Улар шунчаки тўқилган эмас – тилсимланган эртаклар сири


Сақлаш
16:40 / 22.07.2024 473 0

Болалик тунларимда…

 

Қишнинг қор-қировли кечаси. Кираверишга қўнқайтиб қўйилган тунука печка эшигининг тирқишидан чиққан шуъла уйимизнинг сомонсувоқ деворларида рақс тушади. Ажиб хаёлий манзаралар ясайди. Отамнинг иши қайнаган дамлар эмасми, тонгдан шомгача, хуфтондан бомдодгача тракторини тариллатиб, шудгор қилади. Биз эса – онам, опа-акаларим кенг уйда қатор ўрин солиб ётамиз.

– «Муқбил тошотар»ни айтиб беринг, эна!

– Йўқ, «Девқиз»ни айтасиз!

Онам эртагини кўҳна ибора билан бошлайди: «Бир бор экан, бир йўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан…». Ҳар гал шу битта гапни такрорлаш шартми деб ичим қизийди. Бўри нимага баковул, тулкичи, қачон ясовул бўла қолди бу айёргина – буларни кўп ўйлаб ҳам ўтирмайман. Бу билан нима ишим бор! Хаёлларим учқур отдай, гоҳ эртак воқеаларидан илдамлаб кетса, гоҳи йўлдаги бирор нарсага овунган гўдакдай куймаланиб қолади...

 

Ўша кунлар эсимга тушса, бош-кети кўринмайдиган ўйларга толаман. Воқеаси, образлари бир-бирини такрорлайдиган, тағин ярми уйдирмалигини энам атай қистириб ўтадиган эртакларни қулоқ қоқмай тинглашга нима мажбур қилган? Эртакда бирор илоҳий куч ё сеҳр бормидики, биз болаларнинг ботиний ҳужраларимизни ишғол этади; руҳимизни сел қилиб, бўйсунмас туйғуларимизни тинчитиб қўяди? Бунинг сири бор эса, ўша сир нимадан иборат?..

 

 

«Борса келмас»нинг сири

 

Тағин бир нарса жумбоқ. Кенжа ботир бошқалардан ботирроқ бўларди. Олдиларидан йўл чиқса, у ҳамиша «борса келмас»ни танлайди. Хазинани ҳам у топар, подшолик фақат унга насиб этарди. Кенжа ботирга йўлиқадиган девлар сони ҳам айнан учта! Ботир ҳар сафар биринчи бўлиб оқ дев билан олишади. Кейин сариқ дев, сўнгра қораси – бу бамисоли ўзгармас қонун. Ҳозир ўйлаб кўрсам, «Уч оғайни ботирлар» эртагидаги ботирлар ақл, туйғу, руҳнинг тимсолига ўхшаб кетаркан. Нега дейсизми? Ахир ақл ҳеч қачон «борса келмас»ни танламайди, у доим «борса келар»ни танлаган Тўнғич ботирга ўхшаб хавфсиз йўлларга талпинади – улғайиб, эсимиз киргандан кейин ўзимизни аяшларимиз ортгани шунга далил.

 

Туйғу «борса хатар»ни танлаган Ўртанча ботир каби хавф-хатарга, саргузаштларга ўч бўлади – «Анна Каренина»даги Аннани, «Қизил ва қора» асаридаги де Ренал хонимни аёллик шаъни, зодагонлик обрўйини хатарга қўйишга нима мажбур қилди? Туйғу! Руҳ-чи? У танани тарк этса, ортга қайтмайди. У сир-у синоатга тўла бошқа бир олам. Кенжа ботир шундай. У доим «борса келмас»ни танлайди.

