Шахсий худбинлигидан воз кечган адиб – Хайриддин Султон Султон Раев асарларини мутолаа қилади


Сақлаш
16:11 / 25.07.2024 705 0

1

Давримизнинг атоқли ёзувчиси, давлат ва жамоат, маданият арбоби, моҳир дипломат Султон Раевнинг номини юртимиз зиёлилари ва китобхонларига ортиқча таърифлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман. Зеро, ўзбек халқининг самимий ва улкан дўсти бўлган бу бетакрор ижодкор мамлакатимиздаги турли-туман халқаро анжуманлар, маданий форум ва учрашувлар, танлов ва кўргазмаларнинг доимий иштирокчиси, аксарият ҳолларда эса уларнинг ташкилотчиси сифатида ҳам қизғин фаолият олиб боришини жамоатчилигимиз яхши билади. Шундай бўлсада, журналхонларга у кишининг ҳаёт йўли ва ижтимоий фаолияти ҳақида кенгроқ маълумот бериш мақсадида, бизнингча, аввало адибнинг таржимаи ҳолини, туғилиб ўсган макони ҳамда у шаклланган адабий муҳитни эслаб ўтиш ўринли бўлса керак.

 

2

Султон Раев 1958 йил 13 июлда Ўш вилояти Қорасув тумани Жўш қишлоғида туғилган. Қирғизистон миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини «Қирғизистон маданияти» газетасида мухбирликдан бошлаган. Шундан сўнг «Асаба» («Байроқ») газетасида бош муҳаррир ўринбосари, «Қирғиз руҳи» газетаси бош муҳаррири вазифаларида ишлаган. АҚШнинг Канзас университетида журналистика бўйича малака оширган. 2002 йилдан Қирғизистон таълим ва маданият вазирининг ўринбосари, Маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди президенти, Маданиятни ривожлантириш давлат комиссияси раиси, Маданият вазири, Маданиятни ривожлантириш давлат агентлиги бошлиғи, Президент маслаҳатчиси, Бош вазир маслаҳатчиси, Маданият, ахборот ва туризм вазири каби масъул лавозимларда меҳнат қилган.

 

 

2021–2022 йилларда Туркий давлатлар кенгаши бош котибининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган. У 2022 йилдан буён Халқаро туркий маданият ташкилоти (TürkSOY – Türk Kültür ve Sanatları Ortak Yönetimi) раҳбари бўлиб, бепоён туркий маконда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ҳаракатига етакчилик қилиб келмоқда. Бугунги кунда «TürkSOY»нинг фаолияти янги, янада юксак босқичга кўтарилиб, ташкилот томонидан бепоён минтақаларда яшовчи туркий миллатларнинг муштарак қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, умумий бойлигимиз бўлмиш ноёб ва бебаҳо тарихий меросимизни, замонавий маданиятимизни ўрганиш ва дунёга кенг тарғиб этиш, буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш борасидаги ғоят муҳим ва йирик лойиҳалар амалга оширилаётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. 

 

Хусусан, кейинги йилларда аъзо давлатлар ўртасида маданият ва санъат кунлари, ёшлар ва театр фестиваллари, илмий анжуманлар, халқаро конференциялар, бадиий кўргазмалар уюшқоқлик билан ўтказиляпти. Қадимий ва гўзал шаҳарларимиз Туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинмоқда.

 

 

Улуғ шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди. Айни вақтда ташкилот раҳнамолигида буюк шоир ва мутафаккирлар номлари билан аталадиган тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. TürkSOY Ёзарлар бирлиги ва «Мумтоз шеърият» халқаро адабий фестивали ташкил қилинди. Туркий дунё киночилар уюшмаси тузилди. 

Юртимизда нашр этилган «Туркий адабиёт дурдоналари» номли 100 жилдлик китоблар туркумининг тақдимотлари халқаро доираларда ўтказилди. TürkSOY ташкилотининг 30 йиллиги аъзо давлатлар пойтахтлари ҳамда UNESCO қароргоҳи жойлашган Париж шаҳрида юксак савияда нишонланди…

 

Албатта, бундай ишларнинг барчасини тўла санаб ўтиш имконсиз. Энг муҳими, уларни амалга оширишда TürkSOY раҳбари сифатида Султон Раевнинг улкан хизматлари, фидойилиги мужассам ва унинг бу йўналишдаги қизғин фаолияти, туркий дунё бирлиги ва ҳамжиҳатлигини ҳар томонлама кучайтиришга қаратилган янги-янги ғоя ва ташаббуслари ҳаммамиз учун ибратлидир. Биз Султон Раевни, юқорида айтганимиздек, Ўзбекистоннинг, ўзбек адабиётининг чинакам дўсти деб биламиз. Унинг болалиги Ўш вилоятида, ўзбеклар ичида ўтган. Шунинг учун халқимиз табиатини, урф-одатларини яхши билади. У қирғиз диёридан етишиб чиққан Турсунбой Адашбоев, Шавкат Раҳмон, Аҳмаджон Мелибоев, Зуҳриддин Исомиддинов, Эркин Бойназаров, Абдуғани Абдуғафуров, Усмон Темур каби ўзбек адиблари, шайх Аловуддин Мансур, Анвар қори Турсунов каби таниқли уламолар билан яқин дўст бўлган. Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, Султон ака муқаддас Қуръони каримни қирғиз тилига таржима қилишдек масъулиятли ва савобли вазифани адо этган. Бу эзгу ишда Аловуддин Мансур ҳазратлари нашр муҳаррири сифатида ўзига катта ёрдам ва маслаҳатлар берганини у ҳануз ҳурмат ва миннатдорлик билан эслайди.

 

«TürkSOY»нинг Ўзбекистонда ўтадиган барча тадбирларида Султон Раев ўзбек тилида нутқ сўзлайди. Бу ҳам дўстимизнинг халқимизга бўлган юксак меҳри ва эҳтиромидан далолат беради. Айни пайтда ўзбек адабиёти ва санъати намуналарини туркий тилларда нашр этиш, Ўзбекистон ҳаётига бағишланган бадиий ва илмий китоблар, альбомлар, фильмлар яратиш ишларига алоҳида эътибор қаратади.

