Аёл ишласа бўладими? – Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков домла билан суҳбат


Сақлаш
17:53 / 23.07.2024 379 0

Билишимиз керак бўлган ҳаётий илмлардан бири, шубҳасиз, Ислом дини аёлларга қанчалик ҳуқуқ ва эркинликлар бергани масаласидир. Суҳбатимизни шу мавзуга бағишласак

 

– Муқаддас динимизда ҳар бир инсоннинг жамиятда ўзига яраша ўрни ва ҳурмати борлиги баён этилган. Тарихга назар солсак, жоҳилият даврида аёлларнинг ҳуқуқлари деярли бўлмаган. Улар нафақат меросдан маҳрум қилинган, балки ўзлари ҳам буюм сифатида меросхўрлар ўртасида тақсимланган. Аллоҳ таоло бундай ноҳақликка барҳам бериб, Қуръони каримда барча инсонларнинг жинсидан қатъи назар, тенг эканини ва уларни бир жондан яратганини баён қилади:

 

«Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!.. » (Нисо сураси, 1-оят).

 

Аёллар Исломда меҳрибон она, мушфиқа опа, сингил, покиза жуфти ҳалол ва муниса қиз сифатида эъзозланади. Улар мерос олади ва мерос қолдиради, никоҳда розилиги сўралади. Улар доим эркак қариндошлари таъминотида бўлади. Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларга тегишли ҳукмлар мавжуд. Ҳатто муқаддас Китобимизнинг катта сураларидан бири Нисо (Аёллар) деб номланган. Буларнинг ҳаммаси Исломда аёлларга бўлган юксак эътибордир.

 

 

Исломдаги эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги замирида ниҳоятда гўзал ҳикматлар бор. Биласизки, эркакларга хос оғир ишлар бор, аёлларга мос нафис ишлар бор. Раббимиз ана шу ишларни фақат ўз эгаларига фарз қилган. Яъни эркакларнинг оғир ишлари аёлларга фарз эмас, лекин аёлларга хос баъзи ишларнинг савоби эркакларнинг оғир ишлари билан тенг. Масалан, аёлларнинг туғруқдаги қийноқлари эркакларнинг душманга қарши курашига тенглаштирган. 

 

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Асмо бинт Зайд ал-Ансория розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб:

 

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз – аёллар жамоаси уй ишларига ўралашиб қолганмиз. Эркакларга таскин берувчи, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага ҳозир бўлиш ила афзал қилиндилар. Қачон улар жиҳодга чиқсалар, уларнинг молларини муҳофаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!» деди.

 

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак юзларини саҳобаларига ўгирдиларда:

«Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисиз?» дедилар.

«Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди улар.

«Эй Асмо, қайтиб бориб, ортингдаги аёлларга билдирки, албатта, сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг келади», дедилар.

Асмо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлардан севинганидан «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтиб қайтиб кетди».

 

Ислом аёлни шундай азиз қилди. Аёл бетон қуймайди, асфальт ётқизмайди, пахса урмайди… Лекин ўзининг нозик жуссасига мос юмушларни қилиб, ана шундай оғир ишларнинг савобини топаверади. Аёлга Аллоҳ таоло икки масалада масъулият юклайди, бири – жуфти учун руҳий, маънавий хотиржамлик, сукунат бўлиш; иккинчиси – фарзанд дунёга келтириш ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатлари. Шариатимизда шу залворли меҳнатлар муқобилига бир нечта масалаларда аёлларнинг руҳий, жисмоний ҳолати эътиборга олиниб, уларга икром кўрсатилган, енгиллик берилган. Жумладан, ҳаётнинг турли жабҳаларидаги жавобгарлик масъулияти эркакка юклатилди, бу машаққатлардан аёллар озод қилиндилар. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича хабар қилинган:

 

«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир…» (Нисо сураси, 34-оят).

 

Аёлларни жума намози ва жамоатга ҳозир бўлишга буюрилмади. Гувоҳлик бериш масъулияти ҳам аёллар учун эркакларникидан икки баробар енгил қилинди. Қасос ва жиноятларда гувоҳлик бериш масъулияти улардан соқит қилинди. Лекин аёлларга хос масалаларда уларнинг гувоҳлиги комил ҳисобланади ва бу шариатимизнинг уларга катта ишонч билдиришидир. Эри бор аёл рўзғорига харажат қилишга мажбур эмас. Бу – эрнинг вазифаси. Эр хотиннинг мулкига дахл қилмасдан маҳр беради, тўй қилади, уй-жой билан таъминлайди, хотин бола-чақасини парвариш қилади. Бу – ҳолат аёл учун молиявий имтиёздир. Агар ҳамроҳ бўладиган маҳрами бўлмаса, аёлларга ҳаж фарз қилинмади. Ким аёлни зинода айблаб туҳмат қилса, унга жазо тайинланди. Агар эрнинг зулми ҳаддан ошса, хотинга хулуʼ – талоқ (ажрашиш)ни талаб қилишга рухсат берилди.

 

 

Шу ўринда кўпинча давраларда баҳс-мунозараларнинг мавзуси бўлиб келадиган бир масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз, яъни аёлларнинг ҳуқуқлари сирасида уларнинг меҳнат қилиши масаласи ҳам борми? 

 

– Аёлнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларига тўхталадиган бўлсак, Исломда аёл киши ўзининг латофатига мос равишда ишлашига тақиқ йўқ, балки бу масала аёл, оила ва жамиятнинг манфаатларидан келиб чиқиб, ҳал қилинмоғи лозимлиги кўзда тутилган. Масалан, ёш болалар боғчаларида кичкинтойларни таълим ва тарбия қилиш, хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш каби ишлар аёлларнинг иши ҳисобланади.

 

Мутақаддим ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар.

