Who is Khusanov? – Футболчини танимайдиган “мухлис” ва “ҳеч ким танимайдиган” лойиҳа асосчиси ўртасидаги тортишув


Сақлаш
08:35 / 01.08.2024 202 0

Ўзбекистон футбол терма жамоаси тарихда илк бор Олимпиада ўйинларида иштирок этди. Биринчи ўйин Испанияга қарши 1:2 ҳисоб билан рақиб жамоа фойдасига ҳал бўлди. Лекин материал бу ҳақда эмас, Олимпиада ўйинчиларини қўллаш учун борган 450 нафар “мухлислар” ва Абдуқодир Хусанов ҳақида.

 

 

Таъкидланганидек, футбол бўйича миллий терма жамоамизнинг Олимпиада ўйинларига чиқиши – тарихий воқелик бўлди. Уни кенг жамоатчиликка ёритиш, миллий фахр туйғусини янада ошириш, мамлакатни дунёга танитиш ва албатта, жамоани қўллаб-қувватлаш мақсадида 450 нафар ўзбекистонлик фаоллар мухлис сифатида Францияга олиб кетилди.

 

Улардан бири – Uzbekistan’s Club аъзоси, продюссер ва блогер Никита Макаренко ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида илк ўйиндан кейинги таассуротларини ёзиб қолдиради. Унга кўра, деярли бутун стадион Ўзбекистон жамоасига мухлислик қилган. Французлар бизнинг терма жамоани фаол қўллаган. Танаффус вақтида эса Ўзбекистон байроғини тақиб суратга тушмоқчи бўлган французлардан иборат саф шаклланган. Хуллас, Французлар бизнинг ўйинчиларни ўзгача қўллаган.

 

 

Постга жавобан фойдаланувчилардан бири улар асосан “Lens”даги Хусанов мухлислари бўлиши мумкинлигини айтади.

 

Хусанов ўзи ким?

 

Муҳокамаларга айнан шу савол сабаб бўлди. Фойдаланувчининг юқоридаги изоҳига Макаренко шундай савол қолдиради: Who is Khusanov?

 

 

Абдуқодир Хусанов – Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Франция Ланс футбол клубининг 20 ёшли ўзбекистонлик ҳимоячиси. У Олимпиада-2024 ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш учун 22 нафар ўйинчи қаторида саралаб олинган. Франциялик футбол мухлислари ҳақиқатдан ҳам айнан Хусанов ортидан ўзбек футболига кўпроқ қизиқа бошлаган бўлиши мумкин.

 

 

Макаренко эса бир муддат аввал “Мен ўзбекман, қонимда ғалаба” деб бошланувчи видео-пост жойлаган эди. Роликнинг устки муқовасида эса Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев ва Абдуқодир Хусановни кўриш мумкин.

 

 

 

Ижтимоий тармоқ фаоллари Макаренкони берган саволидан ташқари, ўз манфаатлари йўлида олимпиада қаҳрамонларининг образидан фойдаланиб, кимлигини интернетдан бўлса ҳам аниқлашга дақиқаларни аяган димоғдорликда айблайди. Жамоатчилик орасида “Нима учун биз тўлайдиган солиқлардан футболга қизиқмайдиган, ҳатто, ўз миллий терма жамоасидаги ўйинчиларни ҳам билмайдиганлар Францияга футбол мухлиси сифатида юборилди?” мазмунидаги ўринли саволлар устида баҳслар авж олади. Мавзуга доир танқидлар мэм ва #whoiskhusanov хештеги билан муҳокама қилинади.

 

 

Фойдаланувчилар “Макаренкога Хусанов кимлигини аниқлашда ёрдам берайлик” дея шу саволни берган блогернинг инстаграм саҳифасидан олинган скринларни жойлайди.

 

 

Макаренко эса танқидчиларни муваффақиятга ҳасад қилаётганликда айблаб, сафар харажатлари давлат бюджетидан эмас, тижорий ҳамкорлар томонидан қопланганини айтди.

