Ўзидан йироқлашаётган миллат оғриғи


Сақлаш
17:32 / 19.07.2024 375 0

Асримиз аввалида пойтахтда яшайдиган қишлоқдошлар ойда бир шаҳарнинг овлоқ чойхоналаридан бирида йиғилиб турардик. Икки чўқим ош баҳона дийдор ғанимат эди. Галдаги учрашувга қадар орамиздан кимдир қишлоққа борган ва бир қоп гап топиб келган бўларди. Шу тариқа элнинг тўй-маъракасидан, қишлоқдошларнинг аҳволидан хабар топардик. Баъзида кимдир янги лақаб орттиргани, маст бўлиб тўйда давранинг ўртасида раққосага шилқимлик қилгани, туман марказига борганда пулини ўғирлатгани каби арзимаган мавзуларда ҳам майдалашиб гурунглашардик.

 

Одатдаги суҳбатларнинг бирида қулоғимга чалинган воқеа сира эсимдан чиқмайди. Юртга баҳор келиб, дашт-у далаларимиз яшилликка бурканган кунлар эди. Бир умр мироблик қилган Ибройим пайпоқнинг тўнғичи, ўша кезлар университетда ўқиётган Санжар қишлоқдан гап топиб келди. Элнинг подаси орқасидан йил ўн икки ой юрадиган Ислом чўпоннинг супрақоқдиси бир ойдан бери мактабга бормаётган экан.

– Нимага? Нега?

Даврадошларнинг ҳаммаси бирдай савол назари билан Санжарнинг оғзига тикилди.

– Ҳеч ким аниғини билмайди, – у одамларни кўп маҳтал қилмай гап бошлади. – Бировлар кўп дарс қолдирганига синфдан синфга ўтолмабди деб юрибди. Айримлар касал экан деб эшитибди. Хуллас, ҳамманинг оғзида турли миш-миш. Аммо ҳамма гапни Ислом чўпоннинг кенжаси билан бирга ўқийдиган қўшнимизнинг ўғли айтиб берди.

 

– Намунча чайналдинг? – даврамизда ўтирган кимнингдир сабри етмай сўради. – Нима бўлган экан? Гапни чўзмай тезроқ гапир!

– Чўпоннинг арзандасини она тили муаллими дарсдан чиқариб юборган экан. – Санжар калта худди ўта муҳим бир сирни ошкор қилаётгандай бир даврага, бир атрофига аланглади. – Мактабда шунча йил ўқиб, ҳали отини ёзишни билмасакан.

– Ола, – орамизда ўтирганлардан бири ҳайратини яширмади. – Бўлмаган гап. Одам дегани ҳам шунча йил мактабда ўқиб отини ёзолмайдими?

 

– Мен қайдан билай? – Санжар калта иддао қилиб гапирди. – Сабоқдошидан эшитганимни айтдим. Айтишича, муаллим шаштидан тушгач, орага одам қўйиб, мактабга келаверсин деб айттириб юборибди. Билмадим, чўпон ўғлининг орқаси тутиб, энди олтин медаль берсаям бормайман деганмиш.

Ўша куни Ислом чўпоннинг кенжаси, уни мактабдан ҳайдаб юборган муаллим ҳақидаги баҳс анча қизиди. Бирови ўқувчининг, бошқаси муаллимнинг тарафини олиб гурунг берди. Ҳатто бир-икки нафари қизишиб кетганидан сен-менга ҳам боришди.

 

– Саводсизликни ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди, – деб дастурхонга дуо ўқишдан аввал кўп йил пойтахтда шифокор бўлиб ишлаган, пенсияга чиқиб маҳаллаларнинг бирига оқсоқоллик қилаётган Маннон духтир баҳс-мунозарага чек қўйди.

 

Очиғи, бошқа ерларда қандай билмайман-у, аммо каминанинг қишлоғида отини ёзишни билмайди деган гапни эшитиш ҳар бир инсонга иснод. Қўлидан бир иш келмайдиган, оғзидаги ошни олдириб қўядиган, гапга тушунмайдиган кишиларга шундай таъриф берилади одатда. Ваҳоланки, олий маълумотли мутахассислар, қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлайдиган обрўли, жилла қурса, беш-ўнта китоб варақлаган кишилар ҳам бу рутбага баъзан эга бўлиб туради. Тахминимча, бу кесатиқни ота-боболаримиз кишилар нафсониятини уйғотиш учун атай ўйлаб топган бўлиши мумкин. Улар шу йўл билан қишлоқдошларини пухта-пишиқ, билимли, уддабурон бўлишга ундаган бўлса ажаб эмас. Отини ёзишни билмайди ибораси аслида ярми ҳазил, ярми чин тарзида айтилсада, кўпчилик галдаги нишон бўлишдан қочиб, имкон қадар кулги бўлишни истамайди.