 

 

Султон Раевнинг довруғи Олатовнинг баланд чўққиларидан аллақачон ошиб кетган. У кишининг Қирғизистон халқ ёзувчиси, Қирғизистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонлари, «Данакер» ордени, Тўқтағул номидаги давлат мукофоти ҳамда турли давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг «Олтин атиргул» (Гуржистон), «Чингизхон» (Мўғулистон), «Отатурк» (Туркия), «Дениел» (Корея Республикаси), «Ломоносов» (Россия), «Дўстлик» (Қозоғистон) орден ва медаллари ҳамда «Ҳамдўстлик юлдузлари» (МДҲ) номли мукофотлари билан тақдирлангани ҳам фикримизнинг исботидир. 

 

3

Баъзи қаламкашлар бўладики, улар жамиятдан узилган, «тарки дунё» қилган ҳолда асосан ўз ижоди билан шуғулланади. Агар иложи бўлса, адабиёт ривожи учун бу ҳам яхшидир балки, лекин яна шундай адиблар тоифаси ҳам борки, улар ижтимоий ҳаётдан четда турмайди – туролмайди, мамлакат тинчлиги ва равнақи, халқ фаровонлиги йўлида ўзини аямасдан, доимо олдинги сафларда туриб меҳнат қилади. Ҳам масъулиятли вазифаларда ишлаб, ҳам бадиий ижод билан машғул бўлиш албатта осон иш эмас. Бу биринчи навбатда ўз ороми, ҳаловатидан, керак бўлса, шахсий худбинликдан бутунлай воз кечиш демакдир. Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз бу борада ҳам идеал намуна яратганлигини эслаб ўтиш кифоя.

 

Бу ҳақда сўз борганда, Эрнест Хемингуэйнинг «Ёзувчи инсониятнинг гўзал ва дориламон келажаги учун наинки ўз бадиий асарлари, балки ижтимоий масъул шахс сифатидаги эзгу ишлари ва саъй-ҳаракатлари, қатъий фуқаролик позицияси билан ҳам фаол иштирок этиши керак» деган фикри ёдга тушади.

 

Ҳаммамизга маълумки, оламшумул адиб, атоқли жамоат арбоби Чингиз Айтматов турли йилларда «Правда» газетасида, «Иностранная литература» журналида ишлаган. Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси ва «Қирғизфилм» студияси фаолиятини ривожлантиришда беқиёс хизматлар қилган. Республика ва Совет иттифоқи парламентларининг депутати сифатида жўшқин фаолият олиб борган. Дастлаб СССРнинг, кейинчалик Қирғизистоннинг Люксембург, Бельгиядаги элчиси бўлиб ишлаган. 1995–2008 йилларда бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси президенти вазифасини бажарган. «Иссиқкўл форуми» халқаро тинчлик ҳаракатини ташкил этган. Султон Раевнинг таржимаи ҳолига назар ташлаган киши у буюк устози йўлини тутиб, айни пайтда ижодий ва ижтимоий фаолиятни уйғун ҳолда олиб бораётгани, энг муҳими, ҳар икки жабҳада ҳам катта муваффақият қозониб келаётганига амин бўлади.

 

 

Шу маънода, Чингиз Айтматов шогирдининг қаламига мансуб «Хонишанинг кўзёшлари» китобига ёзган сўзбошисида қирғиз адабиётига янги, ёрқин бир истеъдод дадил овоз билан кириб келаётганини таъкидлаб, ўзига хос башорат қилган эди десак, янглишмаган бўламиз. Султон Раев устозлар изидан бориб, бугунги кунда жаҳон миқёсида кўзга кўринган адиб, таниқли дипломат бўлиб майдонга чиқди. Унинг ғоявий-бадиий жиҳатдан етук ўнлаб китоблари дунёнинг турли мамлакатларида нашр қилинаётгани, инглиз, француз, венгер, хитой, украин, турк, қозоқ, озарбайжон, ўзбек, татар ва бошқа тилларга ўгирилиб, халқаро маданий доираларда кенг эътироф этилаётганини барчамиз туркий адабиётимизнинг катта ютуғи деб қабул қиламиз.

 

4

Албатта, энди шунча таъриф-тавсифдан сўнг Султон Раев асарларини мухтасар тарзда бўлсада таҳлил қилиш, унинг роман, пьеса ва ҳикоялари мутолаасидан олган ўчмас таассуротларимизни сиз билан ўртоқлашишимиз табиийдир.

 

Фикримизни аввало «Манас отанинг авлоди» ҳикоясидан бошласак.

«Рисолатнинг ой-куни яқинлашган сари танаси оғирлашиб борарди. Бир-икки кун ичида тўлғоқ тутиб қолиши ҳеч гап эмас. Аммо сўнгги имтиҳон куни яқинлашиб келмоқда. Бу тўғрида ўйлаганида еган-ичгани ичига тушмайди. Туғишдан кўра ҳам шу қурғур имтиҳондан ўтиб олса бас, жони ором топарди…».

Ҳикоя шундай бошланади ва мана шу илк жумлаларданоқ ўқувчининг бутун диққат-эътиборини ўзига оҳанрабодек тортиб олади. «Нима экан у имтиҳон?» деган савол китобхоннинг тинчини ўғирлайди.

 

Асар қаҳрамони – эрта-индин кўзи ёрийдиган талаба-келин университетдаги имтиҳондан ўтиш учун нега бунчалик куйинмоқда? Ахир фарзандни ёруғ дунёга келтириш – энг оғир имтиҳон, нариги дунёнинг эшигига бориб-келиш билан баробар эмасми? Унинг учун эса… «Туғиш нима – тўлғоқ бошланса бўлди, уёғи ҳеч нарса эмас. Шунинг учун ҳам, иккиқатлигига қарамай, тинимсиз югуриб-елади, эрта-кеч сўнгги имтиҳонни ўйлайди».

