«Хайрия майнавозчиликка айланмаслиги керак». Фаоллар «илон шоу» ҳақида


Сақлаш
19:01 / 26.07.2024 299 0

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда «Вақф» жамоат фонди раҳбари ўринбосари Сардор Раҳимхоннинг «Сардорга бўғма илон ташланди. Етимлар хавф остида қолди»сарлавҳали видеоси қизғин муҳокама қилинмоқда. Кўпчилик хайрияни бундай ёлғон билан қилиш нотўғрилигини айтаётган бўлса, баъзилар ушбу ҳаракатни оқлаяпти. Бир қанча фаоллар ва мутахассислар бу борада ўз фикрини билдирди.

 

Наргиз Қосимова, экофаол

 

“‘Вақфъ фонди раҳбари ўринбосари этиб тайинланган Сардор Раҳимхоннинг Ёутубе саҳифасида «Сардорга бўғма илон ташланди. Етимлар хавф остида қолди» сарлавҳали видео эълон қилинди ва юкланганига кўп бўлмасидан ўчириб ташланди.

 

Видеода муҳтож оилага ёрдам бериш ва аҳолининг эътиборини тортиш учун, бўғма питон илонидан фойдаланилган. Муҳтож оиланинг уйидан чиққан «илон Сардорга ташланди» деб сарлавҳа қўйилган. Аммо видеода илон ҳеч кимга ташланмаган ва зарар етказмаган.

 

Ўзбекистонда питон илонлари очиқ табиатда учрамайди. Питонлар одатда тропик ва субтропик ўлкаларда, хусусан,  Жанубий Осиё мамлакатларида яшайди. Ўзбекистон кескин континентал иқлимга эга бўлиб, бу ерда илонларнинг ҳажми 1,5 метрдан ошмайди. Герпетолог Тимур Абдурауповнинг фикрига кўра, катта ҳажмдаги илонлар Ўзбекистон ҳудудида фақатгина қишгача яшаши мумкин. Совуқ тушиши билан улар ўлади, чунки қишда илонлар ер тагига кириб қишлайди. Катта ҳажмдаги илонлар эса бу пайтда кислород етишмовчилигидан нобуд бўлиши мумкин.

 

Биз ҳолатга ойдинлик киритиш учун «Вақф» хайрия жамоат фондига боғланишга уриндик. Афсуски, хайрия фондининг ижтимоий тармоқларда алоқа учун кўрсатилган телефон рақамларига 2 кун давомида ҳеч ким жавоб бермади. Кейин фонд ўринбосарининг Инстаграм тармоғидаги кўрсатилган телефон рақамларга қўнғироқ қилдик.

 

«Илон билан боғлиқ саҳна ҳақиқатдан уюштирилган эди, аммо илонни қаердан олишганини ва кимга қайтариб беришганини билмайман. Сизларга бизнинг операторларимиз албатта боғланишади», деди қўнғироғимизга жавоб берган йигит. Аммо орадан 2-3 кун ўтган бўлсада, бизга ҳеч ким боғланмади ва ҳолатни изоҳламади.

 

Ўчириб ташланган видео остидаги изоҳларни ўқир эканмиз «илонларни ўлдиринглар, бизнинг уйдан ҳам чиқса нима қиламиз?», «бу илонлар заҳарлими?», «илонларга ўлим» каби изоҳлар қолдирилганига гувоҳ бўлдик. 

 

Питон илонлари Ўзбекистонда одатда фақат ҳайвонот боғлари, экзотик ҳайвонларни парваришлаш марказлари ёки уй ҳайвонлари сифатида уларни боқадиган шахсларнинг хонадонларида учраши мумкин. Илонларнинг экотизим ва инсонлар учун фойдаси кўп. Илонлар сичқон, каламуш ва бошқа кемирувчиларни овлайди, бу эса экинларни ҳимоя қилиш ва кемирувчилар орқали тарқаладиган вабо касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради.  Уйингизга унча катта бўлмаган илон кирса, демак сизнинг ҳовлингизда сичқон ва каламушлар бор. Илон уларни тутиб, ҳовлингиздан ўзи чиқиб кетади. Баъзи илонлар ҳашаротлар билан озиқланади, бу эса уларнинг популяциясини назорат қилишда ёрдам беради. Илонлар озиқ занжирида муҳим ўрин тутади, улар овчи сифатида кичик ҳайвонларни овлайди ва ўлжа сифатида йирик йиртқичлар (масалан, қушлар, йиртқич сутэмизувчилар) учун озиқ-овқат манбайи ҳисобланади.