 

Бугун одамлар ҳам, замон ҳам ўзгарди. Замонавий технологиялар масофаларни қисқартирди. Вақтнинг аҳамиятини камайтирди. Ҳозир биргина мобил телефон ёрдамида минглаб чақирим олисдаги ёру дўстлар билан соатлаб гурунглашиш, видеоқўнғироқ орқали худди ёнма-ён тургандай мириқиб суҳбатлашиш оддий ҳол. Бир шоир акамиз замонга таъриф бергандай, бир неча минг метр баландликда, қушларнинг ҳам қаноти етмайдиган осмон-у фалакдан шаҳарнинг марказидаги уйида турган ёрига севги изҳор этишига ҳеч ким ажабланмай қўйди. Ҳар етукнинг бир кемтиги бор экан. Ахборот асрида туйғуларимиз анча сохталашиб кетди. Хусусан, шу кунларда илиқ дийдор, соғинч хуморини биргина видеоқўнғироқ босиб юбормоқда. Қавм-қариндош, ака-ука, опа-сингилни кўргани боришга ҳам унчалик талпинмай қўйганимизнинг боиси ҳам аслида шу.

 

Бугун қишлоқларда ҳам тутумлар, ҳаётга қарашлар ўзгариб кетди. Қишлоқ аҳли бугунги ўзбек сериал ва киноларида кўрсатилаётгандай лақма, гўл, содда, кўнгилчан, ишонувчан эмас. Улар ҳам глобал дунёнинг глобал қишлоғида яшашмоқда. Гапнинг индаллосини айтганда қишлоқ одамлари аллақачон замонавий технологиялардан фойдаланишни ўрганиб олган. Ҳозир илгаригидай чойхоналарда гурунг қилиб ўтириш қайда? Ҳамма янгиликлардан, элнинг яхши-ёмон кунидан, ҳолидан биргина «Телеграм» тармоғи орқали хабар топиш мумкин. Тўйчини табриклаш, азадордан кўнгил сўрашда ҳам шу «Телеграм» қўл келади.

 

Адашмасам, икки йилча бўлди. Замон зайлига боқиб, қишлоқдошлар «Телеграм»да гуруҳ ташкил қилиб олганмиз. Юртимизнинг турли ҳудудларига сочилиб кетган қишлоқдошлар бир-биримиздан кўнгил сўраб турамиз, қишлоқ янгиликларидан хабар топамиз. Бир ҳисобда ахборот алмашинувининг тезлашгани яхши бўлди. Одамлар янгича фикрлашга ўрганяпти. Дунёга ўзгача кўз билан боқмоқда. Шу билан бирга хато ва камчиликларимиз худди ойна тутилгандай аён бўлиб қолмоқда. Хусусан, қишлоқдошлар «Телеграм» каналидаги ёзишмаларни ўқиб хунобим ошиб кетади. Икки юзга яқин кишининг кўпчилиги ҳар икки сўзнинг бирини хато ёзади. Сизга ёлғон, менга чин. Ўзаро суҳбатлар маъносини англаш учун кўпинча таржимонга эҳтиёж сезаман. Энг ёмони, қишлоқ аҳлининг кундалик ҳаётида тез-тез ишлатиладиган, бирор чет тилидан ўзлашмаган, ўзимизнинг туркийча ном ва атамалар ҳам тўғри битилмайди. Боз устига, қишлоқнинг номини хато ёзиб қўйишган. Афсуски, ҳозир қишлоқдошларим, айниқса ёшлар сўзимиз аввалида эслаган Ислом чўпоннинг кенжасидан кўп ҳам авло эмас. «Телеграм» гуруҳидагилардан деярли ярмининг исми ёки тахаллуси (nickname) хато ёзилган. Кўпчиликнинг бу билан иши йўқ. Қайтанга русча оҳангдаги талаффузидан хурсанд бўлади.