 

Бу «қурғур имтиҳон» қандай балойи азим эканки, қаҳрамонимизнинг кўзига ҳатто туғишдан ҳам машаққатли иш бўлиб кўринмоқда? Бунинг албатта сабаби бор. Чунки «топшириб олса бўлди, стипендияга илинади. Йиқилишдан худонинг ўзи асрасин. Эри билан амал-тақал қилиб тирикчилик ўтказаётганда шу стипендия ҳам жонларига ора киради».

 

«Нимжон танасини анатомия бўйича кўргазмали қурол қилиб қўйса бўладиган» эри ҳам унинг ташвишига шерик. «Печкага ўт ёққан ҳам, кулини тозалаган ҳам ўзи. Ўтин бўлиб киради, кул бўлиб чиқади». Зора, хотинимнинг эсида қолса деган илинж билан «пешонасидан оқаётган тер маржонларини артиб-артиб», эртага бўладиган имтиҳон – «Манас» достонини овоз чиқариб қироат билан ўқишда давом этади:

 

«Озод-эмин юрт кутган

Элни ҳали кўрмабмиз.

Эл учун жонин берган

Эрни ҳали кўрмабмиз.

Олатовдан ошибмизу,

Тоғни ҳали кўрмабмиз…»

 

Аксига олгани шу-да, кечаси билан эр китоб ўқиган, хотин тинглаган – эрталаб «кун арқон бўйи кўтарилса ҳам қушнинг уясидай ижара хонада (уям шаҳарнинг чеккасида) икки ёш донг қотиб ухларди. Соатнинг жиринглаганини эшитишмабди ҳам. Омад кетса, ҳаммаси чаппа бўлади деганларидай, ўзи шу имтиҳонга Рисолатнинг кечикиб бориши етмай турган эди. Имтиҳон соат саккизда бошланади. Саккиз бўлгани қачон эдию. Жиринглайвериб чарчаган соат миллари эса салкам ўнни кўрсатиб турибди».

Қаҳрамонимиз шошилиб кўчага чиқади, ҳомиладор эмасми, лапанглаб, айиқюриш қилиб аранг қадам босади, ишқилиб, автобусга улгурсин. Шу ҳолда «профессор шошилмайди, сен ҳам шошилма, имтиҳон ўн бирда ҳам тугамайди. Омуралиев ҳар бир талабани камида бир соат сўроққа тутади. Қотган нондан қил суғургандай, бечора студентларни эзиб-эзиб роҳат қилади» деб ҳам ўзига далда беради, ҳам ваҳимасини оширади.

 

Рисолат имтиҳоннинг охирги дақиқаларига етиб боради. Қаттиққўл профессорнинг кинояли гап-сўзларидан кейин имтиҳон билетини қўлига олади. Афсус, «Манас – баҳодирлик эпоси» деган саволга кўзи тушибоқ юраги қинидан чиқиб кетгудай бўлади. «Тамом, расво бўлди. Топширолмайди. Кечаси эри ўқиб берганларидан бир сатр ҳам ёдида йўқ. Эсламоқчи бўлади, аммо фойдасиз».

 

«Қизим, аниқроқ гапир, ўзи эпосни ўқиганмисан?» деб сўрайди профессор. Рисолат «шундай улуғ эпосни ўқимаган кишилар қаторига қўшилишини хоҳламай» ёлғон гапиришга мажбур бўлади: «Ўқиган эдим, ағай…».

«Профессор Рисолатнинг ёлғонини унинг кўзларидан сезиб турарди. Ўқиганида шариллатиб ташларди жавобни. Бундай ёлғонларга у кўп бор дуч келган».

 

Профессор ўрнидан туради, талабанинг жавобини тинглаш билан бирга хаёлга берилади: «Манасни ҳам шу олдимда турган қирғиз қизларидан бири туққан бўлиши керак. У худди шундай оддий аёл бўлиши мумкин. Оналар кўпинча кимни дунёга келтирганларини билишмайди».

 

Лекин профессор «Манас»ни ўқимаганларнинг бирортасига ҳам раҳм қилмаган, кечирмаган». Ичидаги норозилигини тилига чиқаради, «ўқимабсана, қизим, ўқимабсан» дейди афсус билан. Рисолатнинг тили тутилади, икки юзи хижолатдан қизариб кетади: «Ўқигандим, ағай, негадир ёдимга келмаяпти».

 

«Рисолат ўзини оқламоқчи бўлиб яна бир нималар демоқчи бўлди, аммо сўзлари қовушмади. Ичида, чап томонида оғриқ турди. Шу ёлғон иситмага айлангандай бўлди. Қорнидаги ҳомила онасининг ёлғонини сездими, типирчилай бошлади. Безовталигини профессорга билдирмасликка ҳаракат қилди, аммо ўзгариб кетган юзи…

 

– «Манас»ни ўқимаслик – уят, қизим, – профессор жаҳли чиққан ҳолда ўрнидан турди. – Элимизнинг шундай буюк меросини билмаслик – уят. Манас – бизнинг ота томиримиз, босиб ўтган йўлимиз, қонимиз, жонимиз. Қирғиз эли шу қондан тарқаган билсанглар. Сизларчи? Эпос ҳақида икки оғизлик билимингиз ҳам йўқ. Уят, уят. – Профессорнинг қошлари чимирилиб, юзи жиддийлашди. – Бугун Манасни билмаганлар эртага уни бутунлай унутади, кейин эса кимлигингизни, қаердан келганингизни ҳам билмай қоласизлар. Бу жавобинг бўлмайди, ўқи, қизим, ўқи. Мана, зачёткангни ол, ўқиб келиб, қайтадан топширасан…».

 

Мана шу жойда қаҳрамоннинг асл қиёфасини, ички оламини намоён этадиган муҳим нуқта баёни келади.