 

 

Кенжа ботирни руҳга менгзаш аслида бундан бошқа фаразларга ҳам йўл очади. Масалан, Кенжа ботир тимсолида мен ўйлагандай руҳнинг вужудни тарк этиши эмас, тасаввуфдаги фано босқичи назарда тутилган бўлса, не ажаб? Ахир Кенжа ботир айнан «борса келмас»дан юргани туфайли хазинага йўлиқди. Эртак охирига бориб, ўз юртига подшо бўлди. Ким билсин, бу ерда хазина деганда балки илоҳий ишқ назарда тутилаётгандир? Подшолик – нафс устидан ҳокимлик. Ҳолбуки, фольклоршунос олим Шомирза Турдимов машҳур оға-иниларни тасаввуфнинг уч босқичи: шариат, тариқат, ҳақиқатга ўхшатган[1]. Қолаверса, уларни табиат учта асосий бирликдан (осмон, ер усти, ер ости) иборат деган қадимий тасаввур билан боғлайдиган назариётчилар ҳам йўқ эмас…

 

Ботинимизга беркинган девлар

 

Кенжа ботирни руҳ ва руҳият билан боғлашга яна бир асос бор. Бу – «борса келмас»да ботирнинг йўлидан чиқадиган девлар. Кўпчиликка маълум, замонавий психология ранглар борасида алоҳида тўхталиб, унинг киши кайфияти ва саломатлигига таъсири борлигини айтади. Психология ғарбда фан сифатида вужудга келишидан анча аср илгари бу масалага шарқ мутафаккирлари эътибор қаратган. Шулардан бири улуғ шайх, тасаввуфнинг таниқли вакилларидан бири, кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубродир. Илоҳиёт сирлари ва инсоннинг руҳият оламидаги қатламлардан яхши хабардор бўлган бу улуғ зот ўзининг латоиф[2] назариясида етти ранг хислатини етти тушунчага мослаб тушунтиради. Бу назарияда ёзилишича, рангларнинг асосийси учта: оқ, сариқ ҳамда қора. Улардан оқ ранг исломни, сариқ ранг иймонни, қора ранг, яъни қоронғилик ҳаяжон, ҳайратни ифодалайди. Шайх Нажмиддин Кубродан бошқа олимлар ҳам қора рангнинг ҳаяжон белгиси эканини таъкидлаб, у руҳнинг фанога ғарқ бўлиши рамзи эканини айтишган. Демак, маъно оламида инсон мана шу босқичда энг кўп қарама-қаршиликларга дуч келади. Бу бизнинг эртакда тасвирланган девларни тасаввуф билан боғлашимизга, оқ, сариқ, қора девлар деганда инсондаги ботиний курашлар ва уларнинг турли босқичлари назарда тутиляпти, деб фикр билдиришимизга замин яратади.

 

Тирик сув ва ўлик сув

 

Энди Тўнғич ботир ва Кенжа ботир – ақл ва руҳ йўллари ўртасидаги тафовутни фарқлаш учун, келинг, масалага бошқа бир ракурсдан қараб кўрамиз. Араб файласуфи ва рассоми Жуброн Халил Жуброннинг шундай гапи бор: «Эътиқод шундай манзилки, унга тафаккур карвонида бориб бўлмайди». «Нўхатполвон» эртагида ҳам ғаройиб бир тилсим бор. Ёдингизда бўлса, аждар билан олишиб ҳалок бўлган Нўхатполвоннинг қошига опаси келади. У укасидан «Сенга ёрдам бериш учун нима қилай?» деб сўрайди. Шунда Нўхатполвоннинг вужуди тилга кириб, «Ўрмоннинг ўртасида булоқ бор. Ўша булоқдаги тирик сувдан келтирда, менга ичир, жароҳатларимни юв, мен тириламан» дейди. Опаси Нўхатполвоннинг айтганини қилса, дарҳақиқат, у тирилади.

