Томошабинни театрга қайтарган режиссёр


Сақлаш
13:33 / 26.07.2024 404 0

Мен биринчи марта Валижоннинг исмини мустақилликнинг илк йилларида бобомиз Амир Темур таваллудига бағишлаб ўтказилган театр томошалари танлови муносабати билан эшитганман. Сирдарё театрида Ҳусайн Жовиднинг «Амир Темур» асари асосида Валижон Умаров қўйган спектакль энг юқори ўринни олганини Баҳодир Йўлдошев ўша пайтлари деярли ҳар куни такрорланиб турадиган завқли-шавқли бир даврада тилга олганди. Театр оламидаги санъаткорларнинг барчасини биламан деб юрган кезларим эмасми, нега бу режиссёрни билмайман деб гарангсираганим эсимда…

 

– Ким? Ким? – деб сўраганман.

– Валижон, – деган Баҳодир Йўлдошев. – Валижон Умаров… Кўргансиз, театримизга келган. Таништирганман… Яхши йигит.

Менинг ҳам эсимга тушган.

– Э, ўша йигитми?.. – деганман негадир ичимда хижолат тортиб.

Бу ўринда озгина изоҳ беришга тўғри келади.

Гап шундаки, театр ва адабиёт атрофида қаланғи-қасанғи даъвогарлар кўп айланиб юради. Истеъдодсизларни жиним суймагани учун одатда уларга парво қилмайман. «Ўша йигит»нинг истеъдодли эканлигини қайдан билай? Манглайига «зўр» деб ёзиб қўймаган бўлса…

Аммо бу учрашув Валижоннинг эсида қолган экан.

 

– Ўшанда ўзингизни жуда катта олгансиз, – деган Валижон кейинчалик – ака-ука бўлиб кетганимиздан кейин. У бу гапни кулибгина айтган.

– Ўзи мен биринчи кўринганда сал каттароқ кўринаман, – деганман ҳазил аралаш. – Энди сиз менга катта туюляпсиз…

Асли бу ҳазилим чин ҳақиқат – чунки бу даврга келиб Валижон миллий театрнинг бош режиссёри сифатида фаолият олиб борар ва довруқли спектакллари билан санъат оламида шуҳрат топган эди.

Бизнинг Валижон билан кейинги жипс ижодий ҳамкорлигимиз ана шу кунлардан бошланди.

 

 

Ўша кунларда (1997 йил) буюк шоир ва ватанпарвар Абдулҳамид Чўлпон таваллудининг юз йиллигини нишонлаш ҳақида ҳукумат қарори чиққан, бу қутлуғ санани муносиб ўтказиш ишлари бошланиб кетган эди. Кутилмаганда ўша пайтлар «Ўзбектеатр» бошлиғи лавозимида ишлаётган Муҳаммадали Абдуқундузов бу улуғ ижодкор ҳақида пьеса ёзишни менга таклиф қилиб қолди. Гарчи бу мавзу менга яқин бўлса ҳам бу ишни анча пайтгача бўйнимга олмай юрдим. Ҳолбуки, ўша кезлар драматургиянинг анча-мунча ҳадисини олиб қолган, «Бозор», «Алпомишнинг қайтиши» ва «Бир қадам йўл» драмаларимни шу омадли йилнинг ўзида ёзиб тугатган эдим. Нега бўйнимга олмадим? Менда тарихий драматик асар ёзиш тажрибаси йўқ эди. Тарихийликнинг занжирларига боғланиб қолиш ижодий эркимга – илҳомнинг озод парвоз этишига халақит беради деб ўйлардим (худога шукур, асарни ёзиш жараёни бу фикримни рад этди!).

 

Хуллас, Абдуқундузов мени таклифига барибир кўндирди ва… бу ижодий режани Валижон Умаров билан ҳамкорликда амалга оширишимизни айтди – яъни мен пьеса ёзаман, Валижон саҳналаштиради.