«Профессор стол устида турган зачёткани Рисолатга узатди. Баҳо қўйилмаган. Уни қўлига олар экан, Рисолат оғирлашаётганини сезди.

Профессорга ойига қирқ сўмдан тўлаб бир кампирнинг уйида ижарада туришини, оила ташвишлари билан бўлиб, ўқишга вақт топа олмаётгани, бугун баҳо олмаса стипендиядан қолиб кетишини – ҳамма-ҳаммасини айтиб бермоқчи бўлди. Аммо буларни нима учун профессорга айтиши керак? Нима қилиб бўлсада баҳо олиш учунми? У «Ҳа, билар экан, «Манас»ни ўқиган экан» деб баҳо қўйиши керакми?

 

Хўп, баҳо олди ҳам дейлик. Стипендияга илашади. Кейинчи? Кейин ўқийдими? Имтиҳондан ўтиб олдим, энди зарур эмас деб ўйламайдими? Ўқимайди. Умрининг охиригача ҳам ўқимаса керак.

Хаёлини профессорнинг овози бўлди:

– Қизим, кел, зачёткангни узат. Ой-кунинг яқин экан, майли, баҳо қўйиб бера қолай. Омон-эсон қутулиб олсанг, кейин ўқирсан…

– Йўқ, ағай, ўқиб келиб топшираман, – деди Рисолат аудиториядан чиқар экан.

Профессор уни тўғри тушунгандай бўлиб, турган жойида туриб қолди. Бироз аввал ўзининг хаёлидан ўтган сўзлар ёдига тушди: «Манасни ҳам шундай қирғиз қизларидан бири туққан бўлиши керак. У худди шундай оддий аёл бўлиши ҳам мумкин».

 

Хўш, кейинчи, кейин нима бўлади? Ҳаёт воқелиги ва ҳаётий принцип тўқнашган ушбу ҳикоя қандай якун топади? Туғилажак боланинг ҳоли не кечди? Бугунги замондошларимиз ўз халқининг маънавий илдизлари билан қандай боғланади? Бу саволларга, яхшиси, «Манас отанинг авлоди» ҳикоясини ўқиб, муҳтарам китобхонларнинг ўзлари жавоб топганлари маъқул.

 

«Фикрнинг аниқлиги ифоданинг аниқлигига замин яратади» дейди француз адиби Густав Флобер. Мен Султон Раев асарларини ҳар гал мароқ билан мутолаа қилар эканман, бу баркамол ижод намуналаридаги ифоданинг тиниқ ва равшанлигига амин бўламан. Аслида ёзувчининг маҳорати ҳам шунда – ўқувчи эътиборини асарнинг илк жумласидан тортиб сўнгги нуқтасигача мана шундай фикрий-ҳиссий тарангликда ушлаб тура олишда эмасми?

 

 

Адибнинг етук ҳикояларидан бири – «Ҳафтанинг бешинчи куни» шундай бошланади:

«Тун ярмидан оғди. Бугун жума. Қалин туман тушган, атроф унча кўзга ташланмайди. Қор бийдай далани сутдай оқартирган.

Нотаниш киши овулга яқинлашаётганини сезган итлар вовуллайди. У совуқдан кўкариб кетган муштларини оғзига олиб келиб, илитади. Қамоқдан чиққанидан бери ҳаловати йўқ. Ич-эти титрайди, қорни бир марта бўлсин тўйгани йўқ. Оч-наҳор юрибди.

 

Икки ҳафта шаҳарда тентираб, қамоқда кўрмаган азобларини кўрди. Бирорта таниши учрамади. Қайрилиб қарайдиган бирор кимса йўқ. Дуч келган одамдан пул ёки бирор егулик сўрашга бети чидамайди, чунки тиланчиликка тоби йўқ. Ундан кўра ўғирлаб қорин тўйғизгани маъқул.

Эски одатини қилиб, бирор панада кимнингдир бор-будини шилиб олса биров бир нарса дермиди? Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Қўлга тушиб қолмаса бўлди. Қўлга тушса – тамом. Шу боис ўғирлик қилишга юраги дов бермайди. Пана-панада юради.

Шаҳарда дурустроқ бошпана топиш қийин. Кеча темирйўл вокзалида тунаб, тунни бир илож қилиб ўтказди. Аммо бу ерда узоқ қолишига кўзи етмайди.

Анчадан бери устара кўрмаган соқол-мўйлови тарвақайлаб кетган, кир тишлари сарғайган, ювинмаганидан баданидан ёқимсиз ҳид анқийди. Худди ичида ит ўлгандай…».

 

Буткул иложсиз ҳолатда қолган қаҳрамоннинг кейинги тақдири нима бўлади? Қамоқдан чиқиб келган одам ҳаётда тўғри йўлини топиб кета оладими? Ёки маҳкумликдан ҳам баттар, имконсиз шароит уни яна қамоқ сари етаклайдими?

Муаллиф кўнглида мана шундай саволлар уйғонган ўқувчини ўз ортидан эргаштириб кетади. Буни қарангки, ҳикоя умуман бошқа ўзанга бурилиб, саҳнада кутилмаган ўзга қаҳрамонлар пайдо бўлади.

 

Султон Раев ижодий фаолиятини кузатар экансиз, у яратган адабий маконнинг кенглиги, ранг-баранглигига қойил қоласиз. Асарларидаги воқеа ва талқинлар бир-бирини такрорламайди, лекин уларни бирлаштирувчи битта нуқта бор – у ҳам бўлса ғоявий-бадиий мақсаднинг аниқлиги, фалсафий руҳнинг теранлигида.

