Рун ёзуви яралиши талқинлари


Сақлаш
11:59 / 31.07.2024 285 0

Инсониятнинг тарих давомида яратган энг буюк ихтироси шубҳасиз ёзувдир. Зеро, ёзувга қадар бўлган даврни илмий фаразлар орқали ўргансак, кейинги даврларни аниқ далиллар орқали тадқиқ этамиз. Ёзув ҳам худди инсоният каби ўз тараққиётининг узоқ ва машаққатли йўлини босиб ўтган. Ёзув нарса-буюмларнинг суратидан товушларнинг ёзувдаги ифодасини акс эттирувчи белгиларга айлангунига қадар минглаб йиллар кечган. Геродот қолдирган маълумотга кўра, аҳамонийлар шоҳи Доро II скифлар (қадимги турклар) юртига ҳужум қилганида улардан «қуш», «сичқон», «қурбақа» ва «беш ўқ»дан (ёй ўқи) иборат хабар олади. Доронинг маслаҳатчиси бу хабарни шундай изоҳлайди: «Агар сен осмонда қуш каби, ерда сичқон сингари, сувда қурбақага ўхшаб беркина олмасанг, ўқларимиздан омон қолмайсан» (И. Фридрих. История писма. Москва, «Наука», 1979. Стр. 34).

 

Кейинчалик инсонларни, ҳайвонларни, табиат ҳодисаларини, нарса-буюмларни тасвирловчи суратли ёзувлар пайдо бўлди. Улар тараққий этиб миххат ёзуви вужудга келди. Энг қадимги миххат ёзувлари Месопотамиядан (Ироқ) топилган бўлиб, милоддан аввалги IV минг йилликда шумерлар томонидан яратилган (ўша манба, 14-бет).

 

Милоддан аввалги III минг йилликка келиб Мисрда миххат ёзувидан фарқли ўлароқ қатъий геометрик шаклга эга, мавҳум, ҳайратга соладиган, шеърий ва жонли кўринадиган, ажойиб услубларда чизилган, инсон бошлари, қушлар, турли ҳайвонлар, ўсимликлар ва гуллардан иборат ёзув пайдо бўлди. Фанда у иероглиф деб аталади. Миср белгили ёзуви деб аталадиган иероглиф сўзи аслида «муқаддас ёзув» (юнонча «иерос» – муқаддас ва «глиф» – ўймакорлик) деган маънони англатади (Ж. Жан. История писменности и книгопечатания. Москва, «АСТ». 2005. Стр. 26).

 

Тахминан милоддан аввалги VIII асрда ҳозирги Суриянинг Ором деган жойида финикияликлар алифбосига ўхшаш алифбо яратилади. У фанда «оромий» ёзуви номини олади. Бу ёзув ҳам бошқа кўплаб халқларнинг алифбосига асос бўлган. Айниқса, Буюк Аҳд шу алифбода ёзилгани сабабли яҳудийлар учун катта аҳамиятга эга. Милоддан аввалги VIII асрда юнонлар оромий алифбосидаги айрим ундош товушларни англатувчи белгиларни ўз алифболаридаги унли товушларни ифодалаш учун қабул қилади ва «А» – альфа, «Е» – эпсилон, «Й» – ипсилон, «О» – омикрон каби ҳарфлар пайдо бўлади.

 

Милоддан аввалги III асрда римликлар юнон алифбоси асосида 19 ҳарфдан иборат лотин алифбосини яратади. Милоддан аввалги IV асрда Ҳиндистоннинг Салатура шаҳрида туғилган Панини исмли ҳинд унли ва ундош товушларни ифодаловчи тўлақонли санскрит алифбосини ихтиро қилади ва тарихда биринчи грамматик-лингвист сифатида қолади (ўша манба, 68-бет). Айнан шу ёзувлар туфайли биз энг қадимги тамаддунларни даврлаштирамиз. Унга кўра дунёнинг энг қадимги халқлари сафида мисрликлар, месопотамияликлар, ҳиндлар, хитойликлар ва юнонлар тан олинади.

 

Қозоғистонлик олим А. Омонжолов туркларда ҳам милоддан аввалги I минг йилликда алифбо пайдо бўлган деган фикрни илгари суради. Бу фикрга келишига 1970 йили Олмаотадан топилган милоддан аввалги VIV асрларга оид қабр ва қабр ичидаги кумуш косачадаги ёзув сабаб бўлган. Бу битик рун ёзувини эслатади (Н. Раҳмон. Турк хоқонлиги. Тошкент, Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти, 1993. 31-32-бетлар).