 

 

Эртакда назарда тутилган тирик сув билан ўлик сув аслида сув билан содир бўладиган икки хил физиологик ҳолат. Яъни, олимларнинг ўрганишича, сув ахборот ташувчи, таркиби ва элементларини ўзгартира олувчи жонли мавжудот экан. Турғун ҳолда сақланганда, кучли босим остида қайнаб, ишқор билан ишлов берилганда у ўларкан – фойдали элементлари камайиб, зарарлига айланаркан. Аммо буғланиб, атмосферага кўтарилиши натижасида тириклик хусусияти яна қайтиб келаркан. Яъни, қор, ёмғир, шудринг бўлиб осмондан ёғаётган, булоқ бўлиб ердан қайнаб чиқаётган, тоғлардаги музликлардан эриб, оқиб тушаётган сувда ижобий хусусиятлар кўп; сув ҳавзаларида сақланаётган, икки қайталаб қайнатилган, кимёвий ишлов берилган сувда эса салбий хусусиятлар кўпроқ. Буни экин экиб юрган деҳқонлар ҳам кўп кузатишган. Ариқдаги сувдан ўн марта суғорилган экин ёмғир сувига бир марта тўйганчалик гуркираб ўсмайди. Қолаверса, офтобда қолган сувда чўмилиш одамни касал қилиши, икки бор қайнаган сувни ичгандан кўра заҳар ичиш яхшироқ эканини табиблар ўз китобларида ёзиб қолдиришган. Аммо булар кейинчалик замонавий тадқиқотлар натижасида очилган кашфиётларку! Бироқ минг, икки минг йиллик тарихга эга эртакларимизда сувнинг таркибий тузилиши билан боғлиқ тасаввур қандай акс этди – буниси кишини ўйлантириб қўяди. 

 

Тарозидан урган тошбақа

 

Мақола бошроғида болаликда эртакдаги одатий бошланмани эшитиб, «бўри нимага баковул?» деган хаёлга бормаганим тўғрисида айтиб ўтдим. Лекин мундоқ қараса, бу ҳақдаям айтадиган гаплар бор экан. Эл оғзидаги ривоятларга кўра бойўғли бойнинг ўғли бўлган эмиш. Ношукурчилик қилаверибди, охири тунда учадиган шу қўрқинчли қушга айланиб қолибди. Тошбақа ҳам тарозибон бўлган эмиш. Одамларнинг ҳақидан уриб қолавергани туфайли тарози палласи тошга эврилиб, орқасига ёпишибдию, у шунақанги оғиркарвон мавжудотга айланибди. Тўғри, бўри ҳақида ҳеч қандай ривоят эшитмаганман. Лекин юқоридаги ривоятларга таяниб, мен уни илгари баковуллик қилган бўлса керак деган мушоҳадага бораман. Нафсини тия олмагач, худонинг ғазабига учраган – бўрига айланиб қолган.

 

 

«Авесто»да одам билан ҳайвон битта мавжудот экани тўғрисида тасаввур бор. Унга кўра ўлган инсон кечирган ҳаёти, қилган ишлари, хуллас, ўз табиатига боғлиқ ҳолда ҳайвон бўлиб қайта тирилади. Эртакчи, менинг назаримда, зардўштийликка оид айнан шу фалсафадан дидактик восита сифатида фойдаланяпти.

 

Исмсиз қаҳрамонлар

 

Шу ўринда яна бир жиҳатга тўхталмоқ жоиз. Эртакларда одатда қаҳрамонларнинг исми бўлмайди. Улар Қалқон ботир, Юлдузсанар, Буйракбой, Оймомо каби лақаблар билан аталади. Бир қишлоқдошимизнинг туққан болалари яшаб кетавермагач, қариялар чақалоқни яшириб, ўрнига кучукбола солиб қўйишни тавсия қилишганини эшитганман. Қишлоқларда мудом болаларини лақаб билан чақирадиган момоларга ё чақалоқни кучук боласига алмаштиришни тавсия қилган қарияларга бунинг сабаби нима десангиз изоҳлай олмаслиги, шунчаки эскидан қолган удум деб қўйиши мумкин. Бу удум янги туғилган чақалоқни ёвуз руҳлар таъқиб этиши, қайси йўл билан бўлмасин, уларни чалғитиш кераклиги ҳақидаги азалий қарашлар билан боғлиқ. Эртаклардаги номи йўқ, нишони бор қаҳрамонлар бунга бир мисол.