 

5

Адибнинг 2015 йили Лондонда рус тилида нашр этилган «Жазо» («Кара») романи ҳам айнан ана шундай хусусиятлари билан эътиборни тортади. Бу асар бир қанча халқаро ижодий ташкилотлар, жумладан, Марказий Осиё «ПEН-клуб»и томонидан «Йилнинг энг яхши романи» дея эътироф этилиб, юксак мукофотга сазовор бўлган. Муаллифнинг йигирма йиллик машаққатли меҳнати самараси бўлган ушбу роман мистик-фалсафий услуби, қаҳрамонлар кечинмаларининг фавқулодда теран тасвири билан ёзувчи бадиий маҳорат нуқтаи назаридан янада баланд поғонага кўтарилганини намоён этади.

 

Роман сюжетига руҳий касалликлар шифохонасидан қочиб чиққан етти беморнинг бошидан кечган воқеалар асос қилиб олинган. Улар Муқаддас маконни топиш ва гуноҳларидан фориғ бўлиш учун саҳро бўйлаб машаққатли йўлга отланганлар. Адиб бу инсонларнинг алам-изтироблар, азоб ва йўқотишларга тўла ҳаёти, зиддиятли характерлари ва аччиқ қисматларини совуққон бир ҳаққонийлик билан тасвирлайди.

 

 

Касалларнинг айримлари Муқаддас макон уларнинг қалби ва онги, ўй-хаёллари покланган жойда эканини англаб етади, бошқалари эса ақл-у ҳушидан бутунлай жудо бўлиб, ҳақиқат не эканини охиригача идрок этолмайди. Асар қаҳрамонлари табиий феъл-атворига кўра ғоят хилма-хил, аммо уларнинг барчасини Муқаддас маконга элтадиган йўл ва илон чақишидан ўлим топиш ҳақидаги мудҳиш бир башорат бирлаштиради.

 

Муаллиф тўғри йўлдан адашган бу гумроҳларнинг қандай оғир қилмишларга қўл уриб, тубанлашиб борганларини очиқ кўрсатади, айни пайтда уларга нисбатан қалбимизда қандайдир ачиниш ва шафқат ҳиссини ҳам уйғота олади.

Адиб руҳнинг абадийлиги, илоҳий жазо, қиёмат куни савол-жавоб муқаррар экани, инсон моҳиятида мужассам бўлган Раҳмон ва Шайтон билан боғлиқ ҳиссиётлар, фаришталар ва бузғунчи кучлар ўртасидаги кураш ҳақида теран бадиий мушоҳада юритади.

 

Руҳий касалликлар шифохонасидан қочиб чиққан беморларга ёзувчи Император, Таис Афинская, Клеопатра, Лир, Чингизхон, Буюк Александр каби исмлар беради. Еттинчи бемор – норасида ўспиринни эса Қўзичоқ деб номлайди. Шу тариқа роман қаҳрамонлари ва улар учун асос бўлган тарихий сиймоларнинг кечмишлари, гуноҳ-кирдикорларини қиёслагандек бўлади. Тарихий воқеаларнинг аниқ тасвири мистикани реал ҳодисаларга айлантиради.

 

Муаллиф Муқаддас макон йўлидаги мураккаб синовлар орқали қаҳрамонларга муҳим ишоралар бераётгандек туюлади. Лекин уларни ҳамма ҳам англаб етолмайди. Фақат «Худо сизлар учун дўзахни яратгани йўқ, балки сизларнинг ўзингиз уни яратдингиз», «Сизлар ўзингизнинг инсон эканингизни унутиб қўйдингиз», «Инсон Ҳақни билган, таниган ҳамма жой Муқаддас макондир», «Жоннинг сўрови – абадийдир» каби ҳаётий ҳикматларни англаб етган кишиларгина нажот топгусидир.

 

Асарни мутолаа қилар эканмиз, адиб ижодий хаёлот осмонида мутлақ эркин парвоз қилгани, биз кўниккан бидъат ва хурофот, риёкорлик билан тўлган муҳитни нафрат билан рад этгани, ўзи кўтарилган шундай руҳий юксакликдан туриб нозик, инжа туйғуларни тасвирлашда қотиб қолган қолип ва мезонлардан ғоят узоқлашиб кетганини ҳис этамиз. Қаҳрамонлар билан бирга биз ҳам замон ва макон кенгликларида, онг-у шуур қатламларида ҳаракат қила бошлаймиз. Шу аснода инсон қалби нақадар гўзал ва соф бўлиши мумкинлигига, дунёни аслида меҳр ва эзгулик бошқариши лозимлигига ишонч ҳосил қиламиз.

 

Султон Раев оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларидан бирида «Жазо» романи унинг бу ёруғ дунёга муносабатининг бадиий инъикоси эканини таъкидлаган эди. «Қиёмат куни – ахлоқ тарозисидаги сўнгги ўлчовдир. Ортга қайтишнинг имкони бой берилган, ундан кейин фақат тубсиз бўшлиқ бошланадиган ҳаёт-мамот чегараси… Менинг романим ана шу маънавий ҳалокат нуқтаси ҳақида» дейди адиб.

 

Муаллиф «Одамзодни инсонийлик мақомига қайтариш – бугунги куннинг энг муҳим, ҳал қилувчи вазифасидир» (Чингиз Айтматов) деган теран маъноли фикрни янгича талқинда давом эттираётгандек туюлади. Ҳам шаклан, ҳам мазмунан гўзал бу асар роман-ривоят(роман-притча)га хос хусусиятларни эслатади. Унда Ғарб ва Шарқнинг ўзига хос фалсафий ва диний таълимотлари, буддавийлик ғоялари ҳам ёнма-ён, уйғун ҳолда тақдим этилади.

 

Масалан, китоб сўнгида Клеопатра ва Қўзичоқ нотаниш бир мўйсафид – дарвешга дуч келадилар. Қария эртага ер юзидаги ҳаёт буткул барҳам топишини айтиб, уларнинг қўлига икки туп ниҳол беради ва кўпчиб ётган тупроққа ўтқазишни тайинлайди. Бу рамзий лавҳа муқаддас исломий китоблардаги «Эртага қиёмат деган кун ҳам дарахт экингизлар» деган ҳикматли даъватни ёдга солади.