 

Н. Раҳмонов ва Б. Матбобоевлар туркиялик олим Ҳусайн Ўрхун фикрларини таҳлил қилиб туркий-рун ёзувлари шаклланишида турк тамғалари муҳим ўрин тутганини таъкидлашади (Н. Раҳмонов, Б. Матбобоев. Ўзбекистоннинг кўҳна туркий-рун ёзувлари. Тошкент, «Фан», 2006. 22 – 24-бетлар). Маълумки, Ўғузхон ўз давлатини ўғилларига бўлиб берганда ихтилоф келиб чиқмаслиги учун уларнинг ҳар бирига тамға ҳам берган. «Рун» сўзи қадимги олмон тилидан олинган бўлиб, «сир» деган маънони англатади. Рун ёзувлари Овроосиёнинг кўплаб ҳудудлари ва халқларида (олмонлар, шведлар, финлар, келтлар, готлар, англо-сакслар, славянлар, можорлар, исландлар, славянлар, булғорлар ва турклар) қўлланган. Рун ёзувларининг яратилиши ҳақида турли талқинлар мавжуд. Уларнинг айримларига тўхталамиз.

 

Юнон-лотин алифбоси тарафдорлари. Инглиз тарихчи-файласуфи Исаак Тейлор милоддан аввалги VI асрда, олмон олими Людвиг Виммер II аср бошларида, швед олими Сигурд Агрелл I асрда, Отто фон Фризен IIIII асрда яратилган деган фикрни билдиради.

 

Шимолий этруск талқини. Рунолог Карл Марстрандер этруск алифбоси асосида яратилган деган фикрни илгари сурган. Олд Осиё талқини. График жиҳатдан Лидия алифбосидаги ҳарфларга ўхшаш бўлгани учун, қолаверса, Лидия алифбосининг юнон алифбоси билан параллель равишда юзага келгани ҳамда III асрда Лидия алифбосининг истеъмолдан чиқиб, руний ёзувларининг пайдо бўлиши билан боғланади. Шунингдек, баъзи руний ёзувлар жанубий араб хати билан ўхшашликка эга.

 

Ноанъанавий талқин. 1930 – 1940 йилларда Германияда шаклланган «Уррунен» назариясига кўра, нафақат рун ёзувлари, балки дунёнинг бошқа ёзувлари ҳам проруник ёзувдан келиб чиққан деган фараз ўртага ташланган. Бу назария алифбони «олмонлаштириш» мақсадида ишлаб чиқилган. Туркий-рун ёзувларининг ўқиш сирини очган даниялик тилшунос Вилҳелм Томсен у оромий-сўғд ёзувидан келиб чиққан деган фикрни билдиради (ўша манба, 23-бет). II асрга оид сўғд ёзувида турк тилида топилган ҳужжатга асосланиб шу қараш вужудга келган (И. Фридрих. История писма. Москва, «Наука», 1979. Стр. 168). Бизнингча, бу тўхтамга келинишига алифбонинг ўнгдан чапга қараб ёзилиши сабаб бўлган.

 

Россиялик олим Юрий Дроздов «Оврупо тарихининг турк тилли даври» деган илмий тадқиқотида минтақа халқларининг аталиши, жой номлари ва ёзма манбалардаги маълумотларни таҳлил қилиб, барчасининг ўзаги турк тилига бориб тақалишини асослаган. Хулоса қилиб айтганда, туркий-рун ёзувларининг пайдо бўлишига оид ҳар бир талқин муайян асосга эга. Аммо турк тамғалари ва рун ёзуви ўртасидаги ўхшашлик ва боғлиқлик ҳамма фараздан кўра асослироқ, назаримизда. Ушбу ёзув мустақил тарзда шаклланган ва Оврупога қадар етиб борган. Турк олами ислом динини қабул қилиши билан рун ёзуви буткул унутилади.

 

Музаффар СУВОНҚУЛОВ,

Гулистон давлат университети

таянч докторанти

 «Тафаккур»  журнали, 20204 йил, 2-сон

«Битикларга беркинган тарих»  мақоласи.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//