Темур тож киймаган, Бобур шиа, Навоий тегманозик бўлмаган – қачонгача буюкларимиз суратларига ёлғон аралаштирамиз?


Сақлаш
17:21 / 30.07.2024 542 0

Бундан атиги юз йил аввал яшаб ўтган ота-боболаримизнинг овози сақланиб қолмаган, фотосурати ҳам йўқ. Уларнинг қиёфасини, феъл-атворини кўрган-билганларнинг ҳикоялари орқали узуқ-юлуқ тасаввур қиламиз. Биз ўша оталарнинг боласимиз, деймиз. Аммо ҳар бир сўзи, иши ибратли бўлган улуғ сиймолар бор. Орадан неча аср ўтса ҳам, улар хаёлимизда тирикдай. Миллат уларни соғинади, хотирасида тирилтиришга уринади. Қиёфаларини ўша даврда яшаган шахслар ёзиб қолдирган қайдлар орқали тиклашга ҳаракат қилади. Гарчи бус-бутун ижод маҳсули эканини билиб турсак ҳам, қай бир рассом ё ҳайкалтарош яратган қиёфани қабул қиламиз, чунки бошқа таянадиган нарсамиз йўқ…

 

Амир Темурнинг бўй-басти, ранг-рўйи қандайлигини унга замондош муаррихлар баён қилган. Чунончи, уни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Ибн Арабшоҳ Соҳибқиронни «…баланд бўйли, қадимий паҳлавонлардай улкан қоматли, елкалари кенг, боши шерникидай катта, бармоқлари йўғон, оқ-қизил тиниқ юзли, йўғон овозли, икки кўзи бамисоли икки ёниқ шамдай оловли, бадани пишиқ, худди тошдай қаттиқ, ўлимдан қўрқмайдиган, изтиробсиз, вазмин одам эди», деб таърифлаган. Бундан Амир Темурнинг қад-қомати, характерини бирмунча тасаввур этиш мумкин, аммо афсуски, юз қиёфаси қандай бўлгани ойдинлашмайди. У кезларда портрет чизиш шаклланмаган, рассомлар киши юзини тасвирлашда реалистик йўлда эмас эди. Миниатюралар ҳам киши қиёфасини тиклашда асқатмайди. Европа рассомлари эса ўз тасаввурлари асосида Шарқ кишисига мутлақо ўхшамайдиган портретлар яратган. Турли даврларда, турли мамлакатларда чизилган бу расмлар бир-бирига ҳатто ўхшамайди ҳам.

 

 

Ва ниҳоят, ХХ аср ўрталарига келиб антрополог Михаил Герасимов киши юз қиёфасини скелет қолдиқларига қараб қайта тиклаш методини таклиф этди. Профессор Герасимов ўтмишда яшаб ўтган юзлаб машҳур кишиларнинг портретини уларнинг калла суяги шаклига қараб ясашга муваффақ бўлди. Жумладан, у Амир Темур қиёфасини ҳам ўша метод асосида тиклади. Соҳибқироннинг бугунги барча расмлари ва ҳайкалларига Герасимов ясаган ўша бюст асос бўлган. Гарчи улар Герасимов портретига қараганда хийла ишлов бериб, ранг индириб, «жозибали», «жонли» ҳолга келтирилган бўлсада, ҳаммаси ўша талқинга таянади.

 

Герасимов ясаган портретлар (жумладан, Амир Темур қиёфаси) аслидагига монанд эканига шубҳа йўқ. Чунки бу олим унга қадар ясаган бюстлар кўп синовдан ўтган ва ҳар гал тасдиқланган. Ҳатто икки-уч аср аввалги калла суяклари берилганида (рассомлар натурадан чизган портрет бўлган, аммо Герасимовдан атайлаб бекитилган) у тайёрлаган бюст аслига жуда ўхшаш бўлибгина қолмай, рассомлар акс эттира олмаган ёки атай тасвирламаган баъзи ҳолларни (юзида киноя акс этиб туришигача) тиклаган. Буни қарангки, ўша одам чиндан ҳам заҳархандага мойил бўлган экан.