 

Мутолаа сўнгида роман ўқувчи қалбида узоқ вақт ўчмайдиган таассуротлар қолдиради, унинг хаёлини инсонлик моҳияти ҳақида изтиробли ўй-мулоҳазалар чулғаб олади.

 

6

Адибнинг «Тўфон» асари ҳам «тамсил роман» деб тақдим этилади. У бундан икки йил аввал Швециянинг Стокголм шаҳрида ўтказилган халқаро ижодий танловда икки юздан ортиқ бадиий асар ўртасида бош мукофотга лойиқ деб топилган. Роман гарчи «Тўфон» деб номлансада, фикри ожизимча, уни «Тўфондан сўнг» деб аташ мазмунан тўғри ва теранроқдай туюлади.

 

Асар воқеалари хаёлий, мудҳиш бир макон ва замонда юз беради. Шундай бир замонки, унда «…дунё ўз қонунлари билан яшаб, эркак эркакка уйланганига, аёл аёлга бош қўшганига, шундай оила қурганга йўл очилиб, одам эмас, олам ҳам тўлиқ ифлосланиб, иймоннинг шалоғи чиқиб, инсон бандачилик қоидаларига мутлақо бўйсунмай қолган давр келган эди...». Нақадар таниш, айни вақтда жирканч ва қўрқинчли, олам мувозанатини издан чиқараётган манзаралар, тўғри эмасми?

 

Романда бор-йўғи бешта қаҳрамон бор, холос: сунъий одам яратиш институти профессори Ян Велмут (у ҳам бўлса марҳум), собиқ руҳоний Кхе, унинг хотини ­­­– ген муҳандиси Ман, бу аёлнинг сунъий эмбриондан туғилган ўғли Этих ҳамда Кхе билан Маннинг никоҳидан дунёга келган қиз – Дуна.

 

Муаллиф Ер юзида юз берган даҳшатли тўфондан бир мўъжиза туфайли кичик бир оролчада омон қолган Кхе, Ман, Этих ва Дунанинг ҳаёти қандай кечгани, ахлоқнинг емирилиши инсониятнинг емирилиши билан баробар эканини ниҳоятда бешафқат, баъзан эса натуралистик реализм билан очиб беради.

 

 

Худони унутган, сунъий одам яратиб, эски дунёни ҳалокатга маҳкум этган разолат кучлари Кхени ўз эътиқодидан воз кечишга мажбур қилмоқчи бўладилар. Аммо «Чироқ оловсиз ёнмаганидай, одам худосиз яшай олмайди» деб ҳисоблайди буюк иймон ва ирода соҳиби Кхе. Адиб чексиз қайғу билан ёзганидек, «Ўша куни Ер юзидаги сўнгги дин одами осилиши керак эди». Ана шунда барча муқаддас китоблар орқали башариятга юборилган огоҳлик қўнғироғи бонг уриб, илоҳий ҳукм кучга киради – оламга тўфон ёпирилиб, бутун борлиқ сувга ғарқ бўлади. Фақат шу кичик оила сув балосидан қутулиб қолади, лекин уларнинг биргаликда кечирган кейинги ҳаёти бошдан-оёқ азоб-уқубат ва ғурбатга айланади.

 

Ёзувчи уларнинг бу кафтдек қуруқлик сатҳида нима еб нима ичганию нима кийиб яшагани, қисқаси, моддий ҳаётини қандай ўтказгани ҳақида бизга деярли маълумот бермайди. Зотан, унинг фикр-у зикрини бутунлай бошқа масала, ўзак бир маънавий муаммо қамраб олганини кўрамиз. Тўфонгача бўлган даврда «нариги дунё»да яшаб, ахлоқ-одоб, инсонийлик нима эканини англаб етган Кхе ва Мандан фарқли ўлароқ, сунъий эмбрион ҳосиласи бўлмиш Этих ва бир ярим ёшида бу ерга келиб қолган Дуна одамий ҳиссиёт ва туйғулардан мосуво бўлган ҳолда, ёввойи, ваҳший ҳайвонлар каби вояга етади. Энг тубан инстинктлар қули бўлмиш бу икки кимса содир этган қилмиш-кирдикорлар тасвирланган саҳифаларни ўқир экансиз, нафрат ва даҳшатдан беихтиёр этингиз жунжикиб кетади. 

 

Бундай руҳий азобларга биринчи бўлиб Ман чидаёлмайди, «ўзининг ўлими билан ўзини енггиси келиб, Буюк сувда оқиб кетади» – худди «Оқ кема» қиссасидаги бегуноҳ бола денгизда оқиб кетгани каби.

Фарзандларига Илоҳни танита олмаган, бу йўлдаги барча уринишлари бесамар кетган шўрпешона Кхени асар сўнгида асранди ўғли Этих ва туққан қизи Дуна ўз қўллари билан, баайни Исо Масиҳ сингари чорчўп – хочга михлаб қатл этадилар… Бу мудҳиш ҳолатни томоша қилиб турган, Этих ва Дунадан дунёга келган иблис қиёфасидаги Шохли бола эса «сўнгги одамнинг Ер юзидан йўқ бўлишига ишониб, ич-ичидан қувонарди».

 

Роман чексиз қайғу ва ғуссага тўла. У киши руҳиятини эзиб-парчалаб ташлайди. Аммо бу андуҳ тош қотган кўнгилларни эритадиган, фасод тўла юракларни тозалайдиган, сўқир кўзларни очадиган ёруғ бир ғусса. «Тўфон» романи муаллифнинг интеллектуал-маърифий дунёси нечоғли юксаклигини, унинг жаҳон тарихи, адабиёти ва фалсафаси, мифология ва эстетикаси, ғоявий ва диний таълимотлар моҳиятини нақадар кенг ва чуқур идрок этишини, космогоник миқёсларда тафаккур юрита олиш салоҳиятини яққол намоён этади.