 

Тармоқда мавзуга оид турли танқидлар билдирилди:

 

“Макаренко, аслида Сиздан бемаъни мағрурлик чиқмоқда – Оқ танли эркак ўз мақсадлари йўлида иқтидорли ўзбек йигитини унинг исмини билишга сония ҳам сарфламасдан, қиёфасини эксплуатация қиляпти”.

 

“Макаренко худди Жириновскийдек: Ҳукумат қачонки унга пул тўламай қўйса, рост гапни айтадиган”.

 

“Khusanov’нинг “ҳақиқий фанатлари”. Шу камбағал блоггерлар бюджет пулидан футбол баҳона айланиб юради. Биз бу ерда касал болалар даволанишига мисқоллаб пул йиғамиз”.

 

“Мен каби хорижда яшаб, инглиз тилида сўзлашадиган ўзбекистонликлар, том маънода сиз каби “Uzbekistan’s Club” номи остида товламачилик билан оилангизни боқишингизга сабаб бўлмоқда” – мана шу сўнгги келтирилган твит жараённи жиддийлаштирди. Макаренко товламачиликда айблаш жавобгарликка сабаб бўлишини, Ўзбекистон қонунчилигида ҳам, иккинчи томон яшаётган Канада қонунчилигида ҳам бирор кимни асоссиз фирибгар дейиш жиноят саналишини таъкидлайди:

 

“... Бизни бирорта суд фирибгар деб топмаган. Сиз ўз нуқтаи назарингизни Канада судида ҳимоя қилишни хоҳлайсизми ёки Ўзбекистон судида? Танланг, илтимос. Икки мамлакатда ҳам юристларимиз бор. Акс ҳолда, сиз ўзини шунчаки аҳмоқлардек тутадиган одам бўласиз... Мен юзлаб сиз кабиларни кўрганман, лекин ҳеч қачон туҳмат даражасига тушмаганман”.

 

 

Суд таклифи бошқа фойдаланувчиларни қувонтирди. Улар Макаренко судлашмоқчи бўлган Bookclub лойиҳасининг асосчиси Мадина Мусаевани эътироф эта бошлади. Чунки суд бўлса, “Ўзбекистонликлар клуби”ни молиялаштириш бўйича ҳужжатлар очиқланиши керак бўлади. Бу эса аҳолининг анчадан буён қизиқтириб келаётган саволларига жавоб бўлади.

 

Жамоатчиликни жумбушга келтирган яна бир муҳим масала – Олимпиада ўйинларини кузатиш учун 450 нафар “мухлис” борган-у, Футбол федерациясининг котиби ва спортчиларнинг ота-онаси эса йўқ. Миллий терма жамоа тренери Тимур Кападзе ўйин олди матбуот анжуманидаги фикрлари шу сабабли ҳам ҳеч бир ўзбек ОАВда ёритилмаган.

 

Кападзе Олимпиада шароитларидаги муаммолар ҳақида гапираркан, хона ва транспорт масаласида бир нечта камчиликларни санаб, шу каби майда муаммолар ҳам ўйинга тайёргарлик олиб боришга қаршилик қилишини айтади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари унга жавобан, 450 та футболни тушунмайдиганларнинг сафарини молиялаштиргунча, ҳеч бўлмаганда шу майда муаммоларни ҳал қилиб бермайдими, дея эътироз билдирди.

 

Норозилик кайфиятидаги кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз фикрини ёзиб қолдириш билан чекланмай, Макаренконинг тармоқлардаги саҳифаларини оммавий (canсel) тарк эта бошлади. Хуллас, олимпиаданинг илк кунлариданоқ танқидларга сабаб бўлган ушбу мавзу ҳали-ҳануз ёпилгани йўқ. Макаренкода эса умуман айбдорлик ҳисси йўқ, судга бериш ниятидан ҳам қайтган эмас.

 

Умуман олганда, Uzbekistan’s Club фаолияти ва лойиҳалари аввалдан танқидий баҳсларга сабаб бўлиб келган. Бироқ шу вақтгача ҳали бирор марта жамоатчилик билан очиқ мулоқот бўлгани, молиявий масалаларда ҳисоботлар тақдим қилингани йўқ.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//