Мен ҳамкорликда ишлаб кўрмаган одам эдим. Ижодий жараён пинҳонликда кечишига ишончим комил эди.

 

Ишга киришдим. Тарихий манбаларни ўргандим. Анчагина қоғозларни қоралаб ҳам ташладим. Аммо бу қораламаларга нимадир етишмас эди. Бу орада Абдуқундузовнинг ташаббуси билан Валижон иккаламиз бир неча бор кўришдик ҳам. Аммо суҳбатимиз қовушмас, гўё аллақандай довон яқинлашиб кетишимизга халақит бериб тургандай эди. Абдуқундузов кулибгина Валижоннинг «Э, у одам жуда осмон-ку» деган гапларини менга бир неча марта айтди. Энди ўйласам, режиссёримиз ўша пайтлар мени биринчи кўрганидаги таассуротлар билан юрган экан-да…

Хуллас, аста-секин яқинлаша бошладик.

 

Асарни тез тугатиш керак эди. Мен драмани бир чизиққа тизгандай бўлдим. Барибир кўнглим тўлмади. Нимадир етмас эди. Театрнинг асар устида ишлаш муддати бостириб келар, мен эса ортиқ ҳеч нарса қилолмаслигимни англаб турар эдим…

Қўлёзмани Валижонга бердим.

Валижон ўқиб бўлгач, биринчи митти саҳна қандай бўлиши кераклигини тахминан айтди. Камина бировнинг гапини олмайдиганлар хилидан эмасми, қийналиб-ўйланиб қолдим… Ким билсин?..

Кейин бизнинг уйда учрашдик. Ва биргалашиб ўша саҳнани ёза бошладик. Валижон у дейди, мен бу дейман. Баҳс бошланди. Қизишиб кетдик! Бақир-чақир! Бир бет ёзгунимизча неча марта душман бўлиб, неча марта дўст бўлдик. Бу жараёнда пьеса қандай бўлиши менга шундоқ аён кўринди. Чунки пьесанинг бошқа жойи ёзилган – фақат озгина мувофиқлаштириш қолган эди, холос.

 

 

Хурсанд эдик. Бу орада ўртамиздаги довондан ҳам ўзимиз билмаган ҳолда ўтиб олгандик. Дўст бўлиб қолган эдик. Ўша дўстлик, худога шукур, ҳозиргача давом этади.

Эртаси пьесани тугатиб Валижонга бердим. Унга ёқди.

Ҳадемай театрдаги ишлар ҳам бошланиб кетди.

Шу ўринда бир гапни айтиб ўтиш жоиз. Валижон Ҳамза театри актёрлари учун янги режиссёр эди. Актёрлар синчков одамлар. Улар спектаклни саҳналаштираётган янги режиссёрни миридан-сиригача уч-тўрт кунда билиб олишади. Зўр эканми ё шунчакилардан…

Театрга ўтсам, актёрлар хурсанд. «Валижон Умаров деганингиз яхши экан!» деб мақтаб қолишди. Кўнглим тинчиди.

Томоша репетицияси тугагунича театрда Валижон «истеъдодли экан» деган «унвон»ни олиб бўлди.

 

Спектаклга мусиқани Анвар Эргашев ёзди. Кўнгилни орзиқтирадиган, аъзойи баданга титроқ соладиган мусиқа! Бу мусиқа қай тарзда ёзилишида ҳам Валижон ҳамнафас бўлиб турди.

Спектаклни театр бадиий кенгашига топшириш байрам бўлиб кетди. Томошабинлар ҳам қарсакбозликни авжига чиқаришди. Томоша давомида спекталнинг жиддий таъсири аён сезилиб турди. Чўлпоннинг аччиқ қисмати юракларда акс-садо берган. Кўзларда ёш…

Мен ўшандан буён тарихни истеъдодли одамлар ижодий қайта яратиши керак экан деб қатъий бир қарорга келганман. Истеъдодли одамлар яратган тарих тирик бўлади. Ҳеч кимни бепарво қолдирмайди.