 

 

Шунинг учун ҳам, бугунги баъзи «миллатим»чиларнинг, Амир Темур хунук қилиб тасвирланган, Герасимов буни атайлаб қилган, деган иддаоларига қўшилиш қийин. Олимнинг унақа мақсади бўлмаган ва ҳеч ким унга аждодларимиз қиёфасини хунук қилиб тасвирлашга буйруқ бермаган. Қолаверса, умри жангда ўтган XIV – XV аср одамининг қиёфаси муллаёна мулойим бўлмаслигини ҳам ҳисобга олиш керак. Герасимов талқини илмий аниқ эканига яна бир далил шуки, у Амир Темур портретини ясагач, баъзи мутахассислар, мўйловини узунроқ қилиб қўйибсиз, биз мусулмонларда соқол узун, мўйлов эса калта қўйилган, кўпинча қирдириб ҳам юрилган, деб эътироз билдирилади. Аммо Герасимов бунга қўшилмайди ва портретга ўзгартиш киритмайди. Кейин маълум бўлишича, саркардалар мўйловни узун қўйиши таомил экан. Демак, олим юз ва мўй қолдиқларигача эътибор берган. Ушбу мақола Амир Темурнинг Герасимов тайёрлаган портрети ҳаққонийлигига дахл қилиш учун ёзилган эмас, гап бошқа ёқда.

 

1941 йил июнь ойида Сталин топшириғига кўра Самарқанддаги Гўри Амир хилхонасида қазиш ишлари бошланган. Амир Темур ва бошқа темурий ҳукмдорларнинг дахмалари ковланишига «сабаб» эса ўзимиздан қидириб топилган: «Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан, у яшаб ижод қилган темурийлар даври ҳақида янада тўлароқ маълумот олиш учун XV асрда яшаган тарихий шахсларнинг (Амир Темур, Шоҳрух мирзо, Мироншоҳ, Улуғбек ва Муҳаммад Султон – З. И.) қабрларини ковлаб очиш амалга оширилди», деб ёзилган эди ҳукумат комиссиясининг шу ҳақдаги далолатномасида. Қаранг, Навоий ижодини ўрганиш учун ўша давр ҳукмдорларининг қабрини очиш зарурати пайдо бўлган эмиш! Қолаверса, қабр ковлашга киришилган июнь ойида Навоийнинг таваллуд санаси (9 февраль) аллақачон ортда қолган эди.

 

 

Бу ишга ЎзССР Халқ Комиссарлари кенгаши раисининг ўринбосари, профессор Тошмуҳаммад Қориниёзий бошчилик қилган. Экспедиция таркибида атоқли адиб Садриддин Айний, шарқшунос олим Александр Семёнов, кишининг ташқи қиёфасини унинг бош чаноғи суяклари асосида қайта тиклаш методининг ижодкори – антрополог, археолог, ҳайкалтарош Михаил Герасимов, таниқли археолог Михаил Массон ва бошқалар бўлган. Археолог Василий Шишкин, Яҳё Ғуломов, фольклоршунос Ҳоди Зариф, ёзувчи Михаил Шевердин, антрополог Лев Ошанин ҳам мазкур рўйхатга киритилган. Қабрларни қазиш жараёнини тасвирга олиш ёш кинооператор Малик Қаюмовга топширилган. 

 

Малик Қаюмовнинг эслашича, мўмиёлангани боис Соҳибқироннинг юз териси орадан қарийб беш асрлик муддат ўтган бўлсада, бутун сақланиб қолган экан. Аммо дахма очилган чоғдаги қимирлаш ва шабада теккани сабабли бир лаҳзада дув этиб тўкилиб тушган. Бундай ҳолат кўзда тутилмаганидан киноаппаратлар ишга туширилмаган, бинобарин, Амир Темурнинг қиёфаси тасмага муҳрланмай қолган. Башарти, ўша онда киноускуна ишлаб турганида, янада ҳаққоний портретга эга бўлар эдик. Герасимов Соҳибқирон бош суягини Москвага, лабораториясига олиб кетиб, бизга маълум бюстни ясайди.