 

– Исмингизни тўғри ёзиб қўйсангиз бўлмайдими? – деб бир куни сим қоқиб узоқ қариндошим бўлган қишлоқдошимни ўзимча койиган бўлдим. – Кап-катта одам бу ишингиздан уялмайсизми?

– Ҳужжатда шундай ёзилганда, – деб у ўзини оқлади. – Қолаверса, одамлар ҳам шунга ўрганиб қолган.

– Раҳматли отангиз сизга нима деб от қўйган? – сўрадим ҳамсуҳбатимнинг кўнгли оғришини билсам ҳам. – Ҳойнаҳой, Гайбулла Менгишипмасдир!

– Асли отим Ғайбулла Муродов экани ҳаммага кундай равшанку, – у норози оҳангда чайналиб жавоб берди. – Қолганининг нима аҳамияти бор? Ўша пайтлар документчилар шундай ёзган бўлса, менинг айбим не?

– Эртага одамлар авлодингизни Гайбуллаев деб чақирса розиман деганизми бу? – жаҳлим чиққанидан овозимни бир парда кўтариб гапирдим. – Фалончи Гайбуллаев, пистончи Гайбуллаев дегандай!

 

Суҳбатдошимга аччиқ гапларим таъсир қилди шекилли, индамай бир муддат сукут сақлади.

– Тўғри айтасан, – у икки ёш катта эканига шаъма қилгандай сенлаб гапирди. – Бир ўйлаб кўришим керак экан.

Тағин хафа бўлиб бир умр гиналаб юрмасин дея кўнглини кўтариб қўйиш учун суҳбатимиз якунида яхши гаплар айтиб гўшакни қўйдим. Рости, кўнглим бироз таскин топгандай бўлди. Қанийди, ҳамма қишлоқдошларимга шундай сўз айтишга ҳаддим сиғса. Уларнинг ҳам исм-фамилиясини тўғри ёздириш ҳақида бош қотиришга мажбур қилолсам. Афсуски, бунинг иложи йўқ.

 

Миллатнинг одат, анъана ва қадриятининг яшовчанлигини таъминлайдиган бирламчи восита – она тили. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Агар турли объектив ва субъектив сабабларга кўра тилга дарз кетса, билингки, миллатнинг қиёфаси ҳам аста-секин йўқолиб боради. Сўзимнинг исботи ўлароқ қишлоқдошлар гуруҳида яқинда тарқалган бир видеони келтириб ўтишнинг ўзи кифоя деб ўйлайман. Унда ялтир-юлтир устибоши баданига ёпишган йигирма беш ёшлардаги аёл икки қарич сочини селкиллатиб, ялангоёқ бир аҳволда қўлбола саҳнанинг у бошидан бу бошига тинмай югурар, бир ерда туролмай сакрар эди. Тағин шу алпозда бир бемаъни қўшиқни бақир-чақир қилиб такрорларди. Асл санъат ва овозни эсдан чиқарган, дидсизлик ботқоғига ботиб бораётган эл уни олқишлар, қийқириб ҳуштакбозлик қиларди.

Бугун интернет майдонида ёмғирдан кейинги қўзиқориндай болалаб кетган бунақа видеоларни кўришга унча-мунчага тоқатим етмайди. Қандай жин уриб бу сафар ҳалиги видеони такрор кўрдим. Аввалига бирор отарчининг хурмача қилиқлари бўлса керак деган хаёлда эдим. Аммо даврадаги одамларнинг юзи кўзимга иссиқ кўринди. Таниш чеҳраларга кўзим тушди. Во дариғ! Ахир бу қоракўзлар қишлоғимиз одамларику! Наҳотки қишлоқда тўйлар бугун шундай ўтади? Элнинг ярим-яланғоч отарчиларга куни қолган эрса?! Бир замонлар дашт-у далаларда адашиб қолган болаларни ўз фарзандидай бағрига босган, ор-номус учун жон олиб, жон берган элнинг бу аҳволи не!? Бу ҳолга ич-ичимдан хўрлигим келди. Айни замонда қўлимдан келгани ҳам шу. Насиҳатни, ўтинчни биров қулоғига иладиган замон эмас. Ҳамма ўз билганидан қолмайди.