Бу томоша миллий театр саҳнасида йигирма етти йил давомида саккиз юз марта ўйналди…

 

 

Театр бу йил спектаклни яна қайта саҳналаштиришни ва унга яна Валижон Умаровни таклиф қилишни ўйлаб турибди.

…Ўшандан кейин биз – Валижон, Анвар Эргашев, мен – ҳамкорликда яна бир нечта спектакль яратдик.

Театрдаги ўша кунларни актриса ва режиссёр Нодирахон Маҳмудова яқинда бир ажиб орзиқиш билан эслаб қолди:

– Учовларинг бирга юрардиларинг! Ҳаммамизнинг ҳавасимиз келарди!

Биз ўша пайтларда қўйиладиган спектакль ташвиши билан овора эдик. Бировнинг ҳаваси билан ишимиз йўқ – гоҳ кулишиб, гоҳ баҳслашиб, жўшиб, завқланиб юргандирмиз. Аммо ҳавас қилишган эрса, биздаги ижодий бирликка ҳавасланишгандир… Бўлмаса, одамлар уч кишилашиб юрмаптими?

Анвар ҳозир йўқ.

Вали иккаламиз қолганмиз…

Кўзимга ёш келди.

 

* * *

Тўқсонинчи йилларда томошабин театрга деярли келмай қўйди. Чунки ҳаётда қизғин ўзгаришлар бошланган эди. Ҳаёт ҳар қандай адабий китобдан, ҳар қандай театрдан қизиқроқ туюлиб қолди. Бунинг устига, бечорачилик – яшаш учун кураш бошланди. Барча бозорга шўнғиди. Тақдирларга беаёв аралашган бу воқелик китобга ҳам, саҳнага ҳам сиғмайдигандай эди. Ҳали ҳам эски драматургияга суянган, эскича тафаккурдан ажралмаган театрлар ҳувуллаб қолди. Ўшанда тепадан кўрсатма олиб яшашга ўрганиб қолган адабиёт ва санъатнинг ўртача одамлари нима қилишини билмай қолган эди. Минг афсуски, Ҳамза номидаги театрда ҳам шу ҳол рўй берди. Натижада ночор драматургларнинг енгил-елпи асарлари томошабинлар қаршисига қилпиллаб чиқди…

 

– Биз еттита томошабинга ҳам спектакль ўйнаганмиз, – деб у кунларни эслаганди театрнинг ўша пайтдаги директори Ёқуб ака Аҳмедов ёзувчилар билан ўтказган бир анжуманимизда.

Энди бир ҳақиқатни айтай: Валижон Умаров театрга томошабинни қайтарган улкан санъаткорлардан бири, эҳтимол биринчисидир. Спектаклларининг довруғи одамларга етиб борди. Театрга одамлар қайта бошлади…

Бу муваффақият тўлқинида Валижон Ҳамза театрига бош режиссёр сифатида ишга таклиф қилинди.

 

Унинг мен қадрлайдиганим ажиб феъли бор. Пьеса ёқиб қолса, олди-ортига қарамай ишга киришади. Бировлардай ҳуркиб, «тепа»дагилар нима деркин деб ўйланиб ўтирмайди. Энг муҳими, бу ишни зарра ҳам чўчимай қилади. Биз ҳамкор ишлаган пайтларда баъзи мавзуларда ёзиш, баъзи гапларни айтиш жуда бошоғриқ – кундуз ҳаётингни узлуксиз кечага ўзгартириб юборадиган тақиқлар ва таъқибларга дуч келиб қолишинг ҳеч гап эмас эди. Аммо Валижон бепарво – кулибгина менинг қўлёзмаларим устида ишлайверди. Ишлаганда ҳам мен қўлёзмаларимни ёзиш асносида нимани бошдан кечирган бўлсам, ўшани бир-бир юрагидан ўтказди. Қора булутлар айланганда ҳам бирор марта нолимади.