 

Ушбу комиссия аъзолари ичида энг ёши бўлган Малик Қаюмов орадан кўп йиллар ўтгач, Амир Темур сағанасини очиш тафсилотларини баён қилиб, жумладан, бир неча чолнинг «Очманглар, акс ҳолда уруш-қирғин бошланади!» деган гапларини келтирган. Дахма бари бир очилади, эртасига эса уруш бошланади. М. Қаюмов фронтда маршал Георгий Жуков билан учрашганида унга бу воқеаларни айтгач, Соҳибқироннинг бош суяги дахмага қайтарилади, ўша кунлари урушда ҳам бурилиш юз беради… Гарчи бу тафсилотлар айрим олимлар томонидан рад этилган бўлсада, Амир Темур дахмаси 1941 йил 21 июнда очилгани, Малик Қаюмов эса урушда кинооператор бўлиб хизмат қилгани, Жуков билан кўришгани, Соҳибқироннинг бош суяги Самарқандга 1943 йилда қайтарилгани, бунга давлат раҳбарлари изн бергани кабилар – бор гап, тарихий факт.

 

Герасимов ҳар бир тарихий шахснинг калла суяги асосида бюстини ясашга киришишдан олдин у ҳақдаги маълумотларни синчиклаб ўрганган. Масалан, Рудакийнинг (858 – 941) минг йиллик қабрини очгач, устухон чиндан ҳам унга тегишлими ё бошқа одамнинг скелетими эканини аниқлаб олган. Яъни, суяк ёши саксондан ошган эр кишига тегишлими, унинг кўзи кўр бўлганми, исломий таомил асосида кўмилганми каби ўндан ортиқ маълумотни дақиқлик билан текширган. Калла суягида бояги шартлар мавжудлиги аниқлангач, Садриддин Айний топган қабр ҳақиқатан ҳам Рудакийники экани тасдиқланган ва шоир портрети ясалган. Калла суягига қараб унга «эт» ёпиштириш ва тугал портрет ҳолига келтириш – узоқ жараён. Дастлабки кўринишларда унда соч ва соқол умуман бўлмайди. Энг охирида эса тайёр бюстга ўша тарихий давр ва у кишининг ижтимоий ҳолатига қараб, «либос» кийдирилади.

 

Боя айтганимиздай, Амир Темурнинг соқол-мўйлови унинг ҳаётлигида қўйган соқол-мўйловига уйғун келади. Аммо Соҳибқиронни «кийинтириш»да олим янглишган. Дахма очилганида Амир Темурнинг бош кийими йўқ эди, албатта (бизда марҳум яланғоч ҳолда кафанга ўраб кўмилади, кийими бўлмайди). Герасимов эса, у давлат раҳбари бўлган, деб Амир Темур бюстига тож кийдиради. Бироқ, бу тож… Европа ҳукмдорлариники каби чамбар шаклида эди. Чунки Герасимов европалик эди, у Шарқда подшоҳлар чамбар тож эмас, салланинг олд қисмига укпар қадаб ясалган тож кийганини билмаган. Ҳукмдорми, демак чамбар тож кийган, деб ишонган.

 

 

Камига, антрополог унинг олд қисмига қанот ёзиб турган бургутсимон бир безакни ҳам қўшиб қўяди. Бу унинг яна бир хатоси эди. Олим чизган расмда қушнинг боши ва икки ёққа керилган қисқа қаноти тождорнинг пешонасида хоч – крест тургандай бўлиб кўринади. Фарқи, хоч Европа тож­дорларининг боши устида бўлса, бу бут «тож»нинг пешона қисмига қадаб қўйилгандай. Мактаб дафтарлари муқовасига туширилган расмда эса унинг салибга монандлиги янада сезилади.