 

Эртакларда доимий бир образ борки, уни нафақат ўзбек эртакларида, балки бошқа халқларнинг фольклорида ҳам учратиш мумкин. У ҳатто замонавий адабиёт вакилларининг ижодига ҳам учиб кирган (масалан «Уста ва Маргарита»га). Кўриниши, кулишидан тортиб, юриш-туришигача ўзига хос. Ҳатто айтадиган гапи жуда машҳур: «Гар саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим!». Хўш, шум кампир – Ялмоғиз образи фольклорда қаердан пайдо бўлган?

 

 

Тармоқни кавлаштириб кўрсам, Ялмоғизнинг мифологик асоси тўғрисидаги қарашлар турлича экан. Шулардан менга ўрис сайёҳи, фольклоршунос Григорий Потаниннинг фикрлари қизиқроқ туюлди. Олимнинг ёзишича, туркий элатлар фольклоридаги Ялмоғиз атамаси қипчоқча «жилон» (илон) ва «овуз» (оғиз) лексемаларининг бирикишидан ҳосил бўлган экан. Тарихи жуда қадим…

 

Хулоса ўрнида

 

Болалик кезларимизда синфхонанинг бир бурчагида тўқ сариқ рангли ҳарфлар билан ёзилган «Эртаклар – эзгуликка етаклар» деган лавҳа бўларди. Ўйлаб қарасам, фақат эзгуликнинг ёвузликдан афзал эканини тушунтириш учун яралган дейиш эртакнинг тасаввуфдан мифологик рамзларга қадар ёйилган кенг қанотларини «қирқиб» қўяркан.

 

Эртак бир дарё экан – халқ тафаккури, диний-дунёвий қарашлари, олам билан боғлиқ англамлари, ўй-кечинмаларининг сараси келиб қуйиладиган дарё.

 

Эртак бир карвон экан – халқнинг энг долзарб, мағзи тўқ фикрлари, доҳиёна ғояларини ортмоқлаб борадиган карвон.

 

Эртак бир дастур экан – ота-боболарнинг васияти, асл маънавий хазина сари, нафс устидан подшолик сари етаклайдиган дастур. Ёш шоир Жалолиддин Саййид «Дунёнинг бошига чиқиб келмоқда эртак эшитмасдан улғайган авлод» деганда ҳам, эҳтимол, мана шуни назарда тутган. Буни айниқса болаларига эртак айтиб бериш ўрнига қўлига планшет-смартфонларни тутиб овунтираётган, тағин боласида оқибатсизлик, бетгачопарлик нишоналарини пайқаб, «билмадим, бу кимга тортаяпти?» деб боши қотаётган бугунги оналар тушуниши керак. 

 

Тўғри, эртак айтганда эртакчи ундаги ҳамма ғояларни, сир-синоатга тўла ишораларни тушунавермайди. Болаликнинг узун кечаларида бизни овутган онам эртакнинг мен келтирган маъноларини ўйлаб ўтирмаган. Бироқ физикада шундай қонун бор: «Бордан йўқ бўлмайди». Бундан чиқди, тўла англанмаса, тилсимлари ечилмасада, эртаклар шахсга маънавий тарбия бериш, идрокини қимматли билимлар билан тўйинтириш учун энг қулай воситадир.

 

Байрам АЛИ

«Маънавий ҳаёт» журнали, 2024- йил, 2-сон.

«Сим-сим, эшигингни оч ёхуд тилсимланган эртаклар» мақоласи


[1] «Ҳикматлар хазинаси», Тошкент, «Адабиёт учқунлари» нашриёти, 2014.

[2] Латоиф – латиф билимлар.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:11 / 13.11.2024 0 43
Маънавий экспертиза керакми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10018
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//