 

* * *

Валижонни жасоратли одам деб ўйлайман. Унинг жасорати спектаклларига сингиб кетган. Валижон нозик табиатли, гўзалликни, қаҳрамонларнинг оғриғини теран ҳис қиладиган, ҳар бир жумла жилвасини руҳи титраб англайдиган, уларни актёрларга оқизмай-томизмай етказадиган катта санъаткор. Матндаги қаҳрамоннинг дардлари, қувончи, кўз ёшларини саҳнага аниқ олиб чиқади. Натижада томошабин қаҳрамонларнинг дарди билан оғрийди – кулади, йиғлайди.

Томошабин саҳнадаги воқеаларнинг иштирокчисига айланади.

 

 

* * *

Валижон мабодо бирор бир жойда ўртачароқ спектакль қўйган бўлса, айб унда эмас, балки муаллифнинг заифлигидадир. Ишонч билан айтаманки, унинг спектакли ўша ночор матндан жуда юқори бўлади.

 

* * *

«Бир қадам йўл» асаримнинг саҳнагача йўли узунроқ – беш-олти йил кечди-ёв.

Асарнинг саргузаштлари жуда мўл. Мен фақат театрга тегишли қисмидан ҳикоя қиламан.

Бу драмани театрга дўстлар тавсия қилган. У йиллар давомида қимирламай туриб қолди. Нима учун ушлаб турилганининг сабабини сўраб-суриштирганим йўқ. Чунки сабаби аниқ – саросимали тўқсонинчи йиллар воқеаларидан ҳикоя қилувчи бу асар театр раҳбариятига жуда кескиндай туюлган бўлса керак.

 

Бу орада асарни Озод Шарафиддинов «Жаҳон адабиёти» журналида эълон қилиб юборди. Обрўси баланд бу инсонга юқоридан дўқ-у пўписа бўлмагандан кейин театр раҳбарияти ниҳоят «Бир қадам йўл»ни қўйишга қарор қилди.

Асарни Валижон Умаров саҳналаштирадиган бўлди.

Асарни жамоа бўлиб ўқиб чиқишгач, актёрлар хавотирга тушгани эсимда. Қўйишга қўямиз-у рухсат беришармикан?

Шўролар давридан қолган баъзи раҳбарларнинг дағдағали феъли барчага маълум эди. Худо кўрсатмасин, ғазабланиб қолишса!.. Бу кайфият премьерагача давом этди.

Валижон атрофдаги гап-у сўзларга парво ҳам қилмади. Ишга берилиб киришди.

 

 

Асар сўзга қурилган – унинг замиридаги ҳолатларнию ички тўлғоқларни нозиклик билан англаш лозим эди. Репетиция бошланишидан аввалги суҳбатларимизда режиссёр бутун вужуди-ю руҳи билан асарни ҳис қилганини англадим. Асарни ёзаётганда муаллифда кечган ҳаяжон унга ҳам кўчганини сездим. У асардаги ҳар бир катта-кичик руҳий ҳолатларни, ҳар бир сўз оҳангини ўзига сингдириб олгандай эди.

…Спектакль шов-шувли бўлди.

 

Аммо… ҳали премьера бўлмасдан комиссия устига комиссия бостириб келаверди. Улар билан қўлимиздан келганча олишдик… Мен барча тафсилотларни ёзиб ўтирмайман. Бу алоҳида мавзу. Фақат бу талотўмда Валижоннинг қилт этмай, беталваса туриб бериши мени лол қолдирди. Унинг мардонавор туришидан лаззат олдим. Чунки ҳаётимда теварагимдаги ҳамфикрим, елкадошим деб ўйлаганим одамлар озгина тазйиқ етганда ўзларини четга олганини, баъзилари эса сичқоннинг инига кириб кетганларини кўп кўрганман. Валижоннинг аллақандай ваҳимасиз туриб бериши эса кўнглимни ёруғ бир чироқдай порлатиб турди. ...Барибир, эртакларда айтилгандай, мурод-мақсадга етдик. Премьера ўйналди.