 

 

Эҳтимол, баъзилар буни майда масала деб ўйлар. Аммо айнан шу – миллий масалада ўта лоқайдлигимиз, ҳатто энг улуғ ҳукмдоримизга тааллуқли ишларга ҳам эътиборсизлигимизнинг очиқ-равшан бир далили. Биз ўтмиш ҳаётини тез унутувчи халқмиз. «Эллик йилда эл янги» деган мақолимиз бор ва у ўзимизга жуда мос. Ўтмишни тез унутиб, уни билмай, ҳис этмай қолишимиз боис, ўзгалар бизга нимани тақдим этса, қулоқ қоқмай олаверамиз. Бунинг яна бир исботи, аксар шеърий китоблар муқовасида ғоз пати – қадимда руслар ишлатган перонинг расми чизиб қўйилади. Ҳолбуки, бизда пат эмас, қамиш қалам тутилган.

 

Сиз Амир Темурнинг Самарқанддаги ҳайкалини кўрганмисиз? Тахтда ўтирибди, бошида ўша тўгарак тож. Тожнинг чамбарида – ўнтача кунгура. Бу – Герасимов фантазияси маҳсули экани, аслида Амир Темур тож киймагани, тахтга ўтирмагани, ўзини хон ё подшоҳ деб эмас, амир деб аташларини буюргани бировнинг эсига ҳам келмайди. Тахтга чингизий Суюрғатмишхон чиқарилган, унинг номида танга зарб қилинган. Аммо биз Амир Темурни тахтга мажбуран ўтқизамиз, бошига тож қўндирамиз, шу маъқул туюлади бизга. Соҳибқироннинг «амир» мақоми подшоҳликдан ортиқроқ эканини эса англагимиз келмайди. Тошкентдаги Темурийлар тарихи музейи биносига разм солсангиз, унинг тарҳи ҳам чамбарак шаклидаги «Амир Темур тожи»дан улги олиб чизилганини кўрасиз. Ушбу кунгурали тож бизда оммалашиб, жами портрет ва ҳайкалларда Амир Темурнинг ўзи эканини далиллайдиган деталга айланган гўё. Ҳолбуки, бунақа ҳайкаллар Европада ғиж-ғиж.

 

 

Шоҳ, подшоҳ, хон, султон эмас, амир деб аташ таомилини темурийлар узоқ давом эттирди. Масалан, гарчи Бобур «…тарих секкиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум», деб ёзган бўлса ҳам, бу ўринда ҳукмдор маъноси қўлланган, расман подшоҳ деб аталмаган ва тож киймаган, тахтда ўтирмаган. Бобур хийла кейин ўзини подшоҳ деб аташни буюрган. Бобурнинг отаси – Амир Темурнинг эвараси Умаршайх ҳам ҳукмдор эди, аммо мирзо (амирзода) аталган. Герасимов Соҳибқирон бошига қироллар тожини ўрнатгач, унга эргашиб ўзбек рассом ва ҳайкалтарошлари Амир Темурни шунақа тожли қилиб тасвирлашга тушиб кетди, бу бюст гўё расмий мақом олди. Афсуски, биз тарихий ҳақиқатни эмас, ўзимиз истаган ҳақиқатни тан оламиз, ўшани аксиомага айлантириб, мажбуран бўлсада, амалга оширамиз. 

 

Яхшиямки, мусаввир Владимир Кайдалов бор экан, у Ўзбекистонга келиб яшади, ўзбек халқининг достон ва эртакларини ўрганди, Алпомиш ва Барчиннинг суратларини чизди. Ниҳоят, ўн беш йилдан сўнг – ўзбек миллий ҳаётини яна-да теран ўрганиб, Алишер Навоийнинг бебаҳо расмини яратди. Йўқса, бугун қай бир хорижлик нусхакашнинг ўзбек қиёфати йўқ бир «шедевр»ини Навоийнинг расми деб эъзозлаб юрармидик…

 

Албатта, Кайдалов шоирнинг Маҳмуд Музаҳҳиб қилқаламига мансуб миниатюравий расмини ҳам тадқиқ этган. Ундан қай бир изларни сақлаб қолишга интилган. Қаҳрамони қиёфаси жонли чиқиши учун айрим ўзбек уламолари ва бошқа одамларнинг навоиёна қиёфаларидан қай бир жиҳатларни олган. Ана шундан сўнг шоирнинг мақбул ва манзур портретини ишлаган. Навоий портретини ишлашга жазм этган ҳайкалтарош ва рассомлар В. Кайдалов чизган, тарих руҳи барқ уриб турган, шу билан бирга лирик ҳиссиётга тўлиқ ижод намунасига мудом таассуб қилиб келади.