 

Қолаверса, аёл киши рўзғорининг фаровон бўлиши, фарзандларининг таъминотини яхшилаш мақсадида эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Бунга Айюб алайҳиссаломнинг жуфти Раҳима онани мисол қилиб келтириш мумкин. Аммо бир дақиқлик: аёл ўзи хоҳласа ишлайди, уни ишлашга биров мажбур қила олмайди. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб, уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳеч ким ҳақли эмас. Яна айрим уламоларимиз: «Нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади», деганлар.

 

Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда аёлларнинг эри томонидан чидаб бўлмас даражадаги зўравонликларга учраётгани, ҳатто бунинг оқибатида ўз жонига қасд қилишгача бораётгани бот-бот эълон қилиняпти. Баъзи ўринларда уларни «ҳимоя ордери» ҳам муҳофаза қила олмаяпти. Лекин барибир бундай нохушликларга барҳам бериш керак. Динимизда эркакларга аёлларни камситмаслик, таҳқирламаслик масалаларида қандай кўрсатмалар берилган, тақиқларга қўйилган?

 

– Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни камситишга чек қўйиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини англатиш учун умматларига етарлича кўрсатмалар берганлар. У зот алайҳиссалом яратилиш жиҳатидан эркак ва аёлнинг асли бирлиги ҳақида бундай деганлар: 

«Албатта, аёллар – эркакларнинг туғишганларидир» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Аёллардаги жисмоний заифлик қораланмайди. Чунки улар бунга айбдор эмас. Қалбларининг нозиклиги, ҳис-туйғуларининг кучлилиги эса мўътадил бўлса, мақтовга лойиқ. Бу нарса улардаги латофат ва гўзалликни янада зиёда қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёллардаги ана шу нафисликни доим эътиборга олардилар ва уларни ҳимоя қилардилар. Ҳатто Видо хажидаги машҳур хутбасида ҳам аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. У зот алайҳиссалом аёлларига қўл кўтармаганлар, уларга яхшилик қилишда умматга ибрат бўлганлар ва шу ишга тарғиб қилганлар:

«Яхшиларингиз – оила аҳлига яхши бўлганидир. Мен – аҳли аёлига энг яхшингизман» (Имом Термизий ривояти).

 

 

Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари қиёматгача келадиган «мўминларнинг онаси», деб эълон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқлиги динимиз кўрсатмаларида таъкидланган. Ҳатто ҳадиси шарифларда яхшилик қилишни онадан бошлашга буюрилган.

 

Кунларнинг бирида Муовия ибн Жоҳима ас-Суламий разияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилмоқчиман», деб рухсат сўрайди. Пайғамбаримиз алайҳисалом унинг онаси тириклигини билиб, онасига хизмат қилишни буюрадилар. Яна рухсат сўрайвергач, у зот: «Барака топгур, волидангнинг оёғига маҳкам ёпиш, жаннатни ўша ердан топасан!» дейдилар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

Динимиз таълимотига биноан киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш янада ёмондир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кимсалар жиддий бир сабабсиз ўз аёлини нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб ажрашади. Бу билан эр Аллоҳ таоло берган оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби бир неча катта неъматларга ношукрлик қилган бўлади. Баъзи номардлар эса очиқчасига: «Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман», деб пўписа қилади. Бу ҳам етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган болаларининг нафақасини ҳам хотинининг гарданига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида саргардон бўлмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўляпти. Шуни таъкидлаб айтамизки, ана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирадиган бўлса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.

 

Зеро, ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик жозибаларини сақлаб қолишлари, вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамияти, Ватани ва динига керакли хизматни адо этиш учун барча шароитни яратиб берган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом аёлларнинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

 

Аёл зоти ҳар қанча улуғлангани, қиз фарзанд отасининг, жигарларининг энг меҳрибони экани қанчалик кўп таъкидлангани билан жамиятимизда кўп ҳолларда қиз болага иккинчи даражали фарзанд сифатида қаралади ва бу ҳол ҳали ҳам давом этмоқда. «Қиз бола ўқиб дунё олиб берармиди», «Аёлнинг ишлагани нима бўларди?» деган гаплар ҳамон эл орасида юради. Қиз боланинг кўнглини маҳзун қиладиган ана шундай салбий ибораларга жавобан динимиз нима дейди?

 

– Афсуски, ҳозиргача қиз фарзанд дунёга келса, хафа бўлиш, ўғил туғмадинг, деб хотинига зуғум ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга қиз фарзандларни чиройли таъминот қилиш, тарбиялаб, турмушга узатиш жаннатдаги олий мартабаларга сабаб бўлишини уқтирадилар:

 

«Ким икки ёки уч қиз ёки синглисига ғамхўрлик қилиб тарбияласа ва улар турмушга чиқиб кетсалар ёки ўша кишининг ўзи вафот этса, мен ва у жаннатда мана шундай бўламиз (деб муборак ўрта ва кўрсатгич бармоқларига ишора қилдилар)» (Имом Ибн Можа ривояти).

 

 

Шундай экан, қиз фарзанд туғилганда кўпроқ севиниш керак. Жамиятда аёлнинг ҳам эркакнинг ҳам ўз ўрни бор. Бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайди. Шунингдек, уларнинг ҳар бирининг ўз ҳақ-ҳуқуқлари борки, буни ҳурмат қилишга ҳамма мажбурдир. Зотан, инсон зотининг ҳуқуқлари эъзозланган жамият саодатга эришгани тарихда кўп бора исботини топган.

Суҳбатимизга вақт ажратганингиз учун ташаккур, илм-у маърифат тарқатишдек эзгу ишларингиз бардавом бўлсин!

 

Дамин ЖУМАҚУЛ суҳбатлашди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10329
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//