Томоша олқишлар билан ўтди. Томошабинлар спектакль тугагандан кейин ҳам таъзимга чиққан актёрларни қўйиб юбормай, бардавом қарсак чалавердилар…

 

Вали иккаламизга раҳмат айтишди.

– Шерюраклар! – деди томошабинлардан бири қўлимизни ҳаяжон билан силкиб табриклар экан. – Шерюраклар!..

Ҳамкорлигимиз давом этди.

Муқимий театрида «Алпомишнинг қайтиши» асарим қўйиладиган бўлди. «Ўзбек-театр» раҳбари Муҳаммадали Абдуқундузов асарни саҳналаштириш учун Валижонни тавсия этди.

 

 

Мен хавотирда эдим. Пьеса ниҳоятда пафосли, нозик ўринлари жуда мўл… – бу театр эса, назаримда, ўзгача услубли – асарнинг матни бу йўцинга тушмайдигандай эди. Бунинг устига, асар бахшиларимиз жон бериб куйлаб келган достонлар оҳангида ёзилган… Валижон истеъдодли одам, аммо... Хуллас, ташвишга тушмоғимга асос бордай эди.

 

Спектаклни театршунослар, мутахассислар ва раҳбар идораларнинг вакиллари билан бирга кўрдим. Спектаклнинг премьерадан олдинги бу намойишига жайдаригина қилиб «Қабул» деб ном қўйиб олинган. Илк бор намойиш этилган томошадан кейин кечадиган «Қабул»да мутахассислар фикр-мулоҳазаларини айтади. Булар баъзан фақат бадиийлик нуқтаи назарида кечса, баъзан айрим «ҳушёр»ларнинг «жонкуярлиги» туфайли сиёсий кўриниш олади. Бу энди спектакль ижодкорларининг бошига ташвиш-у ғавғо солади.

Спектакль мени йиғлатди.

 

Матнни теран ўзлаштирадиган Валижоннинг юрагидаги туйғулари актёрларга кўчган, улар тамоман ўзгача қиёфа касб этган – ишонинг-ишонманг, улкан санъаткорларга айланган эдилар. Уларнинг саҳнада қаҳрамонларнинг қисматига мос тўлғонишлари мени ҳайратлантирди. Бу актёрлар ижодидан бир қадар хабардорлигим учун рўй-рост айтай – бу қадар ўзгаришлар таҳсинга лойиқ эди.

 

Валижон! Меҳнаткаш, камтар, истеъдодли Валижон! Актёрларни икки ойлик репетиция пайтида қайта яратган сеҳргар!

«Қабул»да қатнашувчи театршуносларнинг кўзи нам – кўз ёшларини арта-арта яхши гаплар айтишди. Валижон ғалаба қилди.

Спектаклдан кейин ҳозир дунёдан ўтиб кетган ёшгина бир театршунос «Конфликт деярли йўқ спектаклнинг бу қадар таъсирли бўлиши!.. Ҳайрон қолдим!» деган эди.

 

Албатта, конфликт бор эди. Адабиёт кўникмаган – пинҳонликда кечадиган конфликт эди у. Қаҳрамонларнинг ҳар бир сўзида, хатти- ҳаракатида, дардга тўлган матннинг азобдан ҳапқиришида… Валижон буни англаган, сезган ва актёрларга бу ҳапқиришларни, дардларни ҳадя этган!

 

 

* * *

«Ўтган замон ҳангомалари» пьесасини Ғафур Ғуломнинг асарлари – «Менинг ўғригина болам», «Ҳасан Кайфий» ва қисман «Шум бола» асосида ёзган эдим. Бу асли трагикомедия – ғусса кулгига, кулги ҳасратга қоришиб кетадиган – шу билан бирга аллақандай яхлитлик касб этган асар бўлди.