 

Алишер Навоий портретининг репродукцияси, рассом Владимир Кайдалов асари. 1948 йил

 

Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби шахсларнинг портрет ва ҳайкаллари – фақат шу шахсларнинг эмас, айни чоқда бутун ўзбек халқининг юзи, миллатнинг қиёфаси. Шунинг учун ҳам бу тарихий сиймоларнинг расм ва ҳайкалларида уларнинг ҳаёт тарзига бегона деталлар бўлмаслигига диққат қилишимиз шарт. Афсуски, Навоийнинг портретлари орасида (ким чизган экан, билмадик) ўта нафис, ўта назокатли бир сурат ҳам борки, у ўзбекман деган ҳар бир одамга эриш туюлиши турган гап.

 

 

Алишер Навоий ёвқур одам бўлган, саройни эгаллаб олган Ёдгорни тутган кишиларнинг олд сафида турган, белида қилич осиғлиқ юрган. Аммо мана бу суратдаги «Навоий»га синчиклаб қаранг. Хаёлан унинг соқол-мўйловини олиб ташласангиз, қаршингизда амир Навоийнинг эмас, тегманозик маликанинг – қоши қалдирғоч бир аёл кишининг қиёфаси намоён бўлади. Ҳолбуки, Навоий ҳар жиҳатдан баркамол бир эр киши бўлганини Хондамир қайдларидан ўқиганмиз.

 

Бобурнинг XVII аср бошида чизилган бир портрети борки, бу расм Византияда чизилган, деган маълумотлар учрайди. Бошида улкан салла, курсида ўтириб китоб мутолаа қилаётир. Бобур паҳлавон йигит бўлган, гоҳо икки аскар йигитни қўлтиғига қисиб, Агра шаҳри девори устида югурган, деб нақл қиладилар. Жисмоний кучи бисёр бўлган эканда. Бироқ бизга тақдим этилаётган ўтмиш адибларининг расм ва ҳайкалларида фақат «назокату нафосат»ни кўрамиз, уларда бояги шижоатдан, ёвқурликдан нишон ҳам йўқ.

 

 

Образ балки у қадар ёмон эмасдир, бироқ бошидаги салла ўн икки бурам, бу эса уни шиа мазҳаби вакилига ўхшатиб қўйган (ўн икки бурам салла – ўн икки имом шарафига). Ҳолбуки, Бобур сунний мусулмон эди. У «Бобурнома»да Султон Ҳусайннинг хотини Хадичабегимнинг қусурларини баён қилар экан, «шиа ва рофизия» эканини ҳам қайд этганини эсга олайлик. Бас, маълум бўладики, бу расм Бобурнинг эътиқодига зид. Аммо, афсуски, бугун аксар сурат ва ҳайкалларда Бобурнинг бошида – ўша ўн икки бурамли саватдай салла.

 

Умуман, аждодларни бир хилда хушбичим, чиройли қилиб тасвирлаш шартми? Жўнроқ, одамийроқ қиёфада бўлсалар, ибрат олмай қўямизми? Манбаларда ёзилишича, аллома Абу Райҳон Беруний бир йилда фақат икки ҳайит куни кўчага чиққан, эртаю кеч хонтахта ёнида ўтириб ишлаган. Шу сабаб қорни катта одам бўлган экан. Беруний каби улуғ олим дунё тарихида жуда кам, балки монанди йўқ. У зотнинг башариятга қолдирган илмий мероси ҳали кўп асрлар ўрганилиши шубҳасиз… Аммо Малик Набиевнинг талқинида Беруний ҳам қирчиллама қария қиёфасида.