 

Қуйидаги парчага назар солайлик:

«Энг аввал Тангри Осмон билан Ерни яратди. Ер худди мана шу оролга ўхшаб кимсасиз, кўрксиз эди, уни чексиз қоронғилик пардадай ёпиб турарди. Ўшанда худо ёруғликни юборди, ёруғлик пайдо бўлиб, кун билан тунни ажратди. Ўшанда биринчи кун тонг отди. У сувларнинг ўртасида ҳаво кенглиги бўлсин, сувларни бир-биридан ажратиб турсин деб уни иккига бўлди. Ҳаво кенглигини Осмон деб атади, осмоннинг остидаги сувлар бир жойга тўплансин деб қуруқликни яратди. Уни Ер деб атади… Кейин Тангри учинчи куни ...кундузни бошқариш учун Қуёшни яратди, тунни бошқаришга Ой билан юлдузларни яратди...».

«…Дунё камчиликсиз яралиб, замонлар замонларга уланди. Худо – Тангри одамни ёлғиз қолдирмай, унинг қовурғасидан аёлни яратди...».

 

 

Энди эса мана бу лавҳани ўқийлик:

«Хабарда андоғ келур: изи азза ва жалла (Аллоҳ таоло) қамуғда ашну (аввал) бир гавҳар яратди. Ул гавҳарга ҳайбат назари қилди эрса, ул гавҳар эруди. Сув бўлди эрса анда кезин (кейин) елни яратди. Сув уза тушти эрса қум урди, кўпукланди. Ул тутундек оғди, ул тутундин кўкни яратди. Ул сув Мавло таолонинг ҳайбатидан қайнаб куюкланди. Ул кўпукдин Каъба ўрнича ер яратди. Анда кезин кўкни яратғали тегди. Ул яратилған ерни машриқдин мағрибга теги ёзиб, кенгу ярлиқади (марҳамат қилди). Бу ерлар ва кўклар бир қат эрди, қудрати билан кўкни ердин айирди. Бу етти сув ер узра яратилди эрса турланмади (тўхтамади), ирғану бошлади. Ани турландурмоқ учун тоғларни анинг уза қозуқ қилиб яратди.

 

Яна изи азза ва жалла қамуғ оламни олти кунда яратди.

Хабарда андоғ келур: якшанба куни кўкларни яратди. Душанба куни ойни, кунни, юлдузларни яратди, фалак ичида туритти. Сешанба куни қуш-қуртларни, фаришталарни яратди. Чаҳоршанба куни сувларни яратди, елларни, булутларни чиқарди, йиғочларни, ўт-емларни яратди, ундурди. Рўзилар(ризқлар)ни улаштурди. Панжшанба куни ужмоҳ (жаннат), тамуғ(дўзах)ни, раҳмат ва азоб фаришталарини яратди. Азина (одина, жума) куни оламни яратди.

Шанба куни нарса яратмади.

…Баъзилар аймишлар: Одам туфроқдин яратилди. Туфроқ турмишинча (турган ҳолатда) кўрклик бўлур. Яна Ҳавво этдин яратилди (Одамнинг биқини аягусидин (қовурғасидан), сўл ёниндин). Эт турмишинча сасир. Анинг учун хотун қариса кўрксиз бўлур...».

 

Во ажаб, қирғиз ёзувчиси Султон Раев қаламига мансуб матн ва туркий дунёнинг улуғ ва унутилмас адиби, кўҳна Хоразм фарзанди Носируддин Рабғузий битган сатрлар фикран, руҳан ва маънан бир-бирига нақадар ўхшаш ва яқин! Бу каби ғаройиб мисоллар бизнинг – ўзбек ва қирғиз халқлари, барча туркий элларнинг тарихий илдизларимиз, турмуш ва тафаккур тарзимиз, тақдир ва келажагимиз муштарак эканини кўрсатади.

 

 

Эл-юртимиз қардош қирғиз халқининг Соғимбой Ўрозбеков, Саяқбой Қоралаев, Қалиқ Акиев сингари машҳур манасчи-оқинлари, Тўқтағул Сотилғонов, Тўғалоқ Мўлда, Али Тўқамбоев, Туғолбай Сидиқбеков, Тўлаган Қосимбеков, Мурза Ғаффоров каби шоир ва адиблари, Бўлат Бейшеналиев, Бўлатбек Шамшиев, Суйменқул Чўқморов, Тўлўмуш Океев, Мар Бойжиев сингари кино ва драма санъати намояндаларининг номларини яхши билади. Жаҳоншумул адиб Чингиз Айтматов эса аллақачон ўз ёзувчимизга айланиб кетган. Султон Раев мана шундай атоқли салафлари ишини шараф билан давом эттириб келаётган инсон ва ижодкордир.

 

7

«Қуёш тутилган кун» қиссасини муаллиф 27 ёшида, 1984–1985 йилларда ёзган. Ушбу мўъжаз асарда одам боласининг покиза хилқат ўлароқ дунёга келиб, ақли тўлишиб, ёши улғайгани сари қалб дунёси торайиб боравериши руҳий-ҳиссий таҳлилга тортилади. Қиссадаги Қуёш барчамиз билган улкан осмон ёритқичи эмас, қалбимиздаги Қуёшдир. Қуёш нури ҳаммага баробар тегади, лекин кўксимиздаги Қуёш ҳаммага баробарми, қалб қўримизни инсонларга баробар улаша оляпмизми?! Асарда қаҳрамонлар тимсолида мана шу залворли саволларга жавоб изланади.

 

Адибнинг «Чанг йўл», «Хонишанинг кўзёшлари», «Қуёш тутилган кун», «Маликанинг кўзёшлари», «Ҳафтанинг бешинчи куни», «Тож», «Жанжаза», «Жазо», «Тўфон», «Антистандарт» сингари ўнлаб китобларидан ўрин олган асарлари ҳақида ҳам мароқ билан узоқ гапириш мумкин. Аммо бу ўринда биз мутолаа лаззатидан баҳраманд бўлиш бахтини муҳтарам ўқувчиларимизнинг ўзларига қолдириш билан чекланамиз.