Валижон асардаги бу норавон яхлитликни теран англади. Яйраб, завқ билан репетиция қилди. Ҳар бир саҳнанинг оҳангини топди, шу билан бирга яхлитликни унутмади. Актёрлар қалбига йўл топди. Матн доирасида ажиб бадиҳалар яратди.

 

Бир куни репетицияга кириб қолдим денг. Валижон Подшоҳ ролини ижро этаётган Эркин Комилов билан машқ қилаётган экан. Кун иссиқ. Эркин Комилов оёғи қизиб кетганидан ногоҳ пойабзалини ечиб ташлади-да, ролини ижро этишда давом этди. Эркиннинг бу шавқли ҳаракатидан Валижон иккаламиз кулдик ва мен… бирдан шу бадиҳа спектаклга узукка кўз қўйгандай ярашишини сездим. Ўзи ижодда шундай бўлади-да! Топилма оёғингнинг остидан чиқади…

 

– Эркин, шу ялангоёқликда болалигингизни эслангда…

– Ҳа!.. – деди Вали қувониб. – Саройда сиқилиб кетгансиз. Боладай яйраб, ялангоёқ юришни орзу қиласиз…

Бир пасда икки-уч жумлани тўқидик… Эркин Подшоҳнинг у ёқ-бу ёққа аланглаб, ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, тахтдан тушиб, пойабзалини ечганча, боладай шодон юришини бир уринишданоқ қойилмақом қилиб қўйди.

Учаламиз ҳам ногоҳ қилган ишимиздан қувониб турибмиз.

– Подшоҳ ҳам одамда, – деди Валижон. – У ҳам кўнглини ёзгиси келади…

 

* * *

…Энди яна «Алпомишнинг қайтиши» ҳақида.

Муқимий театри спектаклига Қозоғистоннинг Еттисойидаги театр директори тушган экан. Шу одам Валижонга спектаклни уларнинг театрида ҳам саҳналаштиришни илтимос қилиб, ҳол-жонига қўймади. Валижон охири розилик берди.

 

 

Мен тайёр ошга баковул бўлиб премьерага бордим. Бундай премьерани ва бундай фаол томошабинни ҳеч қачон кўрмаганман. Улар спектаклнинг ҳар бир парчасини гуруллаб олқишлашар – ўкиришларинию ингранишларини яшириб ўтирмас эдилар. Вали спектаклга ўзгартиришлар киритган – актёрлардан борини суғуриб оладиган режиссёр уларнинг барча имкониятларидан фойдаланган эди. Актёрлар кези келганда дўмбира чалиб, жўшиб қўшиқ айтиб кетаяпти…

 

Бир изоҳ. Мен Алпомиш ҳақидаги асар дўмбира ва бахшиёна айтувларга чўлғонса, нур устига нур бўлишини мудом ҳис қилганман. Бахшиёна оҳанглар қонимда бор. Болаликдан бу оҳангларни вужуду руҳимга сингдириб катта бўлганман. Аммо нега пьесамда бундай саҳналарга йўл қўймадим? Мен ўзбек актёрларининг имкониятларидан келиб чиқдим. Ким дўмбира чалишни билади? Ким бахшиёна оҳангларда бўзлай олади? Имконсиз. Драматургни чекловчи деворларни сезган бўлсангиз керак…

 

Валижон қозоқ актёрларнинг халқ оғзаки ижодидан узоқлашиб кетмаганини пайқаган. Достондаги тўй саҳнасидаги айтишувларни қўрқмасдан саҳнага олиб чиққан ва бундан спектакль икки баробар ютган эди. Валижоннинг бадиҳагўйлиги бу спектаклда юксак нуқтага чиққан эди!

Томошадан кейин табрик ва олқишлар давом этди. Биз бир соатлар саҳнадан тушолмадик. Худди шундай! Бир соатлар!..

