Мактаб ёшига етган бола учун ҳаёт том маънода ўзгаради. У учун кунлик тартиб бутунлай ўзгача аҳамият касб этишни бошлайди. Бола энди мактабга бориши, дарс тайёрлаши, янги ўртоқлар, янги чеҳраларга ўрганиши керак. Энди у ўрнидан эрта уйғониши, мактаб партасида 30-40 дақиқа ўтириши, дарс тайёрлаши, ўқиши, ўрганиши керак. Натижада орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас болалар ҳам физиологик, ҳам психологик жиҳатдан толиқади. Педиатрлар бу ҳолатни «7 сентябрь» деб аташади. Бу даврдан қочиш ёхуд ундан ижобий ўтиб олиши учун ўқувчилар ота-оналарга суянади. Шу сабабли айни жараёнда болани биринчи синфга, мактаб ҳаётига кўникиб кетиши учун ёрдам бериш муҳим ҳисобланади.
Фарзандингизни қуйидаги тартибга ўргатиш мактаб ҳаётига ортиқча зўриқишларсиз кўникиши учун яхши натижа беради:
Болани вақтида ухлатиш ва уйғотиш муҳим, ҳатто дам олиш кунлари ҳам. Шунда кунлик тартиби ўзгармайди. Вазифаларнинг аввал ёзмасини, сўнгра ўқиладиганини бажариш керак. Уйга вазифалари учун қанча вақт ажратаётганини кузатиб бориш билан бирга ёрдам бериш ҳам уни дарслардан бездириб қўймайди. Шунингдек, ҳар бир вазифани бажариб бўлгач, 10-15 дақиқа дам олиш зарур. Таътил кунларида эса тўлиқ, ўзи истагандек дам олиши учун имконият яратиб беринг.
Оналар кичкинтой ўқувчининг ютуқларини, яхши баҳоларини доимо эътиборга олиши, ёмон баҳоларини эса тўғрилаши кераклигини эслатиши, руҳиятини ҳар куни кўтариб туриши, ўқишга бўлган қизиқишини ошириб бориши керак бўлади. Болангиздан кўп нарсани талаб қилманг, уни бир неча соат давомида дарс партасида ўтириб дарс қилиши, ўқитувчини тинглашига куч топа олаётганини ҳисобга олинг.
Уйда болага дарс тайёрлаши учун шароит яратишда кўз ва дарс столи орасидаги масофа 30-35 см бўлиши, чироқ нури чап томондан тўғри тушиши, дарс хона эса кенг ва ёруғ, бола учун қулай бўлиши ҳисобга олиниши лозим. Бола уй вазифаларини тайёрлаб кўзи толиққанида эса бажариши учун кўз учун машқлар ўргатилади.
Яна бир нечта вазифаларни ҳам унутмаслик керак:
– Эрталабки нонуштани албатта қилдиринг, ҳаттоки енгилгина бўлсада, бу болага куч беради. Дарс сумкасига эса олма, банан ёки шунга ўхшаш истеъмол қилишга қулай бирор нарса солиб беринг.
– Душанба кун энг оғир ва қийин кун бўлади. Буни ёдингиздан чиқарманг, шу сабабли боладан керагидан ортиқ ҳаракатларни талаб қилманг.
– Дарс тайёрлашни уйқуга ётишдан бир, бир ярим соат олдин якунланг. Болани тунги уйқу вақтигача ўйнатинг ёки тоза ҳавода айлантиринг.
***
Мактабга чиққан боланинг кунлик тартиби ўзгаргач, табиий ҳолки, у инжиқ, уйқучи бўлиб қолиши, толиқиши, иштаҳаси йўқолиши мумкин. Ҳатто кечки уйқунинг бузилиши, алаҳсираш ҳолатлари ҳам кузатилади, психологларнинг таъкидлашича бу ҳолат 2-3 ҳафтадан сўнг ўтиб кетади ва бола мактаб ҳаётига ўрганиб қолади. Аммо бу даврда болага берилган тарбия билан бирга тўғри тузилган кун тартиби унинг келажаги учун жуда муҳим. Шунингдек, фарзандингизнинг қизиқишларини ҳурмат қилиш, ишонч билдириш у учун энг катта мотивация эканини унутманг!
Севара МУСАЕВА тайёрлади
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