“Парту”, “бартў”, “партал” – унутилган қадимий сўзимиз таҳлили


Сақлаш
12:39 / 17.07.2024 429 0

Шундай сўзлар борки, чин ўзбекча дегинг келади, шундай муқобили ҳам бордай туюлади. Мисол учун, “фартук” – ўтган асрда рус тили орқали олмончадан тилимизга ўзлашган, “Рус тилининг этимологик луғати” (“Этимологический словарь русского языка”) муаллифи М.Фасмер ҳам унинг асли олмонча – “олдга тутгич этак”, “пешбанд” маъносидаги “vortuch” сўзи эканлигини таъкидлайди.

 

Совет даврида бу сўз айниқса фаол эди, кўпгина ишхоналарда олдга тутгич иш кийимлари фартук аталарди, шунингдек, бутун Иттифоқда ўқувчи қизларнинг мактаб кийими сифатида ҳам фартук танланган. Совет даврини кўрган катта авлод ўша даврдаги қўлида ўроқ-болға тутган, фартук кийган ишчи-деҳқон, пролетар шаънига тикланган ҳайкалларни яхши эслайди. Пахтакор Ўзбекистонда эса “фартук” алоҳида бир мавзу эди, яъни пахтазорда теримчиларнинг муҳим қуроли – этак ҳам “фартук” аталарди, ўша даврда этак-фартук тақиб пахта термаган ёки уйида фартук-этаги бўлмаган хонадон йўқ эди. Сўзлашув тилида бу матоҳ тилга мослаштирилиб “партуқ”, “парту” ҳам дейилган.

 

Қизиғи шундаки, Кошғарий бобомиз “Девону луғотит-турк”да шу сўзга ҳам шакл, ҳам маъно жиҳатидан жуда яқин “парту” сўзини келтиради ва шундай изоҳлайди:

 

“Парту (بَرْتُو) – яхтак, бир қаватли устки тўн, партуқ” (ДЛТ. I. 1960. 393). Изоҳдаги “партуқ” сўзи “Девон”ни араб тилидан ўзбекчага таржима қилган адабиётшунос олим Солиҳ Муталлибов томонидан “парту”ни тушунтириш учун “фартук” маъносида келтирилган ва унга олим матн тагида яна: “Шайх Сулаймон луғатида “партуқ” деган сўз бор. Бизда ҳозирги орқаси боғичлик, иш ва овқат маҳалида тутиладиган “партуқ” сўзи каби” деб алоҳида изоҳ беради. Табиийки, бу ерда олимни сўзлашув тилидаги “партуқ” ва “Девон”даги “парту” ўртасидаги ўхшашлик мулоҳазага чорлаган. Солиҳ Муталлибов: “партуқ” шу – “Девон”даги “парту”дан ясалган-ов” демаяпти, лекин шунга ишора бор.

 

Буни қарангки, “Девон”ни усмонли туркчасига таржима қилган Басим Аталай ҳам “парту”га алоҳида эътибор қаратади, уни: “partu – üste gıyılen hirka, pardesü”, яъни “устдан кийиладиган кийим” деб изоҳлаб, матн тагида у ҳам: “Онадўлида бугун ҳам “уст кийим” маъносида “пирти” (“pırtı”) сўзи ишлатилади” деб қўшимча тушунтириш беради (DLT. I. Ankara. 1985. 416). Шу ўринда Басим Аталай келтирган “pardesü” сўзи XIX асрда туркчага ўзлашган “кийим устидан кийиладиган кийим” маъносидаги французча “pardessus” эканлигини айтиб ўтмоқчиман).

 

Онадўлида “уст кийим” маъносида қўлланган Басим Аталай келтирган “пирти” (“pırtı”) чиндан ҳам “Девон”даги “парту”нинг бугунги кунгача етиб келган шакли бўлиши эҳтимолга жуда яқин. Аммо Солиҳ Муталлибовнинг: “Шайх Сулаймон луғатида “партуқ” сўзи бор” деган маълумотида бироз чалкашлик бор.

 

Шу ўринда мазкур луғат ҳақида икки оғиз сўз: Шайх Сулаймон Бухорий XIX аср бошида Бухоронинг Қоракўл туманида туғилган, кейинчалик Бухоро амирининг Усмонли давлатидаги элчиси этиб тайинланиб умрининг охиригача Истанбул шаҳрида яшаган ва ўша ерда ўзининг қимматли “Луғати чиғатойи ва турки усмоний” асарини яратган. Луғат алифбо тартибида тузилган ва унинг “п” товуши билан бошланувчи сўзлар жамланган “фасли по” (“فصل پا”) бўлимида “партуқ” эмас, балки “партал” (“پرتل”) сўзи бор ва у: “pertel – pırtı, ufak defek eşya ve elbıse. Eştür veya büyügı, partal” – яъни: “партал – устки кийим (пирти), майда-чўйда нарсалар ва либос, ўртача ва ё каттаси, партал”, деб изоҳланган (Қўлёзмада: پرتل ــ پرتی، اوفق دفك،اشیا و البسه، اشتور و یا بویوگی پرتل).

 

Гувоҳи бўлганимиздек, Шайх Сулаймон ҳам “партал” сўзини изоҳлашда “пирти”ни келтиряпти. Мазкур иккала сўзнинг ҳам “фартук” эмас, балки “Девону луғотит-турк”даги “парту”га алоқадор бўлиши эҳтимоли кўпроқ.

 

“Девон”даги “парту” сўзи этимологияси ҳали тадқиқ этилмаган, бизнингча, у форсий “этак” маъносидаги “бар” ва туркий “кийим” маъносидаги “тўн” сўзлари қўшилиб “бартўн” шаклида ясалган бўлиши эҳтимолга яқин, “Девон”да ҳам у “бартў” (بَرْتُو) шаклида келган, кейинчалик “б” товуши талаффузда “п”га айланиб, сўз охиридаги “н” товуши тушиб қолган бўлиши мумкин.

 

Алқисса, ушбу мақолада биз ҳам маъно, ҳам шакл жиҳатидан деярли бир хил, аммо бири ўзлашган, иккинчиси эса унутилган қадимий ўз сўзимизни мушоҳада этдик. Бу жиҳозни бугун биз “фартук” ёки тилимизга мослаб “партуқ” дейишимиз ёки қадимий туркий сўз “парту”ни истеъмолга қайтариб, уни шундай аташимиз мумкин. Менимча, тил манфаати нуқтаи назаридан охиргисини танлаш фойдали, чунки ўз бисотимиздаги сўз, ўзганинг сўзини олмадик, қолаверса, мисол учун: “фартук кийиб олинг” дейишдан “парту кийиб олинг” дейиш қулайроқ.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//