 

 

Орадан бир неча йил ўтди. Валижон менга ўша қозоқ театри «Алпомишнинг қайтиши»ни тиклаб беришни ундан илтимос қилаётганини айтиб қолди. Аввалги спектаклда иштирок этадиган актёрлар ишдан кетиб қолган эмиш… 

Валижон жўнаб кетди. Спектакль тайёр бўлгандан кейин мен ҳам бордим.

Театрга Олмаотадан комиссия келиб, Қозоғистон театрларининг кўригига спектакль танлаб олаётган, «Алпомишнинг қайтиши» шу комиссияга илк бор намойиш этилар экан. Театр раҳбарлари комиссияга машҳур театршунос, қаттиққўл мутахассис Сиғай бош эканлигини ҳам аллақандай ҳадикда қулоғимизга шивирлашди.

 

Валижон саҳна ортида бўлгани учун спектаклдан кейин ҳаяжонланиб кетган комиссия аъзолари мени ўраб олишди. Сўраб-суриштиришди. Ростдан ҳам халқ шоиримисан, Валижон қаерда ишлайди, нималар қўйган? Икковинг ҳам жайдари кийингансизлар. Бизда сизларнинг мақомингиздагилар… Эҳҳе, осмонда!.. Спектаклнинг ўзи ҳақида эса нима дейишни билишмайди… Бошларини сарак-сарак қилишади! «Қойил, бовурим!», «Зўр!» деб елкамга қоқишади, бағирларига ним босишади.

 

Ана энди муҳокама бошланди. Комиссия театрнинг репертуари билан танишиб чиққан экан. Спектаклларни бирма-бир вайрон этиб ташлайверишди. Театр раҳбарлари мўлтираб, ерга қараб ўтирибди. Охири бизнинг спектаклга ҳам навбат келди. Олмаотадан келганлар шундай мақтовга тушиб кетишдики, Вали иккаламиз ҳатто хижолат чека бошладик. Бири бу спектакль «тепа»даги халқнинг қонини ичаётганлар билан кураш деса, бири диктатурага қарши кураш дейди. Бизда у пайтлар бундай гапларни очиқ айтиш урф бўлмагани учун ичимизда чўчиб қўярдик.

Спектакль кўтаринки бир руҳда мамлакат миқёсидаги фестивалга тавсия этилди.

 

 

Фестиваль Қизилўрдада бўлиб ўтди. Валижон қатнашди. «Алпомишнинг қайтиши» фестивалнинг «Гран-при» мукофотига сазовор бўлди. 

Сиғай бу анжуманда ҳам ҳайъат раиси экан. У ажиб бир нутқ ирод этибди:

– Қозоқлар! – дебди Сиғай, – зўрмиз деб мақтанасанлар! Саҳнада бақирганларинг бақирган! Ана, иккита ўзбек театр нима эканлигини сизларга кўрсатиб қўйди.

Валижон билан охирги ишимиз Андижонда бўлди. Валижон «Бобур. Соғинч» деган спектакль қўйди. Театрнинг актёрлар жамоаси таркибида меъёрнинг бузилиши бор экан. Ўз ишига садоқатли ёши катта санъаткорлар кўп, аммо ёшлар деярли йўқ…

 

Қийинчиликларни енгиб ўтишга кўникиб қолган Валижон бор ижодий жамоа билан барибир ниҳоятда чиройли бир асар яратибди. Спектаклни тўлиқиб кўрдим… Валижон қайси театрда спектакль қўймасин, уни актёрлар меҳр билан тилга олишади.

 

Мен Ўзбек миллий академик драма театрида ишлайман. Бу театр санъаткорлари ҳозиргача Валижон режиссёрлик қилган даврни жуда орзиқиб, соғиниб эслашади. Ўша томошаларни Валижон қайта қўйса яхши бўларди деб қолишади… Қандай яхши! Бу спектаклларнинг соғинчга айлангани қандай яхши!.. Чунки истеъдод яратган асарлари – мўъжиза! Улар мудом кўнгилларда яшайди!

 

Усмон АЗИМ

Ўзбекистон халқ шоири, драматург

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//