 

Фонд раҳбари ўринбосарининг ушбу видеоси илонлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаган аҳоли орасида қўрқув ва шов-шувни, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни келтириб чиқаришга турки бўлади. Аслида хайрия ва саховат чин дилдан қилинса, одамларнинг ўзи бу эҳсон ортида ким турганини билиб олади. Ўзбекистонда бундай турдаги илонларни аҳоли хонадонларида уй ҳайвони сифатида боқишни ва Ўзбекистон ҳудудида олди-сотди қилишни тақиқлаш керак. Илонлар экотизимнинг ажралмас қисми бўлиб, уларни ҳимоя қилиш ва асраш орқали табиат мувозанатини сақлашга ёрдам бериш мумкин.

 

Биз «Вақф» хайрия фонди раҳбариятидан ушбу ҳолат юзасидан муносабат кутиб қоламиз”.

 

Барно Султонова, журналист

 

“Мен Сардор Раҳимхон илон ёрдамида уюштирилган саҳна орқали бир аёлга уй олиб беришини катта ёлғон деб ҳисоблайман. Тўғри, динда «яхшилик учун ёлғон гапириш мумкин» дейилган, лекин бу ёлғон кимгадир зарар келтирмаслиги кераклиги ҳам айтилган. Сардор Раҳимхоннинг бу алдови ёш авлод учун анча зарарли.

 

Унинг видеосини кўплаб катта одамлар ва ёшлар кўрди. Эндиликда уларда «биз ҳам ёлғон ишлатиб, нимагадир эришсак бўлади» деган фикр шаклланади.

 

Умуман бу ишни ёлғон ҳам эмас, кўзбўямачилик деб аташ лозим. Биз ҳукумат қиладиган кўзбўямачилик ва ёлғонларга қаттиқ турамиз, қарши гаплар айтамиз, аммо ҳозир баъзилар Сардор Раҳимхоннинг тарафини оляпти. «Нима қилибди, бир одам уйлик бўлди» дейишяпти. Бироқ амалдорлар қилувчи кўзбўямачиликларга бундай муносабат билдирилмасдику!

 

Одам ҳар доим ўзи ич-ичидан ўзига нисбатан адолатпарвар бўлиши керак. Болаларимизга мақсади йўлида ҳеч нимадан тап тортмаслик, алдов билан ҳам нимагадир эришишга ҳаракат қилишни ўргатмаслигимиз лозим.

 

Мени яна бир ўйлантирган нарса, ўша муҳтож аёл билиб турибдику ёлғон ишлатилаётганини. Унга айтишганку, шунақа саҳна кўриниши уюштирамиз, роль ўйнаб берасиз деб. Ўша аёл уялмайдими фарзандлари ёнида ёлғон иш қилаётганидан.

 

Динда «ёлғон гапириш мумкин» дегани «зарар келтирадиган ёлғон ишлатсанг бўлаверади» дегани эмас”.

 

Анора Содиқова, журналист

 

“Ҳеч кимга халқни алдаш ҳуқуқи берилмаган.

 

Амалдорлар, сиёсатчилар, Бош вазирга ҳам халқни алдаш ҳуқуқи берилмаган. Уларнинг гапи ёлғон бўлиб чиқса, улардан бунинг изоҳини талаб қилишга қўлдан келганча ҳаракат қиламиз.

 

Ҳатто, киноларда ҳам фантастика ёхуд реал воқеаларга асослангани ёки бўлмаса тўқима экани ҳақида ахборот берилади. Сабаби, одамларни алдаш тўғри эмас.

 

Илон иштирокидаги саҳна ёрдамида хайрия учун одамлар сонини кўпайтиришни мақсад қилган Сардор Раҳимхоннинг нияти яхши бўлгандир, аммо, у одамларни алдаши керак эмасди.

 

Хайрияга одамларни жалб қилишнинг энг яхши йўли ишонч ва шаффофлик. Одамлар ишончи эса дорбозлардан илон ижарага олиб, ёлғон шоулар уюштириш орқали қозонилмайди.

 

Сардор Раҳимхон илонни дорбозлардан ижарага олгани тасдиқланди. Ўзи илонни олиб келиб, яна «...тағин ҳам Аллоҳ сизни асради», дея вазиятга диний тус бериши янада ачинарли.

 

Ҳа, айтганча Сардор Раҳимхон ҳам Вақф фонди раиси ўринбосари, яъни амалдор ҳисобланади”.

 

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

 

“Сардор Раҳимхоннинг видеосини оқламайман.

 

Одамлардан маълум ҳисоб рақам ёки картага пул йиғиб, ўзлари кейин муҳтожларга тақсимлашини ҳам оқламайман. Хайрия бунақа қилинмайди. Муҳтожнинг ўзига тўғридан-тўғри берилади”.

 

Бундан ташқари ижтимоий тармоқларда Намангандаги ушбу воқеага кўплаб фойдаланувчилар ўз муносабатини билдирмоқда.

 

Хусусан, «Хайрия майнавозчиликка айланмаслиги керак» деб ёзган Х (Тwиттер) фойдаланувчиларидан бири. Шу билан бирга Сардор Раҳимхоннинг ҳаракатини оқлаётганлар ҳам кўп.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//