 

Бизда бирон олим, давлат арбоби, муҳандис, қаҳрамон расми чизилса, ҳайкали қўйилса, у албатта паҳлавонкелбат, қарашлари ёвқур, қадди расо, ўзи нурли келажакка боқиб турган бўлади. Ҳаммаси монументал, биронта бадиий ҳайкални кўрмайсиз. Қараган одамнинг дўпписи тушиб кетсин учун улар ерга эмас, икки метрли баланд постаментга ўрнатилади. Бу ҳайкал-одамларнинг юзи шиор айтишга, ҳайқиришга шай тургандай.

 

Бокуга борганимда, Каспий денгизи ёқасидаги истироҳат паркида машҳур бир давлат раҳбарининг ҳайкали шундоқ ерга ўрнатилганини кўрдим, одамлар у билан «қўл бериб» сўрашадилар, бирга расмга тушадилар. Чўлпонота шаҳри яқинидаги «Руҳсарой»да эса Чингиз Айтматовнинг скамейкада ўтирган ҳайкали бор. Ёнига ўтирасиз, «суҳбатлашиб» селфи тушасиз. Бари оддий, одамшаванда…

 

 

Биз шунчаки бир аҳоли ҳудудида эмас, ўзбек мамлакатида яшаймиз. Унда ҳамма нарса ўзбекона бўлсин. Шунчаки дўппи ва белбоғ атрибутини эмас, руҳан миллий бўлишни сўраяпмиз. Бу талабнинг байналмилалликка, шу юртдаги бошқа эл-элатларга зиёни йўқ. Асл миллий хоссалар, қайси элга тегишли бўлмасин, умуминсоний-ку!

 

Бас, доим кўзимиз тушадиган, улуғ қадрият саналган бисотимизни бир қур миллийлик элагидан ўтказиб, улар чиндан ҳам ўзимизга хосми-йўқми, аниқлаб олайлик. Амир Темурнинг, амир Навоийнинг, мирзо Бобурнинг расм ва ҳайкалларини ўзбек ҳукмдоридай қилиб ярата оладиган, бегона атрибут ёпиштирмайдиган рассом-ҳайкалтарошлар ҳам топилар!.. «Бу портрет ва ҳайкаллар аллақачон қабул қилиниб, тасдиқланган, энди уларни ўзгартиб бўлмайди», деган эътироз эса ўринсиз, таги пуч гап. Нега ўзгартиш мумкин эмас? Расмларни, ҳайкалларни «қабул қиладиган» қандайдир комиссиянинг қарори ҳаёт ҳақиқатидан ҳам устун бўладими?

 

Герасимов ясаган қиёфани асос қилиб олган ҳолда, тож ва хочдан холи, салобат, виқор билан ўтирган ҳукмдор Амир Темур расмини ясай оладиган мусаввирлар ҳам бордир? Ахир, бирон ўзбек рассоми Иван Грозний ёки Пётр I нинг расмини саллали тож билан чизиб тақдим этса, руслар маъқул топиб, биз каби индамай ўтираверармиди? Сира ҳам!

 

Ҳар бир мафкуранинг, маданиятнинг негизида миллийлик туради. Ўзбекона миллийликка бегона ҳар қандай ҳолат, ўз кўламига қараб, давлатчилигимиз, мафкурамиз ва маданиятимизга озроқ ё кўпроқ путур етказади. «Қурама маданият» деганлари миллий турмуш тарзини емиришга тушган ҳозирги даврда фарзандларимизни бундан огоҳлантириб, ўзбекона миллий руҳ нима, унинг белгилари қанақа – барини англатишга киришайлик. Биз бунга бепарво бўлсак, болаларимиз бизга бегона бўлади.

 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди

«Тафаккур» журнали, 2024 йил, 2-сон

«Ҳар ашёда миллийлик зоҳир» мақоласи

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:11 / 13.11.2024 0 41
Маънавий экспертиза керакми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10017
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//