаганини, касаллик қачондир қайтадан илдиз отиши мумкинлигини айтиб огоҳлантирган эди. Бироқ У негадир менга бу имконни беришни истамаётганди. Ҳолбуки, Ундан ҳеч нима талаб қилмасдим: на меҳр, на вафо. Шунчаки сўнгги кунимга қадар болаларимнинг онаси бўлиб қолгим келарди.

 

Бир куни шом пайти телефонимга хабар келди. Хабар Ундан эди. Ҳув ўша, сой кўприги устида учрашганимиздаги каби юрагим ҳаприқиб кетди. Сурат шаклидаги хабар менинг шошқалоқ ажалимга ўхшарди – У ўша аёлни қучиб тушган суратини юборганди. Суратлар пайдар-пай келадиган бўлди. Суратлар кундан-кун шармисор тусга кирди. У менинг имконларимни қисқартиришга астойдил киришган эди. ...Бир пайтлар отам амазон аёллар ҳақида ўқиб берганини эслайман. Жангда халал бермаслиги учун бир сийнаси кесилган аёллар ҳақида... Мени тўкис амазонга айлантирган тақдирдан нафратланаман. Қани, тақдирим одам шаклида бўлса-ю, юзига тупурсам.

 

Унинг уринишлари тез кунда мева берди. Танамдаги оғриқлар қайтадан уйғонди. Елкам ва умуртқамнинг санчиғига чидаб бўлмай қолди. Укам касалхонага ётқизди. Таҳлил қоғозларимни бирма-бир кўздан кечирган шифокорим кўзойнаги остидан ачиниш-ла қаради:

 

Нимадан бунча сиқилдингиз? Нега касаллик бунчалик тез қайталади?

Индамай елка қисдим. Кучимни тўплаб жилмайишга уриндим.

Қанча вақтим қолганини айтолмайсизми?

Бояқиш шифокорим ногоҳ кўзига қалққан томчини артди. Дадиллигимни кўтаролмади шекилли. Сўнг кафтини ҳамдардларча елкамга қўйди:

Айтолмайман, мени кечиринг.

 

***

Айрилганимиздан кейин орадан бир неча ой ўтганига қарамай, ҳамон хаёлимда сен билан сўзлашардим. Ўша куни дафъатан ўй суриб қолдим. Балки сен ўша – мурут тагидаги жимит қабрда, кичик кафан ичида аллақачон чиришга улгургандирсан? Унда мен нега ҳамон сени ҳис қиламан, нега ўрнинг ҳамон оғрийди? Ё фантом оғриғи деганлари шуми? Биласанми, биз яна топишадиган фурсат яқин. Юрагимга тош бостирдим – болалардан ҳам кўнгил уздим. Тўғрироғи, уларни Яратганга топширдим. Аллоҳ меҳрибон бўлсин. Сўнг йўлакда касалхона журналини тўлдириб ўтирган ҳамшира қиздан қоғоз-ручка олиб укамга қисқагина васият ёздим:

 

“Ука, сенга қанчалик оғир бўлмасин, мени жойимга ўзинг қўйишингни истайман. Ёстиғим остида кимётерапиядан кейин тўкилган сочларим солинган халтача турибди. Халтачани бошим остига қўй. Мурут тагидаги бўлагимни менга қўшиб кўмиш эсингдан чиқмасин.  Поччангнинг қўлини кафанимга тегдирмайсан”.

 

...Хуллас, яқин кунларда сен билан яна топишамиз. У ерларда ҳеч ким сени танамдан қирқиб ололмайди. Ҳеч ким мени истеҳзо билан “чалахотин” деб аташга ботинмайди. Биз Маҳшаргоҳда сен билан бир бутун бўлиб уйғонамиз. Ҳозирча мурут тагида яна озроқ кутиб тур...

 

*катта – буви (Шаҳрисабз шеваси)

*мурут- нашвати

Тошкент, июль

 Гулноз МЎМИНОВА

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:11 / 13.11.2024 0 41
Маънавий экспертиза керакми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10017
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//