 

Икки-уч йил илгари ҳам шунга ўхшаш бир воқеага дуч келган эдим. Меҳнат таътили баҳонасида қишлоққа бориб, бир неча кун у ерда вақт ўтказдим. Табиатан кўнгил одамиман. Турли давраларда одамларнинг гапига қулоқ солишни хуш кўраман. Касб юзасидан, қолаверса, сўзга қизиққаним учун кимдандир янги бир гап ёки ибора эшитишга иштиёқмандман. Кўпинча теша тегмаган ибораларни, янги сўзларни қишлоқдошларимдан эшитаман. Уларнинг илмоқли гаплари, сўзларни ўз ўрнида қўллаши доим ҳайратимни ошириб келган. Дилимни яйратган. Бу сафар негадир гапимиз-гапимизга қовушмайроқ суҳбатлашдик. Гап-сўзлар ҳам ясамадай туюлди. Ёшлар Тошкент шевасида сўзлашга уринар, катталар эса сохта мулозимат тилида. Шаҳарга қайтишдан бир кун аввал ён қўшнимизнинг уйида меҳмон бўлдик. Бир уй одам тўкин дастурхон бошида анча вақт ўтган-кетганлар ҳақида гурунглашиб ўтирдик. Яна ўша ҳолат: гапнинг мазаси йўқ. Ёш-у қари телевизорда эфирга кетаётган ҳозирги енгил-елпи сериалларимиз билан андармон. Бошланган гап охирига етмай тўхтаб қолар, эркагу аёл сериалда тўқиб чиқарилган тақдирларни қизғин муҳокама қилади. Кошки бу сериаллар муҳокама қилиш тугул кўришга арзиса? Бугун уларнинг одамларга фойдадан кўра зарари кўп тегади. Яхшиям, реклама бор. Шу пайт кимдир телевизорни бошқа каналга қўйди. Бу ерда сценарий муаллифи Эркин Аъзам бўлган «Паризод» бадиий фильми берилаётган экан. Тўғриси, шу кинони уч-тўрт марта кўрганман. Ҳар сафар турли таассурот қолдиради кишида. Одамни ўйга толдиради, фикрлашга мажбур этади.

 

– Ай, бу кино бўлмайди. Бошқа каналга қўй!

– Жуда зерикарли томоша. Одамни ухлатиб қўяди.

– Анови қиз бир оғиз ҳам гапирмайди. Шуям кино бўптими?

– Ҳаётий фильм эмас!

Даврадаги қишлоқдошларим оғзидан чиқаётган бу гаплар кўнглимга оғир ботди. Оммавий маданият ниқобида дидсизлик, савиясизлик, фикрсизлик қишлоқларимизга ҳам кириб борганидан кўнглим қора бўлди. Ўйлашимча, бу каби жараён бугун нафақат каминанинг қишлоғида, юртимиздаги узоқ-яқин шаҳар ва овулларда бирдай кечмоқда. Бунга хусусий телеканаллар ва интернетдаги сохта сериаллар ва енгил-елпи видеолар кенг йўл очяпти. Уларда бачканалик, саводсизлик, фаросатсизлик, маърифатсизлик каби иллатлар тарғиб этилаётир. Фикримизни асослайдиган минглаб мисолларни номма-ном келтириб ўтишдан ҳеч бир фойда йўқ. Яхшиси, миллатимиз қадр-қимматини, шаънини, ор-номусини улуғлайдиган ишларга қўл урганимиз маъқул. Одамлар орасига илмни, маърифатни, билимни тарғиб этадиган босма ва медиа маҳсулотларни имкон қадар кўпроқ сиздиришимиз зарур. Йўқса, авлодларимиз тақдирини ғанимга қўшқўллаб топшириб қўямиз. Илмсиз, орсиз кишиларни ўз йўриғига солишдан осон иш йўқ.

 

Хулоса ўрнида яқинда гувоҳ бўлган бир воқеани келтирмоқчиман. Қисқаси, тасодифан қишлоғимиздаги икки тенгдошнинг суҳбати устидан чиқиб қолдим.

– Иккита ўн минг сўмлик қанча бўлади? – деб сўради уларнинг биринчиси.

– Ўттиз минг, – дея дадил жавоб берди иккинчиси.

– Ўттиз мингга яна иккита икки минглик қўшсак неччи пул бўлади?

– Ўттиз саккиз минг бўлади.

– Гарангмасмисан? Ўттиз икки минг бўлади-ку!

 

Азим РЎЗИЕВ

Маънавий ҳаёт» журнали,

«Глобал қишлоқ чегараси» мақоласи.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//