 

Султон Раев истеъдодли драматург сифатида ҳам ном қозонган. Унинг «Аёл», «Маликанинг кўзёшлари», «Девор», «Барсбек», «Қизларжон, қизлар» каби драмалари дунёнинг машҳур театрлари саҳналарида ижро этилган, хусусан, Қирғизистон, Эрон, Германия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Татаристон давлатларида ўтказилган театр фестивалларида бош соврин – Гран-приларни қўлга киритган.

 

Яқинда Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романидаги «Найман она қиссаси» асосида Султон Раев томонидан ёзилган «Овсар» драмаси Бухоро вилояти мусиқали драма театрида муваффақиятли саҳналаштирилди. Асар тақдимоти 2024 йил 17–19 апрель кунлари Бухоро шаҳрида туркий тилли давлатлар ёш ижодкорлари форуми доирасида ўтказилди ва барчага манзур бўлди. Эътироф этиш керакки, адиб жаҳон драматургиясининг энг яхши намуналарини чуқур ўзлаштирган ҳолда, асарларини янгича шакл ва мазмунда ёзишга, бадиий ифодада шартлилик ва рамзийлик унсурларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилади. Масалан, унинг «Суфлёр» драма-новелласида фақат бир киши қатнашади – аёл актриса бир вақтнинг ўзида ҳам суфлёр, ҳам спектакль бош қаҳрамони образларини яратади.

 

 

Адиб асарлари асосида суратга олинган «Иккиси», «Шаҳар» бадиий фильмлари ҳам кино мухлислари қалбидан муносиб жой олган. Султон Раев қирғиз халқининг жасур фарзанди, миллий озодлик ҳаракатининг қаҳрамони Қурбонжон додхонинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб «Маликанинг кўзёшлари» номли пьеса ва ҳаммуаллифликда кинофильм сценарийсини яратган. Бу асарлар ҳам томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинганини қайд этиш лозим. 

 

Бундан қарийб қирқ йил бурун камина ҳам атоқли шоиримиз Ғафур Ғуломнинг тарихий эссесидан илҳомланган ҳолда «Олой маликаси» деб шуҳрат қозонган бу матонатли момомиз ҳақида «Бунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт!» номли ҳикоя ёзган эдим. Шу сабабли совет даврида бундай қалтис мавзуга қўл уриш, уни ҳаққоний тасвирлаш ижодкордан қанчалик катта масъулият, энг муҳими, журъат ва жасорат талаб этишини ўз тажрибам мисолида яхши биламан.

 

8

Бугунги кунда мамлакатимиз Туркий давлатлар ташкилоти ва «TürkSOY»нинг аъзоси сифатида уларнинг фаолиятида муносиб иштирок этмоқда. Ушбу тузилмалар билан ҳамкорлигимиз жадал ривожланиб боргани сари биз ўз дунёқарашимиз чегараларини кенгайтирган ҳолда, қардош халқларнинг маданияти ва санъати, энг сара бадиий асарлари билан танишиш, жумладан, жаҳон миқёсидаги маданий-эстетик жараёнларда фаол қатнашиш имконига эга бўлмоқдамиз. Шу аснода ўзбек-қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ва маданий-гуманитар алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

 

Биз муҳтарам Султон оғамиз билан Тошкент ва Анқарада, Бишкек ва Бокуда, Остона ва Самарқандда, Навоий ва Ашхободда, Чўлпонота ва Истанбулда кўп бор учрашиб, улкан туркий оиламизнинг маънавий ҳаёти, унинг истиқболи, эртага ўрнимизга келадиган ёш авлодимизни баркамол этиб тарбиялаш масалалари ҳақида қизғин суҳбатлар қурганмиз ва доимо мана шундай гурунгларни интиқлик билан кутиб яшаймиз.

 

«Сиз менинг бобом бўласиз» деб лутф қиламан мен гоҳо исм-фамилияларимиздаги уйқашликка ишора қилиб. «Шундайми? Ундай бўлса, эшитинг, азиз набирам» дейди Султон ака жилмайиб ва биргаликда янги бир ташаббус, янги бир ижодий лойиҳани амалга ошириш таклифини ўртага ташлайди. Султон Раевнинг қатор асарлари мамлакатимизнинг даврий нашрларида чоп этилиб, ўқувчилар эътибори ва меҳрини қозониб келмоқда. Мана, ниҳоят энди бу ажойиб асарлар «Сайланма» номи билан яхлит бир китоб ҳолида нашр этилмоқда.

 

 

Шу ўринда мазкур тўпламдаги асарларни ўзбек тилига ихлос ва маҳорат билан ўгирган таржимонларимизга, китобни замонавий мазмун ва гўзал дизайн билан тайёрлаган ноширларга, бу эзгу ишларнинг барчасида жонбозлик кўрсатган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига самимий миннатдорлик билдиришга бурчлимиз. Мен ноёб инсоний туйғуларни баланд пардаларда тараннум этиш, Ер юзини, одамзод қалбини маънавий тўфон ва таназзуллардан асрашга, азалий қадриятларни садоқат ва қатъият билан ҳимоя этишга хизмат қиладиган ушбу китоб юксак дидли ўзбек китобхонларига манзур бўлади деб ишонаман.

 

Атоқли адиб Султон Раев Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзосидир. Бинобарин, бадиий олами, одамийлик фазилатлари билан халқимизга ғоят яқин ва қадрдон бўлган бу улкан ижодкорни биз ўз ёзувчимиз деб биламиз ва дўстимиз, оғамизга мустаҳкам соғлиқ, янги-янги ижодий ютуқлар тилаймиз.

Хайриддин СУЛТОНОВ,

Президент маслаҳатчиси, ёзувчи.

«Маънавий ҳаёт» журнали, 2024 йил, 2-сон

«Довруғи олатовдан ошган адиб» мақоласи

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16642
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//