Тухумни синдириш ғужури (Фотоҳикоя)


Сақлаш
13:49 / 18.07.2024 462 0

Шаҳар ва қишлоқ ораси

 

Уч йилдирки, ўқишим сабаб пойтахтдаман. Уч йилдирки, йўлим Тошкент-Қашқадарё ораси. Табиийки, бу фурсат оралиғида умримнинг катта қисми бошшаҳарда ўтди. Шаҳар ҳавосига, яқинлардан узоқда, тўп-тўп одамлар билан яшашга ўргандим. Дастлаб чанг бўрони, кейин умумминтақавий электр узилиши ва аномал совуқ билан эсда қолди бу йиллар.

 

 

Тошкентнинг бошқа шаҳарлардан фарқи еру осмонча – метро, ўнлаб университетлар, юқори маошли иш ўринлари бор. Маданият марказлари: театрлар, галереялар, кутубхона, музейлар ва баланд-баланд иморатларининг сони ва салмоғи билан ҳам ажралиб туради бошқа кентлардан. Балки шунинг учун одамлар унга ёрқинроқ келажакка ошиққандек ошиқар вилоятлардан. 

 

 

Қишлоқдаги одамлар

 

Вақт топдим дегунча, уйдагиларимга қўнғироқ қиламан. Ҳаммаси саломат, ўз турмуши билан андармон. Фақат амакимнинг гапларидан шу англашиладики, чироқ ўчиб туради, айниқса, қишда тез-тез, тизимли бўлади бу жараён. Газ эса умуман йўқ. Вилоятдаги катталарга чиқишса, ҳудудлардаги узатув тармоқлари эскиргани рўкач қилинаркан. Кўнарган бўлса нимага куннинг айнан бир вақтида ўчирилади? Ҳар йили айнан изғирин фаслда? Амаким эса «Қўявер, жиян биз ўрганиб кетганмиз, сен яхшироқ ўқи, яхшироқ жойда ишла, жиянларинг ҳавас қилади, улар сенга эргашсин. Бизнинг тупроқ чангаллаб яшаганимиз етади», дейди. Суҳбатдан сўнг хайр-хўшлашиб телефонни ўчираман ва ўйга толаман. Қишлоқда яна қанчадан-қанча қоракўз менга ҳавас қиларкан. Қишлоқ бўйича Журналистика университетида фақат мен ўқийман. Шунинг учунми, ота-оналар ҳам боласига мени ўрнак қилиб кўрсатишса керак.

 

 

Қишлоққа йилда неча марта борсам ҳам ҳар гал бир хил мавзу – қачон телевизордан чиқишим, ўртоқларимнинг ярми шимолга, қолгани иш излаб бошқа шаҳарларга жўнагани ва синфдош қизларнинг тўйлари ҳақида гап боради. Биз томонларда ҳам қизлар балоғатга етдими, ота-она уни турмушга бериш ҳақида ўйлашади. Ўғил болалар эса оилани боқишчун пул топиш, вақтида ғўзапоя ғарамлаш, қишда бутун оила аъзолари билан печкали хонада тўпланиб бодом гули ифори билан келадиган баҳорга етиб олиш ҳақида ўйлайди. Ва яна Тошкент ҳақида сўрашади…

 

 

Шаҳар ҳаёти

 

Бу ерда кунлар баъзан рангсиз, тутунга тўлган ҳавою, ланжликда отадиган тонг бор. Бетон уйлар, йилдан йилга камайиб бораётган дарахтлар ва совуқ-совуқ нигоҳлар бор яна. Ўз номига мос тош шаҳардек у. Жон сақлаб қолиш учун янтоқдек илдизингни ерга санчиб, бошинг(ақлинг) билан тошни қоқ ўртасидан ёриб чиқишинг шарт. Йўқса ўзинг ҳам тошлашиб кетасан. Ҳар қандай тўсиқни доим кучли, бардошли бўлиб енгиб чиқасан. Ожизларга жой йўқ. Кечагина пойтахтга келиб кўкни кўзлаган нигоҳларингни беркитишга уринар бу ер. 

 

 

Курашиб-курашиб силланг қуриганда, олис-олисларда қолган кулбангга кетгинг келар. Аммо қайтиш – мағлубият, қайтиш – хўрлик, қайтиш – ўлимдир! Шаҳарнинг яхши жиҳатлари ҳам кўп, масалан, қишлоқда камёб электренергия булоқдек тошиб ётади. Вилоятликлар излаб-излаб, аранг топадиган ўртача маош тўлайдиган иш ўринларига бошлиқнинг чўнтагига «соққа» тиқмасдан, билиминг билан жойлашиш мумкин. Ҳаёт – қиммат, лекин умр кечирилар келажак умидида. Тез-тез дўстлар орттирилар, ногоҳ кимнидир суйиб, айрилиқ ҳижронидан бағри қон бўлиб чиқасан бедор тунлардан. Кетгинг келаверар тағин. Бунданда юқорироқ чўққига чиқиб, оламга юқорироқдан назар солгинг, сени ўраб турган, нафас олганинг сари ҳаво етмаётган, борган сари торлик қилаётган қобиқ — тухумни синдириб ташқарига чиққинг келаверар. 

 

 

Оралиқдан чиқиш эҳтиёжи

 

Қишлоқдаги дўстларим коллежни тамомлаб, моддий аҳволини яхшилаш учун чет элга чиқиб кетаётган бир пайтда мен кредитга олганим бир жуфт қўйни сотиб репетиторга бордим. Бошида бу ишим сабаб одамлар кўзига аҳмоқдек кўринардим. Ҳаракатларим уддалаб бўлмасдек эди гўё. Аммо мен университетга кирдим ва фикрлар ўзгарди. Шунда илк қобиқни – қишлоқнинг тор муҳитини ёриб чиққандим балки. Тўғри, университет ҳамма нарсани бериб қўёлмади. Лекин илк эшикни синдиришни ўргатди. Келажакка умид берди. Катта умид. Энди умид билан мақсадлар ҳам йириклашганди. Энди бу муҳит ҳам торлик қилади. Йўл эса мураккаб, олис, унда яна қанча мен тушмаган чуқурлар, ошиб ўтилмаган тўсиқлар бор. Зулматда яшаётган яқинларим бор. Кунлар оқ-қора тусини ҳали ўзгартирганича йўқ. Мен кўрмаган, босиб ўтилмаган сарҳадлар талайгина.

 

 

Гоҳо бир пайтлар боришни орзу қилган соҳилларни кўриб, энтикиб-энтикиб қоласан киши. Ўша икки қитъа орасидан кесиб ўтган осма кўприк, юргим келган дераза панжараларидан гуллари осилиб тушган тор кўчалар. Биламанки, буларнинг бари бўлғуси. Ниманики ич-ичдан истасанг ва юракқўринг ила интилсанг эришасан киши. Аммо бунинг учун нима бўлганда ҳам оралиқдан чиқиш шарт!

 

Матн: Элёр ҲАЙДАР

Фото: Абдуманнон МУҲАММАД

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//